Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (16-қисм) | ||||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (16-қисм) (Давоми...)
Қуръонни чиройли овозда ўқиш ҳақида боб
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Кимни Аллоҳ Қуръонни чиройли овозда ўқиш билан ризқлантирган бўлса, у Аллоҳ таоло уни буюк яхшилик билан хослаб ажратиб олганини яхши билиши лозим. Бас, шундай экан, Аллоҳ унга берган бу хусусиятнинг қадрини билсин, махлуқлар учун эмас, Аллоҳ учун ўқисин. Мол-дунё илинжида бўлиб, эшитганлар наздида ҳурмат қозониш мақсадида тингланишга, дунё одамлари олдида яхши мақтов ва мартаба топишга ҳамда халқни қўйиб, амалдорларга намоз ўқиб беришга майл қилиб интилишдан эҳтиёт бўлсин. Кимнинг нафси ушбу мен қайтарган нарсаларга мойил бўлса, унинг овозининг чиройлилиги ўзининг зиёнига фитна бўлади, деб қўрқаман. Зотан, овозининг чиройлилиги у ичу ташида Аллоҳ азза ва жалладан қўрққандагина ҳамда ғафлат аҳли ўз ғафлатларидан уйғониб, Аллоҳ қизиқтирган нарсаларга интилишлари ва У Зот қайтарган нарсалардан қайтишлари учун ундан Қуръон тингланишини мақсад қилиб олгандагина унга манфаат беради.
Кимнинг сифати мана шундай бўлса, у овозининг чиройлилигидан манфаат топади ва одамлар ҳам ундан фойда оладилар.
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Қўшиқчилар жорий қилган оҳанг ва овозда қироат қилишни макруҳ деб биламан. Чунки бу иш Язид ибн Ҳорун, Асмаъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Убайд ал-Қосим, Суфён ибн Уяйна ва бошқа кўплаб уламоларнинг наздларида макруҳ саналади. Уламолар қорини қачон Қуръон ўқиса, маҳзун бўлишга, йиғламсираган ҳолда, қалбида Аллоҳдан қўрқинч билан бўлишга буюрганлар».
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Қуръон ўқиган (қироат) вақтида маҳзун бўлиши, йиғламсираши, қалби қўрқинчга тўлиши ҳамда маҳзунликни келтириш учун ваъда ва ваъидлардан эслатма олиши мустаҳабдир. Ахир, Аллоҳ азза ва жалланинг мана шу сифатли кишиларни мақтаганини ва уларнинг фазли ҳақида хабар берганини эшитмаганмисан?! Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ».[6] Сўнгра У Зот Қуръонни эшитиб, қалби ундан қўрқинчга келмаган кишини қоралаб шундай дейди: «Бу сўздан сизлар ажабланасизларми? Ва куласизлар-у, йиғламайсизларми? Ва ҳолбуки, сизлар бепарвосизлар». Яъни ғофилсизлар. Шунингдек, қироат қилувчи киши Қуръонни Аллоҳ таоло амр қилганидек, тартил билан ўқиши лозим: «Ва Қуръонни тартил қил».[7] Ушбу оятнинг тафсирида «Яъни дона-дона қилиб очиқ ўқи», дейилган. Билгинки, қори Қуръонни тартил билан дона-дона қилиб ўқиганида уни эшитган киши манфаат топади ва ўзи ҳам бундан фойда олади, чунки у буюрилганидек ўқимоқда. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик».[8]
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Қуръондан фикр ва тадаббур билан озгина ўрганиш тадаббур ва тафаккурсиз кўп Қуръон ўқишдан менинг учун яхшидир. Зотан, Қуръон, суннат ва уламоларнинг сўзлари мана шунга далолат қилади.
Убайд ал-Мукаттиб айтади: «Мужоҳиддан қироати ва рукуъ-саждаси бир хил бўлиб, бири Бақара ва Оли Имронни, иккинчиси эса Бақаранинг ўзини ўқиган икки кишининг қайси бири афзаллиги ҳақида сўрашди. У: «Бақаранинг ўзини ўқиган афзал», деди, сўнг «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик» оятини ўқиди.[9] Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Қуръон аҳли мен баён қилган ва тарғиб этган гўзал ахлоқлар билан хулқланиши ҳамда улар учун мен кариҳ кўрган тубан ахлоқлардан узоқ бўлишлари лозиму лобуддир. Аллоҳ Ўз фазлу карами ила бизни ҳам, уларни ҳам тўғри йўлга муваффақ қилсин. Албатта, У Зот ҳар бир ишга қодирдир ва ижобат этишга муносибдир».
[1] Ҳадиснинг санадида бироз заифлик бор. Аммо у бошқа ривоятлар билан қувватланади. [2] Бу ҳадисни Имом Бухорий, Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Можалар ҳам ривоят қилишган. Имом Бухорийнинг таълиқида «Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса, биздан эмас», деган жумла, Муҳаммад Найсабурийнинг «Мустадрак»ида эса «Зеро, чиройли овоз Қуръоннинг гўзаллигини оширади», деган жумла зиёда қилинган. [3] Бу ҳадисни Ибн Можа, Доримий ва Ибн Абу Шайбалар ҳам ривоят қилганлар. [4] Ҳадиснинг санадида заифлик бор. Аммо унинг маъноси бошқа ҳадислар билан қувватланган. Уни Ибн Можа, Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳокимлар ҳам ривоят қилганлар. Имом Бухорий ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ чиройли овозли Набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳанг билан ўқиганини тинглаганичалик ҳеч бир нарсани тингламайди», деганлар. [5] Бу ҳадисни Табарий ва Абу Яълолар ҳам ривоят қилганлар. Ибн Мардавайҳ уни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган. Аммо ҳадисда заифлик бор. [6] Зумар сураси, 23-оят. [7] Муззаммил сураси, 4-оят. [8] Исро сураси, 106-оят. [9] Буни Ибн Абу Шайба бошқа йўл билан ривоят қилган.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
|