Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (3-қисм) | ||||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (3-қисм) (Давоми...)
«Ахлаақу ҳамалатил Қуръан» – «Қуръон ҳомилларининг ахлоқлари» китоби ҳақида Бу асарнинг Ожуррий қаламига мансублиги ҳақида Ибн Хойр Ишбилий ўзининг «Феҳрисат»ида (285-б.) зикр қилган. Шунингдек, китобнинг қўлёзма нусхалари ва уни Ҳофиз Абдулғани Мақдисий (в. 600 ҳ.), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Саъдуллоҳ Ҳанафий (в. 584 ҳ.), Ибн Закнун Ҳанбалий (в. 837 ҳ.) каби буюк муҳаддис ҳамда фақиҳларнинг ўз санадлари билан қилган ривоятлари ҳам китобнинг муаллифи Абу Бакр Ожуррий эканини таъкидлайди. Бинобарин, китобнинг Ожуррий қаламига мансублигини, китобдаги ровийлар санади, унинг услуби ва бошқа жиҳатлари муаллифнинг «Аш-шариъа», «Ахлаақул ъулама» ва «Ахбару Умар ибн Абдулазиз» каби асарларига монанд келишини айтиб тасдиқлашимизга ҳожат ҳам қолмайди.
Китобдаги ровийлар силсиласидан шу нарса маълум бўладики, муаллиф уни Маккаи Мукаррамада таълиф этган. Буни Ибн Закнун нақл қилган нусхада муаллиф китобни Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Умар ал-Муқрий Ҳаммамийга Маккада имло қилдиргани очиқ айтилганидан тушуниб оламиз. Китобнинг илмий қийматига келсак, у ўз мавзусига кўра Қуръон илмига доир ҳисобланади ва бевосита ушбу илмга тааллуқли бўлгани эътиборидан энг шарафли шаръий китоблар сарасига киради. Абу Бакр Ожуррийнинг юқори табақа муҳаддислардан бўлганини ва ўз даврининг энг мўътабар олимларидан, жумладан, дарс мажлисида ўн мингга яқин ҳадис ёзувчиларга ҳадис айтадиган буюк муҳаддис Абу Бакр Фирёбийнинг шогирдларидан эканини эътиборга олсак, мазкур китоб ўз мавзуида асл ва бош манбалардан ҳисобланиши равшан бўлади. Ўз навбатида бу асар Абу Убайд Ал-Қосим (в. 224 ҳ.), Муҳаммад ибн Айюб Аз-Зорис (в. 294 ҳ.) ва Абу Бакр Фирёбий (в. 301 ҳ.) каби илк муҳаддисларнинг ушбу мавзуда ёзган китоблари каби илмий аҳамиятга эга. Китоб муҳаддисларнинг услубида, санад билан ривоят қилиш усулида ёзилган бўлиб, 90 та нақлни ўз ичига олган. Улардан 45 таси муаллифнинг санади билан марфуъ – узуликсиз равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб бориб, у зотдан нақл қилинган ҳадислардир. Қолган хабарлардан 14 таси саҳобалардан, 29 таси тобеъин ва улардан кейинги муҳаққиқ олимлардан ривоят қилинган нақллар ҳисобланади. Булардан ташқари, муаллиф китобда яна 7 та ҳадис нақл қилган бўлиб, улардан баъзиларини муаллақ – иснодсиз[1], бошқаларини мурсал – тобеъинлардан (саҳобани тушириб) ривоят қилган. Муаллиф айрим ривоятларни заиф санад билан ҳам ривоят қилган. Бу муҳаддисларнинг илк авлодларининг одатлари бўлиб, улар бунда кўпинча ҳадиснинг бошқа санадлар ва ривоятлар билан қувватланишини ҳисобга олганлар. Абу Мужоҳид Адулазиз қори «Ахлаақу ҳамалатил Қуръан» китобининг матнини тайёрлашда бешта қўлёзма нусхага таянган ва улардан бирини асос қилиб олган. У ҳам бўлса, Ибн Закнун номи билан машҳур бўлган Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Урва Ҳанбалий (вафоти 837 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал-кавакиб ад-дарорий» («Ёрқин юлдузлар») номли катта асаридан олинган. Ибн Закнун ўзининг бу асарида Имом Аҳмаднинг «Муснад» китобини Имом Бухорий услубида тартибга солган ва шу билан бирга Имом Ожуррийнинг мазкур китобларини муаллифгача бўлган санади орқали тўлалигича келтирган. Бу нусханинг эътиборга молик ери шундаки, унда китобнинг тўла матни мавжуд ва уни буюк олимлардан бири Ибн Закнун мўътабар саҳиҳ санад ила нақл қилган. У «Ал-кавакиб ад-дарорий» асарининг қирқ биринчи мужалладида келган бўлиб, уни хаттот Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Бадр Ҳанбалий ёзган ва 827 ҳижрий сананинг зулқаъда ойининг йигирманчиси шанба кунида тамомлаган. Абу Мужоҳид Адулазиз қори фойдаланган қолган тўрт нусха қуйидагилар:
Китобнинг, булардан ташқари, Берлин ва Туркия кутубхоналарида ҳам қўлёзма нусхалари мавжуд.
Ахлаақу ҳамалатил Қуръан – Қуръон ҳомилларининг ахлоқлари Ушбу китобни Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррийдан Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Умар ал-Муқрий Ҳаммамий, ундан Абу Бакр Аҳмад ибн Али Туросийсий, ундан Абул Музаффар Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Кархий, ундан Абу Толиб Абдуллатиф ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳамза ибн Форис Қубайтий ва ундан Ибн Закнун номи билан машҳур бўлган Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Урва Ҳанбалий ривоят қилган.
(Давоми бор...)
[1] Иснод сўзи санад тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ровийлар санадини келтириш, деган маънони англатади.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |