A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Мовароуннаҳрда Қуръоннинг ёйилиши
PDF Босма E-mail

(ТАРИХИЙ ҲУЖЖАТЛАР)

«Қутайба ибн Муслим тўқсон тўртинчи йили (милодий 712-713 йиллар) Бухоро ҳисорининг ичида масжиди жомеъ бино қилди. У жой илгари бутхона эди. Қутайба Бухоро аҳолисига ҳар жума куни у ерга йиғилишга буюрди; чунончи у ҳар жума куни жарчи қўйиб: «Жума намозига ҳозир бўлган ҳар бир кишига икки дирҳам (олтин пул) бераман», деб чақиртирар эди. Бухороликлар дастлаб Ислом динини қабул қилган пайтларида арабчани ўргана олмаганларидан намозда Қуръонни форс тилида ўқишар эди. Рукуъга бориш вақтида уларнинг ортига бир киши туриб «Бкнитонкинт» деб, сажда қилмоқчи бўлганларида «Никуниёнкуни» деб қичқирар эди. (Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий, «Бухоро тарихи» асаридан, Тошкент, «Камалак», 1991 й., 124-бет).

 

* * *

 

«Марҳум Хожа имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий Бухородан Бағдодга бориб, имом Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийга шогирд бўлган. Бухоро вилоятида унга тенг бирор киши бўлган эмас. У Бухоронинг мутааххирлари жумласидан бўлиб, ҳам зоҳид, ҳам олим эди. Ўша киши туфайли Бухоро «Қуббатул Ислом» (Ислом гумбази) деб аталган. Бухоро аҳолисининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалиши ва имомлар, уламоларнинг ҳурматли бўлишларига у киши сабаб бўлган.
Хожа имом Абу Ҳафс ҳар бир кеча-кундузда Қуръонни икки марта хатм қилар, шу билан бирга, одамларга илм ўргатар эди. У кексайиб-заифлашгач, Қуръонни бир марта хатм қиладиган бўлди. Яна ҳам заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунига қадар бир кеча-кундузда Қуръоннинг ярмини ўқийдиган бўлди. Худо уни Ўзининг раҳмат ва ризосига ғарқ этсин!
Ривоят қилишларича, Яҳё ибн Наср шундай деган: «Мен Хожа Абу Ҳафснинг ҳузурида бўлдим. У эрталабки намозни ўқиб бўлгач, қиблага қараб ўтирар, зикрлар қилар эди. Кун чиққач, ортига қараган эди, у илм ўргатадиган қавм (шогирдлари) ҳали келмаган экан; ўрнидан туриб тўрт ракъат намоз ўқиди ва мана шу тўрт ракъат намозда Қуръондан Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида сураларини қироат қилиб, салом берганида ҳали ҳам жамоа ҳозир бўлмаган эди. У яна ўрнидан туриб ўн икки ракъат намоз ўқиди ва Қуръондан сураи Раъдгача қироат қилди» (Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий, «Бухоро тарихи», Тошкент, «Камалак», 1991й., 130-131-бетлар).

* * *

Фахрулислом имом Али ибн Ҳусайн Паздавий ўн жилдли «Мабсут», «Жомеъус-сағир шарҳи» ва усули фиқҳга оид «Усули Паздавий» китобларини ёзган. Айтурларки, биров имом Паздавий қошига келиб, «Қуръонни форсийчага ўгуриб ўқисалар ва арабчасини бир ёққа ташласалар, тузукми?» деб сўрабди. Имом дарҳол у кишини ўлдиришга буюрди ва «Бу кишини ўлдиришга буюришимнинг сабаби шулким, бу одам Қуръонни мўъжизаликдан чиқариб, динга халал ва ўзгариш киритмоқчидир. Шунга кўра уни ўлдиртиришни вожиб билдим», деди. Имомнинг бу ишини Самарқанд ҳокими маъқуллади (Абу Тоҳирхожа. «Самария», Тошкент, «Камалак», 1991 йил, 34-35-бетлар).

* * *

875 – 999 йилларда ҳукм сурган Сомонийлар даврида Абу Жаъфар Табарийнинг «Қуръони Карим тафсири» форс тилига ўгирилди ва форс тилида унга кенг изоҳлар ёзилди. Тўғри, бунинг учун мўътабар Ислом уламоларининг ижозатини олишга тўғри келди ва улар диний адабиётлар араб тили билан бир қаторда форс тилида ўрганилиши керак, деб фатво беришди (В. В. Бартольд. «Сочинения», Москва, 1966 г. том 6, стр. 178).

* * *

Абу Лайс Самарқандийнинг хабар беришича, ҳазрати Умар бир кишининг қўлидаги Қуръоннинг ҳар бир ояти қаршисида унинг таъвили ёзилганини кўриб қолиб, қайчи талаб қилган ва Қуръонни майдалаб қиймалаб ташлаган («Бўстонул-орифин», 74-бет).

* * *

Фирдавсий ўзининг «Шоҳнома» асарини ғазнавийлар ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавийга ҳадя қилди, ваҳоланки, шоир поэмани Султон тахтга ўтиришидан анча олдин ёзиб тугатган эди. Аммо диний доиралар таъсирида бўлган ва ўзини художўйликнинг ҳимоячиси санаган Султон шоирнинг умидларини оқламади (яъни асарни қабул қилмади). Бундан қаттиқ ғазабланган Фирдавсий ёт ҳукмдорлардан паноҳ излашга тушди, аммо сосоний анъаналарнинг тарафдорлари бўлган буидлардан ҳам марҳамат кўрмади. Турмушнинг қаттиқ сабоқлари таъсирида у Буид князларидан бирининг саройида Қуръони Каримдаги Юсуф (алайҳиссалом) ва Зулайҳонинг унга бўлган ишқий қиссасини шеърга солади. Шеърий муқаддимада кексайиб қолган шоир ўзининг олдинги барча асарларидан воз кечганини ёзади ва мажусий қаҳрамонлар ҳамда уларнинг тўқима жасоратларини мадҳ этишга, «бир ҳовуч кулга» ҳам арзимайдиган  ҳикоялар тўқишга сарфланган йиллар учун ўзини айблайди. Чарчаган ва ҳафсаласи пир бўлган шоир ўзининг она шаҳри Тусга қайтади, аммо бу ерда дунёвий ҳукмдорлар уни аллақачон унутиб юборишган экан. Диний ҳукмдорлар ҳам ўзларининг душманларини кечиришмади: у вафот этганида мусулмонлар қабристонига дафн этилишига ижозат беришмади (В. В. Бартольд. «Сочинения», Москва, 1966 г. том 6, стр. 180).

* * *

Қуръони Карим маъноларини илк марта 1716 йили рус тилига таржима қилган Пётр Постников уни «Ал-Коран о Магомете или закон турецкий» номи билан икки марта Санкт-Петербургда нашр эттирди. Китобнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, руслар Қуръонни туркий халқларнинг ижтимоий-сиёсий ва маиший ҳаётини белгилаб берган китоб сифатида кўришган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси нашрларидан бирида бу таржима хусусида шундай ёзилган: «Таржима арабчадан бўлмагани учун бу китобга Қуръон таржимаси эмас, балки ҳикояси деб таъриф бериш тўғрироқ бўларди. Аммо  шунга қарамай, бу асар ўша замондаги олимларнинг Аллоҳдан Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келган илоҳий кўрсатмаларни танишларига имкон берди» (Абдували Юсуфхўжаев, «Қуръони Карим таржимаси тарихидан», «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали, Тошкент, 1981, 1-сон, 10-11-бетлар).

* * *

Рус кончилик муҳандиси Тимофей Бурнашев хотираларидан: «1800 йил бошида Тошкентда ўн минг ҳовли бўлган, шаҳардаги эркак аҳолининг сони эса 40 мингга яқин эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) динига эътиқод қилувчи тошкентликлар Ал-Коран (Қуръони Карим) буюрган талаб-қоидаларга қаттиқ амал қилишади. Улар кўпроқ диний китоблар ўқиш ва ёзув-хат ўрганиш ила машғуллар. Масжидларда ибодат ҳар куни ўтказилади, балоғатга етган ҳар бир эркак унда, албатта қатнашади. Руҳий раҳнамолар сифатида муллаларнинг обрўйи катта. Ҳатто шаҳар ҳокими ҳам художўйликда бошқаларга намуна кўрсатади» («Вестник Русского Императорского географического обшества», книга 1, СПб, 1851 г. стр. 56)

* * *

Алоҳида Сибир корпуси тилмочи Филипп Назаровнинг  эсдаликларидан: «Тошкентликлар Ҳазрати Муҳаммад динига эътиқод қилишади. Қуръон кўрсатмасига кўра, аёллар бегона кўзлардан панада тутилади, ҳатто қариндошлар ҳам улар хонасига киришга ҳақли эмас. Уй эгалар меҳмонларни қабул қилиш учун алоҳида хона белгилаб қўйишган» (Ф. Назаров. «Записки о некоторих народах и землях средней части Азии», Москва, «Наука», 1968, стр.76)

* * *

Россия империяси Давлат Кенгашининг аъзоси, 1908-1909 йилларда Туркистон ўлкасини тафтиш қилган сенатор К. К. Паленнинг ҳисоботида келтирилган фикр: «Рус ҳукумати ўз фуқаролигига кирган бошқа қабилаларни тинчлантириш ҳақида қайғуриб, мазкур қабилаларнинг ахлоқий тушунчалари соҳасига зўравонлик билан кириб бориш ва мамлакатдаги урф-одатларни ўзгартириш ниятида эмаслигини эълон қилиш билан чекланди… Шу билан бирга, ҳозирча ўз кучида қолдирилган одатдаги ҳуқуқнинг вақтинчалик тартиби ҳамиша назарда тутилди, чунки «агар Қуръонга қонун кучи бериладиган бўлса, аҳоли айтиб ўтилган қонуннинг изоҳловчиси бўлган ўз руҳонийлари тазйиқи остида бўлади, рус давлатига ҳамиша бегона бўлиб қолади». (Пален К. К. «Отчет по ревизии Туркестанского края. Переселенческое дело». С-Пб., 1910 г., стр. 19).

* * *

Ўрта Осиёда ўғил болалар мактабларда ва қорихоналарда, қиз болалар эса отинбибилар қўлида таълим олган. Ҳар икковида ҳам асосан Қуръони Карим ўргатилган, талабаларга осон бўлиши учун улар кўпроқ Қуръоннинг еттидан бир қисмини ўз ичига олган Ҳафтияк ёдлатилган. Уни ёдлаб бўлган болаларга Ислом дини асосларини ўргатувчи «Чоркитоб», «Равнақ», Сўфи Оллоҳёр каби китоблардан таълим берилган. Қорихоналар кўпроқ мадрасалар қошида бўлган ва ҳар икки ўқув юрти ҳам вақфлар ҳисобига фаолият кўрсатган. 1892 йили биргина Фарғона уездида 252 та қорихона бўлган (К. Е. Бендриков. «Очерки по истории народного образования в Туркестане», Москва, 1960 г. 47-48 стр.)