A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони карим таърифи
PDF Босма E-mail

Буйруқ майлидаги «Иқроъ»–«Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносини англатувчи масдар – «Қуръон» бўлиб қолди.
Луғат илми мутахассислари «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан бошқа, «жамлаш» маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана, ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, уни мусулмонларнинг муқаддас китоби эканини тан олиб келишмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина у муқаддас китобни қандоқ китоб эканини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.
«Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир».
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий орқали нозил қилган», деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилмаган Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади.
Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлмагани учун Қуръони Карим бўла олмайди.
«Тавотир ила нақл қилинган» деган иборадан тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса  каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сонли кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан ана шу тариқада нақл қилинган. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нақл қилганлар.
Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни  Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Карим оятлари Жаброил (алайҳиссалом) томонларидан қандоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил (алайҳиссалом)дан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса  ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.
Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил (алайҳиссалом)нинг қироатига диққат билан қулоқ солишни амр этган.
Ўз навбатида Пайғамбар (алайҳиссалом)дан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келинмоқда.
«Ибодатда ўқиладиган» деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади.
Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий китобнинг ажратиб турувчи сифатларидан биридир.
«Ожиз қолдирувчи калом» деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни  инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир Пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди.
Ўша пайғамбар( алайҳиссалом)лар бу дунёдан ўтишлари билан, у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)гача бўлган барча пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Шунинг учун уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у Зотнинг асосий мўъжизалари ҳам қиёматгача боқий қоладиган, у Зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони Карим қилинди.
Хуллас, Қуръони Карим ҳақида ва унинг фазилатлари ҳақида   қанча гапирсак, шунча оз. Бутун бошли бир неча китоблар бағишланса ҳам, оз.
Биз ушбу ожизона сатрларда ўзимиз шарҳ қилаётган «ат-Тожул Жомеъ» китобида келган матнлар орқали баъзи бир маълумотлар тақдим қилиш ниятидамиз. Тажриба кўрсатишича, бунга ўхшаган маълумотлар ўқувчини ҳар хил хаёлга олиб келиши мумкин.
Чунки Қуръони Каримнинг улуғлигидан, бу муқаддас китобнинг олиймақомлигидан, қолаверса, мусулмонларнинг бу илоҳий китобга бўлган чексиз эҳтиромлари ва икромларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир шахснинг хаёлида ўзига хос Қуръон шаклланган бўлади. Бу шакл қандоқ бўлиши ўша шахснинг хаёлига, Қуръони Карим ҳақида эшитган мақтовларга асосланган бўлади.
Ўқувчиларга, одатда, Қуръони Карим ҳақида тақдим қилинадиган баъзи илмий маълумотлар эса  мазкур хаёлдаги сиймони такрорламаслиги мумкин. Чунки Қуръони Карим хаёлий нарса эмас, воқеликдир.
Зотан, Исломнинг ўзи воқелик динидир. Аллоҳ таоло уни хаёл учун эмас, воқеликда яшаш учун юборгандир.
Ўша динга Аллоҳ таоло фариштани эмас, воқеъликдаги ҳамма танийдиган, бошқалар каби инсоний сифатларга эга бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб танлади. Ҳар бир одамга жорий бўладиган нарсалар у Зотга ҳам жорий бўлар эди.
Ана шу шароитда пайғамбарлик қилишлари ҳақиқий мўъжиза эди. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фаришта ёки ғайриоддий шахс бўлганларида одамлар бу фаришта бўлгани ёки ғайриоддий бўлгани учун Аллоҳ таолонинг амрларини бажармоқда, биз эса оддий одаммиз, деб баҳона топган бўлар эдилар.
Ўша диннинг муқаддас дастури бўлган Қуръони Карим ҳам воқеликдаги китоб бўлиши лозим эди. Агар бу китоб хаёл аралаш, осмонда турадиган китоб бўлганида одамлар унга амал қилмаслик учун баҳона топар эдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг самовийлигини, муқаддаслигини, бузилмаслигини, мўъжизалигини ўз ҳузурида − етти осмоннинг устида собит қилиб қўйди.
Аммо  шу билан бирга, уни ерга нозил қилиб, ер юзида яшайдиган бандаларига омонат шаклида топшириб ҳам қўйди. Аллоҳ таоло мусулмон умматига ўзининг охирги ва қиёматгача турадиган китоби бўлмиш Қуръони Каримни бериш билан бирга, уни ўқиш-ўрганиш ва сақлашни ҳам топширди.
Ушбу ожизона тақдим қилинадиган сатрларда Қуръони Каримнинг мазкур икки ҳолати ҳам бор. Аллоҳ таолонинг Ўз китоби васфида айтган сўзлари ҳам бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзларига Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган муқаддас китоб ҳақида айтган сўзлари ҳам бор.
Мусулмон умматининг бу китобни қабул қилиб олиб, ўрганиб, уни сақлаш маъносида қилган фидокорликлари ҳам бор.
Зотан, Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги ҳам унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқалардан устун бўлишидадир.
Зотан, Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқа китоблар сингари бузилиб кетмаганидадир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф