Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (4-қисм) | ||||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (4-қисм) (Давоми...)
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан Ибн Закнун Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Урва Ҳанбалий айтади: «Бизга ишончли, мўътабар шайх Абу Толиб Абдулатиф ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳамза ибн Форис Қубайтий хабар берган, бу унинг мажлисларида бизнинг тингловимизда унга ўқиб берилганига кўра бўлиб, биринчиси олти юз ўттиз тўққизинчи йил учинчи шаввол душанба кунида бўлган эди».
У айтади: «Бизга Абул Музаффар Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Кархий хабар берган бўлиб, бу беш юз олтмишинчи йили зулқаъда ойида бўлган». У: «Бизга Абу Бакр Аҳмад ибн Али Туройсий хабар берган», деган. У: «Бизга Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Умар ал-Муқрий Ҳамамий хабар берган», деган. У айтади: «Бизга Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ожуррий уч юз эллик тўртинчи йили Маккада Масжидул Ҳаромда мен эшитиб турганимда унга ўқиб берилганига кўра хабар берган». * * * Мен сўз ва амалда тўғрилик пинҳон бўлгани учун Аллоҳга суянаман. Сўз бошлашга энг ҳақли нарса Мавломиз Карим бўлган Зотга ҳамд айтишдир. Ҳамдларнинг энг афзали эса Карим Зотнинг Ўзига айтган мақтов ва мадҳларидир. Бас, биз ҳам ўшалар ила ҳамд айтамиз. Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган, уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирган; яхши амалларни қиладиган мўминларга гўзал ажр бўлиши башоратини берган Зот Аллоҳга ҳамд бўлсин. (Улар) у (ажр)да абадий қолгувчидирлар. Ва яна осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. У ўта ҳикматли, ўта хабардор Зотдир. У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, билади, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, билади. У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли Зотдир.[1] У Зотга эҳсонининг азалийлиги ва неъматларининг бардавомлиги учун Карим Мавломиз билмаган нарсасини билдиргани ва унга фазлининг буюк бўлганини англаган кишининг ҳамди ила ҳамду санолар айтаман. У зотдан фазлининг зиёда қилишини ва фазл қилган неъматларига шукрни насиб этишини сўрайман. У ўта улуғ фазл соҳибидир. Шунингдек, У Зотнинг бандаси, расули, набиййи, ваҳий ва бандаларининг омонатдори Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг барча аҳлларига у зотга ризо, бизларга мағфиратга сабаб бўладиган тарзда Аллоҳнинг салотиу покиза саломи бўлсин. Буюк Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда қувват йўқдир. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий айтади: Аллоҳ Қуръонни Ўз набийига нозил қилди ва у зотга Ўзи нозил қилган нарсасининг фазлини билдирди. Ва Аллоҳ яна Ўз махлуқотларига ушбу Китобида ва Расулининг тилида шуни ҳам маълум қилдики, албатта, Қуръон у билан бошпана истаганга ҳимоядир, тўғри йўл талаб қилганга ҳидоятдир, бойлик истаганга бойликдир, унга эргашган кишига дўзахдан қўрғондир, қалблардаги нарсаларга шифодир, мўминларга ҳидоят ва раҳматдир. Сўнгра Аллоҳ – Унинг исми азиз ва улуғ бўлсин – махлуқотларини у (Қуръон)га иймон келтиришларига, унинг ҳукмларига амал қилишларига, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром деб билишларига, унинг муташобеҳ (турли маъноларга далолат қилувчи оятлар)ига ишонишларига, ҳикояларидан ибрат олишларига ва «Уларнинг барчаси Роббимиз ҳузуридан эканига иймон келтирдик», дейишларига амр қилди. Кейин уларга у (Қуръон)нинг тиловатига ва унга амал қилишга интилганлар дўзахдан нажот топиши ҳамда жаннатга киришини ваъда қилди. Махлуқотларини У Зотнинг китобини тиловат қилганларида уни тадаббур этишларига, унда қалблари билан тафаккур қилишларига, бошқалардан эшитганларида гўзал суратда қулоқ солишларига чақирди ва бунинг эвазига уларга улкан савобларни ваъда қилди. У Зотга ҳамдлар бўлсин... Сўнг бандаларига ким Қуръонни тиловат қилса ва бу билан Мавлоси Карим ила савдо қилишни ирода этса, У Зот унга энг юқори фойдани инъом этиб, бу савдонинг баракасини дунёю охиратда билдиришини маълум қилди. Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Юқорида айтиб ўтганларим ва, Аллоҳ хоҳласа, энди зикр қиладиганларимнинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, у зотнинг саҳобалари ва бошқа уламоларнинг сўзларида баён қилингандир. Аллоҳ хоҳласа, улардан ёдимда борларини келтиришга ҳаракат қиламан. Аллоҳнинг Ўзи бунга муваффақ қилсин...» Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи)дир».[2] «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур. Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик».[3] «Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас».[4] «Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди».[5] «Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик. Аллоҳга иймон келтирган ва Уни маҳкам тутганларни, шубҳасиз, Ўзидан бўлган раҳматга ва фазлга киритур ва уларни унга – тўғри йўлга ҳидоят қилур».[6] «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг...»[7] «Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ».[8] «Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир».[9] «Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки, тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик».[10] Аллоҳ азза ва жалла Каломига қулоқ тутиб, уни эшитишда чиройли эътибор бериш билан одобни, унга эргашиш ва амал қилишда вожиб бўлган нарсани маҳкам тутишни гўзал қилган кишига барча яхшиликларнинг хушхабарини берди ва бунинг учун унга энг афзал савобларни ваъда қилди. Шунингдек, «Бас, бир бандаларимга хушхабар берки, улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир»[11], деб марҳамат этди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас. Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг».[12] Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Роббимизнинг барча каломи уни ўқиган ва эшитган киши учун яхшиликдир. Бу фақатгина – Аллоҳнинг Ўзи билувчироқ – шундоқ бир кишиларнинг сифатики, улар Қуръондан Карамли Мавлолари кўрсатган, Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик ҳосил қиладиган нарсаларнинг энг гўзаллари, яхшиларига эргашадилар, бу билан У Зотнинг розилигини талаб қиладилар, раҳматидан умидвор бўладилар. Аллоҳ таолонинг: «Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз»,[13] деган сўзига қулоқ тутарлар. Бас, уларнинг чиройли суратда тинглашлари уларни фойда ва зарарлар ҳақида келган нарсалардан эслатма олишга ундайди. Улар: «Бас, Қуръон ила азоб ваъдамдан қўрққанларни огоҳлантир»,[14] деган Аллоҳга қулоқ тутадилар. (Давоми бор...)
[1] Ушбу ҳамду санолар Қуръони Каримнинг Каҳф ва Сабаъ сураларининг аввалги оятларидан иқтибос қилинган. [2] Фотир сураси, 29–30-оятлар. [3] Исро сураси, 9–10-оятлар. [4] Исро сураси, 82-оят. [5] Юнус сураси, 57-оят. [6] Нисо сураси, 174–175-оятлар. [7] Оли Имрон сураси, 103-оят. [8] Зумар сураси, 23-оят. [9] Сод сураси, 29-оят. [10] Тоҳа сураси, 113-оят. [11] Зумар сураси, 17–18-оятлар. [12] Зумар сураси, 54–55-оятлар. [13] Аъроф: 204. [14] Қоф: 45.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |