
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кеча 24 рабиъул охир, 13 февраль куни яқин ўтмишда юртимизда ўтган энг буюк Қуръон дарғаларидан бири Муҳаммад Мубин қори дада раҳматуллоҳи алайҳнинг тўнғич қизлари Шаҳзодахон ҳожи она оламдан ўтдилар. Бу айрилиқ ўша мусаффо булоқдан сув ичган ўлкамиз аҳли Қуръонлари учун, хусусан, Андижон аҳли учун оғир мусибат бўлди, чунки улар бир азиз устоззодаларидан, энг улуғ дуогўйларидан айрилдилар. Ҳожи онадек Қуръон боғида дунёга келиб, униб-ўсиб, тарбия топган ва бир умр Қуръон хизматида умргузаронлик қилган фозила оналаримиз ҳамиша ва ҳамма учун ўрнак бўлишга лойиқ ва ҳақли эканлари мулоҳазаси ушбу сатрларни қоралашга ундади. Шу эътибордан айрим маълумотларни сиз азизлар билан баҳам кўришга ижозат бергайсиз.
Шаҳзодахон ҳожи она Муҳаммад Мубин қори дада раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёт кечирган тўнғич фарзандидир. У 1938 йили ушбу илм-маърифатли, яъни Қуръон ва илм хонадонида дунёга келди. Ота-онасида савод чиқариб, Қуръон ва бошқа диний билимлардан таълим олди. Ёшилигидан ақлу заковати, ташкилотчилиги, еткачилик қобилияти билан ажралиб турарди. Вояга етганида Муҳаммад Мубин қори дада севимли қизи Шаҳзодахонни суюкли шогирдларидан бири Зиёуддин қорига турмушга берди. Шундай қилиб, янги бир қуръоний, гўзал оилага асос солинди. Оила раҳбари ҳалол меҳнат билан рўзғор тебаратар эди. Вақт топиб, катта қайин отаси Аминжон Махдум домла раҳматуллоҳи алайҳда илм таҳсилини ҳам давом эттирарди. Уй бекаси бўлган муҳтарама Шаҳзодахон ҳам уй юмушларини бажариш билан бирга, ўз отаси бўлмиш устозидан олган кунлик зикр ва тиловатларни канда қилмай бажариб борар эди. Аллоҳ бу бахтиёр оилага қатор еттита фарзанд – икки қиз, беш ўғил ато қилди. Қуръон ошиғи ва ходими бўлган ота-она барча фарзандларни илму маърифатли, ахлоқу одобли қилиб тарбиялашда барчага ўрнак бўлгудек гўзал намуна кўрсатдилар. Беш ўғилни Қуръон қориси, Қуръон ҳофизи қилиб етиштирдилар. Эътироф этиш лозимки, бу буюк хизмат ортида захматкаш онанинг меҳнати беқиёс бўлди. Фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб, едириб-ичириш билан бирга, уларга илк устозлик вазифасини ҳам ўзи бажарди. Ҳарф танитиб, дастлабки таълимни бериб, уларни Қуръон дастурхони атрофига тизиб борди. Бу янги меҳмонларнинг ҳаммалари ҳам кейинчалик ушбу қутлуғ зиёфатнинг мезбонларига айландилар. Уларни шу ҳолатга етгунларича бўлган барча меҳнатни шу муштипар она ўз зиммасига олган эди. Ҳожи онанинг меҳнатлари зое кетмади. Ўзи билан бирга, турмуш ўртоғига ҳам бир эмас, бир нечта қўшалоқ тожлар ҳозирлади. Қуръон таълими гўшасида туғилиб, униб-ўсганидан бутун умр ўз хонадонида ҳам шу муҳитни сақлашга интилди ва ўзи ўзлаштирган ўша мусаффо ҳавони ўз оиласидан ортиб, юрт-элга ҳам улаша олди. Хонадонга умид билан қадам қўйиб, у ерда ихлос билан, астойдил чуқур нафас олган киши борки, интилишига яраша қуръоний баҳралар топар эди. Бу улуғ хонадон катталарининг кўрсатган хизматларидан бири – кишиларга соғлом эътиқод, гўзал ахлоқ, аждодлардан мерос бўлиб келган юксак таълимотларни софлигича етказиш, фарзанду шогирдларни шу руҳда тарбиялаш бўлди. Турли ғала-ғовур дамларда ҳам ушбу барқарорлик қатъийлик билан таъминлаб турилди. Ҳожи она ҳилму ҳаёда, ахлоқу одобда бугунги куннинг ҳар қандай аёли учун ўрнак бўларли даражада юксак эди. Исломий аёлларга хос бўлган аёллик латофати, исломий нафосат, исломий маҳобат бутун вужудидан барқ уриб турарди. Ҳар бир ҳолатида буюк момоларимизнинг сиймолари ёрқин акс этарди. Ҳаё ва иффатини кўз қорачиғидай асрар, ҳатто ўз ўғиллари олдида ҳам рўмолини ташламас, қишин-ёзин эгнидан ҳаммаёғи ёпиқ, узун, кенг кўйлаги ва нимчаси тушмас эди. Хуллас, у кишини ҳақиқий муслима аёлнинг, чин ўзбек аёлининг энг гўзал намунаси десак, муболаға бўлмайди. Марҳума Қуръон боғида униб-ўсган, шу боғнинг зилол булоғидан сув ичган бир азим чинор эди. Шунинг учун у бутун умр Қуръони Каримга толмай хизмат қилди. Фарзандларидан кейин абира-набиралари, жиянлари ва бошқа ўнлаб инсонлар қалбига ҳам Қуръон нурини улашди. Бу хизматдан у на зерикар, на чарчоқ туяр эди. У ҳақиқий Қуръон ходималаридан эди. Унинг бу ҳиммати ўз самарисини берди ҳам. Ушбу уруғда ўғил туғилса, «яна битта қори туғилди», дейиладиган бўлди ва бу пок ният ҳамиша рўёбга чиқиб келмоқда. Ҳожи она ўсган хонадон нафақат Қуръон борасида, балки илм ва тақвода ҳам етакчиликни қўлга олган эди. Бу улуғворлик Ҳожи онада яққол бўй кўрсатиб турарди. У ҳамиша Аллоҳнинг ёди билан яшарди. Аллоҳнинг зикридан кўзи ёшли, тили нам, қадди хам эди. Тилидан зикр, қўлидан тасбеҳ тушмасди. Зикр ҳаловатини топган эди. «Одамларга ҳайронсан, бекорчи гапларни гаприб умрларини зое қилишади. Шу узди-юлди гаплар ўрнига қанча тасбеҳ, қанча таҳлил айтиш мумкин», дер эди ва ўзи шу сўзига садоқат билан амал қиларди. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган ҳар қандай қалби уйғоқ одам унинг Аллоҳга бўлган яқийни, иймону ихлосини чин юракдан ҳавас қилар эди. Ҳожи она қанча бемор бўлмасин, қанчалар қувватсиз бўлмасин, намозу зикрларини, вирду дуоларини тарк этмади. Дуоларида фарзанду набиралар, ёру қадрдонлар, Ватан, халқ ҳаққига Аллоҳдан яхшиликларни сўрарди. У чин маънода юрту элнинг дуогўйи эди. Ҳожи она охирги йилларда бироз ҳасталаниб қолган бўлса-да, ибодатларини ўзи адо этар, зикру дуода мустақим эди. Вафотидан икки-уч кун олдин шифоханага ётқазилди. Муолажаларга қарамай, бирдан бехуш бўлиб қолди. Бир муддатдан кейин ўзига келди-ю, калима келитириб, иймонига бошқаларни гувоҳ қилиб, яна хушидан кетди ва шу зайл охират сари сафар қилди. Унинг жанозасини кенжа ўғли Омонуллоҳ қори ўқиди. Аллоҳ марҳума Ҳожи онамизни Ўз раҳматига олиб, қилган яхши амалларини, Қуръонга қилган хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилсин! Улардек аёлларимиз яна кўплаб чиқиб, юрт- элимизга шараф бўлишини насиб айласин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |