
Аллоҳ таоло Каломида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръонни қандай тиловат қилиш кераклигини баён қилган: «Ва Қуръонни тартил билан қироат қилинг!» (Муззаммил, 4).
Қуръонни тартил билан ўқиш ҳарфларни дона-дона қилиб, уларни ўз махражидан чиқариб, шошилмасдан тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда ўқишдир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Расулини Қуръонни тартил билан қироат қилишга буюрмоқда. Шундай қилинса, Қуръон маъноларини тушуниш осон бўлади. Аллоҳ таоло амрига биноан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни доим тартил билан тиловат қилардилар. Биз ҳам Қуръонни худди шундай ўқишимиз керак.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни «тушунарли қилиб ўқинг», деб тафсир қилган. (Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Иброҳимдан ривоят қилинади: «Алқама Абдуллоҳга Қуръон ўқиб берди. Шунда Абдуллоҳ: «Қуръонни тартил билан тиловат қил! Зеро, бу Қуръонни зийнатлайди», деди» (Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Ибн Наср ривояти).
عَنْ قَتَادَةَ قَالَ: سَأَلْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ عَنْ قِرَاءَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: كَانَ يَمُدُّ مَدًّا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Қатода ривоят қилади: «Мен Анас ибн Моликдан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатлари ҳақида сўраган эдим, у: «У Зот чўзиб қироат қилардилар», деди» (Бухорий, Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
Қатода «...ва Қуръонни тартил билан қироат қилинг» ояти ҳақида: «Бизга ривоят қинишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аксар ҳолларда Қуръонни мад билан қироат қилардилар», деган. (Ибн Мунзир, Абдураззоқ ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Қуръонни мад билан ўқиш деганда, мад ва лийн ҳарфларини белгиланган миқдорда чўзиб ўқиш назарда тутилади. Чўзилмайдиган ҳарфларни чўзиб ўқиш мумкин эмаслиги тажвид қоидаларига бағишланган китобларда алоҳида таъкидланган.
Чўзиб қироат қилиш қандай эканини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.
وَعَنْ قَتَادَةَ قَالَ: سُئِلَ أَنَسُ: كَيْفَ كَانَتْ قِرَاءَةُ النَّبَيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: كَانَتْ مَدًّا ثُمَّ قَرَأَ بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ يَمُدُّ بِبِسْمِ اللهِ وَيَمُدُّ بِالرَّحْمَنِ وَيَمُّدُ بِالرَّحِيمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.
Қатодадан ривоят қилинади: «Анасдан: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатлари қандай эди?» деб сўралганида, у: «У Зотнинг қироатлари чўзиб ўқиш эди», деди ва кейин «Бисмиллааҳир-роҳмаанир-роҳийм», деб, «бисмиллаҳ»ни, «ар-роҳмаан»ни ва «ар-роҳийм”ни чўзиб қироат қилди» (Бухорий, Ҳоким ва Дорақутний ривояти).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни қандай ўқишлари ҳақида сўралганида, у мад билан қироат қилишларини айтиб, буни басмала мисолида ўзи кўрсатиб берган. Бу қорилар, қолаверса, ҳар бир мўмин банда учун ўрнакдир. Банда Қуръонни мушофаҳа йўли билан устоздан ўрганиши керак. Акс ҳолда банда Қуръонни хато ўқиш орқали гуноҳкор бўлиб қолади.
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِى مُلَيْكَةَ عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا ذَكَرَتْ - أَوْ كَلِمَةً غَيْرَهَا - قِرَاءَةَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ "بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ مَلِكِ يَوْمِ الدِّينِ" يَقْطَعُ قِرَاءَتَهُ آيَةً آيَةً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдуллоҳ ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинишича, Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатларини эслаб, «У Зот «Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм. Ал-ҳамду лиллааҳи роббил-ъааламийн. Ар-роҳмаанир-роҳийм. Малики йавмид-дийн», деб оятлар орасини бўлиб қироат қилардилар», деган. (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ерда айтилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятлар орасида тўхтаб, уларни алоҳида-алоҳида қироат қилардилар. Аслида икки оятни бир-бирига улаб ўқиш жоиз бўлса-да, аммо оятлар орасида вақф қилиш суннатга мувофиқдир.
وَعَنْ ابْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُقَطِّعُ قِرَاءَتَهُ يَقُولُ: الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ثُمَّ يَقِفُ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ ثُمَّ يَقِفُ وَكَانَ يَقْرَؤُهَا مَلِكِ يَوْمِ الدِّينِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Ибн Абу Мулайка Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) (оятлар орасини) бўлиб қироат қилардилар. У Зот «Ал-ҳамду лиллааҳи роббил-ъааламийн», деб тўхтаб, сўнг «ар-роҳмаанир-роҳийм», деб тўхтардилар. (Ундан кейинги оятни) «маалики йавмид-дийн», деб ўқир эдилар» (Термизий ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоят ўзидан олдингисини изоҳлайди. Умму Салама (розияллоҳу анҳо) онамиз Қуръонни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўрганганлар ва кейинчалик бошқаларга устозлик қилганлар. Бу ривоятда айтилишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятлар орасини бир-биридан ажратиб тиловат қилганлар. Бу маънода келган ривоятлардан хулоса қилган уламолар ҳар бир оятдан сўнг вақф қилиш мандуб эканини айтишган.
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ وَهُوَ عَلَى نَاقَتِهِ أَوْ جَمَلِهِ وَهِيَ تَسِيرُ بِهِ وَهُوَ يَقْرَأُ سُورَةَ الْفَتْحِ أَوْ مِنْ سُورَةِ الْفَتْحِ قِرَاءَةً لَيِّنَةً يَقْرَأُ وَهُوَ يُرَجِّعُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уловлари ёки туялари устида кетаётиб Фатҳ сурасини ёки Фатҳ сурасидан таржийъ билан енгил қироат қилганларини кўрганман» (Бухорий, Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
Қуръонни таржийъ билан ўқиш оятларнинг баъзи жойларини чўзиб, такрор-такрор ўқишдир. Бу таъкид учун қилинади.
Ривоятдаги ҳодиса Макка фатҳ қилинган йили содир бўлган. Ўшанда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туяда кетаётиб Фатҳ сурасида Макка фатҳи ҳақида қилинган башоратни таъкид учун таржийъ билан тиловат қилганлар.
Юқорида келган ривоятлардан хулоса қиладиган бўлсак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатларига хос қуйидаги жиҳатлар маълум бўлади:
1. Тартил (Қуръонни шошилмасдан, тушунарли қилиб ўқиш). 2. Мад (мад ва лийн ҳарфларини белгиланган миқдорда чўзиб ўқиш). 3. Тақтийъ ёки вақф (ҳар бир оят орасида тўхташ). 4. Таржийъ (баъзи жумлаларни такрорлаб ўқиш).
Зиёвуддин Раҳим
|