Боснияда Қуръони Карим мусобақаси ғолиблари тақдирланди | ||||
|
Бутун дунё Таҳфизул Қуръон ташкилоти бош котиби доктор Абдуллоҳ Басфар жаноблари Босния ва Герсагавинада ўтказилаётган II Қуръони Карим мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимида қатнашди. Мусобақада 40 дан зиёд қори ва қориялар иштирок этдилар. Мусобақада Босния ва Герсагавина уламолари раиси Шайх Ҳусайн Каказуфтеш, Саудиянинг Босниядаги элчиси Абдуллоҳ Сақафий жаноблари ва Сурия қорилари шайхи устоз Курайм Рожиҳ ҳамда бошқа уламолар, устоз ва қорилар қатнашдилар. Доктор Абдуллоҳ Басфар Босния ва Герсагавина уламолари раиси Шайх Ҳусайнга ва элчи жанобларига ушбу гўзал тадбирни уюштиришдаги жонбозликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Босния ва Герсагавина уламоларининг Бутун дунё Тахфизул Қуръон ташкилоти билан олиб бораётган самарали ҳамкорликларини мамнуният билан тилга олиб, ушбу қизғин алоқа сабабли бугунги кунгача ўлкадан 300 дан ортиқ қори ва қориялар етишиб чиққанини алоҳида эслаб ўтди. Бош котиб Боснияга ташрифи асносида Саудия Арабистони консуллигининг Дин ишлари бўйича вакили, ҳамда Босниядаги Малик Фаҳд университети мудири Шайх Абдулмажид ибн Ғайсулғайс билан учрашди. Учрашув Малик Фаҳд масжидида ўқилган жума намозидан сўнг бўлиб ўтди. Намозга Доктор Абдуллоҳ Басфар имомлик килиб берди. Доктор Басфар бир қатор зиёратларда бўлди. Аввал Президент Бокир Алий Иззат Букафитеш жаноби олийларининг қабулида бўлди. Суҳбат, асосан, Қуръон ва Қуръон аҳлларини эъзозлаш, уларнинг ҳурматларини жойига қўйиш ҳақида бўлди. Доктор жаноблари Президент билан бўлиб ўтган самимий ва қизғин суҳбатдан сўнг Босния ва Герсагавина уламолари билан учрашди. Улар ўлкада Қуръони Каримга хизмат қилишга қаратилган махсус идора очиш, қориларга ижоза беришга ихтисослашган институтга асос солиш, Боснияда халқаро Қуръон мусобақаси ўтказиш ва бошқа шу каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Кейин Саудия элчихонасида Саудиянинг мустақиллик кунига бағишланган тадбирда қатнашди. Бош котиб ўзининг Боснияга қилган ташрифини 500 йиллик тарихга эга «Ғозий Харубек» мадрасаси ва унинг ёнида жойлашган Босния тарихий қўлёзмалари сақланадиган кутубхонани зиёрат қилиш билан якунлади. Манба: www.hqmi.org
|