Абдулҳаким қори Кoмолжон ўғли: «Қорилар юртнинг баракаси ва шон-шарафидир». | ||||
|
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдларидан бири, узоқ йиллардан бери динимизга хизмат кўрсатиб келаётган, бир неча йил «Кўкалдош» мадрасасида раҳбарлик қилган, ҳозирда «Жўрабек» масжидида имом-хатиб бўлиб, масжидни қайта тиклашда бош бўлиб турган Абдулҳаким қори ака билан Рамазон суҳбати.
‒ Қори ака, аввало, Рамазонлар муборак бўлган бўлсин! Шундай қутлуғ кунларда ушбу суҳбатимиз кечиб турганидан бағоят мамнунмиз. Аввало, устозларингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
‒ Аллоҳга ҳамду саноларимиз, Расулимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га дуруд ва салавотларимиз бўлсин! Раҳмат, қори домла. Моҳи шарифи Рамазон ойи барчамизга баракотли бўлсин! Бу ой − Қуръон ойи, ибодат ойи, файзу барака ойи. Шу билан бирга, бу ой жуда ҳам ғанимат мавсим. Уни кечагина қанчалар интизорлик билан кутиб олган эдик, мана, бир пасда у билан видолашув арафасида турибмиз. Ҳар йили хатми Қуръон, тоат-ибодатлар билан Рамазон ойининг қандай ўтганини билмай ҳам қоламиз, унга тўймай қоламиз. Бу ҳам, албатта, кишининг иймонига боғлиқ ҳол, деб ўйлайман. Аллоҳ бу ойнинг файзу баракасини юртимизга янада мўл ва бардавом айласин!
Мен дастлаб опоқдадам Абдурашид қози домлада савод чиқарганман. Кейин Андижондаги улуғ қори устозлар ‒ Одилхон қори дада, Аҳмадуллоҳ қори дада, кейин Мубин қори даданинг фарзанд ва шогирдлари хизматида бўлиб, улардан таълим олганман. Бу улуғ зотларни эсламай иложимиз йўқ, чунки улар ўша мустабид тузум даврида динимизни, ўзлигимизни, миллатимизни сақлашга жуда катта ҳисса қўшишган. Уларнинг хизматларининг баракаси бугун нафақат юртимизда, балки бутун минтақамизда акс садо бериб, мусаффо Исломни, аҳли сунна вал жамоа анъаналарини асрашга сабаб бўлмоқда. Андижон халқи қадимдан Қуръонда пеш бўлган. Рус босқинчилари, худосиз большевиклар ҳарчанд уринмасин, бу халқни Қуръонидан айира олмаган. Андижонликларнинг тили Қуръонга бурролиги билан ажралиб туради. Умуман олганда, бу ўлка уламоларининг минтақамиз мусулмонларининг маънавияти учун қилган хизматлари беқиёсдир. Илм олиш иштиёқида 1986 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ўқишга кирдим. Бу пайтда мустабид тузум зуғумларидан ҳамма зериккан, худосизлик, динсизликдан чарчаган, халқимизда уйғониш куртаклари кўриниб қолган эди. Юзлаб толиби илмлар орзу қилиб юрган бу даргоҳга мен Қуръоннинг шарофати билан ҳеч бир қийинчликсиз кириб кетганман. Қабул учун ёзилган аризада Қуръонни ёд олганимни ҳам айтган эдим. Шу пайтгача Маъҳадга кирганлар ичида қорилар жуда нодир бўлган экан. Имтиҳондан кейин Муфтий Шамсиддинхон ака мени алоҳида чақиртириб, шундай деган эди: «Оталаримизнинг Қуръони Каримга ихлослари ўзгача эди. Шу боис аҳли Қуръонларни жуда ҳам ардоқлашарди. Қиблагоҳимиз Зиёуддин ҳазрат: «Қорилар юртнинг баракаси, файзи ҳисобланади. Агар юртда етарли қорилар бўлмаса, Аллоҳнинг олдида нима деб жавоб берамиз? Пойтахтга яхши қориларни жалб қилишимиз керак», дердилар ва шу учун Тошкентдаги катта қори бувалар бирин-кетин ўтиб кетиб, қорилар топилмай қолиши хавфи туғилганда ўзлари харидор бўлиб юриб Раҳматуллоҳ ва Абдуррашид қориларни ўқишга киритгандилар. Биз ҳам оталаримизнинг давомчиларимиз, қориларни ҳурмат қиламиз, уларга имтиёз берамиз. Институтимизга қорилар керак, сизни ҳам шу мақсадда ўқишга қабул қилдик». Шундай қилиб, Маъҳадда таҳсил ола бошладим. У пайтда устоз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари институтнинг проректори эдилар. У кишининг Қуръонга ва қориларга эҳтимомлари ўзгача эди. Шунинг учун ҳам ўша пайтларданоқ орамизда мустаҳкам ришта пайдо бўлганди. Таҳсил асносида менга ҳар тарафлама туртки бўлган, намуна бўлган, йўл кўрсатган ва Маъҳадни кўнгилдагидек тугаллашимга сабаб бўлган асосий устозим шу киши бўлдилар. Кўпчилик талабалар қатори мен ҳам у кишини ўзим учун ўрнак қилиб олгандим. Ўқиш мобайнида Қуръони Каримнинг баракаси ҳар қадамда сезилиб турди. Ўша йиллари ҳам Рамазон ёзга тўғри келганди, ўқишга кирган йилимоқ «Тилла Шайх» (ҳозирги «Ҳазрати Имом») масжидида хатмга ўтдим. У пайтда масжидда Минҳожиддин қори ака, Яҳё қори ака, Раҳматуллоҳ қори ака ва Абдурашид қори ака хатмга ўтарди, мен бешинчи қори бўлиб қўшилдим. Лекин эртасига ўша пайтдаги диний кенгашнинг раиси мени чақириб: «Биз сизни Москванинг рухсатисиз хатмга ўтказган эдик, эътироз билдиришди, энди намозга ўтмай турасиз», деди. Уч-тўрт кундан кейин Диний идора масъулларининг ташаббуси билан менга хатмга ўтишга яна рухсат берилди.
‒ Буни қарангки, суҳбатимиз оқими навбатдаги саволимизга туташиб келди. Собиқ Иттифоқ даврида юртимизда Рамазон ойида саноқли масжидлардагина хатми Қуръон бўларди ва уларда, асосан, катта ёшдаги қори бувалар қироат қилишарди. Сўнги йиллардагина айрим ёш қорилар ҳам хатмга қатнашишган. Биз сизни ўша ёш қорилар сафида Қуръон майдонига кириб келганингизни биламиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, ўша даврдаги хатми Қуръонлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз. ‒ У пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда бўлгани учун ушбу минтақадаги хатми Қуръонлардан хабардор бўлиб туриларди. Хамт, асосан, Тошкентдаги, Фарғона водийсидаги ва Тожикистондаги айрим марказий масжидлардагина бўларди. Қозоғистон ва Қирғизистонда бунақа гаплар йўқ эди. Хатмга ҳам, асосан, ёши улуғ қори бувалар ўтарди, ёш қорилар бўлмасди. Айрим масжидларга бир йил рухсат бўлса, бир йил рухсат тегмасди. Бутун Ўрта Осиё бўйича биргина «Ҳазрати Имом» масжидида хатм қилишга рухсат берилган йиллар ҳам бўлган. Андижондаги устозларимиз айтиб беришганди. Бир йили Ҳабибуллоҳ ҳожи дада Андижон шаҳридаги «Девонабой» масжидида хатм қилишга рухсат олиш учун Тошкентга келибдилар, аммо рухсат берилмабди. Умидини узган Ҳожи дада Андижонга йиғлаб қайтибдилар. Масжидга келиб, кўзларида ёш билан жамоатга: «Муҳтарам жамоат, бу йил масжидда хатм қилишмизга рухсат бўлмади. Аммо биз ноумид бўлмаймиз, бўшашмаймиз, бошқача йўл тутамиз. Эртадан бомдод намозида хатм бошлаймиз, келаси Рамазон олдидан хатмни тугатамиз, иншооллоҳ, масжидимизда йил бўйи хатм қилган бўламиз, бу йил хатм эшитишни ният қилганлар, истовчилар эртадан бомдодни шу жамоат билан ўқисин. Олдин нафл намозда хатм қилиб келган бўлсак, энди фарз намозда хатм қиламиз, хатми Қуръонни тарк этмаймиз», дея мурожаат этибдилар. Шундай қилиб, масжидда хатмни тўхтатмаган эканлар. Ўйлаб қарасам, қори дадаларимиз хатми Қуръонларда бугунги кунларимизни сўраб илтижолар қилишар экан. Улар ҳар намозда, ҳар хатмда «Парвардигоро, мажидларимиз, қориларимиз, намозхонларимиз сафини кенгайтир, Юртни обод эт», деб йиғлаб дуо қилишарди. Алҳамдулиллоҳ, бугун биз Рамазонларда қилинган ўша дуоларнинг қабул бўлганини кўриб турибмиз. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ) муфтий бўлгач, масжидларни кўпайтириш билан бирга, чекка вилоятларда ҳам хатми Қуръонлар қилинишига алоҳида эътибор қаратдилар. Яҳё қори ака билан мени Хоразмга хатмга юбордилар. «Охун Бобо» масжидида қилинган ушбу хатм Хоразм вилоятида собиқ Иттифоқ давридаги биринчи хатми Қуръон бўлган. Одамлар дастлаб хатм бўлаётганига ишонишмаган, аста-секин атроф-жавонибдан намозхонлар келиб, жамоат кўпайган эди. Етти-саккиз киши билан бошланган хатмга бир ҳафтада беш юзтадан зиёд одам қатнашган. Хатмни ўн беш кунлик қилганмиз. Одамлар худосизлик ташвиқотларидан чарчаган, динга чанқоқ, Қуръонни соғинган экан, халқ жуда мамнун бўлган, хатмда кўзларида ёш билан миқ этмай турган. Чунки халқимизнинг ўша пайтда ҳам динга, Қуръонга бўлган муҳаббати ўзгача эди. Хивада Ота Ниёз қори ака деган одам бор экан. Ўша пайтда ёшлари саксондан ошган эди. Хоразмда хатми Қуръон бўлаётганини эшитиб ишонқирамаган эканлар. Кейин қорилар билан кўришсам, деган орзуда бизни чақиртирган эканлар, зиёратларига бордик. Ўзлари қарилик сабаб хатмга келолмабдилар. Борсак, ҳадялар тайёрлаб қўйибдилар. Жуда улуғ инсон эканлар, суҳбатлари ҳам нияҳоятда мароқли. Айтишларича, Хива хонлиги даврида Ичон қалъада 5000 минг қори таълим оларкан. Ҳар йили Қуръон мусобақаси бўлиб, биринчи ўринни олган ғолибга хон тарафидан кичик бир хумда тилла совға қилинаркан. Ота Ниёз қори бува ана ўша совринга сазовор бўлган инсонларнинг сўнгиси бўлган экан. Худосизларнинг қатағони Хива заминини қонга белаган пайтда Ичон қалъадаги домлалар ва қориларни олиб чиқиб, тириклайин қумга кўмишган экан. Ўшанда иккита талаба қочиб жон сақлаб қолган бўлиб, улардан бири Ота Ниёз қори бўлган эканлар. Ота Ниёз қорининг онаси хон совға қилган тилла тангаларни қорининг чопони қовуғига жойлаб берибди. Қори Туркманистон тоғлари томон ҳижрат қилибди. Кейин Қирғизистон тоғларида яшаб юриб, 1980 йилларда Хивага қайтган эканлар. Шунда ҳам анчагача ўзларининг ҳофизи Қуръон эканларини яшириб юрган эканлар. У киши билан учрашувимиз жуда ҳам ажойиб ўтди.
‒ Мустақилликдан кейин Пойтахтдаги қатор масжидларда Туркия, Афғонистон, Миср ва бошқа мусулмон юртлардан келган қорилар хатм қилишган экан. Бу нарса ўша пайтда ўзимизда қорилар етишмаганидан бўлганми ёки бошқа бир сабаб бормиди? ‒ Ҳа, ўша пайтда Тошкентда қорилар, деярли, қолмаган эди, масжидлар эса кўпайиб кетганди. Шу билан бирга, айрим қориларимиз тортинчоқликданми ёки бошқа сабабданми, ўзларини яшириб, халқ олдига чиқишдан қочишарди. Бугун эса, алҳамдулиллоҳ, қориларимиз жуда ҳам кўп ва сифат даражалари ҳам баланд. Ҳар бир масжидда хатм қиламиз, десак ҳам қориларимиз бемалол етиб ортади. Бунинг учун ҳар қанча шукр қилсак, оз.
‒ Сиз олдинги қори дадаларни кўрган ва ёш қориларни ҳам яқиндан кузатиб турган аҳли илм сифатида бугунги қориларга нима тавсиялар айтган бўлардингиз? ‒ Алҳамдулиллоҳ, бу Рамазонда ҳар йилгидан ҳам кўра кўпроқ хатми Қуръонларда иштирок этиш насиб бўлди. Тошкентдаги масжидларни олиб қараганимизда, қориларимизда ўсиш жуда ҳам зўр, қироатлар бир-биридан гўзал, тартиб-интизом ҳам ҳавас қиладиган. Кўплаб Ислом ўлкаларида бўлиб шунга амин бўлдимки, биздаги хатми Қуръонлардаги савия, бундай шукуҳ бошқа жойларда жуда ҳам камёб ҳолат экан. Илоҳим, кўз тегмасин, зиёда бўлсин! Аммо жумҳуриятимизнинг айрим вилоятларида етук қорилар етишмаётган, баъзи масжидларда хатми Қуръонга унча эътибор берилмаётган ҳолатлар ҳам бор. Уларни ҳам аста-секин ислоҳ қилиб боришимиз керак. Ёш қориларга тавсия маъносида шуни айтиш мумкинки, аввало, ўлкамиздаги қадимги устоз қорилар ўзига хос мадрасага эга бўлганларини яхши англаб олишимиз керак. Ҳозирда айрим қориларимиз Хориж давлатларидаги баъзи қориларга тақлид қиламан, деб ўз услубларини йўқотиб қўйишмоқда. Тўғри, уларнинг қироати ҳам ўзларига хос, аммо бор нарсани такрорлашда бир янгилик, манфаат йўқ. Баъзан тақлид натижасида Қуръонга номуносиб оҳангларга ўтиб кетиб қолиниши эса кишини янада нохуш қилмоқда. Аслини олганда, Шаҳобиддин қори ака, Мубин қори ака, Абдулбоқий қори бувалар каби катта устозларимизнинг услублари ҳар тарафлама устун, ўшаларнинг мадрасаларини ривожлантириш муносибдир. Бир йили Кувайт Молия ва Вақф ишлар Вазири Адуллоҳ Маътуқ юртимизга ташриф буюрганда шахсан менга илтимос қилиб: «Менга шундай макондан жой қилингки, бомдод, шом ва хуфтон намозларида масжидга жамоатга қатнай, чунки мен сизларнинг қориларингизнинг қироатларини тинглашни орзу қилиб келганман. Кувайтдаги ёши улуғ шайхларимиз Мовароуннаҳр қориларининг қироатларини кўп мақташар ва асл қироат деб баҳолашар эди. Биз устозлардан бу ҳақда кўп эшитганмиз», деб айтди. Биз меҳмонга айтган шароитини яратиб бердик, жуда мамнун бўлди. Масжидларда хатми Қуръон қилишга қориларни танлашни шу ишнинг мутахассисларига топшириш керак. Етук қорилар, устозлар ёш қориларни имтиҳон қилиб, саралаб, уларга тавсиялар бериб борсалар, жуда яхши бўларди. Бунинг учун Диний идора қошида мутахассис қорилардан иборат махсус ҳайъат ҳам тузиш мумкин. Дунёнинг кўп жойларида қорилар уюшмалари бор, улар шу соҳанинг равнақи учун хизмат қиладилар. Сўнгги йиллардаги тажрибалардан келиб чиқиб яна шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, хатми Қуръон учун вақт белгилашни ҳам қорилар билан бамаслаҳат қилиш лозим. Чунки кўп жойларда шу маънода қориларимизга қийинчилик, ноқулайликлар рўй бераётганинига гувоҳ бўлиб қоляпмизки, бунинг тўғри ечими айнан қироат илми мухассисларининг хулосалари билан боғлиқдир. Хатми Қуръон ҳақида етарли илмга, тасаввурга эга бўлмаган кишиларнинг аралашуви турли кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин.
‒ Фурсатдан фойдаланиб, яна бир мавзуга ҳам қисқача тўхталсак. Ҳозирда айрим қориларимиз халқаро Қуръон мусобақаларида ҳам қатнашиб келишмоқда. Иш фаолияти сабабли ўшандай мусобақалардан бевосита хабардор мутахассис сифатида бизнинг қориларимиз халқаро мусобқаларда ғолиб бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз? ‒ Мен ўзим ҳам Малайзиядаги Қуръон мусобақасида қатнашганман, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, кўплаб халқаро мусобақаларга қориларимизни юборишга ҳам ҳисса қўшиб келганман. Қориларимиз ўзларининг гўзал қироатлари билан доимо юртимиз шаънини кўтариб, дунёга танитиб келаётган бўлсалар-да, ҳали юқори ўринларни забт эта олишганча йўқ. Тўғри, халқаро мусобақада биринчи ўринни олган қориларимиз ҳам бўлди, аммо кўпинча бундай ютуқ муяссар бўлмай қолаётир. Бунинг бир қатор сабаблари бор, албатта. Юртимизда жуда ҳам талантли, хушовоз, гўзал қироатли қориларимиз бисёр, фақат уларни кашф қилиш, етилтириш керак. Халқаро мусобақаларга чиқариладиган қориларни ана ўшандай мусобақаларнинг талабларини биладиган қироат мутахассислари танлаши даркор. Шу билан бирга, бунга муносиб тайёргарлик ҳам бўлиши лозим. Бизда кўпинча қорига бир неча кун олдингина хабар берилади-да, кейин у қори шоша-пиша тайёрланган бўлиб, сафарга отланишга мажбур бўлади. Шуни эртароқдан аниқлаб, керагича шуғулланишига шароит яратиб берилса, анча яхши натижаларни қўлга киритиш мумкин. Кейин бир марта чет эл мусобақасига чиққан қори негадир қайтиб бошқа жойга юборилмайди. Балки бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бордир, лекин тажриба орттириб қайтган қорини яна қайта юборилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Қорилар юртнинг баракаси ва шон-шарафидир. Қуръон ўқилиб турган юртга бало келмайди, дейилади. Қуръон тирикларимиз учун ҳам, ўтганларимиз учун хайру барака манбаидир. Қуръоннинг, хусусан, фарзанд тарбиясидаги ўрни жуда катта, маънан соғлом авлод тарбиялашдаги ўрни беқиёс. Тажрибалар шуни кўрсатадики, Қуръон кишининг ахлоқини сайқаллайди, ҳофизасини ўткир қилади, ақлини пешлайди. Шунинг учун, қорилар ахлоқ-одоби, зийраклиги билан ажралиб турганини кўрамиз. Бежизга илгариги аждодларимиз фарзандларига барча илмлардан олдин Қуръон ёдлаттирмаган. Имом Бухорий, Абу Ийсо Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мир Алишер, Мирзо Улуғбек каби алломаларимиз, аввало, Қуръон қорилари бўлишгани сўзимизнинг ёрқин далилидир. Зеро, Қуръон ҳар қандай илм учун пойдевор, асос ва барака бўлишида шубҳа йўқ. Аллоҳ таолодан Ўз каломи шарофатидан Ватанимизни янада обод, халқимиз ҳаётини яна ҳам фаровон этишини, ризқ-рўзларимизга баракалар бериб, келажагимиз олий, мустақиллигимиз мустаҳкам бўлишини муяссар этишини сўраймиз. Ўтган қори устозларимизни Ўз раҳматига олиб, қориларимизни ҳамиша Ўзи қўллаб-қувватласин!
‒ Қимматли маълумотлар ва мароқли суҳбат учун барча мухлислар ва ўқувчилар номидан сизга ташаккурлар айтамиз. Аллоҳ таоло бундан кейин ҳам динимизга, халқимизга, Қуръони Каримга янада улкан хизматлар қилишингизни насиб айласин!
Суҳбатни «Қуръан.уз» сайти ходимлари олди 1437 йил, 28-Рамазон |