Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (11-қисм) | ||||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (11-қисм) (Давоми...)
Қуръон ўқитувчи кишининг ахлоқи ҳақида боб Қуръон ўқитувчи киши Аллоҳ азза ва жалла учун Қуръон ўқитишга ва уни талқин қилишга ўтирганида нималар билан хулқланиши лозим? Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики, кимгаки Аллоҳ Ўз китобини ўрганишни насиб этиб, у Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир», деган сўзларини қўлга киритиш мақсадида масжидда Қуръон ўқитиб ўтиришни истаса, бир қанча унинг фазлига ҳамда садоқатига далолат қилувчи олийжаноб ахлоқларни йўлга қўймоғи лозим. Аввало ўрнига ўтирганида ўзини паст олиши, катта кетмаслиги керак. Ўтирганда ҳам қиблага юзланиб ўтиргани яхши. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўтиришларнинг энг афзали қиблага юзланиб ўтирилганидир»,[1] деганлар. Ва яна Қуръон ўргатаётган кишисига нисбатан тавозуъ кўрсатиши, унга жуда ҳам гўзал муносабатда бўлиши лозим. Шунингдек, у ҳар бир Қуръон ўрганувчига унинг учун нима яхши бўлса, шуни қўллаши, агар улар катта-кичик, бошланғичдаги, бой-камбағал кишилар бўлса, ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини тўла қилиб бериши ва инсоф билан иш тутиши лозим бўлади. Агар Қуръон таълимида Аллоҳнинг розилигини мақсад қилган бўлса, шунга қараб фаолият юритади. Аммо бойни яқин тутиб, камбағални узоқлаштирмаслиги, бойга мулойим бўлиб, камбағалга қўпол бўлмаслиги керак. Агар шундоқ қилгудек бўлса, шубҳасиз, ўз ишида зулм қилибди, бас, уларнинг ўрталарида адолат қилиши тўғрилик бўлади. Шу билан бирга у бойга тавозуъли, фақирга кибрли бўлишдан ўзини эҳтиёт қилиши, балки камбағалга тавозуъли бўлиши, уни ўтирганда ўзига яқин тортиши ва унга раҳм-шафқатли бўлиши лозим. Бу билан у Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуб бўлади.
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики, бу ўринда Аллоҳнинг Ўз набийсига фақирларни ўзига яқин тутишга амр қилиб: «Улардан икки кўзингни бурма», дея одоб ўргатганини ҳам келтириш мумкин. Айрим дунёдор кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни ўзига яқин ўтиргизишларини ва бошқалардан юқори тутишларини исташди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг илтимосларини қабул қилдилар. Албатта, у зот буни дунё учун эмас, балки уларни Исломга ошно қилиш мақсадида қилган эдилар. Шунда Аллоҳ Ўз набийсини ҳузуридаги энг олийжаноб ахлоқларга йўллаб, фақирларни яқин олишга, уларга нисбатан кенг ва сабрли бўлишга ҳамда дунёга интилувчи бойларни узоқлаштиришга амр қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилдилар. Бу – Қуръон таълим беришга ва илм ўргатишга киришган барча киши муҳтож бўладиган ҳамда у билан одобланиб, уни маҳкам тутадиган асл асосдир. Мен ҳам улардан айримларини баён қиламан, токи китобимизни ўқиган киши Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик ҳосил қиладиган, У Зот учун ўқитишни таъминлайдиган ва бандалардан эмас, Аллоҳдан савоб бўлишини тақозо қиладиган нарсаларни чуқур тушуниб етсин.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги қоғозни отиб юбордилар, сўнгра бизларни чақирдилар, биз бордик. У зот: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди», дедилар. Биз у зотга шу қадар яқин ўтирдикки, ҳатто тиззамиз у зотнинг тиззаларига тегиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бирга ўтирардилар ва қачон туришни хоҳласалар, бизни қўйиб туриб кетардилар. Бас, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Ўзингни эрта-ю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма». Яъни, икки кўзингни бурма ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма. Сўнгра Аллоҳ уларга икки кишини ва дунё ҳаётини зарбулмасал қилиб келтирди». (Хаббоб ибн ал-Аритти розияллоҳу анҳу айтади:) «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирар эдик. Қачон у зотнинг турадиган вақтлари келса, биз у зот турмасларидан олдин туриб кетар эдик».[8] Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин мазкур оятга аҳли Қуръонлар Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун Қуръон таълим беришга ўтирганларида амал қилишга энг ҳақли кишилар ҳисобланадилар.
(Давоми бор...)
[1] Бу ҳадисни Абу Яъло ва Табаронийлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан жуда ҳам заиф санад билан ривоят қилишган. Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, ҳар бир нарсанинг энг улуғи бор, ўтиришларнинг энг улуғи унда қиблага юзланиб ўтирилганидир», дейилган. Мана шу ривоятнинг санадини Имом Саховий яроқли, деб айтган. Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да «Қиблага юзланиш» деган боб очиб, унда Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг кўпинча қиблага қараб ўтиришларини ривоят қилган. [2] Робиъ ибн Анас ал-Хуросоний ал-Мисрий. Марвда истиқомат қилган мўътабар муҳаддислардан. У Анас ибн Молик ва Абул Олиялардан ривоят қилган. Марвда ундан Ибн Муборак, Исо ибн Убайд ва бошқалар ҳадис ёзиб олишарди. [3] Буни Байҳақий, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотамлар ҳам ривоят қилишган. Ибн Жарир Табарий Ибн Аббосдан «Одамлардан такаббурлик-ла юз ўгирма» оятининг тафсирида: «Яъни, кибрланиб, Аллоҳнинг бандаларини паст санаманглар ва улар сизларга гапирганларида улардан юз ўгирманглар», деганини нақл қилган. [4] Бундан маълум бўладики, Робиъ ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ мазкур маънони аслида Абул Олиядан эшитган экан. [5] Анъом сураси, 52-оят. [6] Анъом: 53. [7] Анъом сураси, 54-оят. [8] Бу ҳадисда заифлик бор. Ибн Касир ўз тафсирида: «Бу ҳадис ғарибдир, чунки Ақроъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснлар ҳижратдан анча кейин мусулмон бўлганлар», деган. Аммо воқеанинг асли қандоқ бўлгани ҳақида бошқа саҳиҳ ривоятларда хабарлар келган. Жумладан, Ибн Жарир ва Имом Аҳмадлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Қурайшдан бўлган бир гуруҳ зодагонлар Набий соллаллоҳу алайҳи ваалламнинг олдиларидан ўтдилар. У зотнинг олдиларида Суҳайб, Билол, Аммор, Хаббоб ва улар каби заиф мусулмонлар бор эди. Улар: «Эй Муҳаммад, қавмингдан мана шуларга рози бўлдингми? Орамиздан Аллоҳ неъмат берган шуларми? Биз мана шуларга эргашамизми? Уларни биздан нари қил. Эҳтимол, шундоқ қилсанг, биз ҳам сенга эргашармидик», дейишди. Шунда мазкур оятлар нозил бўлди». Ибн Касир, Ҳоким ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқинроқ ўтириб эшитиш учун у зот томон шошардик. Бир куни Қурайш: «Бизларни қўйиб, мана буларни ўзингга яқин тутасанми?» дейишди. Шунда «Эрта-ю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама!» ояти нозил бўлди».
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |