A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Намозда қироат масаласи
PDF Босма E-mail

Намозда бажариш фарз бўлган амаллардан бири қироатдир. Қироат луғатда «ўқимоқ» маъносини англатади. Истилоҳдаги маъноси тўғрисида икки хил таъриф келган:
1.     Қироат – ўқувчининг ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада тўғри талаффуз қилишидир.
2.     Қироат – ўқувчининг ҳарфларни агарчи ўзи эшитмаса-да тўғри талаффуз қилишидир.

 

Қироатнинг таърифидаги фарққа кўра намоз ўқувчи талаффузини ўзи эшитиши шартми ёки ўзи эшитмаса ҳам ўқигани қироат ҳисобланадими, бу тўғрисида ихтилоф қилинган.
Ҳиндувоний ва Фазлий (раҳматуллоҳи алайҳимо)лар: «Ўқувчининг ўзи эшитмайдиган даражада ҳарфларни талаффуз қилиши қироат ҳисобланмайди. Чунки каломдан фақат фаҳмланган нарса эмас, балки фаҳмланиб эшитилган нарса тушунилади», деганлар.
Кархий(раҳматуллоҳи алайҳ): «Ўқувчи ҳарфларни тўғри талаффуз қилса, агар ўзи эшитмаса ҳам, қироат ҳисобланаверади. Зеро, қироат тил билан ҳарфларни талаффуз қилишдир, эшитиш эмас. Чунки эшитиш қироат қилувчига эмас, эшитувчига тааллуқли ишдир», деган.  
Шайх ибн Ҳумом бу масалани қуйидагича таҳқиқ қилган: «Қироат тилнинг феълидир. Тилнинг феъли бўлган калом ҳарфлар билан юзага келади. Ҳарфлар эса овоз билан тилга олинадиган шакллардир. Шунинг учун ҳарфларни овозсиз талаффуз қилиш ҳарфларнинг ўзи эмас, балки махражларнинг мушаклари билан ҳарфларга ишора қилиш ҳисобланади. Шунга кўра қироат ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилишни тақозо қилади».
Ушбу таҳқиқдан ўқувчининг ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилиши қироат саналиши тушунилади. Шунингдек, бу масаладан талоқ, олди-сотди, саждаи тиловат каби  нутққа тааллуқли бўладиган ҳукмлар ҳам кишининг ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилишига боғлиқ экани англанади.
Ҳанафий мазҳабида ихтиёр қилинган қироат
«Фуқаҳолар мутлақ мутавотир қироатлар билан намоз жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳабида Абу Амр ва Ҳафсларнинг Осимдан қилган ривояти ихтиёр қилинган». 
Қироат ва тиловат орасидаги фарқ
Тиловат сўзи ҳам қироат маъносида ишлатилади, аммо қироат ва тиловат орасида фарқ бор бўлиб, бу ҳақида Абу Ҳилол (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай ёзган: «Тиловат икки ва ундан ортиқ калималарни ўқишга нисбатан ишлатилади. Қироат эса битта калимани ўқишга нисбатан ишлатилади».
Қуръондан муяссар бўлганча ўқиш
Қуръони Каримдан муяссар бўлганича ўқиш амр қилинган:
فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ
Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.
«Ушбу буйруқдан намоздаги ҳолат ирода қилинган». Яъни  бу буйруқдан намозда Қуръондан муяссар бўлганларингча ўқинглар, маъноси тушунилади.  Фотиҳа  сураси ўқилса ҳам, зам суранинг ўзи ўқилса ҳам, қироат собит бўлади. Шунга кўра аввалги икки ракъатда қироат қилиш мутлақ фарз, Фотиҳа ва зам сурани ўқиш эса вожиб саналади.  
Бурҳониддин Марғиноний (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур оятдаги буйруқ ҳақида шундай деган: «Бир оятдан ками бу насснинг таҳтига кирмайди. Чунки мутлақ баён қилинганда баён қилинган нарсанинг тўлиғи тушунилади. Бинобарин, бир оятдан кам ўқиш билан қироат қилувчи эканига жазм қилинмайди».
Қироат миқдори
Ҳанафий мазҳабига кўра қироат фарз қилинган ҳар бир ракъатда учта қисқа ёки шу миқдоридаги битта узун оят ўқиш фарз ҳисобланади. Чунки энг камида шу миқдорда ўқилмаса, урфда унга қироат қилувчи дейилмайди.
Битта калимани қироат қилиш жоиз бўладими?
Намоз ўқувчи битта калимадан иборат бўлган оятни ўқиса, ўқигани қироат ҳисобланиши ё ҳисобланмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Масалан: مُدْهَامَّتَانِ оятининг ёлғиз ўзини ўқиш қироат фарзлигида жоиз бўлиши ҳақида ихтилоф қилинган. Уламолар саҳиҳ қавлга кўра бу оятнинг ёлғиз ўзини ўқиш жоиз бўлмайди, деганлар.
Битта оятни бўлиб ўқиш мумкинми?
Битта узун оятни икки ракъатга бўлиб ўқиса, биринчи ракъатга ярмини, иккинчи ракъатга қолган ярмини ўқиса, уч қисқа оят миқдоридан кўп бўлгани учун қироат ҳисобланадими  ёки тўлиқ бир оят ўқилмагани учун қироат ҳисобланмайдими − бу ҳақида ихтилоф қилинган.  Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қавлларига кўра бундай ўқилган намоз жоиз ҳисобланади. «Имомайн»ларнинг қавлларига кўра ҳам уч қисқа оятдан зиёда бўлгани эътиборидан намоз жоиз бўлади. Чунки бу ерда ҳақиқат эътиборидан ҳам, урф эътиборидан ҳам мазкур миқдорда ўқиган киши қироат қилувчи ҳисобланади.
Аммо учта қисқа ёки шу миқдордаги битта узун оятни ўқиш намоз жоиз бўлиши учун лозим бўладиган энг кам миқдор ҳисобланади. Шунинг учун ушбу энг кам миқдор билан кифояланиш макруҳ бўлади. 
Нафл намозлардаги қироат
Нафл намозларнинг барча ракъатларида қироат қилиш фарз ҳисобланади. Чунки нафл намозларда барча ракъатлар қироат борасида бир-бирига тенг ҳукмда бўлади.
Витр намозидаги қироат
Витр намозининг барча ракҳатларида қироат қилиш фарз ҳисобланади. Чунки витр намозининг суннат намозга ҳам, фарз намозга ҳам ўхшашлик жиҳати бор. Фарз намозга ўхшаши жиҳатидан фақат аввалги икки ракъатида қироат қилиш лозим бўлса, суннат намозга ўхшаши жиҳатидан барча ракъатларида қироат қилиш лозим бўлади. Шунинг учун эҳтиёт юзасидан витр намозининг барча ракъатларида қироат қилиш фарз дейилган. Зеро кишининг зиммасида бўлмаган нарсани эҳтиётан адо этиб қўйиши, зиммасидаги нарсани тарк қилиб қўйишидан афзалдир.
Фарз намозлардаги қироат
Икки ракъатли фарз намозларида ҳар икки ракъатда ҳам қироат қилиш фарз ҳисобланади. Тўрт ракъатли фарз намозларда умумий икки ракъатида қироат фарз ҳисобланади. Ушбу қироатни аввалги икки ракъатда қилиш вожиб саналади. Қудурий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қарашларига кўра аввалги икки ракъатда қироат қилиш афзалдир. Аввалги икки ракъатда қироат қилганидан сўнг қолган икки ракъатда қироат қилиши, ё тасбеҳ айтиши, ё уч тасбеҳ айтиш миқдорида сукут қилиши орасида  ихтиёрли бўлади. Аммо қироат қилиши афзал бўлади. «Муҳийт» китобида: «Охирги икки ракъатда фақат Фотиҳа сурасини ўқиб қўйиш суннат бўлади», дейилган.
Намозда жаҳрий ва махфий қироатлар
Ҳанафий мазҳабига кўра имом жаҳрий намозларда жаҳрий ўқиши, махфий намозларда махфий ўқиши вожиб бўлади. «Имом жумъада, икки ъийдда, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида ўз вақтида ҳам, қазо бўлиб қолганда ҳам жаҳрий ўқийди. Имом булардан бошқа пешин, аср, шомнинг учинчи ракъати ва хуфтоннинг учинчи, тўртинчи ракъатларини махфий ўқиши вожиб бўлади. Ёлғиз ўқигувчи эса имом жаҳрий ўқиши вожиб бўлган намозларда жаҳрий ва махфий ўқиш орасида ихтиёрли бўлади».
«Ёлғиз ўқигувчининг жаҳрий ўқиши афзал ҳисобланади. Чунки бундай адо этишда жамоатга ўхшаш жиҳати бўлади».
«Тунги нафл намозда қироат жаҳрийлик ва махфийлик орасида бўлгани афзал ҳисобланади».
«Мухтасарул виқоя» китобининг матнига кўра ёлғиз ўқувчига қазо намозларда қироатни махфий қилиши вожиб бўлади.
Имомга иқтидо қилган кишининг қироати
Ҳанафий мазҳабига кўра имомга иқтидо қилган киши жаҳрий ўқиладиган намозда ҳам, махфийсида ҳам мутлақо қироат қилмайди. Агар имомнинг орқасида қироат қилса, макруҳи таҳримий бўлади. Аммо саҳиҳ қавлга кўра намози бузилмайди.
Қироатда хатога йўл қўйиш
Қироат намознинг рукни бўлгани туфайли қироатга алоқали илмларни ўрганиш ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим ҳисобланади. Намоз ўқувчи қироатда хато қилса, намозининг жоиз бўлиши ё бўлмаслиги қай даражада хато содир этганига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам фиқҳ китобларида бу масалага алоҳида боблар ажратилган. Қуйидаги масалалар ҳанафий мазҳабидаги мўътабар асарлардан бўлган «Фатавои Ғиёсия» ва «Ҳалабаи кабир» китобларининг хулосаларидир:      
•    Намоз ўқувчи қироатда «ташдид» ва «мад»ни ташлаб кетса, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмайди.
•    Намоз ўқувчи қироатда «ташдид» ва «мад»ни ташлаб кетса ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса, аксар уламолар наздида намоз бузилади.
•    Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмаслигига ижмоъ қилинган.
•    Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса  ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа  ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлс, аксар уламолар наздида бунда ҳам намози бузилмайди. Баъзи уламолар наздида намози бузилади. Инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.
•    Намоз ўқувчи қироатда наът билан манъут орасини, сифат билан мавсуф орасини ажратиб қўйса, аксар уламолар наздида намози бузилмайди. Бунда инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.
•    Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг ҳарфини бошқа калимага қўшиб ўқиса, баъзи уламолар наздида намози бузилади. Аксар уламолар: намози бузилмайди, деганлар. Бу ҳақида баъзи уламолар: «Агар ўзи аслида тўғрисини билиб тилига шундай келиб қолгани туфайли хато ўқиган бўлса, намози бузилмайди, аммо Қуръонда шундай деган эътиқод билан ўқиб юрган бўлса намози бузилади», деганлар.
•    Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг бир қисмини ўқиганидан сўнг ўзи тўхтаса, ё давоми ёдидан кўтарилиб қолиб тўхтаса, ёдига тушган вақтда олдин ўқиганини ташлаб ўқиса, масалан: «Алҳамду лиллаҳи» деб ўқимоқчи бўлганда «Ал»ни ўқиб тўхтаб қолса-ю, кейин «ҳамду лиллаҳи» деб давом этса, баъзи уламолар наздида намози бузилади. Шамсул аимма Ҳалвоний шунга фатво берган. Нажмиддин Насафийнинг қавлларига кўра бу масалада исм ва феъл орасида фарқ бўлади. Яъни  исмда «ал»ни ўқиб қолганини тарк қилса, намози бузилмайди. Аммо феълда баъзисини тарк қилса масалан «яшкурун» деб ўқимоқчи бўлиб «яш» деб қолганини ташлаб кетса, намози бузилади.
•    Намоз ўқувчи қироатда бир оятнинг ўрнига бошқа бир оятни ўқиб юборса, агар ўша оятда тўлиқ вақф қилган, сўнгра бошқа оятдан бошлаган бўлса, гарчи маъноси ўзгарган бўлса ҳам, намози бузилмайди. Чунки бундай ўқиш бир оятдан бошқа оятга ўтиш бўлиб қолади. Аммо вақф қилмасдан бир оятгга бошқа оятни улаб кетган бўлса, бунда маъно ўзгармаган бўлса, намоз бузилмайди. Агар маъно ўзгарган бўлса, омма уламолар наздида намози бузилган бўлади. Фахрул ислом Абулюср (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам шу қавли ихтиёр қилган. 
•     Ибн Нужайм ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) «Намоз ўқувчи الضَّالِّينَ да ёки бошқа ўринларда ض  ни ظ га алмаштириб ўқиб юборса, рожиҳ қавлга кўра намози бузилмайди»,  деган.
«Мавсуъатул фиқҳия» китобида бу масалаларнинг таҳқиқи қуйидагича баён қилинган:
«Намоз ўқувчи  қироатда хатога йўл қўйса, агар оятнинг маъноси бузилмайдиган даражада бўлса, намози бузилмаслигига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар. Аммо маъноси бузиладиган даражада хато ўқиш сабабли намоз бузилиши ё бузилмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Агар ўқилган оятнинг маъноси қасддан ўқилса, куфр бўладиган даражада хато бўлса, бу ҳақида ҳанафий мазҳабида икки хил қараш айтилган:
1.    Ҳанафий мазҳабидаги олдинги уламоларнинг қарашларига кўра намози бузилади.
2.    Ҳанафий мазҳабидаги кейинги уламолари бўлган Муҳаммад ибн Муқотил, Абу Наср Муҳаммад ибн Салом, Абу Бакр ибн Саид Балхий Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Шамсул аимма Ҳалвонийларнинг қарашларига кўра намози бузилмайди.
«Фатавои Ҳиндия» китобида бу ҳақида шундай дейилган: «Олдинги уламоларнинг қарашлари эҳтиёткорроқ йўлдир. Чунки қасддан бундай ўқиш куфр бўлади. Куфр бўладиган лафз эса Қуръон бўлмайди. Кейинги уламоларнинг қарашлари эса кенгроқ олинган йўлдир. Чунки авом халқ эъроблар орасини ажрата олмайди.  Фатво кейинги уламоларнинг сўзига берилган» . 
Аммо фатво маълум замон ва макон тақозосига кўра берилган шаръий жавоб эканини, замон ва макон ўзгариши билан фатво ҳам ўзгариши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳозирги кунимизда Қуръонни ўрганиш имконияти узрга ўрин қолдирмайдиган даражада жуда катта бўлгани сабабли олдинги уламоларнинг қарашлари мўътабар ҳисобланади.
Эътибор берадиган бўлсак, ҳарфларни алмаштириб ўқилганда намоз бузилиши ё бузилмаслиги ҳақида баҳс қилинмоқда. Бундан араб алифбосидан бошқа алифболарда ёзиб ёдланган оятларни қироат қилиш умуман мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки бошқа бирор тилдаги ҳарфлар араб тилидаги ҳарфлар талаффузини ифодалаб бера олмаслиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримнинг бир қанча ўринларида унинг араб тилида экани баён қилинган. Масалан:
إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз .
Шу каби кўплаб оятларнинг маъносига кўра араб тилидан бошқа ҳарфларда ёзилган «сура ва оятлар» Қуръон бўлмайди. Чунки Қуръоннинг арабча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган.  Фотиҳа  ёки бирор қисқа сурани араб тилидан бошқа алифбода ёзиб ёдлашга зарурат юзасидангина рухсат берилган. Яъни бу рухсат араб тилидан мутлақо хабари йўқ инсон Исломни қабул қилганда қироатни ўргангунича намознинг фарзини адо этиши учун маълум вақтгагина берилган рухсат ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги кишига зудлик билан намоз жоиз бўладиган даражада қироатни ўрганиши фарз бўлади. Мазкур заруратдан ташқари  сура ва оятларни крилл алифбосида ё бошқа алифболарда ёдлашга зарурат йўқлиги туфайли рухсат берилмайди. Чунки зарурат юзасидан берилган рухсат, фақат зарурат миқдорида чегараланиши шаръий қоидадир.
Қайсидир сура ё оятларни бирор намозга тайин қилиб қўйиш
Қайсидир сура ёки оятларни, бирор намозга тайин қилиб қўйиш макруҳ ҳисобланади.  Чунки бунда қолганларини ўқишдан қочиш юзага келади. Лекин ўзига енгил бўлгани учун, ё қолганларини ўқиш ҳам баробар эканини билган ҳолда Набий (алайҳиссалом)нинг қироат қилганларини табаррук қилароқ ўқиб юрса, макруҳ бўлмайди». Баъзи уламолар: «Шундан бошқасини ўқилса, намоз жоиз бўлмайди, деган эътиқодда тайин қилиб ўқилсагина, макруҳ бўлади», деганлар.
Сура ё оятларни такрор ўқиш
•    Фарз намозда бир ракъатда битта сурани такрор ўқиш мутлақо макруҳ ҳисобланади.
•    Фарз намозида биринчи ракъатда ўқиган сурани иккинчи ракъатда такрор ўқиш эса макруҳ ҳисобланади. Аммо бошқа сурани ўқишни билмаса, зарурат юзасидан макруҳ бўлмайди.
«Хулоса» китобида: «Такрор ўқиш суннатда келмаган, яъни Набий (алайҳиссалом) бундай қилишга буюрмаганлар, шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади», дейилган.
•    Нафл намозда битта сурани такрор ўқиш мутлақо макруҳ ҳисобланмайди. Яъни бир ракъатда такрор ўқиса ҳам, иккинчи ракъатда ўқиса ҳам, макруҳ ҳисобланмайди. Чунки Набий (алайҳиссалом)нинг таҳажжуд намозида бир оятни такрор-такрор ўқиганлари ворид бўлган.
Иккинчи ракъатнинг қироатини биринчи ракъатдан узун қилиш
•    Фарз намозида иккинчи ракъатнинг қироатини биринчи ракъатдан узун қилиш макруҳ бўлади.
•    Нафл намозларда иккинчи ракъатнинг қироатини биринчи ракъатдан узун қилиш макруҳ бўлиши ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. «Мунятул мусоллий» китобида иккинчи ракаатни биринчи ракаатдан  узун қилиш фарз намозларда ҳам, нафл намозларда ҳам макруҳ бўлади, дейилган. Ибн Фаршата «Мажмаъ»нинг шарҳида: «Фарз намозларда иккинчи ракъатни биринчи ракъатдан узун қилиш макруҳ бўлади, аммо нафлларда макруҳ бўлмайди», деган қавлни келтирган. Аммо учинчи ракъат алоҳида шафъ (иккинчи жуфтлик) бўлгани учун унинг қироатини биринчи ва иккинчи ракъатларнинг қироатидан узун қилиш макруҳ бўлмайди.
«Иккинчи ракъатни биринчи ракъатдан озгина узун қилиш макруҳ бўлмайди. Бир ё икки оятни зиёда ўқиш озгина узун қилиш бўлади. Аммо учдан ортиқ оятларни зиёда ўқиш ҳеч шаксиз макруҳ бўлади».  
Битта сурани бўлиб ўқиш макруҳ эмаслиги
•    Баъзи уламолар битта суранинг бир қисмини бир ракъатда қолганини иккинчи ракъатда ўқиш макруҳ бўлади, деган. Аммо жумҳур уламолар: «Саҳиҳ қавлга кўра бу иш макруҳ бўлмайди», дейишган. Бунга далил сифатида имом Насоий Оиша( розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Аъроф сурасини икки ракъатда бўлиб ўқиганлари ҳақидаги ривоятни келтирганлар.
•    Баъзи уламолар: «Бир суранинг охирини бир ракъатда ўқиб, иккинчи ракъатда бошқа суранинг охирини ўқиш макруҳ бўлади, дейишган. Аммо жумҳур уламолар: «Саҳиҳ қавлга кўра бу иш макруҳ бўлмайди», деганлар. Шунингдек, биринчи ракъатга бирор суранинг ўртасидан ё аввалидан қироат қилса, сўнгра иккинчи ракъатга бошқа суранинг ўртасидан ё аввалидан ёки бирор қисқа сурани қироат қилса, саҳиҳ қавлга кўра, макруҳ бўлмайди, лекин заруратсиз бу ишни қилмаган афзал, деганлар.
Суралар тартибига эътибор бериш
•    «Сураларни тартиби бўйича ўқиш вожиб бўлса ҳам, намоз ўқувчи тартиби билан ўқишни тарк қилиши туфайли унга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки сураларни тартиби бўйича ўқиш намоз вожибларидан бўлган аслий вожиб эмас».
•    Биринчи ракъатга қироат қилган сурасидан кейин иккинчи ракъатга бир сура ташлаб кейинги сурани қироат қилиш макруҳ саналади. Шунга кўра агар орада икки ё ундан кўп оятлар бўлса, бир суранинг бошқа-бошқа жойидан ўқиш макруҳ бўлмайди. Аммо заруратсиз бундай қилмаслик афзал.
•    Намоз ўқувчи қироатда ўқиётган жойидан бир сура ё бир оятни ташлаб кейингисини ўқиши макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ўша сура ё оятдан ўзини олиб қочиш ва ундан ўзгасини устун қўяётгандек ваҳм юзага келади.
•    «Муҳийт» китобида: «Ёлғиз ўқиётган киши нафл намозида бир сурани қасддан қайта ўқиши макруҳ эмас, аммо фарз намозида макруҳ бўлади», дейилган.
•    Иккинчи ракъатга биринчи ракъатда ўқилган сурадан юқоридаги сурани ўқиш макруҳ бўлади. Чунки бунда саҳобалар ижмоъ қилган тартибни тарк қилиш юзага келади. Аммо бу ҳам қасддан ўқилса, макруҳ бўлади, агар унутган ҳолда бўлса, макруҳ бўлмайди. Бу масалалар «Фатавои Татархония» китобида баён этилган.
•    Насафийнинг «Фатаво» китобида шундай баён қилинган: «Абул Фазл нафл намозда биринчи ракъатга  Масад  сурасини, иккинчи ракъатга ундан юқорида бўлган Наср  сурасини қироат қилиш ҳақида сўралганида: «Агар қасддан шундай қилса, макруҳ бўлади, деган. Қози имом Абу Бакр эса фарз намозда макруҳ бўлади, нафлда макруҳ бўлмайди, деган».
•    Орада иккита сурани ташлаб ўқиш макруҳ саналмайди. Чунки Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шом намозида биринчи ракъатга  Кафирун   иккинчи ракъатга  Ихлос  сураларини зам қилиб ўқиганларини ривоят қилган.
•    Биринчи ракъатга  Нас  сурасини ўқиган бўлса, иккинчи ракъатга ҳам шу сурани такрор ўқиш лозим бўлади. Чунки такрор ўқиш тескари ўқишдан кўра енгилроқ ҳисобланади. Баъзи уламолар бундай ҳолатда   Бақарадан «алиф лам мийм»ни ўқисин, деганлар.
Жамоат намози қироати
Имом жамоат намозида қуйидаги миқдорда қироат қилиши афзал ҳисобланади:
•    Бомдод ва пешин намозларида  Ҳужурот  сурасидан  Буруж  сурасигача бўлган суралардан ёки шу миқдордаги оятларни қироат қилиш афзал ҳисобланади;
•    Аср ва Хуфтон намозларида  Буруж  сурасидан  Баййина  сурасигача бўлган суралардан ёки шу миқдордаги оятларни қироат қилиш афзал ҳисобланади;
•    Шом намозида  Баййина  сурасидан Қуръон охиригача бўлган суралардан ёки шу миқдордаги оятларни қироат қилиш афзал ҳисобланади;
•    Ҳар бир ракъатда битта сурани тўлиқ ўқиш афзал ҳисобланади. 
Албатта, ушбу афзалликлар оддий ҳолат эътиборидан айтилган. Имом қироатни узун ё қисқа қилишда жамоатга тааллуқли турли омилларни эътиборга олиши лозим бўлади.
Намозда Қуръонни хатм қилиш
«Валвалижия» китобида айтилишича, кимки Қуръонни намозда хатм қилса, биринчи ракъатга «муъаввизатайн»ларни ўқиб бўлганидан сўнг рукуъ қилади сўнгра иккинчи ракъатда  Фотиҳа  сурасини ва  Бақара  сурасидан бир оз ўқиб қўяди. Чунки Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Аллоҳга амалнинг яхшиси тугаллаб бошлагувчи (нинг амали)дир», дейилган. Уламолар бу сўздан Қуръонни хатм қилиши билан яна бошидан бошлагувчи назарда тутилган, деганлар. 
Аллоҳ таолодан ўқиётган намозларимизни дунёда фаҳш ва мункар ишлардан қайтарадиган, охиратда фойдамизга ҳужжат бўладиган амаллардан қилишини сўраймиз.  
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

 

Абдулқодир Абдур Раҳим