A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қироат қилганлар?
PDF Босма E-mail

 

 

Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироат қилганларида оятларни ажратиб-ажратиб ўқирдилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироаталарини оят-оят қилиб ажратардилар: «Алҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламин» деб, сўнг вақф қилардилар, «Арроҳманир-Роҳим» деб, сўнг вақф қилардилар».
Термизий, Ҳоким ривоят қилган.

Яъло ибн Мамлакдан ривоят қилинади:
«У Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг намозлари ҳақида сўради. Шунда у киши: «Сизлар қаёқда-ю, у Зотнинг намозлари қаёқда?! У Зот намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганчалик ухлар, сўнг ухлаганларича намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганларича ухлар эдилар. То тонгача шундай бўлар эди», деди-да, у Зотнинг қироатларини мақтай кетди. У Зотнинг қироатларини мақтай туриб: «Ҳарфма-ҳарф, аниқ-аниқ ўқирдилар», деди».
Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.

Қатодадан ривоят қилинади:
«Анасдан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари қандай эди?» деб сўралди. Шунда у: «Чўзиқ эди», деди-да, кейин «Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим»ни «Бисмиллаҳ»ни чўзиб, «Ар-Роҳман»ни чўзиб, «Ар-Роҳим»ни чўзиб ўқиб берди». Яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мад – чўзиқ унли бор ўринларда мадни аниқ чўзиб ўқир эдилар.
Имом Бухорий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Қайсдан ривоят қилинади:
«Мен Оиша (розияллоҳу анҳо)дан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари ҳақида: «У Зот қироатни ичларида қилармидилар ёки жаҳрий (ошкора) қилармидилар?» деб сўрадим. У: «Ҳар қайсисини ҳам қилардилар. У Зот (қироатни) гоҳида ичларида, гоҳида ошкора қилардилар», деди».
Муттафақун алайҳ.

Умму Ҳонийдан ривоят қилинади:
«Мен тунда ёпиғим устида туриб олиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Каъба олдидаги қироатларини эшитар эдим».
Насоий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шом намозида Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. «Ёки улар, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзлари яралганларми?! Ёки улар яратувчиларми?» оятига келганда қалбим учиб кетай деди».
Имом Бухорий ривоят қилган.

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хуфтонда «Ваттийни ваз-зайтун»ни ўқиётганларини эшитдим. Бирор кишидан у Зотнинг овозларидан кўра чиройли овоз эшитмаганман».
Муттафақун алайҳ.

Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг туяларида Қуръон ўқиб кетаётганларини кўрдим. Фатҳ сурасини майин қилиб ўқиб кетаётган эканлар. Оҳанг қилиб ўқиб кетаётгандилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.

Авс ибн Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Бир кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимизга кеч қолиб чиқдилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеч қолиб кетдингизми?» дедик. Шунда у Зот: «Қуръондан ҳизбим* қолиб кетган эди, ўшани тугатмасдан чиқишни истамадим», дедилар. Кейин биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳобларидан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни қандай ҳизбга ажратар эдилар?» деб сўрадик. Улар: «Учта, бешта, еттита, тўққизта, ўн битта, ўн учта (сура) ва «Муфассал» ҳизби», дейишди».
Табароний ва Таҳовий ривоят қилган.
Изоҳ: Ҳизб – бўлак дегани бўлиб, Қуръондан ҳар кун учун вазифа сифатида ажратиб олинган бўлакка нисбатан ишлатилган. Муфассал – Қуръоннинг Ҳужурот сурасидан бошлаб охиригача бўлган қисми.

 

Ҳасанхон Яҳё  Абдулмажид