A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Усмон мусҳафи тарихи
PDF Босма E-mail
Муқаддима

Аллоҳга ҳамд, Муҳаммад Расулуллоҳ ва ул Зотнинг олу асҳобларига салоту саломлар бўлсин! Бундан юз йил муқаддам Самарқанд шаҳридаги Усмон Мусҳафи Петербургдаги подшоҳ кутубхонасига олиб кетилган ва Октябр инқилобидан кейин мусулмонларнинг талаби билан Ўзбекистонга қайтарилган эди. У Тошкентдаги қадимий ёдгорликлар музейида мақомига яраша кўз қорачиғидай асраладиган ва эъзозланадиган, муборак бойлик сифатида сақланадиган меросга айланди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг кутубхонасида шу Мусҳафдан фотография усули билан олинган нусхалар сақланар эди. Яқин йиллардан бери ушбу кутубхонани зиёрат қилувчилар сони кўпайди. Улар бу ерда мазкур нусхани кўриб, баъзилари ёдгорликлар музейига бориб, унда Мусҳафнинг аслини зиёрат қилишга мушарраф бўла бошладилар ва бундан жуда ҳайратландилар. Бу орада Мусҳафи Усмоний халқ ичида жуда машҳур бўлиб кетди ва омманинг унга бўлган қизиқиши ортди. Шу муносабат билан диний идора Мусҳафни ўрганиш, унинг қадимий ва ҳозирги ҳолатлари устидан сирли пардани олиш лозим ва вожиб деб билди. Мусҳафга қизиқувчи ва тадқиқотчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган унинг тарихи ва ҳақиқати тўғрисида бир китоб чиқарилишини зарур деб топди. Бу борада олиб борилган кўп изланишлардан сўнг, Ислом оламини Мусҳафнинг мавжудлиги ва унинг мақоми билан таништириш учун фазилатли олим, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раис ноиблари, шайх Исмоил Махдум ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари мухтасар бир китоб тасниф қилдилар.
Қўлингиздаги мўъжаз, лекин манфаати катта бўлган китоб шу саъйи кўшишларнинг маҳсулидир. Аллоҳ таоло ул зотга Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларига яраша мукофотлар ато қилсин. Диний идора раҳбарияти Шайх Исмоил Махдум ҳазратларининг бу шарафли вазифани сидқидилдан адо этганликлари ва Қуръони Каримни тарғиб этиш йўлида қилган илмий изланишларини юксак баҳолаб, чуқур миннатдорчилик билдириш билан бирга, китобни диний идора ҳисобидан нашр эттиришга, нафи ҳаммага тегиши учун уни кенг тарқатишга қарор қилди. Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят этувчи Зотдир!
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Муаллифдан

Қуръони Каримни оламларга башорат берувчи ва огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўзининг Расули Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Аллоҳ ўзининг Каломи мажидида : «Албатта, бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, ўзимиз уни муҳофаза қилгувчимиз», деб Қуръони Каримни сақлашга ваъда берган. (Ҳижр.9).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни энг мукаррам ва улуғ Китоб қилиб, бизларни унинг тиловатига мушарраф этди. Мазкур муборак Китоб орқали бизни диний ва дунёвий илмлардан бохабар қилди.
Рисолатни адо қилган, амонатни бизларга етказган саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ва у киши билан бизларнинг ўртамизда восита бўлган ҳамда нақл қилувчиларнинг энг яхшилари — авлоду асҳобларига саловоту саломлар бўлсин! Бу зотлар Пайғамбар (алайҳиссалом)дан олган таъ-лимотларини, кейинги авлодларга етказишдек юксак бурчни адо этганларнинг энг улуғлари бўлдилар. Агар бу таълимот бўлмаганида, бизлар ҳидоят топмас эдик. Бунинг учун Аллоҳ таоло ҳаммаларига пайғамбарларнинг умматларга ва аждодларнинг авлодларга қилган хизматлари учун бериладиган мукофотларидан ато этсин.
Қўлингиздаги рисолани ёзишдан мақсад бутун Мовароуннаҳр диёри фахрланадиган ва Ўзбекистон ёдгорликлар музейи уни сақлашдек шарафга эга бўлган Усмон Қуръони билан таништиришликдир. (Ушбу рисола 1971 йилда чоп қилинган. Ўша вақтда мазкур Мусҳаф Ўзбекистон давлат тарих музейида сақланар эди. Таржимон).
Мазкур Мусҳаф бир пайтлар Самарқандда бўлиб, унинг улуғ қадриятига ҳамма ҳам эътибор бермас эди, уни асл моҳияти ва тарихини билмаган ҳолда, табаруккона зиёрат қилинарди, холос. Чунки  ўша вақтда бу ўлкада илму ирфон нури сусайган ва бидъатлар кучайган давр ҳукмрон эди.
Руслар Самарқандни ишғол қилгач, (1285 ҳижрий ва (1868 мелодий) йил) бу қимматли гавҳарга қизиқиб қолдилар. Тезда унинг довруғи ҳамма ёққа тарқалди. Шу пайтдан бошлаб унинг тўғрисида газета ва журналларда мақолалар пайдо бўла бошлади. Советлар даврида бу Мусҳафни тадқиқ қилиб ўрганувчилар кўпайди. Бу даврга келиб илм-фаннинг кўп тармоқлари вужудга келди. Ўзбекистонда ҳар соҳанинг ўз олимлари етишиб чиқди. Тошкент аста-секин илм-маърифат марказига айланди. Пойтахтга жаҳоннинг барча юртларидан делегациялар, турли сайёҳлар кела бошладилар. Улар Мусҳафнинг хабарини эшитгач, уни зиёрат қилиш истагини билдириб, тарихи билан қизиқдилар. Айниқса, мусулмон делегацияларининг аъзолари бу муборак Мусҳаф тўғрисидаги ҳақиқатни билишга катта эҳтимом кўрсатдилар. Шу боис Ўрта Осиё ва Қозоғистон (ҳозирги Мовароуннаҳр. Тарж.) мусулмонлари диний идораси бу Мусҳафи шариф тўғрисидаги маълумотлар асосида бир китоб ёзишни зарур деб топди. Камина Аллоҳдан мадад сўраб мазкур муҳим вазифани адо этиш учун диёримизда машҳур бўлган Усмон Мусҳафига тааллуқли ривоятларни ва машҳур асарлардаги унга тегишли хабарларни жамлаб, рисола ҳолида тасниф қилдим. Унинг аввалига Қуръони Карим тарихини ва ҳазрати Абу Бакр ва Усмон (розияллоҳу анҳум) даврларидаги уни жамъ қилишга тааллуқли муҳим масалаларни киритдимки, ушбу Мусҳафи шарифимизнинг ўрганилиши ана шуларга боғликдур. Рисолани «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» деб атадим. Бу ишда менинг хизматим, фақатгина турли даврлардаги маълумотларни йиғиб, уларни тартибга келтиришдан иборат бўлди, холос.
«Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд.88)
Шайх Исмоил Махдум шайх Сотти Охунд Намангоний.
Тошкент. 1391 й.ҳ. 1971й.м.

Қуръони Каримнинг таърифи

Қуръони Карим Аллоҳ таоло ўзининг бандаси ва Расули саййидуно Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган ҳамда мусҳафларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган ҳолда ҳеч бир ўзгаришсиз, узлуксиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китобдир. У Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га берилган ва қиёматгача абадий бўлган мўъжизадур.

Қуръон нозил бўлишининг бошланиши

Аллоҳ таоло Қуръонни ўзининг Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳижратдан 13 йил аввал, 24-рамазонда Маккадаги Ҳиро ғорида нозил қила бошлади. Бу Аллоҳнинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Пайғамбар қилиб юборган ва ул Зотни Расул этиб танлаган йили эди. Шундан сўнг  Қуръони Каримни бўлак-бўлак қилиб тушириш давом этди. Чунки Қуръоннинг шу тариқа нозил бўлиши даъватнинг ривожланишига боғлиқ эди. Қуръони Каримдан турли бўлаклар даъватнинг эҳтиёжларига қараб, воқеликнинг ҳолатидан келиб чиқиб, даъватнинг бошланишидан то охиригача бирин-кетин туша бошлади. Бу ҳол йигирма уч йил давом этди. Қуръони Каримнинг илгариги самовий китоблар каби яхлит бир тўплам ҳолида эмас, балки оятларнинг миқдоридаги тафовут билан бўлак-бўлак қилиб туширишлик ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган. Баъзи пайтларда Қуръони Каримдан бир оят, гоҳида эса беш ёки ўн оят нозил бўлар эди. Бу тўғрида Аллоҳ таолонинг Каломида очиқ айтилган: «Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни қисмларга ажратдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик». (Исро - 106).
«Кофир бўлган кимсалар: «Нега бу Қуръон унга (Пайғамбар алайҳиссаломга) битта тўплам ҳолида нозил қилинмади?» дедилар. (Эй Муҳаммад), Биз у (Қуръон) билан дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик». (Фурқон- 32).

Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларида Қуръоннинг ёзилиши

Қуръон оятлари Пайғамбар (алайҳиссалом)га (алайҳиссалом) нозил бўлиш чоғида, ул Зот ҳузурларидаги саҳобаларга ваҳийни тиловат қилиб берар ва уни ёзиб олувчиларга оятнинг жойини кўрсатиб, бу оятни фалон суранинг фалон жойига қўйинглар деб, амр қилар эдилар. Улар Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтиб турган оятларни хурмо пўстлоқларига, япалоқ тош-тахтачаларга, териларга ва ҳайвонларнинг курак суякларига ёзиб олар эдилар. Расулуллоҳнинг ҳузурларида Қуръондан нозил бўлган оятларни эшитган кишилар дарҳол ушбу оятларни ёдлаб олар ва бошқаларга етказар, қироат қилиш, уни фаҳмлаш учун такрор-такрор ўқир эдилар.
Ҳоким «Ал-Мустадрак» да Зайд бин Собитдан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида ваҳийни ёзиб турар эдим. Ул Зот айтиб турар эдилар. Ёзиб тугатганимда: «Ўқи!» дер эдилар, мен ўқиб берар эдим. Агар бирор нарса тушиб қолган бўлса, ул Зот тўлдирар эдилар».
Ал-Бухорий Ал-Барродан ривоят қиладилар: «Ло яставил-қоъидуна...» ояти нозил бўлган пайтда Пайғамбар (алайҳиссалом) менга:
— Зайдни чақир, лавҳу қалам ва курак суягини олиб келсин, — дедилар.
Шундан сўнг  3айдга:
— Ёз, «ло яставил-қоъидуна...» деб, амр қилдилар. (ҳадис).
Имом Муслим Абу Саиддан қуйидаги ҳадисни келтирадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Мендан Қуръондан бўлак ҳеч нарсани ёзманглар».
Мана шу тартибнинг ўзига биноан Пайғамбар (алайҳиссалом) Қуръонни намозларда ва бошқа муносабатлар билан тиловат қилган чоғларида саҳобаи киромлар уни ёдлаб олар ва ўрганар эдилар. Шундай қилиб, Қуръоннинг ёзилиши ва қалбларда ёд олиниши, унинг нозил бўлиши билан бир вақтда кечди, саҳобаларнинг баъзилари Қуръонни тўла ёд олган бўлсалар, баъзилари эса бир қанча сураларни ёд билар эдилар. Расулуллоҳ вафот этган вақтларида Қуръони Карим тўлиқ ҳолда саҳобалар томонидан ёд олиниб, хурмо, тош-тахтача ва бошқа нарсаларга ёзилган эди. Расулуллоҳ даврларида Қуръонни тўлиқ ёд олган саҳобалардан ўттиз киши санаб ўтилган. Расулуллоҳнинг 44 та ваҳий ёзувчи-котиблари бўлган. Шундан 14 талари машҳур. Улар навбатма-навбат котиблик қилганлар. Булардан ташқари ҳузурларида ҳозир бўлган бошқа кишилар ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган оятларни ёзиб олар ва ёдлар эдилар.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида ёдлаб олиш ва ёзиш йўли билан Қуръонни жамъ қилиниши

Юқорида айтилганидек, саҳобалардан Қуръонни тўла ҳолда ёзиб ва ёдлаб олганлар бор эди.
Ал-Бухорий Анас разияллоҳу анҳу(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ даврларида тўрт киши Қуръонни жамъ қилган эди. Ҳаммалари ансорлардан эдилар. Булар: Убай бин Каъб, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Бу ҳақда Имом Муслим ҳам Ҳамомдан ривоят қилганлар. Имом Бухорийнинг ҳазрати Анасдан келтирган бошқа бир ривоятларида бундай дейилади: «Пайғамбар вафот этган пайтларида тўрт кишидан бошқа ҳеч ким Қуръонни жамъ қилмаган эди: Абуд Дардо, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Ибн Касир айтадилар: «Бу ерда ҳазрат Анас тўрт кишидан бошқа деганларида фақат ансорларни кўзда тутаяптилар, чунки муҳожирлардан ҳам жамъ қилганлар борлигига шубҳа йўқ».
Имоми Насоий саҳиҳ иснод билан Абдуллоҳ бин Умардан ривоят қиладилар: «Қуръонни жамъ қилдим ва уни ҳар бир кеча тўла ўқир эдим. Буни эшитиб Пайғамбар (алайҳиссалом): «Уни (Қуръонни) ҳар ойда (тўла) ўқи(б чиқ)»,  дедилар.( Ҳадиснинг асли «Саҳиҳ»да).
Шаъбий айтадилар: «Пайғамбар замонларида Қуръонни олти киши жамъ қилган эди: Убай, Зайд, Муоз, Саъд бин Убайд, Абу Зайд ва Мужаммиъ бин Жория».
Муҳожирлардан Усмон, Али, ибн Масъуд, Солим Мавло Ҳузайфа, Абдуллоҳ бин Умар ва ибни Ослар ҳам Қуръонни жамъ қилганликлари ҳақида ривоят бор.
Ибни Сириндан ривоят қилинадики, ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: «Расулуллоҳ вафот қилганларида, то Қуръонни жамъ қилмагунимча жумъа намозидан бошқа намозларда ридо(устки кийим)имни киймайман, деб қасам ичдим. Шундай қилиб уни жамъ қилдим ( ёд олдим)».
Худди шундай ҳадис Икрамадан ҳам ривоят қилинган. Унда айтилишича, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Икрамага: «Ҳа, (Али ридосини кийганини) кўрмадим», деганлар.
Қуръоннинг нозил бўлган оятларини саҳобалар ёзганликлари ва уни тарқатганликларига Умар (розияллоҳу анҳу)нинг Исломга кириш воқеалари ҳам далил бўла олади, Ҳазрати Умар сингилларининг уйига бостириб кирганларида, у ердаги кишиларнинг қўлида Қуръон оятлари битилган матони кўрадилар ва уни ўқиб беришликларини сўрайдилар. Оятларни эшитиб, ниҳоятда таъсирланадилар (Ривоят).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида: «Бизлар кофирлар юртига қилинган футуҳотларда Қуръонни ёнимизда олиб юришликдан манъ қилинган эдик», деган ривоят ҳам бор, Мана шундан маълумки, Қуръони Карим нозил бўлишининг биринчи кунларидаёқ ёзила бошлаган.
Имом Бухорий айтадилар: «Қуръон Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларидаёқ тўлиқлигича ёзилган ва ҳифз қилинган эди. Лекин тарқоқ ҳолда, ясси тош тахтачалар ва хурмо пўстлоқларига ёзилган эди. Уни Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида саҳифаларга жамъ қилдирдилар».(«Мал-Қуръон» китоби, 215 бет.)
Ровийлардан Ҳоким ва бошқалар, Қуръон биринчи марта Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларида жамъ қилинди, дейдилар.
Зайд бин Собит айтадилар: «Расулуллоҳнинг ҳузурларида териларга ёзилган Қуръонни тартибга солар эдик». Байҳақий: «Бу «тартибга солиш»дан мурод, нозил бўлган парча-парча оятларни Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига биноан жой-жойига қўйиб, сураларга жамлаш бўлса керак», − дейдилар.
Ҳорис ал-Муҳосибий «Фаҳмус-сунан» китобида «Қуръоннинг битилиши янгидан қилинган иш (яъни бидъат) эмас», дейди. Ибн Сирин (раҳимаҳуллоҳ)дан: «Расулуллоҳ даврларида Қуръонни тўрт киши жамъ қилганлигида ихтилоф йўқ. Булар: Муоз, Убай, Зайд ва Абу Зайд. Лекин қуйидаги уч кишининг иккиталарида ихтилоф бор. Баъзилар Абуд-Дардо ва Усмон, баъзилар Усмон ва Тамимуд-Дорий ҳам жамъ қилган дейдилар».
Қуръонни тўплам ( мусҳаф) ҳолида жамъ қилганлар ичида Миқдод бин Амр ва Абу Мусо ал-Ашъарийлар ҳам бор эди. Ал-Ашъарий кейинчалик ўзининг тўпламини «Лубобул-қулуб» деб атади.
Расулуллоҳнинг амрларига мувофиқ Қуръони Карим турли ҳажмдаги 114 та сурага бўлинди ва ҳар бир сурага муаййан ном берилди, Қуръоннинг охирги ояти Пайғамбар вафотларидан тақрибан саксон кун аввал нозил бўлди.
Ас-Суютийнинг «Ал-Итқон фи улумил-Қуръон» китобларида ал-Хитобий деган зот, Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларида Қуръоннинг Мусҳаф (тўплам, муқоваланган) қилиб жамъ қилинмаганлигининг сабаби, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръоннинг баъзи ҳукмларига, унинг тиловатига носих (бекор қилувчи) оятлар ёки зиёда оят келиб қолармикан, деб кутганларидадур. Пайғамбарнинг вафотлари билан Қуръоннинг нузули интиҳосига етгач ва носих ёки зиёда оят келишлик эҳтимоли тугагандан сўнг, Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳиссалом) дан кейинги биринчи халифага Қуръонни тўплам қилишликка илҳом берди,— дейдилар.(«Ал- итқон», 1-жилд, 58 бет.)
Расулуллоҳ ва мўминлар Қуръондан бирон-бир оят йўқолмаслигига ишончлари комил эди. Бунда ёзишдан кўра ёд олиш қобилиятига кўпроқ эътимод қилинар эди. Араблар ўзларининг муҳофаза қувватларига жуда ишонар эдилар, улар (ўз ёзувлари бўлишига қарамасдан. тарж.) ёзмайдиган, ўқимайдиган, оми эканликлари билан фахрланар, узун-узун қасида ва мадҳияларни бир эшитишдаёқ ёдлаб олардилар. Шунинг учун ҳам улар Қуръондан нимаики нозил бўлса, дарҳол дилларига жо этардилар. Қуръони Карим Аллоҳнинг муқаддас Каломи эканлигига саҳобаларда ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Уни ёд олишни Исломнинг фарзларидан бири деб, билар эдилар. Ўз аҳллари, ёр-биродарларидан йироқда, ҳижрон азобига сабр қилган, кўп азиятларни тортган, ҳатто ҳаётларини Ислом динига фидо қилган биринчи мусулмонлар Қуръон оятларини ёдлаш ва уни тиловат қилишлик билан буюк тасалли топар эдилар. Улар Қуръони Каримдан янги оят нозил бўлган вақтларда, ўзларини қайтадан ҳаётга келгандек ҳис қилардилар.
Саҳобаларнинг Қуръонни ёд олишга бўлган завқу шавқларига далолат қиладиган хабарлар кўп. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръондан таълим бериш, уни тиловат қилишликка катта эҳтимом кўрсатар ва таълим-тарбия, иршод ишларини Каломуллоҳни ёд олган  қориларга топширар эдилар. («Мал-Қуръон» китоби.132 бет)

Сура ва оятлар тартиби

Шундай қилиб, Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида ёзилган ва ҳифз қилинган эди, Ундаги сура ва оятларнинг тартиби Аллоҳ таоло илҳоми ила Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонларидан белгилангандир. Бу ишнинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан келган ваҳий асосида бўлганлигига  Қиёмат сурасидаги оятлар далилдур:
«Уни (Қуръонни сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (яъни Жаброил фаришта) уни (яъни ҳар бир ваҳийни) ўқиб битирганидан сўнггина, сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!» (17-18 оятлар).
Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида ҳифз қилинган, намозларда ва бошқа муносабатлар билан ўқилган китоб бўлгани учун ҳам уни тартибланмаган эди, дейишлик эҳтимолдан узоқдир. Сураларнинг баъзилари тўлалигича, баъзилари парча-парча қилиб нозил қилинди. Ҳеч шубҳа йўқки, Қуръони Карим суралари ва оятларининг ҳозирги тартиби Пайғамбар (алайҳиссалом) кўрсатган ва ўқитган тарздадир. Имом Бухорий асарларида Пайғамбар (алайҳиссалом)дан қуйидаги ҳадис бор: «Кимки Бақара сурасининг охиридан икки оят ўқиса, унга кифоядур». Мана шунинг ўзи ҳам Қуръони Карим Расулуллоҳ даврларида тартибга солинганлигига далолат қилади. («Мал-Қуръон» китоби, 213-бет)

Қуръони Каримнинг Абу Бакр Сиддиқ замонларида саҳифаларга жамланиши

Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан сўнг саҳобалар ва мусулмонлар ул Зотга халифа қилиб Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни сайлашга қарор қилдилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан кейин ҳазрати Абу Бакрнинг фикрларини машғул этган асосий нарса муртад бўлган қабилаларга қарши қўшин тўплаш бўлди. Араб жазирасининг шарқида Мусайлиматул-каззоб пайдо бўлиб, Исломга жиддий хавф сола бошлади. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Холид бин Валид бошчилигидаги бир жанговар қўшинни унга қарши юбордилар. Жанг ниҳоятда шиддатли бўлиб, унда мусулмонлардан 1200 киши, шу жумладан, Қуръонни ёд олган етмишга яқин мураттаб қорилар шаҳид бўлди. Бунинг хабари Мадинага етиб келганда, ҳазрати Умар бин Хаттоб қаттиқ ташвишланиб, ҳазрати Абу Бакрга мурожаат қилдилар:
— Эй амирал-мўминин, бошқа жойлардаги жангларда ҳам кўплаб қорилар шаҳид бўлаверса, Қуръони Карим йўқ бўлиб кетади деб, қўрқаман.
Шунда ҳазрати Абу Бакр Зайд бин Собитни ҳузурларига чақиртирдилар.
Убайд бин Ас-Саббоқдан шундай ривоят бор: Зайд бин Собит (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Халифа Абу Бакрга Ямома жангининг хабари келди, иттифоқо, Умар бин Хаттоб у кишининг ҳузурларида эдилар. Абу Бакр менга шундай дедилар: «Умар менинг олдимга келиб, Ямома жанги куни кўп қорилар шаҳид бўлдилар, бошқа жангларда ҳам қорилар шу ҳилда шаҳид бўлиб, Қуръондан кўп нарса зоеъ бўлмасайди деб, қўрқаман. Шунинг учун Қуръонни жамъ қилишга буйруқ беришингиз керак деб, ўйлайман, деяпти. Мен Умарга Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган нарсани биз қандай қиламиз, десам, Умар Аллоҳга қасамки, шундай қилсангиз яхши бўлади, деяпти. То Аллоҳ шу нарса хусусида менга илҳом бериб, Умарнинг фикрига қўшилмагунимча, у ўз сўзини такрорлашдан тўхтамади», дедилар».
Зайд ҳикояларини давом эттириб айтадилар: «Абу Бакр Сиддиқ менга: «Сен ақлли, ёш йигитсан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ваҳийни ёзувчи эдинг, энди Қуръони Каримни чуқур ўрганиб, уни жамъ қилгин»,  деб, амр қилдилар. Аллоҳга қасамки, агар тоғни кўтаришга буюрганларида ҳам бунчалик оғир туюлмас эди. Уларга: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган ишни қандай қиласизлар»,  де-дим. «Шундай қилсак, яхши бўлади», дедилар  Абу Бакр. То Аллоҳ худди Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)га берганидик, менга ҳам илҳом бермагунича, у киши ўз сўзларини такрорлашдан тўхтамадилар. Шундай қилиб, Қуръонни ёд олган кишилардан, хурмо япроқларидан ва япалоқ тош тахтачалардан бирма-бир йиғиб, Аллоҳнинг каломини саҳифаларда жамъ қилдим. Ана шу саҳифалар Абу Бакрнинг вафотларигача у зотнинг қўлларида, сўнг ҳазрати Умарнинг қўлларида эди. Кейинчалик эса Умарнинг қизлари — Ҳафса онамизда сақланди».
Юқоридаги ҳадисни Имом Бухорий "Китобут-тафсир"-нинг "Қуръонни жамъ қилиш боби"да ривоят қилганлар. ("Фазоилул-Куръон", 15-бет., "Ал-Итқон", 1-жилд, 21-бет.)
Хулосаи калом, улар Қурьони Каримни сақлашда, фақат биргина йўл тутмасдан, балки  бу улуғ вазифани мукаммал адо этиш учун парча-парча ёзувларни битта китобга жамлаш лозимлигига ҳам қаноат ҳосил қилдилар. Буни бажаришда улар қуйидагича йўл тутдилар: тош тахтачалар, тери ва бошқа нарсаларга Расулуллоҳдан ёзилган ҳар бир парча тўпланди. Саҳобалар ёзиб олган битиклар ҳам олиб келинди. Буларнинг тўғрилигини аниқлаш учун Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган саҳобалар кўригидан ўтказиш лозим деб топилди. Мана шу уч манбаънинг бир хил далолатига биноан ёзилган ва ўқилган парчаларда ҳеч қандай хато йўқлиги исбот қилингач, Қуръондан ҳар бир лафз ёзилар эди.
Ибни Абу Довуд айтадилар: «Ҳазрати Абу Бакр Қуръони Каримни жамъ қилишга бошлаганларида Умар билан Зайдга: «Масжиднинг эшиги олдида ўтиринглар, кимки Қуръондан икки киши гувоҳлигида бирон нарса олиб келса, уни ёзиб олинглар»,  деб буюрдилар. Ҳазрати Умар кимнинг қўлида Қуръондан бирон-бир нарса бўлса, олиб келишликни эълон қилдилар. Одамлар ўзларида мавжуд бўлган, ҳар хил нарсаларга ёзилган Қуръон оятлари ва сураларини олиб кела бошладилар. Агар икки гувоҳи бўлмаса, улардан ҳеч нарса қабул қилинмас эди.
Имом Бухорий: «Яъни  ўша ёзув Расулуллоҳнинг ўзларидан эшитиб ёзилганлигига икки киши гувоҳлик беришликлари керак эди»,  дейдилар.
Зайд бин Собит зиммаларидаги масъулиятни тўла ҳис қилганликларидан бу вазифага изчил ёндашдилар.
Аз-Зуҳайрий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: «Бундан мақсад фақат, ёд олишнинг ўзигагина эътибор қилмасдан, балки  ёдланган ва ёзилган икки манбага эътимод қилиш эди. Ваҳоланки, Қуръонни ёд олганлар кўп эди. Зайд бин Собитнинг ўзлари ҳам Қуръонни тўла ёд олган эдилар».
Абу Шомманинг айтишларича, мақсад шунчаки ёд олинганини эмас, балки  айнан Расулуллоҳнинг ҳузурларида ёзилган бўлишлигини исботлашдан иборат эди.
Ас-Саховий айтадидар: «Мақсад, ёзиладиган нарса Қуръоннинг нозил бўлиш тартибига мос эканлигини ўша икки гувоҳ томонидан исбот қилиш эди».
Ас-Суютий эса: «Мақсад шу нарса Пайғамбарнинг вафот йилларида қилган хатмларига мувофиқ эканлигини исботлашдадур»,  дейдилар.
Мана шу тариқа, мураттаб қориларнинг қироатларига ва Расулуллоҳ ҳузурларида ваҳий нозил бўлиш пайтида ёзилганлиги исботланган нарсаларга асосан Қуръонни саҳифаларда жамъ қилиш ниҳоясига етди. Бу улуғ иш Абу Бакр Сиддиқ замонларида, ул зотнинг ва Умар бин Хаттоб (розияллоҳу анҳумо)нинг раҳбарликларида амалга ошди. Абу Бакрнинг бу хизматлари ўз даврларида қилинган ишларнинг энг улуғларидан бири бўлди.
Абдухайр айтадилар: «Ҳазрати Алининг: Қуръони Карим хизмати борасида энг улуғ савобга эга бўлган киши Абу Бакрдир, унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин,   деганларини эшитдим»,
Абу Бакр Сиддиқ Қуръонни жамъ қилган биринчи кишидир. Бу иш ҳазрати Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг вафотларидан олти ой кейин, Ямома жангида ҳофизи Каломуллоҳ саҳобаларнинг шаҳид бўлганларидан сўнг, ҳижратнинг 12-санасида бошланиб, тақрибан бир йил давом этди. Бу ишга бош-қош бўлиш Қуръони Каримни тўла ёд олган ва уни тўлиқ билганларнинг энг машҳури, ваҳийларни ёзиб олишда доимо ҳозир  ҳамда Расулуллоҳнинг охирги хатмларининг гувоҳи бўлган Зайд бин Собитга топширилди. Бу вазифани у зот аъло даражада, 23 ёшларида бажардилар. Усмон Мусҳафи ёзилган пайтда эса, у киши 35 ёшда эдилар.

Қуръони Каримнинг етти хил қироатда нозил бўлганлиги ҳақида

Имом Бухорий «Жомиъус-саҳиҳ»ларининг «Китобут-тафсир» бобида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Жаброил (алайҳиссалом) менга Қуръонни бир қироат билан ўргатдилар. Мен Ул зотга мурожаат қилиб, қироат йўлини кўпайтиришни сўрадим. То қироат етти хилга етмагунча, мен сўрашдан ва ул зот эса зиёда қилишдан тўхтамадилар».
Ал-Бухорий ва Муслим ривоятларида ул Зоти бобаракот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар»,  дедилар.
Уламолар, бу ердаги «етти қироат»дан мурод етти лаҳжадир, деганлар.
Байҳақий «Аш-шаъб»да айтганларидек, булар ўша замонда араб жазирасида мавжуд бўлган катта қабилаларнинг лаҳжаларидир.
Абу Убайда: «Бунинг маъноси Қуръоннинг ҳар бир сўзи етти хил ўқилади, дегани эмас, балки  етти лаҳжа Қуръонга бўлиб қўйилган, яъни унинг (Қуръоннинг) баъзи жойлари қурайш лаҳжасида, баъзи жойлари ҳузайл лаҳжасида, бошқа бир жойлари ҳавозин лаҳжасида ва яна бир хил жойлари яман лаҳжасида, деган маънони беради»,  дейдилар.
«Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳар йили бир мартадан кўрсатар эдилар. Вафот йиллари эса мансух бўлган жойлари кетган ва қолган жойлари тўлиқ ҳолда 2 марта кўрсатиб, ўқитдилар. Ҳар сафар бошқа-бошқа лаҳжада кўрсатар эдилар, тоинки етти лаҳжа (қироат)га етди. Бу нарса умматга худди шариат осонликка буюргани каби, уларга Қуръон тиловати осон ва енгил бўлиши учун қилинган марҳаматдур»,   деб  давом этадилар Абу Убайда.
Қози Абу Бакр Боқилоний: «Қуръони Карим арабларнинг ҳамма лаҳжаларида нозил бўлгандур», − дейдилар. «Қуръонни осон ва енгиллик бўлиши учун, шу лаҳжаларнинг ҳаммасида ўқилишига рухсат берилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир инсонга унинг тилига ва шевасига мувофиқ қироатдан таълим берар, саҳобаларга шу етти қироатнинг қайсинисини хоҳласалар, шунда ўқишларига рухсат берар эдилар. Агар ихтилоф қилсалар ва ўзларидан бошқаларнинг қироати хусусида Расулуллоҳдан сўрасалар, «Ҳаммаси тўғри ва Аллоҳ томонидан рухсат берилган, Қуръон хусусида ихтилоф ва жанжал қилманглар»,  деб жавоб берардилар».
Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот қилган вақтларида ҳам шу етти хил лаҳжада қироат қилинар эди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) жамъ қилган Қуръон тўплами ҳам шу етти қироатни ўз ичига олган эди.
«Иршодул-қурро вал-котибин» («Қироат қилувчи ва ёзувчиларга кўрсатма»)номли китобда, Зайд бин Собит Қуръони Каримнинг ҳамма жузъларини зикр қилинган барча ҳолатларга риоя этган ҳолда ва «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлган, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар»,  деб айтилган ҳадисга мувофиқ етти қироатга мос қилиб ёзди, дейилади.
Шайх Абдулазиз ал-Бухорий «Ал-мунтахаб ал-ҳисомий» китобининг шарҳида айтадиларки, Қуръон аввалда араб лаҳжаларишшг энг фасоҳатлиси бўлган қурайш лаҳжасида нозил бўлди, сўнгра бошқа араблар қийналганликлари учун, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг дуолари билан енгиллик нозил бўлиб, бошқа лаҳжаларда ҳам тиловат қилишларига изн берилди. Шундай қилиб, асл қироатга риоя қилишликнинг вожиблиги соқит бўлди. Кенгчилик шу даражада эдики, ҳар бир жамоага ўз лаҳжаларида ҳам, ўзгалар лаҳжасида ҳам ўқишликка ижозат берилганди. Бунга Пайғамбар (алайҳиссалом) ушбу сўзлари билан ишора қилдилар: «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, ҳаммаси шофию кофийдур».
Ҳар бир араб учун ўз лаҳжаси қолиб, бошқа лаҳжада, масалан, қурайш арабининг тамим лаҳжасида қироат қилишлиги жоиз бўлди. Пайғамбар вафотларидан кейин кўп жойлар фатҳ қилиниб, Ислом замини кенгайди. Саҳобалар ва мусулмонлар бир қанча мамлакатларга тарқаб кетдилар. Ислом минтақаларининг ҳар бир диёридаги аҳоли Қуръон қироатини ўша ерда мавжуд бўлган саҳобалар ичидаги машҳур қорийдан олардилар. Ўз навбатида бу қорий-саҳоба бирон-бир лаҳжага мансуб эди. Масалан, Шом аҳли Убай бин Каъб қироатида, Куфа аҳли Абдуллоҳ бин Масъуд қироатида, яна бошқалар Абу Мусо ал-Ашъарий қироатида ва ҳоказо қироатларда тиловат қилар эдилар. Юқорида зикр қилинганидек, саҳобаларнинг қироатлари бир-биридан фарқ қилгани учун улар яшаб турган жойлар аҳолисининг қироати ҳам бир-биридан фарқ қиладиган бўлди. Мана шу фарқ турли минтақа мусулмонлари ўртасида Қуръон қироати тўғрисида тортишувлар келиб чиқишига сабаб бўла бошлади. Ҳар бир томон ўзининг қироати тўғри ва афзал деб, даъво қиларди. Худди шундай воқеа  Ҳузайфа бин ал-Ямоннинг Озарбайжонга ғазотлари пайтида содир бўлди.

Усмон (розияллоҳу анҳу) замонларида Қуръони Каримни Абу Бакр саҳифаларидан олиб, бир хил қироатда ёзиб жамъ қилиниши ва Умматни шу қироатга ўтказилиши

Имом Бухорий ривоят қиладилар: Ҳузайфа бин ал-Ямон ҳазрати Усмон (иккаловларидан Аллоҳ рози бўлсин) олдиларига келдилар. (Ҳижратнинг 25-йили ва ҳазрати Усмон халифаликларининг 2-йили). Бу пайтда Ҳузайфа Шом аҳлига бош бўлган ҳолда Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжон ғазотида иштирок қилаётган эдилар. Шом ва Ироқ аҳллари ўртасидаги Қуръон тиловати борасидаги ихтилоф Ҳузайфани даҳшатга солди. У зот ҳазрати Усмонга, эй амирал-мўминин, мусулмонлар Қуръон хусусида яҳудий ва насоролар каби ихтилоф қилмасларидан бурун, бу умматнинг ҳолидан хабар олинг, дедилар. Шунда Усмон (розияллоҳу анҳу) Ҳафса онамизга одам юбориб: «Саҳифаларни бизга бериб туринг, ундан нусха олиб, Сизга яна қайтариб берамиз»,   дедилар. Ҳафса онамиз саҳифаларни ҳазрати Усмонга юбордилар. Халифа Зайд бин Собит, Абдуллоҳ бин Зубайр, Саид бин Ос, Абдурраҳмон бин Ҳорис бин Ҳишомларга амр қилдилар ва улар саҳифалардан бир неча мусҳаф қилиб, нусха кўчирдилар.  Ҳазрати Усмон саҳифаларни Ҳафса онамизга қайтариб бердилар. Кўчирилган нусхалардан ҳар бир минтақага битта-биттадан Мусҳаф юбордилар. Қуръондан ёзилган бошқа ҳар хил саҳифа ва мусҳафларни эса куйдиришга буюрдилар.
Бошқа бир ривоятда, Ҳузайфа Усмонга мурожаат этиб: «Одамлардан хабар олинг, деди. Ҳазрати Усмон :
«Нима бўлди?» дедилар. Ҳузайфа айтди: «Арманистонда ғазотда эдим, Шом ва Ироқ аҳллари билан бирга эдик.
Қарасам, Шом аҳли Убай бин Каъб йўлида қироат қиляпти. Қироатларида Ирок, аҳли эшитмаган нарса чиқиб қолса, Ироқ аҳли уларни кофирга чиқаряптилар ёки Ироқ аҳли Ибн Масъуд йўлида қироат қилиб, Шом аҳли эшитмаган бирон нарса чиқиб қолса, улар Ироқ аҳлини кофирга чиқаряптилар».
Ҳузайфа Арманистон ғазатидан қайтиб келаётганда, унга ҳамроҳ бўлган Саид бин Осга айтди:
— Ушбу сафарим чогида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, агар бунга чора кўрилмаса, Қуръон тўғрисида кейинчалик ҳеч тузатиб бўлмайдиган бир ихтилоф чиқади.
Саид сўради: — Қанақа ихтилоф экан у?
— Ҳумс шаҳридан бўлган одамларни кўрдим, улар ўзларининг қироатларини бошқа қироатлардан яхши деб, Қуръонни Миқдоддан ўрганганликларини айтар эдилар. Куфадан бўлган одамларни кўрдим, улар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтиб, қироатни ибн Масъуддан олганмиз дер, эдилар. Басра аҳли ҳам айни шу даъвони қилиб, устозлари Абу Мусо Ашъарий эканлигини айтардилар ва унинг Мусҳафини «Лубобул-Қулуб» деб атайдилар, деб жавоб берди Ҳузайфа.
Куфага етиб келганларида Ҳузайфа одамларга бу ҳақда хабар берди ва уларни ўзини ташвишга солаётган воқелик билан огоҳлантирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари ва кўпгина тобеинлар унинг гапига қўшилдилар. Ибн Масъуднинг одамлари «Биз ибн Масъуд қироатида ўқишлигимизни ҳеч ким инкор қила олмайди-ку», деганларида Ҳузайфа ва унинг гапини маъқуллаганларнинг аччиқлари чиқиб кетди. Улар: «Сизлар аъробий (саҳро одамлари) сиз, сизлар хато қиляпсизлар», дейишди. Ҳузайфа эса: «Аллоҳга қасам, агар тирик бўлсам, албатта, амирул-мўминин олдига бориб, одамларни бундан қайтариш керак эканлигини айтаман, деди. Шунда ибн Масъуд Ҳузайфага қўпол муомала қилди. Саид ғазабланиб, ўрнидан туриб кетди. Одамлар тарқалдилар. Аччиқланган Ҳузайфа Усмон (розияллоҳу анҳу) олдиларига бориб, ўзи шоҳид бўлган ишларнинг хабарини берди: «Мен холис огоҳлантирувчиман, умматни қутқаринглар», деди. Усмон (розияллоҳу анҳу) саҳобаларни йиғдилар ва уларга воқеани айтиб бердилар. Улар бу воқеани катта хавф деб, ҳаммалари Ҳузайфанинг фикрини тўғри деб, топдилар.
Язид ан-Нахаъийдан: — Валид бин Ақаба замонида масжидда ўлтирган эдим. Бу даврада Ҳузайфа бин Ямон ҳам бор эди. Бир киши: «Ким Абу Мусо қироатида ўқиса, Кинда эшиги олдидаги бурчакка келсин, ким Абдуллоҳ бин Масъуд қироатида ўқиса, Абдуллоҳ уйининг рўпарасидаги бурчакка ўтсин», деб қолди. (Бошқа бир ривоятда «Ибн Умми Абд қироати ёки Абу Мусо Ашъарий қироати» дейилган.) Улар  Бақара сурасидаги оятнинг ўқилиши тўғрисида тортишиб қолган эдилар. Бирлари «Аллоҳ учун Ҳаж ва Умрани комил суратда адо қилинг!» деб ўқиса, иккинчилари Ҳарамга қилинадиган Ҳаж ва Умрани комил суратда адо қилинг!» деб, ўқир эдилар. (198-оят.). Ҳузайфа ғазабланганидан, кўзлари чақнаб ўрнидан туриб кетди. Масжидда бўлишига қарамасдан кўйлагини тиззаларигача кўтариб: «Ё амирул-мўминин менинг олдимга келсин, ё мен унинг олдига бораман, сизлардан олдин ҳам шундай бўлган эди. Аллоҳга қасамки, агар тирик бўлсам, амирул-мўминин олдига бориб, қироатни бир хил қилиш кераклигини уқдираман ва бу мусҳафларни сувга ғарқ қилиб ташлаймиз»,− деди. Абдуллоҳ бин Масъуд унга жавобан шундай деди: — Аллоҳга қасамки, агар шундай қилсанг, Аллоҳ сени бошқа сувга (яъни жаҳаннам сувига) ғарқ қилади, − деди.
Худди шундай жанжал Усмон (розияллоҳу анҳу) даврларида Мадинанинг ўзида ҳам содир бўлди. Ибни Аштаҳнинг Анас бин Моликдан қилган ривоятларида ҳазрати Анас айтадилар: «Қуръон хусусида Усмон замонларида ихтилоф қилдилар. Бир муаллим шогирдларига бир соҳиби Мусҳаф қироати бўйича таълим берар, иккинчи муаллим иккинчи қироат соҳиби бўйича. Болалар бир жойга тўпланганларида бир-бирлари билан шу хусусида тортишар эдилар. Тортишувлар ҳатто муаллимлар орасида ҳам пайдо бўла бошлади. Муаллимлар бир-бирларднинг қироатларини айблай бошладилар. Иш ҳатто шогирдлар билан шогирдлар ва муаллимлар билан муаллимлар ўртасида қон тўкишгача борди. Бу хабар Усмонга етиб келди. У киши: «Ҳали менинг яқинимда туриб бир-бирларингизни ёлғончи қиласизлар ва Қуръон хусусида айблайсизлар, бошқа диёрлардаги аҳвол қандай кечади? Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг асҳоблари, йиғилинглар ва мусулмонларга бошқа имом сайланглар», − деди. (Ал-Масоҳиф китоби, Ибн Абу Довуд. 4-11 бетлар)
Ибн Абу Довуд саҳиҳ иснод билан Сувайд бин Гафладан ривоят қиладилар: Сувайд айтди: «Али (карамаллоҳу важҳаҳ) Усмон тўғрисида яхши гапдан бошқа нарса гапирманглар. Аллоҳга қасамки, мусҳафлар хусусидаги ишни у бизнинг ҳаммамизнинг маслаҳатимиз билан қилган. Менга баъзи бировларингизнинг «Менинг қироатим сенинг қироатингдан яхши» деган гапларингиз етиб келди, бу эса салкам куфрнинг ўзидир», − дедилар. «Нима қилиш керак? − деб сўрадик биз, − дейди Сувайд. Али: «Ихтилоф ва тафриқа бўлмаслиги учун мусулмонларни битта Мусҳафга жамлаш керак, деб ўйлайман»,— деб жавоб бердилар. Биз: «Сизнинг фикрингизни қўллаб-қувватлаймиз», дедик. Али (карамаллоҳу важҳаҳ) яна шундай деганлар: «Агар валоят менинг қўлимда бўлганда, мусҳафлар хусусида Усмон қилган ишларини қилардим».(«Ал-Итқон» 1-жилд 59 бет, Ал-Маоҳиф 1 бет)
Ровийлар айтадилар: Ҳузайфа ҳазрати Усмонга одамларнинг ихтилофи тўғрисида хабар қилганда, халифа даҳшатга тушдилар ва ҳамма саҳобаларни тўпладилар. Ўша кунларда уларнинг сони 12 минг эди. Улар воқеадан хабардор этилганда, саҳобалар уни катта хавф, деб билдилар. Ихтилоф ва тафриқа бўлмаслиги учун мусулмонларни битта Мусҳафга ўтказиш тўғрисида раъйлари, билиттифоқ, бир қарорга келди. Мазкур саҳифалардан битта Мусҳаф (муқоваланган китоб) қилиб нусха кўчирилди ва унга қурайш лаҳжаси асос қилиб олинди. Одамларни шу қироатда ўқишликка буюрилди. Шундай қилиб, катта бир фитнанинг олди олинди. Агар одамлар ўз ҳолларига қолиб, Қуръон қироатлари бирлаштирилмаганда, қиёматгача тузатиб бўлмайдиган бузғунчилик ва таҳриф содир бўлар эди. («Тарихул Қуръон» 39- бет)
Ибни Абу Довуд ушбу ривоятни келтирганлар: Усмон (розияллоҳу анҳу) қурайшийлар ва ансорлардан 12 кишини тўплаб, уларга «Агар бирор нарса тўғрисида ихтилоф қилсанглар, уни қурайш лаҳжасидагисини ёзинглар», деб фармон берди. Бақара сурасидаги «тобут»(сандиқ) сўзидан бошқа нарсада ихтилоф чиқмади. Зайд «ҳо» билан дедилар, қолганлар «то» билан дейишди ва «то» билан ёздилар.
Имом Бухорийнинг «Китобут-тафсир»ларидаги «Қуръон қурайш араблари тилида нозил бўлди» деган бобда Усмон уларга: «Агар сизлар ва Зайд бин Собит Қуръоннинг бирор калимасида ихтилоф қилсаларинг, уни қурайш забонидагисини ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган», − дедилар ва улар шундай қилдилар, дейилади.
«Ал-Фатҳ» китобида Абу Шоммадан: «Қуръон қурайш забонида нозил бўлди дейилганини, биринчи галда ана шу лаҳжада нозил бўлди, сўнгра енгил ва осон бўлишлиги учун бошқа етти хил қироатга рухсат берилди»,— деб тушуниш керак, деган ривоят бор.
Усмон (розияллоҳу анҳу) одамларни битта қироатга ўтказмоқчи бўлганларида, Қуръони Карим илк нозил бўлган қурайш қироати бошқа қироатлардан авло эканини кўрдилар ва одамларни шунга ўтказдилар.
Абу Довуд Каъбул-Ансорийдан шундай ривоят қиладилар: Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ибн Масъудга хат ёзиб: «Қуръон қурайш забонида нозил бўлган, одамларни ҳузайл лаҳжасида эмас, қурайш лаҳжасида ўқитгин», − дедилар. Ибн Масъуд Ҳузайл қабиласидан эдилар.
Абу Қилоба ривоятдарида: «Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафни тайёрлаганларидан сўнг, турли юртларга хат ёзиб, Мен шундай-шундай иш қилдим, ўзимиздаги бошқа нусхаларни йўқотдим, сизлар ҳам ўзларингизда бўлган бошқа нусхаларни йўқ қилинг, деб айтдилар», дейилади. Ибн Абу Довуд, Табороний ва улардан бошқаларнинг Шуайб ривоятларида: «Уларга юборилган Мусҳафга хилоф бўлган бошқа ҳамма мусҳафларни ёқишга амр қилдилар», дейилади.(«Тарихул-Куръон»)
Ҳазрати Усмон Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг охирги хатмларига биноан Қуръонни ёздириб, ундан бошқа нусхаларни тарк қилишликни буюрганларида саҳобаларнинг ҳаммалари у кишини қўллаб-қувватладилар ва даъватларига жавобан ўзларидаги мусҳафларини ёндириб ташлаб, ҳазрати Усмон Мусҳафларига ўтдилар. Бу Мусҳаф нусхалари турли Ислом диёрларига юборилганда, улар ўз мақомига яраша кутиб олинди ва ундан жуда кўплаб нусхалар кўчирилди. Бош Мусҳаф нусхаларининг ҳаммаси муқаддас деб билиниб, катта эҳтиром кўрсатилар эди. Барчаси нуқта ва ёрдамчи шакллардан холи эди.(Тарихул-Мусҳаф)
Ал-Олусий ўзининг тафсирида шундай ёзади: «Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг мазкур ишларини бир эмас, кўпгина тадқиқотчилар зикр қиладилар. Усмон Абу Бакр Сиддиқ ишларига ҳеч бир янгилик ёки тартибий ўзгартириш киритганлари йўқ, ундан бирор нарсани олиб ташлаганлари йўқ, фақатгина одамларни қурайш лаҳжасидаги ягона қироатга ўтказдилар, холос. Бу ишни ул зот Қуръон қурайш лаҳжасида нозил бўлди, деган ҳужжатга асосан қилдилар».
Ибнут-Тин ва бошқалар айтадилар: «Абу Бакр ва Усмоннинг Қуръонни жамъ қилишлари орасидаги фарқ шуки, Абу Бакр қорий ва саҳобаларнинг ўлими билан Қуръондан бирон-бир нарса йўқолиб кетмасин, деб жамъ қилдилар, чунки Қуръон ўша вақтда саҳифа шаклида жамъ қилинмаган эди. Шунинг учун Абу Бакр Пайғамбар (алайҳиссалом) ўргатганларидек, Қуръоннинг оят ва сураларини тартиби билан саҳифаларга жамъ қилдирдилар. Усмон эса қироат хусусида ихтилоф кўпайиб кетганлиги, ҳар ким ўз лаҳжасида ўқийверганлиги, бунинг оқибатида бир-бирларини айблаш бошлангани ва фитнанинг катталашиб кетишидан қўрққанликларидан, мазкур саҳифалардан қурайш лаҳжаси асосида, бир қироат йўлида, бир хил Мусҳаф қилиб нусха олдирдилар. Гарчи  бошида машаққат ва ноқулайлик бўлмаслиги учун бошқа қироатларга рухсат берилган бўлса-да, кейинчалик Усмон (розияллоҳу анҳу) бунга ҳожат қолмаганини кўрдилар ва битта қироатга ўтказдилар, Юқорида айтилганидек, Қуръони Карим уч марта жамъ қилинди. Биринчи марта Пайғамбар (алайҳиссалом) замонларида, иккинчи Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврларида ва учинчи маротаба Усмон (розияллоҳу анҳу) халифаликларида.
Биринчи жамъ қилиш оятларни суралардаги ўз ўринларига қўйиб, тартиби билан ёзишдан иборат бўлиб, аммо  Қуръон тарқоқ ҳолда эди. Иккинчисида эса оят ва сураларни тартиби билан саҳифаларда жамъ қилинди. Учинчи жамъ қилишда, ўша саҳифалардаги Қуръонни бир хил қироат билан Мусҳаф қилиб кўчирилди ва улар Ислом заминининг катта-катта марказларига ихтилоф ва фитналарга барҳам бериш учун юборилди. Бу мусҳафлар Абу Бакр саҳифалари дейилганидек, Усмон Мусҳафлари деб атала бошланди.
Абу Бакр ал-Анборий айтадилар: «Аллоҳ таоло нозил қилган ва ёзишга амр этган, мансух ҳамда тиловати марфуъ бўлмаган Қуръоннинг ҳаммасини икки муқова орасида ўз ичига олган китоб бу Усмон Мусҳафидир. Ундан бирон нарса ноқис бўлмаган, унинг тартиби ва назми Аллоҳ томонидан нозил қилиниб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шунга биноан ҳеч нарсани олдинма-кейин қилмасдан, сураларнинг оятларини тартибга солганлар. Уммати Ислом суралардаги оятлар тартибини қандоқ бўлса шундайлигича Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олган. Тиловат ва қироатлар ҳам ул Зотдан собит бўлгандур».
Бағавий айтадилар: «Саҳобалар шу муқовали Мусҳафга Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан қандай қабул қилган бўлсалар, шундайлигича, ҳеч бир нарсани камитмай, ҳеч бир нарсани зиёда этмай жамъ қилдилар ва ҳеч бир нарсани олдинма-кейин қилмай ёздилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз асҳобларига ҳозирги Қуръон китобларида ёзилган тартиб бўйича таълим берар ва Аллоҳнинг Каломини Жаброил (алайҳиссалом) ўргатганларидек уларга талқин этар эдилар».
Ибн Ҳисор: «Ушбу тартиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тиловатларидан узлуксиз нақл этилиб, саҳобаларнинг ижмоълари билан Мусҳафга жорий қилинди», − дейдилар.(«Сафватул баён ли маъонил-Қуръон» («Қуръон маъноларига равшан баён»). Шайх Ҳасанайн Махлуф, 1-жилд 8-бет.)
Юқорида тақдим қилинган маълумотларга изоҳ бўлсин, деб ушбуларни айтиш жоиз: Араб жазирасидаги қабилаларнинг лаҳжалари бир-биридан ўқишда ва талаффузда фарқ қилса-да, улар ягона тилдир. Улар худди бошқа мамлакатларда бир қишлоқнинг ёки шаҳарнинг лаҳжаси иккинчисидан фарқ қилганидек, фарқланадилар.
Қуръон аввалда қурайш тилида нозил бўлиб, сўнг ҳар бир қабила ўзи ўрганган талаффузига биноан қироат қилиши учун ўша қабила лаҳжасида ўқишликка рухсат берилди. Чунки  бу Қуръон ҳукмларининг вожиблик маъноларига ихтилоф туғдирмайди, балки  тиловат қилиш учун осонлик беради, холос.
Ислом футуҳотлари қамрови кенгайиб, араблар ўз саҳроларидан чиқиб, дунёнинг бир қанча жойларини фатҳ қилганларида ва Аллоҳнинг динига кўп халқлар ва миллатлар кирганда, араблар билан ажамлар аралашиб кетдилар. Бу аралашув арабларга ўз таъсирини кўрсатди. Бунинг натижасида  мусулмонларнинг ҳар бири ўзи ўрганган лаҳжада Қуръонни тиловат қилишда давом этаверса, турли фитналар келиб чиқиши мумкинлигини саҳобалар тушуниб, хавотирландилар. Масалан, бир киши иккинчи кишининг ўзи ўрганмаган лаҳжада Қуръон тиловат қилганини эшитса, атайлаб Қуръонни бузиб ўқияпти, деб ўйлашлиги ва уни кофир-фосиққа чиқариши, охир-оқибат тиловат ва сўзлардаги ихтилоф Қуръони Каримни ўзгаришига ёки нотўғри ўқилишига олиб келиши мумкин эди. Ёки баъзи арабларнинг ажамлар билан аралашувлари натижасида, уларнинг талаффузлари ва лаҳжалари бузилиши, бу бузилган лаҳжалари билан Қуръонни ўқисалар, Каломуллоҳнинг фасоҳати ва қироатининг улуғлигига путур етиши мумкин эди.
Мана шу салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, Усмон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари билан машварат қилишликка ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) замонларида ёзилган мўътамад саҳифалардан нусха кўчириб, Мусҳаф қилишга қарор қилдилар. Мусҳафнинг нусхаларини Ислом юртларига юбориб, ундан бошқа қироатда ва хилоф лаҳжада ёзилганларини манъ қилдилар. Ҳар бир юборилган Мусҳаф билан бирга одамларни қироатга ўргатадиган устоз ҳам жўнатдилар.
Ҳозирги кунда бизнинг диёримизда сақланаётган Мусҳаф ўша ҳазрати Усмон нусха олдирган ва ҳар хил юртларга юборган Мусҳафларнинг биридур. Эътимод қилинадиган бу нусхалар ҳозир дунёнинг бир қанча жойларида сақланмоқда. (Мағрибда чиқадиган «Даъватул-ҳақ» мажалласидан)

Усмон Мусҳафларининг сони, уларнинг ёзилиш усули ва хат тури

Уламолар Усмон (розияллоҳу анҳу) турли юртларга юборган Мусҳафларнинг сони тўғрисида ҳар хил ривоятлар айтганлар. Масалан, Ҳамза бин Ҳабиб аз-Заййёт улар тўртта эди, дейдилар. Абу Ҳотим ас-Сижистоний эса еттита бўлган дейдилар. Энг тўғри ривоят олтитадир: Маккий, Шомий, Басрий, Куфий, Мадина аҳли учун умумий бўлган Маданий ва халифанинг ўзлари учун хос бўлган маданий Мусҳафлардур. Охиргисини ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) ўзлари учун олиб қолганлар. Ул зот бу мусҳафларнинг бирортасини ҳам ўз қўллари билан ёзмаганлар, балки уларни ёзишга буюрганлар, холос.
Тарих уламолари наздида қурайшлардан биринчи бўлиб хат ёзишни ўрганган ва ўргатган киши Ҳарб бин Умайядир. Ўша пайтдаги хат тури анборий-ҳимёрий деб аталарди. У Ҳижозда тарқагандан сўнг, Ҳижозий деб атала бошлади. Ислом дини келган пайтда араблар орасида мана шу хат тури қўлланилар эди ва шу ёзув билан ваҳийни, Абу Бакр саҳифаларини, Усмон Мусҳафларини ёздилар. Усмон Мусҳафлари ҳар хил ёрдамчи шакл ва нуқталардан ҳоли ёзилган. Унга жузълар, ҳизблар ва бошқа кўрсатгичларнинг аломатлари қўйилмаган. То Куфа ёзуви пайдо бўлгунча Мусҳаф ва бошқа ҳужжатлар ана шу хатда ёзилар эди. Кейинчалик бир гуруҳ хаттотлар Куфа ёзуви билан нусхалар кўчира бошладилар. Бу ёзув араб хатининг тажвидини ва унинг яхшиланишини кўзда тутар эди. Бора-бора Куфа аҳли ёзуви ўзининг шакли жиҳатидан ҳижозий хатдан қулай эканлиги маълум бўлди ва куфий хат деб аталди. Ана шу вақтдан эътиборан Қуръон ва бошқа ёзув асарлари қуфий хатида битила бошлади.
Ўша замонда битиклар териларга куфий хат билан ёзилар эди. Бундан бошқа турда хат битишни араблар билмас эдилар. Исломдан кейин энг қадимий ёзув бўлган битикларни ҳам териларга ёздилар. Улар матоларга, хусусан, бўздан тўқилган Миср матосига, шунингдек тахта, суяк, тош ва сополларга ёзар эдилар.
Аббосийлар даврига келиб, қоғоз деб аталадиган янги ашё пайдо бўлди. У юзига мум суртилган варақлардан иборат бўлиб кўринишидан терига ўхшаб кетар эди. Қоғоз ясашни араблар хитойликлардан олганликлари ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки хитойлар милоддан олдин ҳам қоғоз ясаш соҳасида моҳир бўлганлар. Араблар Самарқандни фатҳ қилганларида бу синоатни ўша ердан ўргандилар, лекин, у Аббосийлар даврининг биринчи асридагина кенг тарқалди. Бу пайтга келиб терилар камайиб, ёзишма ва битиклар учун етишмай қолган эди.(«Қоҳирадаги Ҳусайн масжидларидаги Пайғамбардан қолган осорлар» китоби.126-бет («Мухалл Эфотур-расул»)
Араблар ажамлар билан аралашиб, қуда-анда бўлиб, улардан янги авлод пайдо бўлганда, бу авлоднинг талаффузида ҳар хил оҳанглар вужудга келди. Бу ҳолат араб тилининг бузилиши ва Қуръон қироатига путур етиши хавфини туғдирди. Шунинг учун ёзувда қисқа унлиларни ифодаловчи ҳаракат белгиларини (ҳаракатларни) ишлаб чиқиш қатъий заруриятга айланди. Натижада, 67-ҳижрий йилда Ироқ волийси Зиёд ибн Абиҳи Абул-Асвад Дувалийга наҳв(синтаксис) дарслигини ишлаб чиқишни буюрди. Бунинг учун Абул-Асвад иъроб (сўзларнинг жумладаги ҳолатини ифодалаш) ҳаракатларини билдирувчи нуқталардан фойдаланди. У қуйидагича йўл тутди. Бир котибни олиб келиб, унга: «Агар бирор ҳарфдан кейин «а» қисқа унлисини талаффуз қилсам, ўша ҳарфнинг тепасига нуқта қўясан (фатҳа), агар «у" қисқа унлисини айтсам, ўртасига (замма), агар «и» қисқа унлисини қўшсам, ҳарфнинг тагига нуқта(касра) қўясан», − деди. Бунда нуқталар матн ёзуви сиёҳидан бошқача рангдаги сиёҳлар билан ёзилар эди. Бу араб ёзувининг такомиллаштиришдаги биринчи ислоҳ эди. Иккинчи ислоҳ умавий халифалардан Валид бин Абдул-Малик бин Марвон (86-96 ҳ.) даврида, араб тили она тиллари бўлмаган ажам қорийлари кўпайиб, нотўғри талаффуз туфайли одамларнинг қироатни тушунмай қолиш ҳоллари зиёдалашганда амалга оширилди. Улар «жим», «ҳо» ва «хо»; «ё», «то» ва «со»; «сод» ва «зод»; «то» ва «зо»; «син» ва «шин» каби шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратишда қийналар эдилар.
Ибн Халликон «Ат-Тасҳиф» (Нотўғри талаффуз) китобида Абу Аҳмад ал-Аскарийдан шундай ҳикоя қиладилар: «Одамлар қирқ йилдан зиёд, то Абду-Малик бин Марвон замонигача Усмон Мусҳафларини ўқишда давом этдилар. Ироқда нотўғри таллафуз қилиш кўпайиб кетгандан кейин, Ҳажжож ўз котибларини чақириб, уларга шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун белгилар ишлаб чиқишни буюрди.
айтишларича, Наср бин Осим бу вазифани ўз зиммасига олди ва нуқталар қўйишни одат қилди»( Мароккода чиқадиган «Ал-Лисонул-арабий»(«Араб тили») мажалласи, 43-бет 6-сон 1388й.ҳ.
У нуқталарни битта ёки иккита қилиб, ҳарфнинг устига ё тагига қўйди. Нуқталар ҳарф билан бир хил сиёҳда ёзилар эди, чунки улар ҳарфнинг бир бўлаги, деб саналади. Бундан келиб чиқадики, араблар нуқта ва ҳаракат белгиларини ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярмидан, яъни умавийлар замонида ишлата бошладилар. Абул-Асвад Дувалий ҳаракат белгиларини ва Наср бин Осим нуқталарни ихтиро қилмагунча, улар араб ёзувида мавжуд эмасдилар. Жоҳилиятдаги ёки ҳижрий асрнинг биринчи ярмидаги асарларда ҳарфлар нуқта ва ҳаракат белгилари, шунингдек, товушни қисқа ва узун чўзиш (мадд) аломатларидан ҳоли эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мактублари (уларни ёзишда котиблар ўзларининг ёзув санъати ва тажвид бобидаги бор маҳоратларини ишга солар эдилар, чунки  улар Пайғамбар (алайҳиссалом) дан подшоҳларга, амиру умароларга юборилган бўлиб, ўз вазифасини тўла адо этиши учун хати аниқ ва ҳарфларнинг шакли тўлиқ бўлиши керак эди) ҳам нуқта ва белгиларсиз эди. Усмон Мусҳафларида ҳам улар йўқ.(«Мухаллафотур-расул» 124-бет)
Уч ҳаракат белгилари (иъжом)ни эса Аббосийлар даврининг бошларида яшаган араб тили фанининг устозларидан бири Халил Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ ва 786 м.й.) йўлга қўйди.
Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ёзишларича, Усмон Мусҳафлари кейинчалик тилшунос (наҳвий) лар томонйдан ишлаб чиқилган имло қоидаларидан фарк, қиладиган, ўзига хос шаклда ёзилган. Бу фарқ олти жойда намоён бўлади: ҳазф (ёзувда бирор нарсани тушириб қолдириш), зиёда (қўшимча), ҳамза (араб тилида ўзига хос товушни ифодаловчи белги), ибдол (бир ҳарфни ёки сўзни иккинчиси билан алмаштириш), васл (бирини иккинчисига қўшиб ўқиш), фасл (бирини иккинчисидан бўлиб ўқиш) белгилари ва икки хил ўқилиши мумкин бўлган жойлар. Ислоҳ натижасида бир хил қоидага мувофиқ ёзув пайдо бўлди. Натижада Қуръоннинг хати муқояса қилинмайдиган, ўзгартирилмайдиган, ихтилоф қилинмайдиган ва унга қатъий амал этиладиган ёзувга айланди. Бу қоидаларни билиш Қуръонга тааллуқли илмларнинг биридир.

Усмон Мусҳафлари ҳақида хабарлар

Юқорида Усмон Мусҳафлари олтита эди, дедик. Улардан бири Басрага, иккинчиси Куфага, учинчиси Шомга, тўртинчиси Маккаи мукаррамага, бешинчиси Мадина аҳлига юборилди ва олтинчиси ҳазрати Усмоннинг ўзларида қолган эди. Мана шу олтинчи Мусҳафнинг устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлдилар ва муборак қонлари қуйидаги оят устига тўкилди, деган ривоят машҳурдир:
Яъни «Уларнинг ёмонлигидан сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ўзи етарлидир. У эшитгувчи ва билгувчидир», (Бақара, 137).
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловатдан бир хил таълим беришни назарда тутиб, ўша мусҳафларнинг ҳар бирига биттадан олим қўшиб, турли ўлкаларга юборган эдилар. Масалан, Зайд бин Собитга Мадина аҳлига, Абдуллоҳ бин Аббосга эса Макка аҳлига қироатни ўргатишни амр этгандилар. Мана шу йўл билан бир хил қироат ҳамма томонга ёйилди ва Усмон Мусҳафларидан нусхалар олинди. Усмон Мусҳафлари бош китоб ва мурожаат қилинадиган асл манбаъ сифатида мўътабар ва муқаддас саналар, шунинг учун ҳам улар қўриқланадиган жойларда, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан сақланар эди. Бора-бора улар қимматбаҳо ёдгорлик сифатида халифа ва подшоҳларнинг хазиналарига кўчирилиб, одамлар кўзидан узоқлашди. Агар кимнинг қўлига ундан бирор нусха тушиб қолса, ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қилар эди. Давлат тўнтаришлари, турли ихтилоф ва талон-тарожлар оқибатида бу Мусҳафларнинг баъзилари бошқа мамлакатларга олиб кетилди. Баъзилари ҳар хил шахсларнинг қўлига тушди, тақдири эса номаълум бўлиб қолди.
Муҳаммад Тоҳир бин Абдул-Қодир Курдий ўзининг «Тарихул-Қуръон» номли китобида шундай ёзади: «Биз Ҳижоз ва Миср кутубхоналарида кўп изланишлар олиб бордик, лекин уларнинг мавжудлиги ҳақида бизларни қониқтирадиган ҳужжатлар топмадик, фақатгина Қоҳирада чиқадиган «Ад-дуня ва куллу шайъ» («Дунё ва ҳар бир нарса») мажалласининг 1937 йил 24 август сонида босилган «Олмония олти ой ичида Ҳижоз подшоси ҳукумати билан тузилган битимга мувофиқ, халифа Усмон Мусҳафининг асл нусхасини қайтариб беради», деган хабарга йўлиқдик, холос. Бу хабарга кўра, мазкур Мусҳаф Мадинадан турк қуролли кучлари томонидан олиб кетилган бўлиб, кейинчалик собиқ император Гилём II га топширилганлиги исбот бўлган».(«Тарихул-Қуръон» 119-бет.)

Мадина Мусҳафи

Усмон Мусҳафларининг уламо ва қорийлар томонидан энг кўп зикр қилинадигани Мадина Мусҳафидир. Унинг тўғрисида имоми Нофиъ кўп нақл қилганлар.
Ибн Жубайр ўзининг саёҳати пировардида шундай ёзади (унинг Мадинага қилган зиёрати 580-ҳижрийда бўлган): «Масжиди Набавийда сақланаётган Мусҳаф, устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлган Мусҳаф эмас, балки ҳар томонга юборилган Мусҳафларнинг биридур».
Мавлоно Шибли Нуъмоний айтадилар: «Мадина Мусҳафини 735 ҳ. йилда Мадинаи мунавварада кўрганлар, унинг орқасида шундай ёзув бор эди: «Бу Мусҳаф бир гуруҳ саҳобалар, шу жумладан, Зайд бин Собит, Абдуллоҳ бин Зубайр ва Саид бин Ос қарорлари билан ёзилди». Китобнинг бошқа томонида ҳазрати Усмон Мусҳафни ёзиш учун йиғган бошқа саҳобаларнинг номлари бор эди. Мана шу санада Макка Мусҳафи ҳам мавжуд эди».
Самҳудийнинг «Хулосатул-вафо» китобларида, «654-ҳижрийда Масжиди Набавийда содир бўлган биринчи ёнғин пайтида ёниб кетган нарсалар ичида китоб ва мусҳафлар ҳам бор эди. Баъзи бир нарсалар ва Усмон Мусҳафидан бошқа ҳеч нарса омон қолмади», − дейилади. Шунга биноан, Усмон Мусҳафи шу санада Мадинада мавжуд эди, кейинчалик қаёққа кетгани маълум эмас. Баъзи бир замондошларимиз: «У то турклар Мадинадан 1334 йилда чиқиб кетгунларича мавжуд эди. Эҳтимол, Остона (Константинопол)га олиб кетилган бўлса керак», − дейдилар.(«Тарихул-Қуръон» китоби)

Бош Мусҳаф

Ҳазрати Усмоннинг ўзларига хос бўлган Мусҳафга келадиган бўлсак, у тўғрида Шотибий Моликдан шундай ривоят қиладилар: «Мазкур Мусҳаф ғойиб бўлган, у тўғрида машойихлардан ҳеч бир хабар ололмадик».
Ибн Қутайба: «Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат қилиб туриб, тепасида шаҳид бўлган Мусҳаф, кейинчалик ўғиллари Холидда эди, ундан сўнг унинг авлодларига қолди, улар эса бирин-кетин оламдан ўтиб кетдилар. Шомнинг баъзи машойихлари, Мусҳаф Тус заминида, дейдилар», − деб хабар беради.
Умар Ризо ҳазратлари «Қуръон нима?» номли китобларида шундай ёзадилар: «Бир ривоятда, Усмон(розияллоҳу анҳу)нинг хос Мусҳафлари умавийлар қўлида эди, дейилган. Умавийлар Андалусга ҳижрат қилганларида уни ўзлари билан олиб кетган эдилар. Андалусда мусулмонлар давлати ағдарилгандан кейин Мусҳаф Фос (Мағриб)га олиб келинган».
Ибн Батутанинг айтишича, VIII ҳижрий асрда у Фосда мавжуд эди ва унда қон доғлари бўлган.
Самҳудий Мадина Мусҳафининг Усмон Мусҳафи эмаслиги тўғрисидаги ривоятнинг шарҳида шундай деган: «Мутақаддим (аввалги авлод)ларнинг ҳеч бири у тўғрида зикр қилганини кўрмадим, уларнинг ривоятлари ўша пайтда Мусҳафнинг масжидда бўлмаганини тақозо қилади. Ҳатто  мутааххир (кейинги авлод)лардан биринчи бўлиб тарихни ёзган Ибн Нажжор асарларида ҳам у тўғрида зикр қилинганини кўрмадик».
Барзанжий ҳазратларининг «Нузҳатун-нозирин» китобидаги «Мадина тарихи» бобида шундай дейилади: Хозирги кунда Мадинада мавжуд бўлган Мусҳафни саййидино Усмонга нисбат қилинганини, Ал-Матарий ва ундан кейингиларнинг Масжиди Набавийнинг ўртасида бўлган қуббанинг биринчи ёнғиндан омон қолганлиги тўғрисидаги ривоятдан бошқа ривоятларда учратмадим».

Шом Мусҳафи

Ибн Касир ўзининг «Фазоилул-Қуръон» китобида (49-бет) «Бугунги кунда Усмон Мусҳафларининг энг машҳури Шомдаги Дамашқ жомеъининг шарқ томонидаги хонада сақланаётган Мусҳафдур. У қадимда Табарийя (Тивериада) шаҳрида эди, сўнгра, тақрибан 518-йилда Дамашққа олиб келинган. Мен уни равшан сиёҳ ва чиройли ҳусни хат билан терига ёзилган катта, улуғ китоб эканлигини кўрдим. Бу туя териси бўлса керак, валлоҳу аълам», − деб ёзади.
Мавлоно Шибли Нуъмоний ўзининг «Таҳзибул-ахлоқ» китобида шундай дейди: «Абул-Қосим Сабтий Шом Мусҳафини 657-йилда умавийлар жомеъининг хонасида кўрган. Шунингдек, Ибни Абдулмалик уни 725-йилда кўрган эди».
Баъзи тадқиқотчилар бу (шомий) Мусҳаф бир қанча муддат Петербургда Русия подшоҳлари қўлида бўлиб, сўнгра Англияга олиб кетилган, кейинги тақдири нима бўлганини ҳеч ким билмайди, деган фикрга мойиллик билдирадилар. Кимки қўлёзма мусҳафлар ва улар ҳақида бирор манбаъга эга бўлган кутубхоналар тўғрисида чуқурроқ маълумот олмоқчи бўлсалар, Шуфан китобининг 10-жилдига мурожаат қилсин.(Профессор Субҳи Солиҳ. «Мубоҳасот фи улумил-Қуръон» («Қуръон илмлари тўғрисида баҳслар»), 103-бет.)

Басра Мусҳафи

Ибн Батутанинг саёҳати тўғрисидаги китобда Басра шаҳри ҳақида шундай сатрлар бор: «Басра шаҳрида Али ибн Абу Толиб масжиди бор. Бир пайтлар у шаҳар ўртасида бўлиб, ҳозирда марказдан икки мил (1 мил-750 метр) узоқликдадир. Унда жумъа намозлари ўқилади ва икки жумъа орасида ёпиқ бўлади. Мазкур масжидда Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат чоғида қатл этилганларида қонлари томган Мусҳаф сақланади».
Шаҳобуддин Маржоний-Қозоний ҳазратлари, қироатлар хусусида тасниф қилганларнинг биринчиси Абу Убайд Қосим бин Саллом Бағдодийдур, иккинчиси Аҳмад бин Жубайр Куфий, дейдилар. Қироатлар хусусида ҳар бир юртдан биттадан имомни санаб бештага етказганлар. Булар аниқланган Мусҳафлар сонига мувофиқдур, чунки бошқа икки Мусҳаф тўғрисида ҳеч қандай хабар эшитилмаган.(«Вафийя»нинг муқаддимаси, 2-бет.)

Қоҳирадаги Усмон Мусҳафи

Қоҳирадаги «Саййидуно Ҳусайн» масжидида иккита қадимий Мусҳаф бор. Улардан бири саййидуно Усмон (розияллоҳу анҳу) ва иккинчиси саййидуно Али (каоамаллоҳу важҳаҳ)га тегишли деб ҳисобланади. Барзанжий айтадилар: «Қоҳирадаги Мусҳафда худди ҳозирги кунда Мадинаи мунавварада мавжуд бўлган Мусҳафдаги каби «фасаякфикаҳумуллоҳ» оятининг устида қон излари бор. Маккадаги Мусҳафда ҳам шундай. Бундан келиб чиқадики, кимдир атайлаб, мазкур оят устига, Бош Мусҳафга ўхшатиш мақсадида, қон изларини туширган. Ваҳоланки, ҳазрати Усмон қонларининг изи фақат битта Мусҳафда бўлган. Эҳтимол, булар Ибн Жубайр ривоятида айтилган, ҳазрати Усмон ҳар хил юртларга жўнатган Мусҳафларнинг баъзилари бўлса керак».
Шунингдек, Берлин музейида ҳам бир қадимий Мусҳаф бор, яна бири Туркияда мавжуд. Мағриб подшоҳлари юришларда ҳазрати Усмон Мусҳафларини қўшиндаги биринчи туяга юклаб қўяр эдилар.(«Нафхут-тияб» 1-жилд,263 -бет.)
Баъзи шарқшунос олимлар бир қанча тарихий ривоятларни тўплаганларки, уларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу ривоятлар қадимги уламоларнинг Мусҳафларни ёки уларнинг сураларини мусулмон мамлакатларда кўрганликларини таъкидлайди. Мазкур шарқшунос олимларнинг бошида профессор Казимировни тилга олиш мумкин. Ушбу ривоятлардан биз Усмон Мусҳафларидан бири IV ҳижрий асрнинг бошларида мавжуд эканлигини билиб оламиз. («Мубоҳасот» 101-бет)

Тошкентдаги Усмон Мусҳафи

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон жумҳурияти пойтахти Тошкентда, қадимий ёдгорликлар музейида кийик терисига ёзилган катта бир Мусҳаф мавжуд. Аввал у Самарқанддаги «Оқ мадраса» номи билан машҳур бўлган, Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасининг махсус ҳужрасида узоқ давр мобайнида катта эътибор билан сақланар эди. Бу мадраса Хўжа Аҳрор валий масжидига ёндашган бўлиб, у зот машҳур суфий олим, буюк машойихлардан бўлиб, тўлиқ исмлари Хўжа Убайдуллоҳ бин Маҳмуд бин Шаҳоб ал-Аҳрор Тошкандий-Самарқандийдур. Вафотлари 895-ҳижрийда бўлиб, Шайх Муҳаммад Баҳоуддин тариқасининг халифалиридандурлар. Мана шу Мусҳафни ҳар хил маросим ва муносабатлар билан одамлар истиқболига олиб чиқилар, «Фасаякфикаҳумуллоҳу ва ҳувас-самиъул-ъалим» ояти устида қон излари бор эди. Саййидуно Усмон (розияллоҳу анҳу) шу Мусҳафнинг устида шаҳид бўлганлар деб, табаррукона зиёрат қилинар эди. Мусҳаф аввалда Шайх Убайдуллоҳ Аҳрор, сўнгра у зотнинг авлодлари ва ўзларидан кейинги халифаларининг тасарруфида бўлган. Ул зотнинг авлодлари ва халифалари Мусҳафни мазкур ҳужрада сақлашликка ҳазрати Хўжа Аҳрорга ваъда берган эдилар. Бу ҳол 1285-ҳижрий сана — руслар Самарқандни ишғол қилгунларича давом этди. Босқинчилар Мусҳафдан хабар топгач, унинг Ислом оламида катта аҳамиятга молик ёдгорлик эканини англаб, уни Петербургга олиб кетиш чораларини кўра бошладилар. 1869 йил Зарафшон водийси ҳокими генерал Абрамов Тошкентда турган Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманга хат йўллаб, Самарқанд масжидларининг бирида куфий хатда ёзилган ва мусулмонлар орасида жуда машҳур бўлган қадимий Қуръон бор, ерлик уламолар уни Бухорога олиб кетиш чорасини кўрмоқда, деб ёзади ва подполковник Серовга тезда бу ишнинг олдини олиш учун Хўжа Аҳрор масжидига боришни буюради. Қуръони Каримнинг машҳур нусхасини қўлга киритмоқчи бўлган рус маъмурлари мусулмонлар билан суҳбатда: «Ушбу нодир китобнинг аҳамияти катта, билишимизча, Мусҳаф − қимматли ёдгорлик. Бу ерда уни ҳеч ким ўқий олмаса ва қадрига етмаса, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар у Русиянинг пойтахти Петербургдаги император кутубхонасига ўтказилса, у ерда уни асраш ва муҳофаза этишнинг барча чоралари кўрилади», деб тушунтирган бўладилар. Сўнгра самарқандлик уламолардан Шайх Абдужалил афанди ва мулла Яҳё Хўжа муфтийлар бу ишнинг тўғрилигига фатво бердилар, деб расмий ҳужжат тайёрлайдилар. Подполковник Серов генерал Абрамовга бу ҳақда берган баённомасида: «Қуръон масжидда турганлиги билан унинг мулки эмас, балки амирлар хазинасидан чиққан ва масжид домлалари, агар сизларга керак бўлса, биз ўз розилигимиз билан топширамиз», − дедилар, деб ёзади. Шундан сўнг генерал Абрамов Серовга бу ёдгорлик − илмий ва тарихий аҳамиятга молик асар, бориб олиб келтиринг, деб буюради. Мусҳаф шу тариқа эгалланиб Тошкентга, генерал-губернаторга етказилади. Генерал Абрамов Самарқандда масжид шайхлари қўлига Мусҳафи шариф эвазига 100 рус рубли миқдорида пул беради.(«Ўзбекистон тарихи ҳужжатлари», 32-39 -бетлар. Фанлар Академияси нашри, Тошкент 1966 йил.) Генерал Фон Кауфман Мусҳафни масжид шайхлари ўз ризолиги билан топширганлари ҳақида тақрир хати ёзишлари ва император кутубхонасига олинганининг гувоҳи бўлганликларини тасдиқловчи имзолари бўлишини ҳам буюрган эди. Тўрт киши имзо қўяди. Унга Мусҳаф тарихи ҳақида Самарқанд уламолари ва шайхларидан эшитилган ривоятлар ҳам ёзма равишда илова қилинади. Бу ёзма тақрир (протокол)ни тасдиқ этиб генерал Кауфманнинг ўзи имзо чекади.(«Миръот» («Ойна») журнали, Боғчасарой, 1900 йил.) Бу воқеа 1869 йил 24 октябрда бўлган эди. Қуйида генерал Фон Кауфманнинг бу ҳақда Чор ҳукуматининг маориф вазирига ёзган хатининг матн таржимасини келтирамиз.(«Маржонийнинг таржимаи ҳоли»дан, 117-бет «Маориф» нашриёти, Қозон, 1333ҳ.)
Муҳтарам Маориф вазирига
1869 йил, 24 октябрь

Зарафшон водийси ҳокими геперал Абрамов бизга Самарқанддаги Хўжа Аурор масжидида сақланиб келаётган Қуръонни юборди. У имло белгилари ва нуқталардан холий куфий хатда ёзилган. Қуръоннинг мусулмонлар наздида улуғлигини, унина юксак даражали эканлигини ва Қуръон ишига чет кишиларнинг аралашувини мусулмонлар ёқтирмасликларини билган Абрамав Самарқанд ҳокими подполковник Серовга бу Қуръон тўғрисида маълумот йиғиш ва агар мусулмонлар қўлидан уни олинса, уларнинг диний ҳиссиётларша таъсир қилиш-қилмаслигини билишга буйруқ берди. Натижада Хўжа Аҳрор масжиди уламолари ва шаҳар аъёнлари қуйидаги жавобни бердилар:
1. Бу Қуръон Хўжа Аҳрор масжидида бўлгани билан унинг мулки эмас, балки Бухоро амирининг хазинасига мансубдур.
2. Масжиднинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам бугунги кунда унга заруратлари йўқ. Қадим замонларда унинг зиёрати учун жуда кўп мусулмонлар келар эдилар, Кейинги пайтларда фақат Бухоро амирлари Самарқандга келганларида уни зиёрат қилар эдилар,
3. Ҳеч ким бу Қуръони ўқий олмайди, шунинг учун неча асрлардан буён ўқилмай ва тиловат қилинмай ётибди.
Шундан сўнг генерал Абрамов бу Қуръонни олиб, масжид фойдаси учун юз рубль берди. Самарқанд уламолари бунга кўп хурсанд бўлдилар.
Ёзилиш тарихи жиҳатидан катта жаҳоншумул аҳамиятга молик бўлса керак, деган ниятда олдиртирган ушбу Қуръонни шошилинч равишда юборяпман. Илова қилинган варақаларда бу Қуръоннинг асли ва Хўжа Аҳрор масжидига қандай келиб қолганлши тўғрисида маълумотлар бор. Улар менинг буйруғимга мувофиқ Мулло Абдужалил ва Мулло Муъин муфтий каби масжид уламоларининг оғизларидан ёзиб олинди.
Жаноби олийларидан ушбу Қуръонни иловаси билан, менинг номимдан, ҳадя тариқасида император кутубхонасига бериш хусусида фармони олий чиқаришингизни сўрайман.
Биринчи даражали генерал-адъютант Фон Кауфман
Тасдиқлади: генерал-майор Гамзин Бош котиб: Аъяков

Шундай қилиб, Мусҳафни олиб, бутун эҳтиёт чоралари кўрилиб, ҳурмат билан Петербургга юборилди ва император кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўлимига қўйилди. У билан бирга шарқшунос олим Кун (1840-1888) томонидан тартибга солинган ва Мулло Абдужалил, Мулло Муъин муфтий ва бошқалардан олинган маълумотлар, протокол ва хабарнома ҳам бор эди.
Шундан сўнг, машҳур рус шарқшунос олими А.Ф.Шебунин «Куфий Қуръон» номли бир мақола ёзиб, унда шарқшунос Кун тўплаган, Мусҳаф тарихига тегишли маълумотларни 1890 йилда эълон қилади. Мақолада Шайх Абдужалил ва Яҳё Хўжа муфтий: «Бу Усмон Мусҳафини Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор Рум (Туркия)дан олиб келган», деб хабар берадилар», дейилади. Шу хабардан маълум бўлишича, Мусҳаф икки бетига ёзилган 353 варақдан иборат бўлиб, саҳифалар сони 706 та эди. Варақлар бўйи 68 см, эни 53 см ҳажмда эдилар. Йўқолган ва чириб кетган варақларнинг ўрнида оддий қоғоздан иборат 69 саҳифа қўшимча бор эди.(«Миръот» журнали П-12-1900й.)
Мана шу аҳволда Мусҳаф Петербург кутубхонасида, уни билган мусулмонлар ва қадимий осори-атиқалар билан қизиқувчилар учун зиёрат манбаи бўлиб то 1917 йилга қадар сақланди. Унинг тўғрисида вақти-вақти билан газета ва журналларда мақолалар чиқиб турди. «Миръот» мажалласининг юқорида зикр қилинган сонидаги «Усмон Мусҳафи ва куфий Қуръон» сарлавҳали мақолада Шебуниннинг 1891 йилда Петербургда чоп қилинган тадқиқотлари хулосаси келтирилиб, шундай дейилади: «Мазкур Мусҳафи шариф Петербург босмахоналаридан бирида археология институти томонидан чоп қилинмоқчи ва ундаги тузатиш ишлари қримлик Илёс Мирзо Бурагонийга топширилган».
Қозонда чиқадиган «Дин ва маишат» мажалласининг 1327-ҳижрий санасининг 14-сонида бир мақола чоп этилиб, унда Мусҳафнинг «Ёсин» сураси 1905 йилда Илёс Мирзо томонидан босиб чиқарилгани ва кейинчалик археология институти томонидан олим Писарёв ташаббуси билан Мусҳаф бутунлигича чоп қилингани айтилади. Писарёв Мусҳаф нусхаларини аслига монанд 53x68 см ҳажмда ва тери рангига ўхшаш қоғозга бостирди. Олинган нусхалар сони 50 та эди. Шулардан Эрон шоҳига, Султон Абдулҳамид, Бухоро, Афғонистон ва Фос амирларига ҳамда бошқа кўзга кўринган мусулмон арбобларга нусхалар ҳадя қилинди. 25 та нусха 500 рубль баҳо билан сотувга чиқарилди. Бундан олдин 1895 йилда  Аъроф  сурасидан бир саҳифа 2000 нусхада босиб чиқарилиб, Ислом мамлакатларида сотилган эди. Мақола муаллифи профессор Абдулла Муозий: «Мусҳаф саҳифалари кутубхонага олиб келинмасданоқ ўғирланиб, олди-сотди буюмига айланди, ҳозир ҳам унинг варақлари баъзи қишлоқларда бор, деб эшитаман», дея ҳикоя қилади.
Октябрь инқилобидан кейин Усмон Мусҳафининг Петербург кутубхонасидан чиқарилиши
Усмон Мусҳафининг мусулмонлар қўлидан ва мусулмон ўлкасидан олиниб, чор подшоҳининг мулкига, олди-сотди буюмига айлантирилиши мусулмонларнинг, айниқса, уларнинг ичидаги зиёлиларнинг нафсонияларига қаттиқ таъсир қилган эди. Чунки бу Мусҳаф олди-сотди буюмига айланмасдан олдин умумий вақф ва Мовароуннаҳр мусулмонларининг барчалари учун ёдгорлик эди. Улар Мусҳафнинг ўз юртларида эканлиги билан фахрланар, уни табаррукона зиёрат қилар эдилар. Энди эса Мусҳаф тўғрисида норозилик ва алам билан гапирар эдилар. Ҳатто, баъзи зиёли мусулмонлар унинг Усмон Мусҳафларининг бири эканлигини ҳам инкор эта бошлади. Қозонлик машҳур диний олим Маржоний биринчи бўлиб, ўзининг бир қанча асарларида бу фикрни кўтариб чиқди. Устоз Мусо Жоруллоҳ афанди каби бошқа алломалар ҳам бу фикрга қўшилдилар. Уларнинг нуқтаи назарларини Ислом юртларидаги газета ва журналлар босиб чиқардилар. Эҳтимо,л бу нарса Мусҳафнинг подшоҳ кутубхонасида сақланаётганини ёқтирмаган кишилар томонидан уюштирилгандир. Хулосаи калом, мусулмонлар ўртасида мана шу хусусда норозилик ҳукм сурар, улар бирга ўнни қўшиб гап тарқатар, лекин Мусҳафни қандай қайтариш йўлини топа олмас эдилар. Мана шу аҳволда февраль инқилоби, ундан сўнг октябрь инқилоби содир бўлди. Чоризм истибдоди остида ҳуқуқлари поймол бўлган Русиянинг турли тоифалари бу инқилобларни кўтаринки руҳ билан кутиб олдилар. Уларда йўқотган ҳуқуқларини қайтариб олиш умиди пайдо бўлди. Мамлакат ҳудудида яшовчи мусулмонлар аждодларидан қолган бу буюк ёдгорликни қайтариб олиш имконияти борлигини англадилар. Бу ёдгорлик улар учун муқаддас ўлка бўлган, Пайғамбарлари Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ватанлари — Мадинаи мунавварадан келтирилган улуғ мерос эди. Шунингдек, Мусҳаф уларнинг дини мубинларининг асли ва шариатларининг ягона асоси эди. Узоқ замонлар ўтган бўлишига қарамасдан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бевосита ўзларидан ёзиб олинган дин ва шариатнинг ҳужжати эди.
Баъзи жаридалар катта савдогарлардан бўлган Аҳмадбек Солиҳов ҳукумат доираларига мурожаат қилгани ва большевиклар Мусҳафни мусулмонларга қайтариб беришга рози бўлганликлари ҳақида мақолалар эълон қилдилар.
Доғистон Исломий жаридаси ўзининг 1335 й. ҳ. 31-сонида «Усмон Мусҳафи Петрогардда» деган сарлавҳа остида бир мақола чоп қилди. Мақоладан қуйида парча келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдик:
«Абу Убайдуллоҳ бин Салом ўзининг «Ал-қироот» китобида нақл қиладиким: «Мен амирлар хазинасидан чиққан ва айтишларича Имоми Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг Мусҳафлари бўлмиш Мусҳафни кўрдим. Ҳазрати Имом Усмон унинг тепасида шаҳид бўлганлар, дейишади ва мен унинг баъзи жойларида қон изларини кўрдим».
Ўша тепасида ҳазрати Усмон шаҳид бўлган Мусҳаф Петербургдаги Мусҳаф эканлигини инкор этувчилар бор. Ҳофиз Саховий ўз китобларида: «Имоми Моликнинг : «У (яъни бош Мусҳаф) ғойиб бўлган», деб айтган ривоятларидан бош Мусҳаф бутунлай мавжуд эмас, деган маъно чиқмайди. Чунки  ғойиб бўлган нарса эртами-кечми топилиши ва юзага чиқиши мумкин», − дейдилар. Худди шу ривоятни далил қилиб олган Абу Жаъфар Ан-Наҳос эса Саховийнинг бу фикрига қарши чиқади. Бизнингча, Саховийнинг фикри ҳақиқатга яқинроқ. Абу Убайдуллоҳ ҳам бу худди ўша Мусҳаф, деб жазм қилиб айтганлари йўқ, балки  айтишларича, тепасида Имоми Усмон шаҳид бўлган Мусҳафни кўрдим, деганлар. «Айтишларича» дейилгани «Бу−  ўша» деган маънони билдирмайди. Ундан ташқари, Усмон Мусҳафларининг бошқа нусхалари тўғрисида ҳам «Бу худди ўша тепасида ҳазрати Усмон шаҳид бўлган Мусҳаф» деб даъво қилинади ва ҳаммасида ҳам қон излари бор. Ваҳоланки, халифа Усмоннинг ўзларига хос Мусҳаф ягона бўлган. Руслар Самарқандни ишғол қилганларида бу Мусҳафни қўлга киритдилар. Айтишларича, бу худди ўша Бош Мусҳаф эмиш. Шунинг учун руслар унга катта эътибор бердилар ва тантана, дабдаба билан Петербургга олиб келиб, император кутубхонасига қўйиб, бу тўғрида дунёга жар солдилар. Лекин унинг «худди ўша Бош Мусҳаф» эканлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди ва Самарқанд аҳли айтган ривоят ва Мусҳафдаги қон изларидан бошқа аниқ далил ҳам йўқ. Қон излари ясама бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Самарқанд аҳлининг ривояти эса бунга на ижобий далил бўла олади ва на уни рад қила олади. Қозон уламоларидан Маржоний унинг Бош Мусҳаф эканлигини рад қилди ва бунинг исботи ўлароқ «ва лота ҳина манос» ( қутилиш вақти эмас эди) сўзи Бош Мусҳафда мана бундай — «ва лотаҳина» шаклида қўшиб ёзилган ва сўзнинг боши сатрнинг охирида ва қолгани эса иккинчи сатрнинг бошида бўлган, деган ривоятни келтиради. Петербургдаги нусхада эса ундай эмас.
Барзанжий ўзининг «Нузҳатун-нозирин» китобида: «Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) бир ривоятда тўртта, иккинчи ривоятда бешта, яна бир ривоятда еттита нусха олдирганлар», дейди. Ҳозирги пайтда Макка, Мадина, Қоҳира ва Петроградда тўртта нусха мавжуд ва уларнинг ҳаммасида қон излари бор. Бундан келиб чиқадики, бошқа нусхаларга, Бош Мусҳафга ўхшатиш мақсадида қон излари атайлаб туширилган. Нима бўлганда ҳам, одамлар Петерограддаги нусхани худди ўша Бош Мусҳаф деб эътиқод қиладилар ва унга жуда катта аҳамият берадилар. Худди шу сабабга кўра, Бокуда ташкил топган Исломий осор-атиқалар бошқармаси Москвадаги (Петроград бўлса керак) «Ислом шўроси» раисига телеграмма йўллаб, Петроград хатар остида бўлганлиги учун шўро тарафидан Мусҳафни мазкур кутубхонадан олиб чиқишга ҳаракат қилиш ва уни амният идораларига қўйишни илтимос қилади. Мусҳафнинг тақдири нима бўлиши фақат Аллоҳ таолога аён. Руслар Мусҳафни мазкур кутубхонадан олинишига рози бўлармиканлар? (Мақола тугади.)
1917 йил февраль инқилобидан сўнг император кутубхонасидан Мусҳафни зўрлик билан бўлса ҳам олиш мақсадида, Преображенский полки таркибида бир мусулмон бўлинма тузилади. Лекин  муваққат ҳукумат бундан хабар топиб, бу бўлинмани тарқатиб юборади.
1917 йилнинг Октябрь инқилобидан сўнг Петербургда тузилган маҳаллий Ислом шўроси Мусҳаф масаласида янги ҳукумат раиси Ленин номига мурожаат ва талабнома мактуби ёзди. Бунга жавобан, халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида тезлик билан Мусҳафни мусулмонлар қўлига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга Ленин имзо чекди. Мана ўша қарорнинг таржимаси:
Маориф ишлари бўйича
халқ комиссари

Анатолий Василъевич Луначарскийга. 9 декабрь 1917 йия, Петербург шаҳри.
Халқ комиссарлари Советига Петрогард миллий округи Ўлка мусулмонлари қурултойидан мурожаатнома тушиб, унда Русиядаги барча мусулмонларнинг орзуларини амалга ошириш мақсадида, юқорида зикр қияинган қурултой ҳозирги вақтда Давлат умумий кутубхонасида сақланаётан «Муқаддас Усмон Қуръони»ни мусулмонлар тасарруфига берилишини сўрайди.
Қурултой ушбу қарорининг амалга ошириш вазифасини   қурултой раиси, Умумрусия мусулмонлари ҳарбий шўросининг раиси ўртоқ Усмон Ҳидоятович Тўқумбетов ва миллий парламент аъзоси Карим Муҳамедшин Сагидовларга юклаган.
Халқ комиссарлари Совети Давлат умумий кутубхонасида сақланаётган «Муқаддас Усмон Қуръони»ни дарҳол Ўлка мусулмонлари қурултойига топширишга қарор қилди ва Сиздан ушбу муносабат билан тегишли фармойишларни амалга оширишингизни сўрайди.
Халқ комиссарилари Советининг раиси:
В. Ульянов (Ленин)
Советнинг иш бошқарувчиси: Бон-Бруевич Котиб: Н.Горбунов

Ўша ойда Мусҳафи шариф Петербургдан махсус поездда, аскарлар фахрий қоровуллигида, Русия мусулмонларининг Уфа шаҳридаги марказий идораси қароргоҳига келтирилди. Уфа шаҳри вокзалидаги ўша кунги манзара Исломнинг нақадар буюклигини намойиш этди. Диний раҳбарлар, ҳукумат арбоблари, масжид имом-хатиблари, мадраса, инсититут, университит талабалари ҳамда шаҳарнинг эркагу аёл аҳолиси Қуръони Каримни кутиб олишга чиққан эдилар. Мусҳафи Усмонийнинг мусулмонларга қайтарилиши ҳақидаги қувончли хабарлар газета ва журналларда эълон қилинди. Тошкентда чиқадиган «Изҳорул-ҳак» (Ҳақиқатни зоҳир қилиш) журналининг 1918 йил 18 январь сонида босилган мақолада Мусҳафнинг аввалги макони Самарқанд шаҳри эканлиги таъкидланиб, у ўз ўрнига қайтарилса, яхши бўлар эди, деган фикр олға сурилади. «Мусҳаф учун тошдан ясалагн махсус лавҳ ҳанузгача ўз ўрнида бўш турмоқда», дейилади.
Машҳур олим Мусо Жоруллоҳ ўзининг Петроградда чиқадиган газетасида шундай ёзади: «Хўжа Аҳрор масжидидан баъзи муфтийларнинг хиёнати оқибатида олиб кетилган Усмон Мусҳафи охир-оқибат яна мусулмонлар қўлига қайтиб келди. Агар Самарқандда қолганда мурид-мухлис зиёратчилар ёки ажнабий сайёҳлар томонидан олиб кетилиб, бугунга келиб бир варағи ҳам қолмаган бўлур эди. Мусҳаф аввалда Хўжа Аҳрор масжидининг вақфи бўлганлиги учун Туркистон мусулмонларининг талаби тўғридир. (Ушбу талаб тўғрисида кейинрок, сўз юритамиз. Муаллиф). Каъба калити каби амонатнинг ўз эгаларига қайтарилиши уларнинг исбот талаб қилмайдиган ҳақларидир. Лекин  улар Мусҳафни зарар тегмайдиган, хавфсиз жойда сақлашлик тўғрисида ўйлашлари керак. Мусҳаф бир кишининг мулки эмас, балки  у барча мусулмонларга тегишлидир. Бугунга келиб Мусҳафнинг 552 варағи қолган ва тақрибан ярми зиёратчилар томонидан ўғирланиб, талон-тарож қилиш оқибатида йўқолган. Ҳофиз Абдул Карим афанди Юнус кутубхонасида мана шу Мусхафнинг бир неча варақлари бор.

Туркистон мусулмонларининг Мусҳафни ўзларига қайтариш тўғрисидаги талаблари

Уфа Диния назорати қароргоҳида Мусҳафи Усмоний 1924 йилгача сақланди. Русия мусулмонлари барча жойлардан келиб уни зиёрат қилаётганликлари хабари Туркистон минтақасидаги Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона мусулмонларига тарқалди. Туркистон аҳлининг тарихий мероси бўлган Мусҳафнинг асл жойи Самарқанд шаҳри эканлигини кўпчилик билар эди. Шунга қарамай, Уфа Диния назорати асҳоблари Мусҳафни ўз қарамоғида сақлаётгани ҳамда унинг ворисларига шукрона айтиб, хурсандликларини баҳам кўриш ҳақида лом-мим, демаганлари Мусҳафни ўзларида олиб қолиш ниятида эканликларини кўрсатар эди. Ўзбекистонда ўша пайтда кўзга кўринган диний арбоблардан Шайхул Ислом Тўрахон Махдум Хўқандий ва бошқалар билан Уфа диния назорати орасида ушбу масала юзасидан ёзишмалар давом этар ва орада чопарлар бориб-келиб турар эди. Охири Тўрахон Махдум ўз ҳамроҳлари билан Москва, Ленинградга сафар қилиб, икки ой мобайнида ҳукумат доираларига қатнаб, шу орада Ленин билан учрашди ва уни Мусҳафни Ўзбекистонга юбориш учун фармон чиқариш зарур эканлигига қаноатлантирди.
Шундай вазият давом этаётган пайтда Уфа шаҳрида қурултой ўтказилди. Ушбу ҳодиса тўғрисида менга шайх Юсуф Жоруллоҳ ал-Фанзовий шундай ҳикоя қилиб берди: «Қурултойда Туркистон минтақасидан 75 вакил қатнашди. Мусҳаф масаласига келганда ўртада жанжал кўтарилди. Туркистонликлар тарафидан ҳатто баланд овозда: «Мусҳафни қайтармаслик ўз биродарлари ҳаққига зўравонликдан ўзга нарса эмас. Исломда бундай ишлар жоиз эмас!» деган гаплар айтилди. Хуллас, гап кўп бўлиб оқибат жанжал-шовқингача бориб етди».
Инқилобдан кейин таъсис топган Тошкент ва Сирдарё вилояти мусулмонларининг «Исломий жамият»и Ўзбекистон мусулмонлари номидан ҳукумат доираларига Мусҳафи шарифни Туркистонга қайтариш тўғрисида мурожаат қабул қилди. Ушбу мурожаатни газета-журналларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Туркистондаги тарихий музейлар ва қадимий осор-атиқалар иши бўйича тузилган комитет ўзининг 1922 йил 18 февралдаги қарорига асосан ўша йилнинг 15 мартида Совет ҳукуматига Мусҳафни Туркистон жумҳуриятига қайтариш тўғрисида талабнома топширди. Шундан сўнг Мусҳафи Усмонни Туркистонга қайтариш тўғрисида 1923 йил 25 июнда Олий Совет ижроқўмининг қарори чиқди. Ўша пайтларда Уфа диния назорати Русиядаги барча мусулмонларнинг умумий маркази деб эътибор қилинар эди. Шу мавқеидан фойдаланиб Мусҳафни олиб қолмоқчи бўлган диния назорати, ҳукумат қабул қилган қарор асосида, охири, бу ишга розилик билдирди.
1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа муфтий, Захириддин аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа диния назоратига бориб, Мусхафи Усмонни қабул қилиб олдилар. Мусҳафни олиб кетишда уларга Татаристоннинг улуғ уламоларидан ҳазрат, шайх Ризоуддин Фахруддин, шайх Абдуллоҳ Сулаймоний, шайх Абдурраҳмон ва бошқалар ҳамроҳлик қилдилар.
Мусҳаф махсус вагонга эҳтиром билан олиб чиқилди. Мусулмон аскарлардан тузилган фахрий қоравул вагоннинг чор атрофида туриб келди. Барча шаҳарларга бу ҳақда телеграммалар юборилди. Темир йўлнинг Тошкентгача бўлган масофасида поезд қайси бекатларда тўхташи барча газеталарда эълон қилинган эди. Ҳар бир бекатда йиғилган эркагу аёл мусулмонлар поезд узоқдан кўриниши билан то тўхтагунга қадар уни такбир-таҳлиллар билан кутиб олдилар. Поезд тўхтагач, халқ орасидаги энг мўътабар кишилардан бир-иккиталарига махсус вагонга чиқиб Мусҳафни зиёрат этиб тушишга изн берилади. Атрофдаги мусулмонлар Мусҳафни кўриб, махсус сандиқни ўпиб, зиёрат қилиб чиққанларнинг қўлларини ўпиб, бошларидан тавоф қиладилар. Кўплар вагонга қўлларини теккизиб, юзларига сийпар эдилар. Ҳатто, бу хабарни эшитганлар, айниқса, Қозоғистон чўлларида яшовчи мусулмонлар темир йўл ёнлари бўйлаб оқ ўтовлар тикиб, поездни бир неча кунлаб кутганлар. Байрамона кийимлардаги сон-саноқсиз отлиқлар поезднинг икки томонидан дашту чўллар бўйлаб узоқ-узоқ манзилларгача от чоптириб кузатиб қўйишарди. Дуога кўтарилган қўллар, олқишлар дилларни ларзага солади, ҳар бир мусулмон учун бир умр бўйи эслагулик, унитилмас лаҳзалар эди. Расулулллоҳ замонларидан қолган меъросга эҳтиром шу қадар юксак бўлди.
Поезд шундай иззат-икромда Тошкент шаҳрига кириб келди. Вокзал беҳисоб мусулмонлар билан тўлган эди. Оқ саллали, соқоллари кўксига тушган нуроний уламолар, табаррук отахонлар халойиқ орасидан пешвоз чиқадилар. Атрофдаги минг-минглаб ёшу қари, эркагу аёл мусулмонлар улардан нигоҳларини узмай қараб турардилар. Мусҳафи шарифни бошлари узра кўтариб чиққанлар кўзга кўринганданок,  барча бир овозда «Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!...» дея, такбир айтиб юборади. Унинг садоси бутун вокзални ларзага келтиради, Одамлар кўзидан қувонч ёшлари оқар, улар дил ҳаяжонларини боса олмас эдилар. Аллоҳ таолонинг Каломи шарифига нисбатан эътиборнинг нақадар буюклиги шундай намоён бўлди. Мусҳафи Усмонийнинг узоқ йиллик, яъни 50 йиллик ғариблик сафаридан яна Ўзбекистон заминига қайтарилиши воқеаси 1924 йил 18 августда ниҳоясига етди.
Мусҳафни навбатма-навбат бошларида кўтарганларича Ислом жамияти қошидаги катта жомеъ масжидга (Кўкалдош мадрасаси ёнида) келтириб, махсус тайёрланган хонага қўйдилар. У ерда Мусҳаф зиёрати бир йилга яқин давом этди.
Мусҳафнинг қайтиб келиши муносабати бидан бир неча анжуманлар ўтказилди. Унда уламолар, ҳукумат арбоблари ва қўшни ўлкалардан келган вакиллар қатнашиб, табрик сўзлари сўзладилар ва янги ҳукуматнинг халқ билан бўладиган алоқалари хусусида маърузалар қилдилар.
Мусҳафни қайтаришга саъйи кўшиш қилганлардан ўша пайтда Туркистон «Исломий шўро жамияти» нинг раиси бўлган ва Совет ҳукумати наздида катта обрўга эга бўлган шайхул-Ислом Тўрахон Махдум Хўқандий (1341 ҳижрий йилда Афғонистонда вафот этган) билан бир қаторда жаноб Мурод қори Усмон Хўжа бой Тошкандий ўғлини ҳам зикр қилиш лозим. Аллоҳ улардан рози бўлсин, авлодлар улардан доимо миннатдор.
Мусҳафи шарифнинг кўп марта ўғирлик ва талон-тарожга дучор бўлгани, яна бу ҳол қайтарилиши мумкинлиги ва бошқа хатарларни ҳисобга олиб уни Тошкент шаҳридаги ёдгордиклар музейига кўчиришни маъқул кўрилди. Ўшандан бери у мутахасислар томонидан осор-атиқаларни сақлаш қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, кўз қорачиғидай темир сандиқда сақланди. Чопон бозори ёнида жойлашган ушбу музей Ўзбекистондаги биринчи музейдур. Жуда қадимий асарлар жумласига мансуб бўлганлигидан 1926 йилда Мусҳафга алоҳида хона ажратилди. Музейга келганлар Мусҳафи шарифни кўришлари мумкин эди. 1956 йилда Покистондан келган диний делегация, 1958 йилда Суриядан келган делегация ва 1960 йилда Мароккодан келган делегация ва бошқалар Мусҳафни зиёрат қилганлар. Аллоҳ таоло уларга Усмон Мусҳафини зиёрат қилишга муваффақ этгани учун шукроналар айтишар ва ўзларининг қувончларини изҳор қилишар эди. Бу эса бизларнинг Мусҳафга бўлган муҳаббатимизни, эътиқодимизни ва шодлигимизни зиёда қилар эди. Мусҳафи шариф баъзи бир диний анжуманлар муносабати билаи йиғилиш бўлаётган жойларга зиёрат учун олиб келинар эди. Кейинчалик мутахассислар Мусҳафнинг ҳавога олиб чиқилиши унинг чиришини тезлатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, уни ташқи муҳит таъсирларидан муҳофаза қиладиган кимёвий моддалар ёрдамида, махсус сандиқда сақлашни тавсия қилдилар.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний идораси таъсис топиши муносабати билан 1943 йилда чақирилган қурултойга Мусҳафи шариф олиб келинди ва зиёрат маросими уюштирилди. Иккинчи марта унинг зиёратига 1948 йилда мазкур идоранинг 2-қурултойи муносабати билан муваффақ бўлинди. Бир қанча йиллар ўтгандан сўнг диний идора фотография усули билан Мусҳафдан уч нусха олдирди. Улардан бири Покистоннинг собик, президенти маршал Айюбхоннинг диний идора қароргоҳига 1964 йилда қилган ташрифи муносабати билан унга ҳадя қилинди. Иккинчиси Ҳиндистоннинг марҳум собиқ президенти Зокир Ҳусайн жанобларига тортиқ қилинди. Диний идоранинг кутубхонасида (Бу кутубхонада нодир мусҳафлар, адабий девонллар, қўлёзмалар ва исломий китоблар мавжуд) Петербург археология институти 1905 йилда олдирган нусхалардан иккитаси бор эди. Улардан бирини диний идора Марокко подшоҳи Ҳасан II ҳазрати олийларига тортиқ қилган. Бу нусхалар хорижга чиқиши натижасида Ислом юртларида Усмон Мусҳафининг бизда сақланаётгани ҳақидаги хабар кенг тарқалди. Унинг тўғрисида матбуотда мақолалар чиқа бошлади. Мусҳафи шариф саёҳатчилар орасида ҳам машҳур бўлди. Диний идора билан кўпгина хорижий кутубхоналар, ташкилотлар, диний ва дунёвий фан олимлари орасида ёзишмалар бўлиб ўтди.
Ушбу муносабат билан диний идора Олий ҳайъати мазкур Мусҳафнинг тарихи тўғрисида бир китоб чоп этишни ва уни Ислом оламидаги мусулмон биродарларимизга тақдим қилишни зарур, деб топди. Чунки у Ер юзининг мағрибу машриғидаги барча Ислом аҳли учун ягона манбаъ ва бебаҳо ёдгорликдур. У ҳақда кенг оммага эълон қилиш вожибдур, чунки у мусулмонлар фахрланадиган ва эъзозлайдиган энг азиз дурдонадур.
Диний идора Олий ҳайъати Мусҳаф тарихига тааллуқли маълумотларни, айниқса, унинг Мовароуннаҳрга келишига оид хабарларни тадқиқ қилишни ва Усмон мусҳафларининг бири, эҳтимол, ўша ҳазрати Усмон тиловат қилиб турганларида шаҳид бўлган Мусҳаф эканлигини аниқлаш учун ушбу китобни ёзиш вазифасини каминага топширди.
Мусҳафи Усмонийнинг Мовароуннаҳр ўлкасига олиб келинишининг баёни
Албатта, муҳтарам китобхонни бу Усмон Мусҳафи Мовароуннаҳр диёрига қачон, қаердан ва қандай қилиб келиб қолганини билиш қизиқтирса керак.
Шуни билингки, азиз ўқувчи, араб жазирасида дини Ислом зоҳир бўлганидан кейин, ярим аср ҳам ўтмасдан араб фотиҳлари ушбу дини мубинни Мовароуннаҳр диёрига олиб келдилар.
Саҳобалар, тобеинлар ва Ислом ғозийлари билан бирга келган уламолар саъйи кўшишлари натижасида, ушбу динга эътиқод қилувчилар кўпайди ва бу ерда исломий ҳокимият вужудга келди. Ана шу даврда Мовароуннаҳрда мадрасалар, масжидлар пайдо бўлди ва диний илмлар, исломий санъат марказлари вужудга келди. Бу диёр оламга Бухорий, Термизий, Фаробий, Ибн Сино, Абу Лайс Самарқандий ва Беруний каби алломаларни тақдим этди. Дини Ислом бу ўлкада ажиб бир суратда ривожланди. Бухоро, Самарқанд ва бошқа катта шаҳарлар Ислом ҳуқуқшунослари, муҳаддис, муфассир ва бошқа фан олимлари, айниқса, фиқҳ илми билмдонларининг тўпланадиган жойига айланди. Бунинг оқибатида араблар фатҳидан кейин  бу ерларда Аббосийлар халифалиги ва Ислом подшоҳлари билан дўстона алоқалар пайдо бўлди. Хитой чегараларигача бўлган Мовароуннаҳр Ислом диёрлари ичида энг буюк ва илм урфон тараққий қилган шавкатли ўлкалардан ҳисобланар эди. Тарих саҳифалари бу ўлкада содир бўлган кўп воқеа-ҳодисаларга гувоҳдир. Асрлар давомида кўпгина уламолар, кўзга кўринган шахслар, айниқса, араб мамлакатларидаги ички низолар оқибатида ҳижрат қилган зотлар ушбу ўлкани ватан тутганлар. Сиёсий мушкилотларга дучор бўлганлар, ватандан қувилганлар ҳам шу ерда бошпана топганлар.
Ҳозир қўлимизда ёзма ҳужжатлар бўлмаганлиги сабабли, Усмон Мусҳафини диёримизга ким, қачон ва қандай қилиб олиб келганлигини асословчи ёзма далил бўлмаса да, тарихчиларнинг Мусҳафлар тўғрисида берган маълумотларига суяниб, Мусҳафи Усмонийнинг Мовароуннаҳрда қандай пайдо бўлганини изоҳлашимиз мумкин. Қуйида мана шу маълумотлардан бир қанчасини сизнинг эътиборларингизга ҳавола қиламиз:
1. Ибн Қутайба ўзининг тарих китобида: Ҳазрати Усмон унинг тепасида шаҳид бўлган Бош Мусҳаф ўғиллари Холидга, сўнгра унинг авлодларига мерос бўлиб қолган эди. Шом аҳлининг машойихлари сўзига қараганда шу Мусҳаф ҳозир Тус заминида экан», − дейдилар.
2. Амин Хонжий «Манжамул-Имрон» китобида (Ибн Батута Басрада ёдгорликларни ва Бош Усмон Мусҳафини кўрганини зикр қилгандан кейин) шундай ёзади: «Ушбу Мусҳаф Басрадан олиб кетилиб, Самарқандга сўнгра Русияга олиб кетилган. Ҳозир у Петербургда император кутубхонасида».(134-135 бетлар.)
3. Тарихчилар татар хоналаридан бўлган, Улуғ Сарой ва Дашти қипчоқ хони Барака хон билан Миср султони Зоҳир Рукнуддин Бейбарс Бундуқдорий Солиҳий ўртасида пайдо бўлган дўстлик, биродарлик ва улар орасидаги ёзишмалар, совғалар, элчилар алмашиши тўғрисида зикр қилиб, шундай дейдилар: Султон Зоҳир Барака хонга (Вафоти 665 ҳижрий сана, Чингизхон набираси, Жўжининг ўғли.) ҳадялар тайёрлаш тўғрисида фармон берди. Бу ҳақда бир мактуб ҳам ёзди. Мен ўша мактубни ўқидим. Унда ёзилишича ҳадя бир Мусҳаф бўлиб, Усмон бин Аффон (розияллоҳу анҳу) хатидадур, дейилади. Нувайрийнинг айтишларича, ҳадя Усмон Мусҳафларидан бири бўлиб, зар иплар билан тикилган, қизил атлас ғилофли, устидан духобали муқова қилинган, унинг ёнида кумуш тангачалар ёпиштирилган, обнус дарахти ва фил суягидан ишланган лавҳ-курсийдан иборат эди.
Шайх Муҳаммад Мурод бин Абдуллоҳ Рамзий-Булғорий-Маккий(1940-милодий йилларда шарқий Туркистонда вафот қилган.) «Талфиқул-ахбор фи тарихи Қозон вал-Булғор» («Қозон ва Булғор тарихи тўғрисида ёлғон маълумотлар») китобида шундай ёзади: «Усмон бин Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг Мусҳафи деб, машҳур бўлган ва Самарқанддай Петербургга олиб кетилиб, император кутубхонасига қўйилган Мусҳаф мана шу мактубда зикр қилинган Мусҳаф эканлиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Амир Темур Тўхтамишхон билан уришиб Саройни олганда, ўша ердан Мусҳафни Самарқандга олиб кетган бўлса керак. Мана шу фараз ҳақиқатга яқин. Баъзи бировларнинг бу фаразни далилсиз инкор қилишларига ўрин йўқ».(1-жилд, 443-бет.)
Бу ердаги Шайх Рамзийнинг «баъзи бировлар» дегани «Нозуратул-ҳаққи фи фарзиятил-ъишаи ва ин лам тағи-биш-шамсу» («Қуёш ботмаса ҳам, хуфтон фарз эканлигига ҳақиқат кўзи билан қараш») китоби ва бошқа асарларнинг муаллифи, аллома Шаҳобуддин Маржоний-Қозонийга та-аллуқлидир. У ўзининг «Ал-фавоидул-муҳимма» китоби-да(61-бет.) шундай ёзади: «Самарқанд ва Бухоро аҳллари ўртасида машҳур бўлган Хўжа Аҳрор мадрасасидаги Мусҳаф Халифа Усмоннинг Ўша Мусҳафи, деган ривоят ёлғондур. Уни Хўжа Аҳрорнинг бобоси Абу Бакр Қаффол Шоший (Вафоти 366 ҳ.сана, Тошкент шаҳрида дафн қилинган.) Бағдоддан олиб келган ва у авлодларига, пировардида эса Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга мерос бўлиб қолган эмиш. Ривоятга биноан Хўжа Аҳрор Мусҳафни ўз мадрасасига қўйган. Бу Мусҳаф қадимий табаррук ёдгорликлардан бўлса-да, лекин қуйидаги далилларга биноан халифага хос бўлган Бош Мусҳаф эмасдур. Абу Убайдуллоҳ Қосим бин Салом Бағдодий «ло» сўзи сатрнинг охирида ва «қин» сўзи иккинчи сатрнинг бошида ёзилган, деган. Мен бу Мусҳафни Самарқанддалигида текшириб чиққанман ва унда юқоридаги хабарнинг тескарисини кўрдим, яъни «ло» сатрнинг охирида эмас, «ҳин» иккинчи сатрнинг бошида ҳам эмас эди ва «то» ҳарфи ҳам қўшиб ёзилмаган эди. Бу Мусҳаф руслар Самарқаидни ҳижрийнинг 1285 йилида забт этганларидан кейин Петербург шаҳрига олиб кетилган. Руслар бу асоссиз маълумотни ўшалардан (Самарқанд аҳлидан) олиб, газеталарга ёзишган. Мазкур маълумотларнинг асоссиз эканлигини исботлаб Қустантинийянинг баъзи газеталари менинг ёрдамимда мақолалар чоп қилди»,(Ўша газеталарнинг номи: «Ҳақойиқул-вақойиъ»  («Воқеалар ҳақиқати») 1289 ҳ. йил. 6-рабиъул аввал сони. «Басират» 1289 ҳ. йил 15-сафар. «Ал- ҳаводис» («Ҳодисалар») газетаси 1288 ҳ. йил 25 зул-ҳижжа сони,)
«Ушбу Мусҳаф тўғрисида мен ўзимнинг «Вафиятул-аслоф» китобимда шайх Абдураҳим бин Усмон Ўттиз-имоний (Вафоти 1251 ҳ.йил ) таржимаи ҳолини ёзган вақтимда зикр қилганман», -- дейдилар Маржоний. Ўша, китобда шундай ёзилган: «Шайх Абдураҳим Самарқандга бориб, Мусҳафни ислоҳга муҳтож эканлигини кўрганлар. Шундан сўнг варақларини, хатини ислоҳ қилганлар, йўқолган саҳифаларни қайтадан ёзганлар ва тешилган жойларини ямаганлар. Лекин, у киши Мусҳафни аслига монанд бўлиши учун тиришмаган. Мана шу Мусҳаф тўққизинчи аср бошларида Қоҳирада бўлган. Мазкур давр Абу Бакр Қаффол Шоший, ҳатто  Шайх Убайдуллоҳ Аҳрор замонларидан ҳам анча кейиндур. Бу тўғрида Ибн Жазарий ва бошқалар зикр қилганлар».(«Таржиматул-Маржоний», 15-бет.)
Қуйида эса Маржонийнинг Қустантинийядаги газеталар муҳаррирларига ёзган хатининг матнини(Ўша манбаъ, 216-бет.) эътиборингизга ҳавола қиламиз:
«Саломдан сўнг маълум бўлсинки, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор мадрасасида ҳайвон терисига куфий хат билан ёзилган, қадимий бир Мусҳаф бўлар эди. Унда иъроб, вақф аломатмри, ҳарфларнинг белгилари, оятларнинг боши ва охирини билдирувчи белгилар, сураларнинг исмлари йўқ эди. Саҳифаларнинг четларида шафақ рангидаги қизиллик бор, уни қон изи дейдилар. Самарқанд ва Бухоро аҳллари бу Мусҳафни ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг ўз Мусҳафлари, деб даъво қиладилар. Руслар Самарқандни истило қилгач, уни Петербургга олиб кетдилар ва газеталарда «Бу мусулмонларнинг Ўша Бош Мусҳафи ва уни ҳатто уламолар ҳам ўқий олмайдилар, деб мақтандилар. Ўйлашимча, у қадимий ёдгорликлардан бўлса-да, лекин  Бош Мусҳаф эмас. Мен уни Самарқандга 1260 йилда борганимда кўрган ва ўқиган эдим. Бундан ўн беш йил аввал, «Вафаётул-аслоф» номли китобимнинг 1250 ҳижрий йилда вафот қилган Мулло Абдураҳим бин Усмон Ўттиз-имоний ҳаётига бағишланган қисмида Мусҳафга тегишли фикрларимни ёзганман. Мана ҳозир сизларга шуни таржимаси билан юбормоқдаман. Агар уни газеталар ва илмий нашрлар босиб чиқарса, яхши бўларди. Чунки  унда ҳозир руслар фахрланиб айтиб юрган гапларга тўлиқ жавоб бор. Мен шайх Ўттиз-имоний билан Мусҳафни ўқиб чиққанман ва уни Бош Мусҳаф эмаслигини билганмиз. Агар юборган маълумотларим босиб чиқарилса, марҳаматларини дариғ тутмасдан бу томонга мақоладан бир неча нусха юборсангиз. Бухоро амирининг элчиси Яҳё Хўжадан руслар Мусҳаф тўғрисида сўраганларида, у ўзларининг одатларига кўра ҳеч бир далил-исботсиз бу ўш Бош Мусҳаф, деб жавоб берган. Руслар бу хабарни газеталарга ёзиб юборганлар».
Маржонийнинг бу фикрига қўшилган бошқа бир фозил олим, кўплаб асар ва тадқиқотлар муаллифи Мусо афанди Жоруллоҳдир.(1952 йилда Қохирада вафот этган.) У ўзининг «Мовароуннаҳрга саёҳат» номли китобида шундай ёзади: «Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафи, деб эътиқод қилинган ва ҳозир Петербургда сақланаётган муборак Мусҳаф, аввалда Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидида эди. Мен уни Петербургга қилган зиёратим чоғида  кўрдим ва унинг Бош Мусҳаф эмаслигини аниқ билдим. Чунки  бу Мусҳаф жуда катта ҳажмли, Бош Мусҳаф эса (олимларнинг айтишича) энига икки кафт баробарида ва бўйига бундан кўра сал узунроқ экан. Бу тўғрида китобларда зикр қилинган. Шунга кўра Усмон(розияллоҳу анҳу) Мусҳафи ўзимизнинг қўлёэма китобларимиздан сал каттароқ бўлади ва ҳеч қачон Петербург кутубхонасида сақланаётган Мусҳаф ҳажмидагидек эмас. Ундан ташқари, Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафи, у кишининг шаҳодатларидан кейин, ғойиб бўлган ва у тўғрисида ҳеч қандай хабар йўқ. Фақат  баъзи бировлар, у Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг ўғиллари Холидда эди, кейин нима бўлгани маълум эмас, дейдилар. Петербург Мусҳафи Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафи эмаслиги тўғрисида биринчилардан бўлиб гапирган устоз Шаҳобуддин Маржонийдир. Лекин у,− деб давом этади муаллиф, − бу фикрни асослашда нишонга ура олмади, балки менинг ўйлашимча, хато қилди. Агар биз бу Мусҳафнинг хати Бош Мусҳаф хатига мувофиқ эмаслигини далил қиладиган бўлсак, иш осон кўчар эди. Чунки  Петербург Мусҳафининг хати бир неча жойларда Бош Мусҳаф хатига тўғри келмайди».(«Таржиматул-Маржоний», 217-бет.) Абу Убайднинг Самарқанд Мусҳафи Бош Мусҳаф эмаслиги тўғрисидаги фикрини далил қилган Маржонийнинг гаплари бир шарт билан ҳақ бўлиши мумкин. Шарт шуки, агар, Абу Убайд айтган сўзи ҳақ бўлса. Ваҳоланки, унинг айтган гапини рад қилувчилар бор. «Мавридуз-замъон» («Ташналар булоғи») китобида Ад-Доний Абу Убайднинг «Бош Мусҳафда «ва ло таҳина манос» даги «то» ҳарфи «ҳина»билан қўшиб ёзилган», деган ривоятини зикр қилиб, бу нарсани жамики диёрлардаги мусҳафларнинг бирортасида ҳам учратмадик, дейди. Юқорида зикр қилинган ҳолат қадимий мусҳафларда мавжуд бўлмаганлиги учун Абу Убайднинг бу ривоятини кўпчилик рад қилган.
Ибн Анборий айтадилар: «Қадимий ва янги мусҳафларнинг ҳаммасида «то» ҳарфи «ҳина» сўзидан ажратиб ёзилган Насир айтадилар: «Мусҳафларнинг ҳаммасида «ва лота» «то» ҳарфи билан яъни, «ҳина» дан ажратиб ёзилган».
Аш-Шотибий «Ал-Ақила»да: «Абу Убайд Бош Мусҳафда «ва ло таҳина» қўшиб ёзилган дейдилар, лекин, ҳамма буни инкор қилади», − деб ёзади.
Абу Довуд «Итҳофул-фузало» китобида: «ва лота ҳина»даги қўшиб ёзишлик (васл)ни инкор қиламан, дейдилар.
4. Мусҳафнинг меросхўр шайхлари Кауфманга бу Мусҳаф Амир Темурнинг Самарқанддаги хазинасидан чиққан, деб очиқ-ойдин айтганлар. Бу ҳақда Мусҳафни Самарқанддан олиб кетиш пайтида ёзилган ҳисоботда ҳам қайд қилинган.
5. Шайх ва уламолар қуйидаги яна бир ривоятни айтиб берганлар: Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳимаҳуллоҳ (вафотлари 895 ҳ.й.) ўзларининг бир гуруҳ муридлари билан Ҳижозга сафар қилиб, қайтишда муридларидан бири Истанбулда қолади. Унинг табобат илмидан хабари бўлиб, ўша ерда касалларни даволай бошлайди. У тезда машҳур бўлиб кетади. Мамлакатнинг подшоҳи касал бўлиб қолиб, уни чақириб келадилар. Подшоҳ шифо топиб, соғайиб кет-гач, унга тила-тилагингни дейди. Шунда мурид унга ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафларини берилишини сўрайди. Мовароуннаҳр аҳлининг ушбу Мусҳаф тўғрисида хабарлари бор эди. Подшоҳ ўйланиб қолади ва муриднинг талабини рад қилмоқчи бўлади. Лекин  вазирлардан бири ваъдага вафо қилмаслик подшоҳларга лойиқ иш эмас, бугун Мусҳафни унга бериб, эртага бирон нарса эвазига яна қайтариб олиш мумкин, дейди. Шунда подшоҳ Мусҳафни хазинадан олиб чиқиб, муридга беришликка фармон беради. Фурсатни ғанимат билган мурид дарҳол Мусҳафни ўз одамлари орқали Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга ҳадя сифатида жўнатади. Бир неча кун ўтгач, ҳалиги вазир муриднинг олдига келиб, унга жавоҳиру олтинлар бериб, Мусҳафни қайтариб беришликка кўндирмоқчи бўлади. Лекин  мурид узр айтиб: «Мусҳафга бўлган буюк ҳурматим туфайли уни ватанимга юбордим», − дейди. Буни эшитган подшоҳ ниҳоятда ғазабланиб, Мусҳафни олиб кетганлар орқасидан одам юборади. Лекин  унинг барча ҳаракатлари зое кетгач, тақдирга тан беради. Мусҳаф Тошкентга, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга етиб келади. У зот Самарқандга ҳижрат қилганларида у ерда масжид ва мадраса қуриб, Мусҳафни мадрасага қўйдиртирадилар.
6. Мусҳафи Усмонийнинг диёримизга келишига оид ривоятлардан яна бири, шайх Абу Аҳмад Муҳаммад қози Андижоний-Шошийнинг «Силсилатул-орифин» номли китобларидадур. Ул зот Хўжа Аҳрор валийнинг халифаларидан бўлиб, шундай ёзадилар:
364 ҳижрий йилда вафот қилган Абу Бакр Муҳаммад бин Али Қаффол Шоший ал-Кабир шофеий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлиб, ўзлари туғилган Шош (Тошкент) шаҳрида истиқомат қилар эдилар. У зот кўп маротаба ҳажга сафар қилиб, боришда ва қайтишда Бағдодга кириб ўтар эдилар. Аксар илмларини шу шаҳарда олган эдилар. Бир галги сафарларида Бағдодга келсалар, уламоларнинг ниҳоятда саросимада эканлигини кўрадилар. Чунки  Рум подшоҳи Қайсар араб тилида халифага бир ажойиб қасида юбориб, ё шу қасидага муносиб жавоб ёзинглар, ё ҳар йили ўлпон тўлайсизлар ёки урушга тайёрланаверинглар, деб талаб қилган эди. Ўша пайтда уларнинг Рум билан урушишга имконлари йўқлиги, ва талаб қилинган ўлпонни тўлаш учун етарли маблағлари бўлмаганлигидан, қасидага жавоб ёзишга мажбур бўлдилар. Бағдоднинг жамики уламо ва фозиллари йиғилдилар. Лекин  улар ўша қасидага мос келадиган жавоб ёзишга ожиз бўлиб турган эдилар. Рум элчиси эса уларни шошилтирар эди. Шайх Бағдодга кириб келганларида, турклар юртидан Бағдодга бир забардаст олим келибди, деган хабар тарқалди. Халифа одам юбориб, у киши жавоб қасидаси ёзсалар, эвазига ҳохлаган нарсаларини беришлигини айтади. Шайх рози бўлиб, шундай дейдилар: «Мен бу вазифани сизлар учун адо этаман, лекин, бир шартим бор. У ҳам бўлса, олдин менга ҳазрати Усмон Мусҳафларини берасизлар». Бирмунча тараддуддан сўнг бу талабга рози бўладилар ва Мусҳафни шайхга берадилар.
Шайх Мусҳафни олиб, худди олдинги ривоятдаги каби, мурид қилган ишни қиладилар. Шундан бир неча кун ўтгач шайх қасиданинг жавобини эълон қиладилар.
«Ат-Табақотиш-шофеийя» китобида аллома Сабкий ҳам Рум подшоҳи томонидан Исломга қарши айб, туҳматларга тўла ва бошқаларни мадҳ этувчи бир қасида юборилганини, унга шайх Қаффол Шоший жавоб берганликларини зикр қилади. Шунингдек, шайх бошқа бир қасида ёзиб, унда насронийларни шарманда қилди, деб ривоят қилади Сабкий. Лекин унда (яъни ривоятда) Мусҳафи Усмоний зикр қилинмаган.
7. Ривоятлардан яна бири «Самарийя» деб аталган Самарқанд тарихига оид китобда зикр қилингандир. Унда айтилишича, Хўжа Абди Дарун (Самарқандда дафн қилинган Шайх Абдуллоҳ. У кишининг қабрлари устидаги мақбара қуббали бўлиб, табаррукона зиёрат қилинади ва қабр ёнида қадимий масжид ва ҳужралар бор) машҳур уламолардан бўлиб, Самарқанд қозиси эдилар. Хўжа Абди Дарун Мовароуннаҳр фотихларининг илк гуруҳ бошлиғи ва Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг куёвлари Саиднинг авлодларидандир. Мусҳафи Усмонийни бу диёрга олиб келган ҳам мана шу Саид бўладилар. Самарқандни биринчи марта фатҳ қилган зотдурлар. Юришларини «Қароча» деган жойгача давом эттирганлар.
8. Бу ривоят Байрутдаги «Андалус» нашриётида босиб чиқарилган Ибн Касирнинг «Фазоилул-Қуръон» номли китобининг ҳошиясига ёзилган. Унда Русия подшоҳлари қўлида бўлган Усмон Мусхафи большевиклар томонидан Бухоро амирига туҳфа қилинган дейилади. Туҳфа қилишдан олдин Мусҳафдан фотография асбоблари ёрдамида нусхалар олинган, деб ёзилади мазкур манбаъда. Аммо  Мусҳафнинг асли йўлда йўқолиб, амирга етиб келмаган, деб хабар берилади.
9. Ривоятларнинг яна бирини Умар Ризо ҳазратлари ўзларининг «Мал-Қуръон» номли китобларида зикр қилганлар. Ислом оламида мавжуд бўлган Усмон Мусҳафларини бирма-бир санаб ўтиб, Умар Ризо қуйидагиларни айтадилар: «Худди шундай мусҳафлардан бири 1904 йилда Бухородан Москвага олиб кетилиб, бир муддат ўтгач, яна Бухорога қайтарилган эди. Большевиклар Туркистонда ҳокимиятни қўлга олганларидан кейин, уни иккинчи марта яна Москвага олиб кетдилар. Лекин мусулмонларнинг уни қайтариш учун қилган саъйу харакатлари ва жидду жахдлари муваффақият билан якунланди. Айтишларига қараганда, бу нусха Абу Бакр Шоший томонларидан олиб келинган бўлиб, кейинчалик Хўжа Ахрор валий қабрлари ёнига қўйилган эмиш. Большевиклар уни ўша ердан олганлар, дейишади».
Шу нарсага эътибор қилингки, азиз ўқувчи, Умар Ризо зикр қилган ривоят ҳам, «Фазоилул-Қуръон» ҳошиясига ёзилган хабар ҳам шунингдек, профессор Субҳи Солиҳнинг «Ал-Мабоҳис» китобида ёзган ва биз юқорида зикр қилган «Мусҳаф кейинчалик Англияга олиб кетилган» деган фикрлари ҳам жуда чалкаш хабарлардир. Ҳақиқатга энг яқини биз ҳикоя қилиб берган Мусҳафнинг Самарқанддан Петербургга олиб кетилиши ва кейин Тошкентга қайтариб олиб келиниши ҳақидаги ривоятдир.
Муҳтарам китобхон, биз сизга эшитганларимизни ҳаммасини маълум қилдик. Мусҳафи шарифнинг асли ва уни қай йўсинда бизга етиб келгани ҳақидаги ўқиган ривоят ва хабарларимизни нақл этдик. Улар тўққиз ривоятдан иборатдир. Энди уларнинг ҳар бири тўғрисида алоҳида сўз юритиб, нимага далолат қилишлиги тўғрисида таълиқ (тушунтириш) берамиз.
Биринчи. Ибн Қутайбанинг Мусҳаф Тус шаҳрида эканлиги ҳақидаги хабарига «Самарқанд тарихи»даги Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг куёвлари Саид Мусҳафни 54-ҳижрий санада Самарқандга олиб келган, деган ривоятни боғлаб, Мусҳаф ўша пайтдан бери Самарқандда бўлган десак, тўғри даъво қилган бўламиз. Бу фикрни Имом Моликнинг: «Бош Мусҳаф «Хонадон воқеаси» дан кейин Мадинадан ғойиб бўлган ва мен унинг ҳақида ҳидоят муршидларидан биронта ҳам хабар эшитмадим», деган гаплари ҳам қувватлайди.
Иккинчи. Муҳаммад Амин Хонжий «Манжамул-Умрон» китобида Ибн Батутанинг Басрада Ҳазрати Усмон Бош Мусҳафини кўрганлиги ҳақида зикр қилади. Бу Мусҳаф кейинчалик Самарқандга, ундан сўнг Петербургга олиб кетилган, дейилади. Мусҳафни Басрадан Шомни истило қилган Амир Темур олиб кетган.
Ибн Батута ўзининг «Туҳфатун-нуззор» китобида, Шом мамлакатларига қилган зиёрати чоғида Дамашқдаги Умавийлар жомиъида куфий Мусҳафни кўрганлигини ва яна бир шундай Мусҳафни Басрада ҳазрати Али(карамаллоҳу важҳаҳ) масжидларида кўрганлигини ёзади. Дамашқдаги Мусҳаф Темур истилоси пайтида ёниб кетган, Басрадагиси эса Самарқандга олиб кетилган. Бу фикрга рус олими Шебунин ўзининг «Куфий Қуръон» номли китобида ҳам мойиллик билдиради. Ибн Батутанинг Шом мамлакатларига қилган зиёрати Амир Темур юришларидан аввал бўлган эди. Кўриниб турибдики, бу ерда ҳеч қандай чалкашлик йўқ.
Учинчи. Тарихчиларнинг Ўрда хонлари ва Миср султонлари орасида вужудга келган алоқалар, уларнинг бир-бирларига қимматбаҳо, ниҳоятда қадрли ҳадялар бериб турганликлари ҳақидаги хабарлари мавжуд. Ҳадялар орасида Усмон Мусҳафи ҳам борлиги зикр қилинади. Манбалар турли замонларда Қоҳирада бир неча Усмон Мусҳафлари бўлганлигидан хабар беради. Тарихчилар Мусҳафларнинг қандай қилиб Мисрга келиб қолганини баён қиладилар ва уларнинг Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳар хил юртларга юбортирган Мусҳафлари эканлигини қувватлайдилар.
Азиз ўқувчи, эҳтимол сиз шундай муқаддас Мусҳафи шариф подшоҳлар хазинасидан чиқариб, ҳадя қилиб юборилишига ишонмассиз. Лекин, ўша пайтда Олтин Ўрда ва Миср мамлакатлари орасида мустаҳкам алоқа, чинакам дўстлик ўрнатиш нақадар зарур эди, чунки, ўша пайтда қонхўр Ҳелаку Мисрдан ўч олиш учун ва Ислом юртларини яна бир марта талон-тарож қилиш учун Рум билан иттифоқ тузган эди. Бунинг акси ўлароқ, Барака хон Аллоҳнинг ҳоҳиши билан Исломга кирган ва унга ниҳоятда муҳаббат қўйган бўлиб, Ҳелакуга хавф солиб турар эди. Шунинг учун у юқорида зикр қилинган қимматбаҳо ва қадрли ҳадяга лойиқ эди. Бу ривоят мантиққа тўғри келади ва ундан қалб таскин топади.
Юқорида шайх Мурод Рамзий, ушбу Мусҳаф Бош Мусҳаф ҳам эмас, ҳар хил ўлкаларга юборилган Усмон Мусҳафларининг бири ҳам эмас, деган Маржонийнинг фикрини рад этгани айтилди. Бунда у Абу Убайд ривоятига қарши чиққан уламоларнинг сўзларини далил қилади. (3-ривоятга қаралсин).
Тўртинчи. Самарқанд уламолари, шу жумладан, элчи Яҳё Хўжа Бухорийнинг Мусҳаф Амир Темур хазинасидан ёки кутубхонасидан чиққан, деган баёнлари. Иккинчи ривоятда Амир Темур уни Басрадан олиб Самарқандга келтирган, дейилади. Агар Амир Темурнинг шон-шавкати, қудрати, унинг тутган мавқеини ҳисобга олсак, бу ривоят ҳам ҳақиқатга тўғри келади. Чунки  Мусҳафи Усмонийдек олий ифтихор манбаи Темурнинг мулкидан четда қолиши мумкин эмас эди. Ўша уламоларнинг эътирофича, бу Мусҳаф Самарқандда тўрт юз йилдан бери мавжуд бўлган.
Бешинчи. Хўжа Аҳрор валий муридлари Султон Боязидни даволаб, эвазига Усмонийлар хазинасидаги Мусҳафни олиб келган, деган ривоят.
Олтинчи. Мусҳафни шайх Абу Бакр Қаффол Шоший Бағдод халифалари хазинасидан олиб келганлиги ҳақидаги ривоят. Бу ривоятни шайх Муҳаммад қози Шоший (Хўжа Аҳрорнинг халифаларидан бўлиб, Тошкент шаҳрининг қозиси эдилар. Қозилик ишларини юритиб турган масжид ҳозир ҳам бор. Бир неча аҳли илм оилалар ўзларини у кишига мансуб деб санайдилар) ўзларининг. «Силсилатул-Орифин» номли китобларида келтирганлар. Таажжубланарли жойи шуки, шайх Хўжа Аҳрорнинг халифалари бўлишликларига ва мазкур китоб Хўжа Аҳрорнинг маноқиблари тўғрисида бўлишига қарамасдан, Мусҳафи Усмоний тўғрисида гап кетганда Хўжа Аҳрорни зикр қилмайдилар, балки уни Имом Қаффол Кабири Шоший олиб келганлар, дейдилар. Шайх Муҳаммад қози, шунингдек, «Мусҳаф Имом Қаффол замонларида Тошкентда мавжуд эди. Хоразмшоҳ Тошкент шаҳрини хароб қилган кезларда, у Абу Мусо маҳалласида сақланар эди. Шундан кейин ғойиб бўлган», дейдилар. Агар Мусҳаф қози Муҳаммад замонларида мавжуд бўлиб, Хўжа Аҳрор уни Самарқандга олиб кетганларида, қози Муҳаммад буни Хўжа Аҳрорнинг маноқиблари сифатида, албатта, зикр қилган бўлар эдилар.
Менга Тошкент уламоларидан Фозил хўжа домла жаноб муфтий Зиёуддинхоннинг оталари, шайхимиз, марҳум Эшон Бобохон ҳазратларидан шундай нақл қилдилар: «Ҳозирги кунда мазкур маҳалла имом Қаффол Шоший мақбаралари яқинидаги Қаъни маҳалласидур. Мусҳаф шу маҳалланинг ҳозир мавжуд бўлган масжидида сақланган».
Яна ажабланарли нарса шуки, шайх Али бин Ҳусайн Кошифий Хўжа Аҳрор маноқиблари ҳақида катта бир китоб тасниф қилиб, Мусҳафи Усмоний ҳақида бирор оғиз гап айтмаганлар. Ваҳоланки, Кошифий у зотнинг хизматларида мулозим бўлиб, шайхнинг ҳолатларига тегишли ҳар бир каттаю кичик воқеаларни санаб ўтганлар. Мусҳафи Усмонийдек ифтихорга боис шундай улуғ мулкни айтмай ўтишлари эҳтимолдан ниҳоятда узоқ.
Бундай улуғ мерос у кишига ва Хўжа Аҳрорнинг бошқа яқинларига махфий бўлиши ҳам мумкин эмас, Уни китобларида унутиб қолдирган бўлишлари ҳам мумкин эмас, чунки Кошифий «Силсилатул-Орифин» китобида шайх Муҳаммад қози зикр қилмаган Хўжа Аҳрорнинг тарихлари ва ҳаётларига оид нарсаларни ҳам ўз китобларига киргизганлар. Бундан келиб чиқадики, Мусҳаф Хўжа Аҳрорнинг вафотларидан кейин у кишининг масжидларига қўйилиб, у ана шу зотга мансуб, дейилган. Шунингдек, Мусҳафни Истанбулдан олиб келган мурид қиссаси тўқиб чиқарилган. Қаффол Шошийнинг Мусҳафни Бағдоддан олиб келишлари қиссаси ҳаммага маълум бўлганидан, Хўжа Аҳрор валийни у кишининг меросхўр авлодларидан ва Хўжа Аҳрор Мусҳафни Тошкентдан Самарқандга олиб кетганлар, деган ривоят ҳам шу жумладандир. Агар бу ривоятлар тўғри бўлганда, юқорида зикр қилинган икки забардаст шайх Хўжа Аҳрорнинг ҳаётлик пайтларида ёзган ўз китобларида, албатта, зикр қилган бўлур эдилар. Мусҳафни Бағдоддан Қаффол Шоший олиб келганликлари тўғрисидаги хабар ҳам ҳақиқатдан узоқ.
Еттинчи. «Самарийя»даги ривоят муқаддам зикр қилинган Ибн Қутайбанинг ривоятига мос тушади.
Саккизинчи ва тўққизинчи. Бу икки ривоят Самарқанд Мусҳафининг чет эл матбуотида Усмон Мусҳафларининг бири, деб машҳур бўлганлигига далолат қилади.
Азиз ўқувчи, бу ривоятларни диёримизда сақланаётган Мусҳафнинг турли юртларга юборилган Усмон Мусҳафларидан бири эканлигига сизни қаноатлантириш учун хизмат қиладиган далил ва фаразлар сифатида ҳикоя қилиб бердик. Биз уни худди Ўша Бош Мусҳаф, деб даъво қилмадик. Чунки  бундай даъвони исботлаш учун аниқ ҳужжат ва далил керак бўлади. Биз учун унинг ҳар хил юртларга юборилган Усмон Мусҳафларининг бири эканлигини исботлашнинг ўзи кифоя. Чунки  ўша олти ёки етти Мусҳафларнинг бир-биридан фарқи йўқ ва бири иккинчисига нисбатан имтиёзли эмас, балки  уларнинг ҳаммаси баробар ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)га мансубдир.
Биз ўз даъвомизни исботлашда мазкур ривоятлар билан чегараланиб қолмаймиз. Балки  Мусҳафи шарифнинг ёзувида, ҳарфларининг шаклида ва уни ёзилган матода фикримизга далил бўлувчи ҳолатларни кўрамиз. Жумладан, у ҳижрий I асрнинг биринчи ярмида ривожланган хат санъати ва зийнатлардан холи бўлган, содда хатда ёзилган. Шунингдек, у 67-ҳижрий санада Абул Асвад ад-Дувалий шаклни фарқлаш учун ишлаб чиққан қизил нуқталардан ҳам холидур.
Бунинг устига Мусҳаф кийик терисига ёзилган. Терининг ишлатилиши ўша пайтда қоғоз бўлмаганлигидан далолат беради. Бу эса ўз навбатида Мусҳаф II ҳижрий асрда, Хуросон қоғози пайдо бўлмасдан олдин ёзилганлигига далолат қилади. Яна унда Ҳажжожнинг фармони билан Наср бин Осим Лайсий ишлаб чиққан қора нуқта ва белгилар ҳам йўқ. Бу эса Мусҳафнинг ҳижрий 80-йиллардан олдин ёзилганлигини исботлайди. Чунки  Наср бин Осим 89-ҳижрий йилда Басрада вафот қилган. Мусҳафи Усмонийнинг ёзувига тааллуқли хабарлар муқаддам баён қилинди. Мана шу илмий-тарихий изланишлар Мусҳафнинг ҳижрий I асрнинг аввалги ярмига мансублигидан далолат беради. Демак, мана шу сана билан Усмон Мусҳафларининг ҳар хил юртларга юборилиш санаси орасида озгина фарқ қолди.
Бу билан биз Хулофои Рошидинлар замонасига яқинлашиб, Мусҳафнинг ана шу даврга оидлигини белгиласак ва бу маълумотга диёримизда машҳур бўлган Мусҳафнинг ҳазрати Усмонга мансуб эканлиги тўғрисидаги асрлар оша келаётган нақлни бирлаштирсак (чунки мансубликни инкор қиладиган қуруқ гапдан бошқа ҳеч қандай муҳим далил йўқ) ҳеч шубҳаланмасдан, бизнинг Мусҳафимиз Усмон Мусҳафларидан бири, дея оламиз. Исбот қилгувчи инкор қилувчидан муқаддамдур, дейилган. Валлоҳу аълам.
Шундай қилиб, ушбу китобда жам қилмоқчи ва айтмоқчи бўлган гапларим ниҳоясига етди. Ишларимнинг кўплигидан, вақтим етишмаганлиги туфайли  бу улуғ вазифани мақомига яраша бажариш учун керакли манбаларга ва илм булоқларига етарли даражада мурожаат қила олмаганим учун узр сўрайман.
Имоним комилки, бу ишни келажакда давом эттирувчи биз зикр қилмаган кўп маълумотларни топади, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло Ўзи яхши кўрган ва Ўзи рози бўладиган ишларга бизларни муваффақ қилсун, Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га ва ул Зотнинг асҳобларига саловоту саломлар бўлсин.

Муаллиф ҳақида

Шайх Исмоил Махдум 1893 йил Наманган шаҳрида диний оилада таваллуд топдилар. Оталари Мулло Сотти Охунд Мулло Абдурозиқ Охунд ўғли ўз замонасининг машҳур уламоларидан бўлиб, Наманган шаҳрида узоқ йиллар Ҳазрати Ҳизр масжидида имомлик қилиб, масжид қошидаги мадрасада дарс ҳам берганлар. Оилада беш ўғил, уч қиз бўлиб, Исмоил Махдум иккинчи фарзанд эдилар. Акалари Иброҳим Махдум ва укалари Исҳоқ Махдумлар илм-соҳиблари бўлиш билан бирга мураттаб қорий сифатида Ўзбекистоннинг бир қанча масжидларида узоқ йиллар давомида имом-хатиблик вазифасида хизмат қилишган. Исмоил Махдум бошланғич маълумотни ўз оталари ва маҳаллий диний мактабда олдилар. Ўн уч ёшларида Намангандаги машхур Ғофир қори домлада Қуръони Каримни тўла ҳатм қилиб, ёд олдилар ва кўзга кўринган ҳофизи Каломуллоҳлардан бўлдилар. Мулло Қиргиз мадрасасида таҳсил кўрган талабалар орасида ўзларининг зеҳн ва муҳофоза қувватлари билан ажралиб турар эдилар. Исмоил Махдум машҳур Собитхон Тўра ва бошқа устозларда тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарфу наҳв ва балоғат фанларидан дарс олдилар.
1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил қилишда, масжидлар ва 1974 йилга қадар собиқ Шўролар иттифоқида ягона диний ўқув юрти бўлган Бухоро «Мир араб» мадрасасини очишда Исмоил Махдум фаол қатнашдилар. 1943 йилда диний идоранинг биринчи раислари муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларидаги биринчи ҳаж сафарида иштирок қилдилар. Бу Шўролар даврида рухсат этилган илк ҳаж сафари эди. Шайх Исмоил Махдумни ҳаж сафаридан қайтганларидан кейин, Намангандаги «Шайх Эшон» масжидида минглаб мусулмонлар зўр ҳаяжон билан кутиб олишганининг шоҳиди бўлганман. Шу йилларда Исмоил Махдум Наманган шаҳридаги , «Шайх Эшон» масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб, 1952 йилдан бошлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида муҳтасиб, ундан сўнг Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида мудир бўлиб ишладилар. 1957 йилдан то ҳаётларининг охирига қадар идора раиси ноиби-қозий лавозимида хизмат қилдилар. Шу муддат давомида диний идора фаолиятининг барча соҳаларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келдилар. Исмоил Махдум Бухородаги «Мир Араб» мадрасаси, сўнгра 1974 йилда ташкил этилган Тошкентдаги «Имом Бухорий» номли олий мадрасадаги таълим-тарбия ишларига катта эътибор бериб, умрларининг охиригача мазкур олий мадрасада талабаларга тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний фанлардан дарс беришни тўхтатмадилар. У зотдан сабоқ олган кўплаб талабалар ҳозирги кунда Марказий Осиё жумҳуриятларида, Русиянинг Татаристон, Бошқирдистон ва бошқа минтақаларида, Озарбайжонда юқори диний лавозимларда ишлаб келмоқдалар. Умрларининг охиригача диний идора тақвими (календари)ни тузиб, уни нашр қилдириб турдилар.
Диний идора томонидан бир неча марта чоп этилган Қуръони Карим нашрларини тайёрлашда Исмоил Махдум таҳрир ишларига бошчилик қилганлар. Муфтий ноиблари бўлмиш юқори лавозимда ишлаш даврларида чет мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш мақсадида Осиё, Африқо ва Оврўпо мамлакатларига қилинган амалий сафарлар ва расмий гуруҳлар таркибида иштирок эгиб, у ердаги йирик диний муассасалар раҳбарлари, давлат арбоблари, кўзга кўринган диний уламолар ва жамоат намаёндалари билан учрашиб, диний идора билан борди-келди ва мактублар алмашиш ишларига асос солинишига Исмоил Махдум катта ҳисса қўшдилар.
Шайх Исмоил Махдумнинг мусулмонлар ҳаётига оид диний долзарб масалаларни ҳал этиш ва фатволар ишлаб чиқишдаги хизматлари ҳам катта бўлган. Кўп масалаларни китоб кўрмай, ўз ўрнида ҳал қилиб берардилар. «Совет шарқи мусулмонлари» журналининг таъсис этилишида жонкуярлардан бири бўлиш билан бирга, журнал саҳифаларида у кишининг тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид мақолалари мунтазам босилиб турар эди. Шайх Исмоил Махдум олти марта ҳожиларга бош бўлиб, муборак ҳаж сафарини адо этган табаррук инсон эдилар.
Шайх Исмоил Махдум 1976 йил 22 январда Тошкентда вафот этдилар.
Жанозаларини Наманган шаҳридаги «Шайх Эшон» масжидида Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасининг раиси Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ўқидилар. Жумъа кунидаги ушбу жанозада ва дафн маросимида минглаб одамлар иштирок қилдилар. Унда Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларидан ҳам кўплаб уломолар ҳозир бўлган эдилар.
Ўзбекистонимиз истиқлолга эришиб, мустақиллик туфайли диёримиздан етишиб чиққан машҳур фидоий инсонлар, шу жумладан, дин арбоблари ҳам муносиб тақдирланмоқдалар. Наманган аҳли ва шаҳар ҳокимияти раҳбарияти томонидан шайх Исмоил Махдум хизматларини эътиборга олиниб, у киши туғилиб ўсган кўчага ва шу кўчадаги масжидга шайх Исмоил Махдум номлари берилди.
Шайх Исмоил Махдум нафақат диний арбоб, балки  араб, форс ва қадимги ўзбек тилларини мукаммал билган, араб, эрон ва Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва адабиёти бўйича мутахассис эдилар. Булардан ташқари, табобат, фалсафа, илми ҳайъат (астрономия)га оид манбаларнинг ҳам билимдони здилар. Қадимий табобат усули асосида дори-дармон тайёрлаш, яъни табиблик ҳам у кишининг қўлидан келар эди. Исмоил Махдум Ўзбекистон ФА академиги И.М.Мўминов, шу академия Шарқшунослик институтининг машҳур олимлари, академиянинг мухбир аъзолари У. Каримов, П.Г.Булгаков, ТошДУ шарқ факультети доценти, «Араб тили дарслиги» (рус тилида) муаллифи, марҳум Б.З.Холидовлар билан яқин муносабатда бўлганлар. Мумиё ҳақидаги асар муаллифи М.Муминов ҳам Исмоил Махдумдан кўп маслаҳатлар олган. Мен ўзим ҳам у жаноб билан яқин мулоқотда бўлиб, Абу Мансур Саолибийнинг (961-1038) «Йатимат ад-даҳр» тазкирасини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилишда кўп маслаҳатларини олганман ва билим доиралари қанчалик кенглигининг шоҳиди бўлганман.
Шайх Исмоил Махдум ҳаётлари асосан дин қаттиқ таъқиб остига олинган, диндорлар қатағон ва қувғин қилинган Шўро тузими даврида ўтди. Лекин у кишининг номи дин йўлида жонбозлик кўрсатиб, ўз ҳаётини Ислом йўлига бағишлаган муфтийлар Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон каби зотлар қаторида зикр қилинишига сазовордир. Аллоҳ ул зотларни раҳмат қилган бўлсин.

* * *

70-йилларда Исмоил Махдум ҳазратлари мен ишлаб турган Шарқшунослик илмгоҳига келиб: «Исматуллоҳ, мен Тошкентда сақланаётган Усмон Қуръони ҳақида рисола ёзмоқчиман», − дедилар. «Тақсир, китобни-ку ёзасиз, уни қаерда чоп эттирасиз, бизда ҳеч ким чоп этмайди», − дедим. «Китоб тайёр бўлаверсин, у ёғи бир гап бўлар, ё араб ёки рус тилида чоп эттирсам керак», деган гапни айтдилар. Мен таниқли олим Ўзбекистон тарихини яхши билган Б.В.Луниннинг Усмон Қуръони ҳақидаги яхши илмий мақоласини ўқиб чиққан эдим (Б.В.Лунин. Средная Азия в дореволюционном и советском востоковедении. Издательство «Наука». Уз.ССР, Ташкент-1965, 99-108 бетлар.) ва у Қуръон тарихидан хабарим бор эди.
Исмоил Махдум ота ҳазратларига шу мақолани ўқиб чиқишни маслаҳат бердим ва ўз кутубхонамдан Б.В.Лунин китобини олиб бердим. Беш-олти ойдан кейин қайтариб бердилар ва ундан истифода этганларини айтдилар. Исмоил Махдум ўз рисолаларида ҳамма фойдаланган адабиётларга ишора қилиб кетганлар, китоб охирида эса адабиётлар рўйхати берилган.
Б.В.Лунин мақоласида мазкур Усмон Қуръонининг Ўрта Осиёга келиб қолиш тарихи, уни рус шарқшунос олимлари А.Л.Кун (1840-1888) ва А.Ф.Шебунинлар томонидан илмий ўрганилиши, 1905 йили Петербургда факсимиле усулида чоп этилгани ҳақида муфассал тўхтаб ўтилган.
Шайх Исмоил Махдумнинг Усмон Қуръони рисолалари Тошкентда (1971 (1390 ҳижрий йили ) нашр этилганига кўп вақт ўтганига қарамай, ўзбек китобхонлари бу асардан ҳамон бебаҳра эдилар. Ниҳоят Ўзбекистон мустақилликка эришиб, виждон ва дин эркинлиги берилди. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасининг 1994 йил 25 ноябрь ва 9 декабрь сонларида Ҳабибулло Солиҳнинг «Мўътабар китобнинг қайтиши» номли мақоласи босилиб чиқди. Бу ўзбек  китобхонларини Усмон Қуръони билан таништириш йўлидаги ҳайрли иш бўлди. Лекин  мақола, асосан, Исмоил Махдум рисолаларидан таржима қилиб берилган бўлишига қарамай, ул ҳазратнинг китоблари ва номлари қайд этилмагани ачинарлидир.
Мана энди шайх Исмоил Махдум фарзандлари Абдуллоҳхон шарафли ва савобли ишга қўл уриб, мўътабар қиблагоҳларининг рисолаларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этишга жазм қилибдилар. Мен бу хайрли ишни табриклайман. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) «Кимки ўз отасининг яхши амалларини давом эттирса, унинг ярми савоби марҳум отага бориб етади», деган эканлар. Махдум отамизнинг руҳлари шод бўлиб, фарзандлари соғ-саломат бўлишсин.
Ҳожи Исматуллоҳ АБДУЛЛОҲ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Давлат Беруний мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор. 23 март, 1995 йил.
Ушбу китобнинг мусаҳҳиҳи – Яратувчи роббининг бандаси Мухтор Абдуллоҳ ал-Бухорий сўзлари
Солиҳ амалларни Ўз неъмати билан ниҳоясига етаказадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳ таоло Қуръон оятларини нозил қилган Пайғамбаримизга, илм булоғи, яхшиликлар манбаи бўлган ул Зотнинг авлодлари ва саҳобаларига салому саловатлар бўлсин.
Самарқанд Усмон Мусҳафига тааллуқли ривоят ва хабарларнинг дуру жавоҳирларини ўз ичига олган, ушбу нодир китоб босмадан чиқди. У тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга ва қалбларга нур ила киришга лойиқдур. Чунки  у асрлар давомида одамлар назаридан узоқда бўлган ва улар кўзидан яширилган Усмон Мусҳафи шарифининг юзидан пардани кўтарди. Китобни 1391-ҳижрий йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раис ноиблари шайх Исмоил Махдум бин шайх мулло Сотти Охунд Намангоний тасниф қилдилар. Китоб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг маблағига Тошкент ҳукумат босмахонасида чоп қилинди.
Аллоҳ Субҳонаҳу ва таоло у орқали мусулмонларни нафлантирсин, Омин!
(Китобнинг таржимаси 1995 йил 8 мартда ниҳоясига етди).