A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (9-қисм)
PDF Босма E-mail

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (9-қисм)

(Давоми...)

Бадбахт қорилар

Билингларки, Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳм қилсин, юқорида мен Қуръон аҳлига ўзим нолойиқ кўрган нарсаларга далолат қилувчи хабарларни ривоят қилдим. Мен улардан эслаганимча баён этдим, токи китобимизни ўқиган киши Қуръон тиловат қилганида ўзига насиҳат қилса ва вожиб бўлган нарсаларни маҳкам тутса. Аллоҳ муваффақ қилсин.

  1. Саъид Журайрий Абу Назрадан, у Абу Фиросдан ривоят қиладики, Умар ибн Хаттоб[1] розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Бизга шундай вақтлар келдики, бировнинг Қуръонни Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса учун ўрганганини кўрмас эдик. Охирги вақтларда бирор кишининг уни одамларни ва уларнинг қўлидаги нарсаларни мақсад қилиб ўрганишидан қўрқмоқдаман. Бас, қироатларингиз ва амалларингиз билан фақат Аллоҳнинг розилигини истанглар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимиздаликларида, ваҳий нозил бўлиб турган онларда ва Аллоҳ бизга хабарларингизни етказиб турган кезларда сизларни яхши танир эдик. Бугун эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар, ваҳий ҳам тўхтади. Биз энди сизларни қуйидагича таниймиз: ким кўринишда яхшилик қилса, уни шунга кўра яхши кўрамиз ва у ҳақида яхши гумон қиламиз. Ким ташқарида ёмонлик қилса, шунга кўра уни ёмон кўрамиз ва у ҳақида ёмон гумонда бўламиз. Ичларингиз ўзингиз билан Аллоҳ азза ва жалланинг ўртасидадир».[2]
  2. Абу Бакр Ожурий бу ерда Умар розияллоҳу анҳунинг мазкур нутқларини ишончли санад билан ривоят қилган. Унинг лафзи қуйидаги ҳошияда берилган Имом Ҳоким ривоятига мос келади.

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадиларки, Умар ибн Хаттоб ўша вақтдаги Қуръон ўқийдиган кишиларнинг дунёга майл қилишларидан қўрққан бўлсалар, бугун улар ҳақида нима деб ўйлайсизлар? Батаҳқиқ, бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, яқинда Қуръонни ўқни тўғрилагандек тўғри ўқийдиган кишилар бўлишини, улар уни шоштиришларини ва кейинга қўймасликларини, яъни у билан дунёнинг тез келадиган мукофотини истаб, охиратни талаб қилмасликларининг хабарини берганлар.

  1. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг олдимизга чиқдилар. Биз Қуръон ўқиётган эдик. Ичимизда араб ҳам, ажам ҳам бор эди. Бир пас тингладилар ва: «Ўқинглар, барчангизники яхши. Яқинда бир қавм келади, улар у (Қуръон)ни ўқни тўғрилагандек тўғрилайдилар, уни шоштирадилар, кечга қўймайдилар», дедилар».
  2. Саҳл ибн Саъд Саъийдийдан ривоят қилинади: «Биз Қуръон ўқиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар ва: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳнинг китоби биттадир. Ичларингизда эса оқлар ҳам, қизиллар ҳам, қоралар ҳам бор. Қуръонни ўқинглар, уни ўқиб, ҳарфларини ўқ тўғрилангандек тўғрилайдиган, аммо ўқиганлари бўғизларидан нарига ўтмайдиган, унинг ажрини шоштириб, кечга қўймайдиган кишилар келмай туриб ўқиб қолинглар», дедилар».[3]
  3. Ибн ал-Ҳад Аббос ибн Абдулматталибдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Қуръон аниқ юзага чиқади, ҳатто денгизлардан ошиб ўтади, отлар билан Аллоҳ таолонинг йўлига киришади. Сўнгра бир қавм келади, улар Қуръон ўқийдилар ва ўқиб бўлиб: «Биз Қуръонни ўқиб бўлдик, биздан яхши ўқийдиган борми? Биздан яхши биладиган борми?» дейдилар. Сўнгра у зот саҳобаларига қараб: «Сиз ўшаларда бирор яхшилик кўрасизми?» дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. У зот: «Улар сизлардан, мана шу умматдан бўлади, ана ўшалар дўзахнинг ўтинларидир», дедилар».[4]
  4. Бу ерда юқоридаги ҳадис бошқа йўл билан ривоят қилинган.
  5. Мужоҳиддан[5] ривоят қилинади. Ибн Умар[6] розияллоҳу анҳу: «Биз ушбу умматнинг аввали эдик. Киши Қуръондан бир сура ёки шунга ўхшаш нарса билиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг энг яхшиларидан бўлар эди. Қуръон уларга оғир эди, улар унга амал қилиш билан ризқланган эдилар. Албатта, бу умматнинг охирига Қуръон енгил қилинади, ҳатто ёш бола ҳам, ажам ҳам уни ўқийдилар, аммо унга амал қилмайдилар», дедилар.[7]
  6. Ато ибн Соиб айтади: «Абдурраҳмон ибн Авф бизга Қуръон ўқитар эди. Бир куни айтди: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта бу Қуръонга шундоқ бир кишилар меросхўр бўладиларки, улар уни сув ичгандек ичадилар, аммо бўғизларидан нарига ўтмайди», деганлар», деб айтди».
  7. Яҳё ибн Мухтордан ривоят қилинади. Ҳасан[8] шундай деган: «Албатта, бу Қуръонни қул ҳам, ёш бола ҳам ёд олди. Улар унинг маъноларини билмайдилар ҳам, ишнинг бошидан талаб қилмайдилар (билганлардан сўрамайдилар) ҳам. Ҳолбуки, Аллоҳ азза ва жалла: «Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир», деган. Хўш, унинг оятларини тадаббур қилиш нима ўзи? Бу унга эргашишдир, яна Аллоҳ билади. Аммо, Аллоҳга қасамки, бу унинг ҳарфларини ёд олиб, чегараларини бузиш эмас. Ҳатто уларнинг айримлари: «Мен Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб чиқдим, унинг бирор ҳарфини ҳам тушириб қолдирмадим», дейди. Ҳолбуки, Аллоҳга қасам, унинг ҳаммасини (маънан) тушириб юборган бўлади. Унинг хулқида ҳам, амалида ҳам Қуръон кўринмайди. Ҳатто уларнинг баъзилари: «Мен битта сурани бир нафасда ўқидим», дейди. Аллоҳга қасамки, булар қорилар ҳам эмас, олимлар ҳам эмас, ҳакимлар ҳам эмас, тақводолар ҳам эмас. Қачон қорилар кўпайса, шунга ўхшаш гаплар кўпаяди. Аллоҳ бу кабиларни одамлар ичида кўпайтрмасин, думини қирқсин».[9]
  8. Ато ва Қайс ибн Саъд Мужоҳиддан Аллоҳ азза ва жалланинг «Китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирадир», деган сўзини «яъни, ўрнига қўйиб амал қиладиганлари», деб изоҳлаганини ривоят қилишган. (Бу ҳадис худди шу санад билан ушбу китобнинг кириш қисмида 5-рақам остида ҳам келган.)
  9. Мусаййиб ибн Рофеъдан ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръон ҳомили одамлар ухлаганида бедорлиги билан, одамлар оғзи очиқ бўлганларида рўзаси билан, одамлар шубҳаларга аралашиб юрганларида ўта парҳезкорлиги билан, одамлар гердайиб турганларида тавозуъси билан, одамлар хурсанд бўлганларида маҳзунлиги билан, одамлар кулаётганларида йиғиси билан, одамлар турли гапларга шўнғиб турганларида жим туриши билан ажраб туриши лозим», деганлар.[10]

 

(Давоми бор...)

 

 

[1] Машҳур саҳоба.

[2] Бу асарни Абу Бакр Ожурий Фирёбийдан, у Зубайдийдан, у Бақийя ибн Валиддан, у Шуъбадан, у Саъид ибн Журайрийдан ривоят қилган. Муҳаддислар бу санаддаги Бақийя ибн Валидни ишончсиз киши деб, унинг ривоятларини қабул қилишмаган. Аммо ушбу нақлни Имом Ҳоким ўз «Мустадрак»ида бошқа санад билан ривоят қилиб: «Бу Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ ҳадис, аммо икки шайх (Имом Бухорий ва Имом Муслим) уни келтирмаганлар», деган. Унда Саъийд ибн Журайрийдан пастдаги ровийлар бошқа бўлиб, ҳадис 8356-рақамда келган. Унинг лафзи қуйидагича: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй инсонлар, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимиздаликларида, ваҳий нозил бўлиб турган онларда ва у бизга хабарларингизни етказиб турган кезларда сизларни яхши танир эдик. Бугун эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар, ваҳий ҳам кўтарилди. Биз энди сизларни қуйидагича таниймиз: ким кўринишда яхшилик қилса, уни яхши кўрамиз ва у ҳақда яхши гумон қиламиз. Ким ташқарида ёмонлик қилса, уни ёмон кўрамиз ва у ҳақда ёмон гумонда бўламиз. Ичларингиз ўзингиз билан Роббингиз ўртасидадир. Мен шундай замонда яшадимки, Қуръон ўқиган кишини Аллоҳ таолони ва У Зотнинг ҳузуридаги нарсани мақсад қилади, деб ҳисоблар эдим. Аммо охирги вақтларда баъзи кишилар уни одамларнинг қўлларидаги нарсаларни истаб ўқимоқда, деб ўйламоқдаман. Огоҳ бўлинглар, қироатларингиз ва амалларингиз билан фақат Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани истанглар. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳга қасамки, мен ишчиларимни юзларингизга уришлари, молларингизни тортиб олишлари учун юбормайман. Лекин мен уларни сизларга динларингизни ва суннатларингизни ўргатишлари, ўрталарингизда адолат қилишлари, ўлжаларингизни тақсимлаб беришлари учун юбораман. Огоҳ бўлинглар, кимга ўша (уриш ва молларини тортиб олиш каби) ишлардан бирортаси қилинса, менга мурожаат қилсин. Умарнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг учун мен қасос оламан», дедилар. Шунда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сакраб туриб: «Эй мўминларнинг амири, мусулмонлардан бир киши бирор халққа раҳбар бўлиб, баъзи одамларни тарбияласа, сиз бунга нима дейсиз, ундан ҳам қасос оласизми?» дедилар. У киши: «Қандай қилиб қасос олмай, ҳолбуки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан қасос олдирганларини кўрган бўлсам?! Огоҳ бўлинглар, одамларни урманглар, хўрлаб қўясизлар, уларнинг ҳуқуқларини тўсманглар, кофир қиласизлар, уларга зўрлик қилманглар, фитнага қўясизлар, уларни ўрмонларга туширманглар, зое қиласизлар», дедилар.

[3] Бу ҳадиснинг Ожурий келтирган санадида заифлик бор. Аммо уни Абу Довуд ўз «Сунан»ида бошқа саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

[4] Бу ҳадиснинг санади заиф. Аммо уни Табарий ва Баззорлар яхши санад билан ривоят қилишган.

[5] Олдинда зикри ўтган Мужоҳид ибн Жубайр.

[6] Машҳур саҳоба.

[7] Бу нақлнинг санади жуда ҳам заиф. Бунинг сабаби ровийлардан бири, аниқроғи, Мужоҳиднинг сўзини ўз отасидан ривоят қилган Исмоил ибн Иброҳимдир. У ҳақида Имом Бухорий, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ишончсизлик билдирганлар.

[8] Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ.

[9] Бу нақлни Абдурраззоқ ва Хатиб Бағдодийлар ҳам ривоят қилишган. Абу Убайда бошқа йўл билан қуйидаги лафзда ривоят қилган: «Ҳасан айтади: «Қуръон қорилари уч синфдир: бир синф уни тирикчилик манбаи қилиб олганлар. Иккинчи синф – унинг ҳарфларини жойига қўйиб, чегараларини бузадиган, у билан ҳамюртларидан ўзини баланд оладиган ва амалдорлардан нарса ундирадиганлар. Қуръонни кўтарганлар ичида мана шунақалари кўп, Аллоҳ уларни кўпайтирмасин. Учинчи синф Қуръоннинг давосига интиладилар ва уни қалбларининг касалликларига қўядилар. У билан меҳробларида узоқ ўтирадилар, кулоҳларида сўниб кетадилар, хавфни ҳис қиладилар, маҳзунликка бурканадилар. Ана ўшалар Аллоҳ улар сабабли ёмғир ёғдирадиган, уларни душманларидан ғолиб қиладиган кишилардир. Аллоҳга қасамки, Қуръонни кўтарганлар ичида бу турдагилари олтингугуртдан ҳам кам».

[10] Бу нақлни яна Абу Ҳотим «Маросил»ида ва Абу Убайд «Қуръон фазилатлари» бобида ривоят қилганлар.

 

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид