Аллоҳ таолонинг исмлари борасидаги қоидалар | ||||
|
Аллоҳ таолонинг исмлари борасидаги қоидалар Биринчи қоида: Аллоҳ таолонинг барча исмлари гўзалдир. Яъни, гўзалликда камолга етган. Аллоҳ таоло айтади: وَلِلَّهِ الأَسْمَاءُ الْحُسْنَى “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир” (Аъроф сураси, 180-оят). Бу исмлар барча комил сифатларни ўз ичига олган. Уларда бирор жиҳатдан нуқсон йўқ. Мисол учун Аллоҳнинг исмларидан “Ҳай” (“Тирик”) исмини олайлик. У комил ҳаётни ўзида жамлаган, у йўқ бўлмайди, унга завол ҳам етмайди. “Алим” (“Билимдон, илмли”) сифатини кўрайлик. Бу мукаммал илмни ўз ичига олиб, унга жоҳиллик ва унутиш йўлламайди. Аллоҳ таоло айтади: عِلْمُهَا عِنْدَ رَبِّي فِي كِتَابٍ لا يَضِلُّ رَبِّي وَلا يَنْسَى “Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас” (Тоҳа сураси, 52-оят). Унинг илми барча нарсани майда тафсилотларигача қамраб олгандир. Ўз феълига оид илмни ҳам, махлуқотларнинг феълларига оид илмни ҳам ўз ичига олади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: وَعِنْدَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لا يَعْلَمُهَا إِلاّ هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِنْ وَرَقَةٍ إِلَّا يَعْلَمُهَا وَلا حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الأَرْضِ وَلا رَطْبٍ وَلا يَابِسٍ إِلاّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ “Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир” (Анъом сураси, 59-оят). وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاّ عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят). يَعْلَمُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَيَعْلَمُ مَا تُسِرُّونَ وَمَا تُعْلِنُونَ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ “У осмонлару ердаги нарсаларни биладир. Сизлар сир тутаётган нарсани ҳам ва эълон қилаётган нарсани ҳам биладир. Аллоҳ кўкракдаги нарсаларни ҳам билувчидир” (Тағобун сураси, 4-оят). Аллоҳ таолонинг исмларидан “Роҳман” исмига диққат қилинг. Бу тўлиқ раҳматни ўз ичига олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда айтадилар: “Аллоҳ бандаларига она ўз боласига кўрсатган раҳматидан кўра раҳмлироқдир”. Аллоҳнинг раҳмати барча нарсага етади. وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ “Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир” (Аъроф сураси, 156-оят). Фаришталарнинг мўминлар ҳаққига қилган дуоси хусусида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَحْمَةً وَعِلْماً
“Эй Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар нарсани қуршагансан” (Ғофир сураси, 7-оят). Аллоҳ таолонинг исмлари ёлғиз ўзи эътиборидан ҳам, бошқаси билан қўшилиш эътиборидан ҳам гўзалдир. Аллоҳнинг бир исми бошқаси билан жам бўлиши комиллик устига комилликдир. Бунга мисол:
العزيز الحكيم “Азиз” ва “Ҳаким”. Аллоҳ таоло бу икки сифатини Қуръоннинг кўп ўринларида жам қилган. Мазкур сифатларнинг ҳар бири алоҳида комилликка далолат қилса, уларнинг жам бўлиши ҳам яна бошқа камолотга далилдир. Унинг азизлиги ҳикмат билан бўлади. Аллоҳ таоло иззат ва ҳикмат соҳиби, Унинг азизлиги зулм, жавр ва ёмон феъллардан холидир. Махлуқотларнинг азизлиги эса уларни зулмга, гуноҳга, жаврга етаклайди. Аллоҳ таолонинг ҳаким сифати ҳам худди шундайдир.
Арабчадан Абу Абдулқодир таржимаси |