Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (14-қисм) | ||||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (14-қисм) (Давоми...)
Қориларнинг Қуръон тиловат қилганларидаги билмасликлари мумкин бўлмаган одоблари ҳақида боб Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики, тунда ёки кундузи Қуръон ўқимоқчи бўлган киши, аввало, таҳорат олиши ва оғзини мисвоклаши мустаҳабдир. Бу Қуръонни ҳурмат қилиш маъносидадир. Чунки у Парвардигор азза ва жалланинг каломини ўқийди. Шу билан бирга, у Қуръон тиловат қилганида фаришталар унинг олдига келишади. Агар у мисвок қилган бўлса, фаришта унга яқинлашиб келиб, оғзини унинг оғзига қўяди ва ҳар бир оятни ўқиганида фаришта уни унинг оғзидан қабул қилиб олади. Аммо мисвок қилмаган бўлса, фаришта ундан узоқлашади.
Эй Қуръон аҳли, сиз фаришталарни ўзингиздан узоқлаштирмаслигингиз керак. Одобни маҳкам тутинг, бирортангиз ҳам, агар мисвок қилмаган бўлса, биродарлари билан ўтиришни ёқтирмайсиз-ку. Шунингдек, мусҳафга қараб ўқиш ҳам мустаҳабдир, чунки мусҳафга қараб ўқиш фазилатлидир. У Мусҳафни таҳоратсиз ушламаслиги лозим. Агар таҳоратсиз ҳолда Мусҳафдан ўқишни истаса, ҳечқиси йўқ, фақат Мусҳафга қўл теккизмайди, саҳифаларни бирор нарса воситасида варақлайди, уни ушласа, магар таҳорат билан ушлайди.[1] Қори агар Қуръон ўқиётганида ел келиб қолса, то у батамом чиқиб кетгунича қироатдан тўхтаб туради. Сўнг агар у таҳорат олиб, кейин пок ҳолда ўқишни истаса, бу − энг афзал иш. Бироқ таҳоратсиз ўқиса ҳам, ҳечқиси йўқ. Агар ўқиётганида эсноқ келса, то эсноқ тугагунича қироатдан тўхтаб туради. Жунуб инсон ва ҳайзли аёл Қуръондан бирор оят ҳам, бир ҳарф ҳам ўқимайди, аммо тасбеҳ, ҳамду сано ё такбир айтса ёки азон айтса,[2] бўлаверади. Қорига қироат саждаларига қатъий риоя қилиши, қачон сажда ояти келса, дарҳол сажда қилиши керак. Қуръонда ўн бешта,[3] бир ривоятга кўра, ўн тўртта, яна бошқа ривоятда эса ўн битта сажда ояти бор. Ихтиёр қилинган нарса шуки, ҳар бир сажда оятидан ўтганида (қори) сажда қилишидир. Чунки бу Робби азза ва жаллани рози қилади ва душмани бўлмиш шайтонни ғазаблантиради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қачон одам боласи сажда оятини ўқиб сажда қилса, шайтон чеккага ўтиб: «Эй воҳ! Одам боласи саждага буюрилди ва сажда қилди, унга жаннат бўлди. Мен ҳам саждага буюрилдим ва итоат қилмадим, менга дўзах бўлди», деб йиғлайди», дедилар.[4] Йўлда юриб дарс қилиб кетаётган киши бирор сажда оятидан ўтиб қолса, қиблага юзланиб, боши билан ишора қилиб саждани адо этади. Шунингдек, угар уловга миниб дарс қилаётган бўлса ҳам, имкон қадар қиблага қараб имо билан сажда қилади.[5] Қори ўтириб ўқиганида қиблага юзланиб олиши мустаҳабдир. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ўтиришларнинг энг яхшиси қиблага юзланилганидир», деганлар. Қуръон тиловат қилган киши маҳзунлик билан ўқиши, агар қодир бўлса, йиғлаши, бўлмаса, йиғлашга ҳаракат қилиши мустаҳаб ҳисобланади. «Мен унга ўқиётган нарсасини тафаккур ва тадаббур қилишини, қалбни чалғитадиган нарсадан кўзини тийишини, то дарси тамом бўлгунича ҳар қандай машғулотни тарк қилишини тавсия қиламан, токи унинг онгу шуури ҳозир турсин ҳамда Мавлосининг каломидан бошқа нарса билан машғул бўлмасин». Шунингдек, дарс қилаётганида қачон раҳмат ояти ўтса, уни Карамли Мавлосидан сўраши, агар азоб ояти келса, Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраши, ёлғончилар айтган сўзлардан Аллоҳни поклаш маъносидаги оят ўтса, Аллоҳ азза ва жаллага тасбеҳ айтиб, У Зотни улуғлаши мустаҳабдир. Агар ўқиётганида мудроқ тутса, қироатни тўхтатиб, дам олиши керак, токи нимани ўқиётганини англасин. Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Юқорида мен Қуръон тиловат қилган кишига буюрган нарсаларнинг барчаси суннатга ва олимларнинг сўзларига мувофиқдир. Мен улардан ёдимда борларини қуйида баён қиламан, иншааллоҳ».
(Давоми бор...)
[1] Аллоҳ таолонинг Каломини улуғлаш вожибдир. Шу боис Қуръоннинг ёзма шакли бўлмиш Мусҳафни, шунингдек, оят ёзилган варақни, тафсир, ҳадис, фиқҳ китобларини (уларда оятлар бўлиши эҳтимоли кўп бўлгани учун) таҳоратсиз ушлаш, варақлаш макруҳдир. Аммо бирор хатчўп ёки қаламга ўхшаш нарса билан варақласа бўлади. Мусҳафни енг учида ушлаш ҳам макруҳ. Аммо Мусҳафга қараса, уни ушламасдан қироат қилса бўлаверади. Шу билан бирга, таҳорат билан тиловат қилиш мустаҳаб ва афзалроқдир. Булар кичик бетаҳоратлик етган киши ҳақидаги ҳукмлар бўлиб, катта бетаҳоратликда қироат ҳам мумкин эмас. Кичик болалар таҳоратсиз ушласа, зарурат юзасидан жоиз. Чунки уларнинг эртароқ Қуръон ёд олишлари лозим. Агар уларга таҳорат шарт қилинса, бу нарса машаққат туғилишига ёки болаларнинг илмдан тўсилишга сабаб бўлиши мумкин («Раддул мухтор» асосида). [2] Ҳанафий мазҳабида жунуб кишининг азон айтиши ҳам, такбир айтиши ҳам макруҳ. Агар айтиб қўйган бўлса, азон қайта айтилади, такбир қайтарилмайди. Чунки шариатда азонни қайтариш бор нарса. Қуръон тиловат қилиши эса ҳаром. Аммо бошқа зикрларни қилса бўлаверади. [3] Улар қуйидаги оятлар: 1. Аъроф сураси, 206-оят. 2. Раъд сураси, 15-оят. 3. Наҳл сураси, 49-оят. 4. Исро сураси, 109-оят. 5. Марям сураси, 58-оят. 6-7. Ҳаж сураси, 18 ва 77-оятлар. 8. Фурқон сураси, 60-оят. 9. Намл сураси, 26-оят. 10. Сажда сураси, 15-оят. 11. Сод сураси, 24-оят. 12. Фуссилат сураси, 37-оят. 13. Нажм сураси, 62-оят. 14. Иншиқоқ сураси, 21-оят. 15. Алақ сураси, 19-оят. Ҳанафийлар наздида Ҳаждаги иккинчи сажда оятида сажда шарт эмас. [4] Имом Муслим «Иймон» бобида келтирган. [5] Қуръони Каримда маълум оятлар сажда оятлари деб эътибор қилинади. Уларни ўқиган ёки эшитган киши сажда қилиши лозим. Бу сажда «тиловат саждаси» деб юритилади. Ҳанафий мазҳабига кўра тиловат саждасининг ҳукми оят ва ҳадислар далолати билан вожиб. Уни адо этиш учун барча намоз шартлари топилиши керак. Адо этиш кайфияти худди намоздаги сажда каби бўлади. Фақат бунда бир такбир билан тўғри саждага борилади ва тасбеҳ айтгач, яна бир такбир билан саждадан турилади. Унда рукуъ, қаъда ва салом каби амаллар қилинмайди. Сажда агар фарз намозлар ичида адо этилса, намоздаги тасбеҳлар билан чекланилади. Аммо нафл намозларда ва ёлғиз сажданинг ўзи қилинганда суннатда келган бошқа дуоларни ҳам ўқиш мумкин. Қори агар бир сажда оятини бир жойда ўтириб такрорласа, барча ўқигани учун бир бора сажда қилса, етарли. Аммо бир нечта сажда оятини ўқигудек бўлса, ҳар бир сажда ояти учун алоҳида сажда қилиши керак. Сажда оятини тиловат қилувчи битта сажда оятини масжидда, кичик уйнинг ичида, юриб бораётган улов ёки кеманинг устида ёхуд намоздан олдин қилган қироатни ўша ерда намозда такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. [6] Буни Ибн Шайба ва Баззорлар ҳам ривоят қилган. [7] Исҳоқ ибн Мансур ибн Баҳром ал-Кавсаж Абу Яъқуб Марвазий. Марвда туғилган, Ироқ, Хижоз ва Шом юртларида илмий сафарда бўлган. Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Суфён ибн Уяйна ва бошқалардан ҳадис ҳамда фиқҳни ўрганган. Улуғ имомлардан бўлган. Ундан Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган. У 251 ҳижрий санада Найсабурда вафот этган ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳнинг ёнига дафн қилинган. Жанозасини Муҳаммад ибн Тоҳир ўқиган. («Тобақотул ҳанабила», Абу Яъло Ҳанбалий.) [8] Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ. [9] Исҳоқ ибн Иброҳим Роҳвайҳ Марвазий 161 ҳижрийда Марвда таваллуд топган. У муҳаддисларнинг пешқадамларидан, Хуросоннинг энг буюк уламоларидан бўлган. Ҳадис ёд олишда, ривоят қилишда ва фатвода ўз даврида тенги бўлмаган. Ундан Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилганлар. Исҳоқ ибн Роҳвайҳ 238 ҳижрий сананинг Шаъбон ойида Найсабурда вафот этган. [10] Абу Бакр Марвузий мазҳаббоши Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг энг яқин шогирдларидан ва хизматкорларидан. Ҳадис ва фиқҳда етук олим бўлган. Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўплаб масалаларни ривоят қилган. Бир нечта китоблар муаллифи. 275 ҳижрий санада вафот этган ва Аҳмад ибн Ҳанбал марқадларининг оёқ томонига дафн қилинган. [11] Ато ибн Рабоҳ. [12] Муттафақун алайҳ.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |