Юсуф сурасидан гўзал ибратлар | ||||
|
Юсуф сурасидан гўзал ибратлар
1) قَالَتِ ٱمْرَأَتُ ٱلْعَزِيزِ ٱلْـَٰٔنَ حَصْحَصَ ٱلْحَقُّ «Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат зоҳир бўлди», деди» (51-оят). Ҳақиқат эгилади, баъзан узоқ муддат ғойиб бўлиши мумкин, лекин ўлмайди.
2) ٱقْتُلُو يُوسُفَ أَوِ ٱطْرَحُوهُ أَرْضًا يَخْلُ لَكُمْ وَجْهُ أَبِيكُمْ «Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади», дедилар» (9-оят). Жасад йўқ бўлса ҳам, муҳаббат тарк этмаслигини билишмас эди.
3) إِذْ قَالُو لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَىٰٓ أَبِينَا مِنَّا «Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар», дедилар» (8-оят). Улар мол-дунёга ҳасад қилишмади. Қалб тортиғи қўл тортиғидан қимматлироқдир. Юсуф қиссасида кўйлак уч маротаба такрорланган. Биринчиси маҳзунликка сабаб бўлган. Иккинчиси бегуноҳликка далил бўлган. Учинчиси хурсандчилик хушхабари бўлган. Бугун сени маҳзун қилган нарса эртага сенга сурур бахш қилиши мумкин.
4) وَٱسْتَبَقَا ٱلْبَابَ «Икковлари эшик томон чопишди» (25-оят). Икки киши бир йўлда юриши мумкин, лекин ниятлар турфа хил.
5) Юсуф алайҳиссаломга қамоқда шундай дейишди: إِنَّا نَرَىٰكَ مِنَ ٱلْمُحْسِنِينَ «Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз» (36-оят). Миср хазинабони бўлиб турган чоғларида ҳам худди шундай дейишди: «Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз» (78-оят). Тоза маъданни ҳолатлар ўзгартирмайди!
6) قُلْنَ حَٰشَ لِلَّهِ مَا عَلِمْنَا عَلَيْهِ مِن سُوٓءٍۚ «Улар: «Аллоҳ сақласин! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», дедилар» (51-оят). Сенинг ўтмишинг сенга ёрдам бериши мумкин. Бунга беэътибор бўлма!
قَالَ مَعَاذَ ٱللَّهِۖ إِنَّهُۥ رَبِّىٓ أَحْسَنَ مَثْوَاىَۖ «У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку!» деди» (23-оят).
8) وَشَهِدَ شَاهِدٌ مِّنْ أَهْلِهَآ «У (хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди» (26-оят). Банда Роббига тақво қилса, унга ғам-ғуссадан, танг ҳолатдан чиқиш йўлини кўрсатиб қўяди. Ҳаттоки, душманига энг яқин киши ҳам унинг фойдасига гувоҳлик беради ва қўллаб-қувватлайди.
9) قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنفُسُكُمْ أَمْرًاۖ «У: «Йўқ! Сизга ҳавои нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатибди», деди» (18-оят). Ахир юлдузлар ҳали сажда қилмаган инсонни қандай қилиб бўри ейиши мумкин? Холиқнинг башорати кўз билан кўрган нарсадан кўра ишончлироқдир.
10) فَأَرْسِلْ مَعَنَآ أَخَانَا «Биз билан инимизни юбор», дедилар» (63-оят). Унда ўзларининг фойдалари борлигида “укамиз” дейишди. Иш битгач, “ўғлинг” дейишди.
إِنَّ ٱبْنَكَ سَرَقَ «Эй отамиз, ҳақиқатда ўғлинг ўғирлик қилди», дедилар» (81-оят). Кўпчилик инсонлар ўзлари фойдаларига қараб сўзлайдилар.
11) وَقَالَ يَٰٓأَسَفَىٰ عَلَىٰ يُوسُفَ «Оҳ, Юсуф!!!» деб кўзларига оқ тушди» (84-оят). Юсуфдан бошқа ҳамма ўғиллари бирга бўлса ҳам, баъзи инсонларнинг ўрнини бошқа тўлдира олмайди. Шунингдек, Юсуфнинг ҳам ўрнини бошқа боса олмайди.
12) ٱذْهَبُو بِقَمِيصِى هَٰذَا «Менинг мана бу кўйлагимни олиб боринг» (93-оят). Юсуф отасига сурур бахш этиши учун бошқа нарсани эмас, айнан кўйлакни танлади. Бунинг сабаби отасига ғам келтирган нарса ҳам айнан кўйлак эди.
13) فَأَسَرَّهَا يُوسُفُ فِى نَفْسِهِ «Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди» (77-оят). Баъзан яқинларингдан жароҳатли гап эшитсанг, ўзингни билмаганга ол ва эътибор қаратма. Жавоб қайтаришга шошилма. Ичга ютишда кўп яхшилик бор.
14) ٱذْهَبُو فَتَحَسَّسُو مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ «Боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар» (87-оят). Боласини бир неча йиллар аввал йўқотган бўлишига қарамай, уни излашни талаб қилмоқда. Агар сенга ақлий жиҳатдан қабул қилиш мумкин бўлмаган нарсани айтишса, сен уларга Аллоҳга бўлган ишонч ҳақида сўзла!
15) وَقَدْ أَحْسَنَ بِىٓ إِذْ أَخْرَجَنِى مِنَ ٱلسِّجْنِ «Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди» (100-оят). Юсуф алайҳиссалом акаларини хижолат қилмаслик учун қудуқни эмас, балки қамоқни зикр қилдилар. Намунали инсонлар интиқом ва ўч олишдан ўзларини юқори тутадилар.
16) قَالَ هِىَ رَٰوَدَتْنِى عَن نَّفْسِىۚ «У: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», деди» (100-оят). Бегуноҳ кимсаларнинг тиллари қасам, овоз кўтаришдан холи, сокин ва ишончлидир.
17) وَأَخَافُ أَن يَأْكُلَهُ ٱلذِّئْبُ «У: «Уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди» (13-оят). Оталаридан «бўри» калимасини эшитиб олиб, ҳийлага айни шу сўзни ишлатишди. Ўқув машғулотида ўлдирадиган, заҳарли ўқни кўрсатма!
18) قَالَ أَنَا۠ يُوسُفُ وَهَٰذَآ أَخِىۖ «У: «Мен Юсуфман, мана бу иним», деди» (90-оят). Мен Миср азизиман, демадилар, балки ҳар қандай сифатдан холи, фақат исмларини зикр қилдилар. Олий нафс соҳиби мансаб ва мартабага эътибор қаратмайди.
Доктор Али Саллобий, араб тилидан Абу Абдулқодир таржимаси |