Муташобеҳ оятлар: “яд” сифатини бошқа тилларга таржима қилиш тўғрими?! | ||||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4
Муаммога муқаддима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг башоратларига кўра, Ислом динининг биринчи асри ўтмасданоқ мусулмонлар бир қанча фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетганлиги айни ҳақиқатдир. Мазкур бўлиниш баъзида сиёсий жиҳатларга кўра юз берган бўлса-да, бироқ унинг асосий сабаби эътиқодий масалалар эди. Эътиқодга тааллуқли масалалардан энг кўп тортишув ва келишмовчиликка сабаб бўладигани Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасидадир. Шунинг учун ҳам ақоид ва калом деб аталадиган ақидалар илми «Илм ат-тавҳид ва-с-сифот» («Тавҳид ва сифатлар илми») деб ҳам номланади. Аллоҳнинг зоти ва сифатлари баён этилган оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг айрим зот ва сифатлари зоҳирий маъносига кўра одамзотнинг ёки аниқроғи, лафзда яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш тарзда зикр қилинган. Оят ва ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган, аниқ маъноси қоронғу, инсоннинг ақлини шоширадиган бу хилдаги иборалари «муташобеҳ« («бир-бирига ўхшайдиган ёки шубҳали») деб аталиб келинади. Таниқли ҳанафий олимларидан Саййид Шариф Журжоний (раҳматуллоҳи алайҳ) «ат-Таърифот» асарида «муташобеҳ»га бундай: هو ما خفى بنفس اللفظ و لا يرجى دركه اصلا – «Муташобеҳ лафзнинг ўзида яширин қолган, уни идрок қилишга асло умид ҳам қилинмайдиган нарсадир», дея таъриф берган эди (Саййид Шариф Журжоний. «ат-Таърифот». – Истанбул, 1300. – Б. 134). Ҳанафий олими, мотуридий мутакаллими бўлмиш Абу Шукур ас-Солимий (раҳматуллоҳи алайҳ) эса Самарқанд уламоларининг «муташобеҳ»га бундай таъриф берганларини ёзади: و قال مشائخ سمرقند المتشابه به ما اشتبه علينا معناه فنقر و نؤمن ... «Самарқанд машойихлари: «Муташобеҳ» бизларга маъноси иштибоҳли бўлиб қолган оят ва ҳадислар бўлиб, уларга биз иқрормиз ва иймон келтирамиз», деганлар. (Абу Шукур ас-Солимий. Ат-Тамҳид баён ат-тавҳид. – Самарқанд, 1326. – Б. 144). Муташобеҳларни тушунишдаги тортишув ва келишмовчилик барча замонларда бўлиб ўтган ва бир-бирига қарама-қарши кескин фикрлар ўртага ташланган. Афсуски, мусулмонлар уларни тушунишда турли тоифаларга ажралиб кетганлар. Бугунги кунда ҳам ушбу хилдаги оятларни тушунишда ҳар хил фикрлар мавжуд бўлиб, улар орқали мусулмонлар бир-бирларини турли айбловлар билан тилга олиб, бир-бирларини адашган, бидъатчи, тўғри йўлдан оғган, деб атамоқдалар. Бу ҳолат Ўрта Осиё халқлари орасида ҳам кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда бировни ёмонотлиқ қилиш, обрўли инсоннинг обрўсини тўкишга интилиш, диний соҳаларда эл-юрт эътироф қилган шахсларни динни билмасликка, билимсизликка, диний адашганликка, ваҳҳобий ёки турли фирқалар вакилига чиқариш худди сиёсий айблов каби даҳшатлидир. Бу хилдаги айбловлар эса гоҳида ўз билимсизлигини яшириш ёки тор ўйлайдиган, ўзида бор бўлган билими ва дунёқараши ҳаминқадар эканини билдирмаслик, обрўлик уламога нисбатан ҳасад ва ғаразларини, шунингдек, ўзининг ноанъанавий йўлда эканини, мутассибона гап-сўзларини ҳаспўшлаш мақсадида ҳам бўй кўрсатиши мумкин. Жумладан, айримлар: «Муташобеҳ оятларни таржима қилиб бўлмайди: Аллоҳнинг «яд», «айн» каби сифатларини ўз ҳолича – араб тилида бериш шарт, акс ҳолда бидъатга гирифтор бўлинади. Уларни араб тилидан бошқа тилларга таржима қилиб бўлмайди. Қуръони Каримнинг қайсидир маъно таржима ёки тафсирида уларни таржима қилиш ҳолати кузатилса, демак, ушбу таржима ва тафсирнинг муаллифи бидъатчидир», деганга ўхшаш фикрлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда, шунингдек, оғзаки суҳбатларда тилга олинганлигини кузатиш мумкин. Агар бу фикрни тўғри деб баҳоланадиган бўлса, инглиз, француз, рус, татар, урду, турк, қозоқ, қирғиз, ўзбек ва бошқа юзлаб тиллардаги Қуръони Каримнинг маъно таржималари ва тафсирларининг кўпчилигини бидъат уяси, ваҳҳобийликни ва бошқа ғайрианъанавий фирқаларни зимдан тарғиб қилувчи манбалар, дейишга тўғри келади. Бу эса ўта даражадаги таассуб – мутаассибликдан бошқа нарса эмас, у ғайриилмий, номантиқий фикр ҳисобланади, десак адашмаган бўламиз. Ушбу фикрни билдирувчилар калом илмининг асослари, шариатнинг умуммақсадларини чуқур идрок қилолмаганлар, тўла тушуна олмаганлардир. Қуйида юқоридаги, аслида, авомлардан узоқда тутиш керак бўлган масала бўйича махсус илмий изланишлар олиб бориб, унинг хулосаларини, гап чўзилса ҳам, ушбу мақолада беришга қарор қилдик.
Муташобеҳ маъноли оят ва ҳадислар борасида ислом аҳлининг қарашлари Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатлари жумласидан: «яд» («қўл»), «важҳ» («юз»), «айн» («кўз»), «ямин» («ўнгқўл»), «шимол» («чапқўл»), «соқ» («болдир»), «жанб», («ёнбош»), «қадам» («қадам»), «рижл» («оёқ»), «исбаъ» («бармоқ»), «кафф» («кафт»), «қабза» («ҳовуч»), «зеҳк» («кулмоқ»), «истиво» («баробарлашмоқ»), «ғазаб» («қаҳр-ғазабланмоқ»), «ризо» («рози бўлмоқ»), «нур» («нур»), «нузул» («тушмоқ»), «сурат» («сурат») кабилар, шунингдек, шаклдош ҳисобланган «нисён» («унутмоқ»), «макр» («алдов») кабилар бир қанча ояти карималар ва ҳадиси шарифларда келади. Камолиддин ал-Баёзий (раҳимаҳуллоҳ.) муташобеҳларнинг сонини ўн еттита деган (Камолиддин Аҳмад ал-Баёзий ал-Ҳанафий. «Ишорат ал-мароб ъан иборот ал-Имом». – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 186). Аллоҳ таолонинг зот ва сифатларини яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш, деб тасаввур қилувчи тоифалар ҳар замонда чиқиб турган. Ҳишом ибн ал-Ҳакам ва Ҳишом ибн Солим издошлари ҳишомиййа деб аталган бўлиб, улар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони жасади бор, деб тасаввур қилганлар. Уни нурлари оламга таралиб турадиган қуёшдек; у ҳиди, рангги, таъми бор зот; у жонзотлар каби ўтириб-туради; у арш устида савлат тўкиб ўтиради, деганга ўхшаш гапларни айтадилар. Сўфиларнинг айрим жамоалари эса ҳулулийлар, вужудийлар, иттиҳодийлар, ботинийлар каби номлар билан аталган. Улар Аллоҳ таолони оловга ўхшатганлар; одамзотга сингиб кетади, деганлар; Аллоҳни бутун борлиқ таркибига, жумладан, ҳайвонлар вужудига бирлашиб кетади, дейдилар ва ҳоказо. Бу хилдаги тоифаларнинг умумий номи «мушаббиҳа» бўлиб, «ўхшатувчилар», деган ном берилган. Улар ўз таркибида тарихда фирқа ва оқим сифатида шалланган сибоия, бинония, муғирия, ҳишомия, нажмия, карромия каби бир қанча гуруҳларни бирлаштирганлар. Мушаббиҳалар Аллоҳ таоло яралмишларга айнан ўхшайди, унинг сифатлари кейин пайдо бўлган, дейдилар. Улар Аллоҳ таоло жисмга эга, ҳар қандай жисмларда бўлгани каби ҳаракат, сукунатлар ҳам Аллоҳда юз беради, дейдилар. Бу хилдаги тоифаларнинг яна бир номи «мужассима» бўлиб, «жисм дегувчилар», дейилади. Улар «Аллоҳ жисмларга ўхшамаган ҳақиқий жисм, унинг қони, гўштлари бор. У билан қучоқлашиб кўришиш, қўл бериб саломлашиш мумкин», деган даъвони қиладилар. (Муҳаммад Али ат-Таҳонавий. «Мавсуату Кашшоф истилоҳот ал-фунун ва-л-улум». 2-жилд. Байрут: Мактабату Лубнон ноширун, 1996. – Б. 1473 ва 1545-1546). Ислом оламининг энг таниқли олимларидан бири Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ)нинг ҳам Аллоҳнинг зот ва сифатлари ҳақида қандай эътиқодда бўлгани ўз давридаёқ жуда катта тортишув ва шубҳаларга сабаб бўлган эди. Уни мушаббиҳалар қаторига кўшганлар ҳам, ҳеч бўлмаганда, мушаббиҳаларга яқин эътиқодда бўлган, деганлар ҳам топилади. Аҳли сунна ва жамоа уламоларининг жумҳурига мухолиф фикрлари ва чиқарган ғайрианъанавий фатволари сабабли жуда кўп танқидларга, раддияларга учраган, булар борасида бирма-бир қайта-қайта маҳкамаларда сўроқ берган Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқодий масалаларда ҳам аҳли сунна ва жамоанинг кўпчилик уламоларига зид равишда фикрлагани шубҳасиз. Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) ҳақида қуйидагича гап тарқалган: Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) Дамашқ шаҳри жомеъсида маъруза қилаётиб, ушбу ҳадиси шарифни шарҳлашига тўғри келибди: إذا مضى شطر الليل أو ثلثاه ينزل الله تبارك وتعالى إلى السماء الدنيا فيقول هل من سائل يعطي هل من داع يستجاب له هل من مستغفر يغفر له حتى ينفجر الصبح «Агар кечанинг ярми ёки учдан иккиси ўтса, Аллоҳ таборак ва таоло дунё осмонига «нузул қилади»-да, то тонг отгунча «Бериладиган сўровчи борми?» «Мустажоб қилинадиган дуо қилувчи борми?» «Мағфират қилинадиган мағфират истовчи борми?» дейди (Бухорий, 2/1145; Муслим, 1/758; Абу Довуд, 1/1317; Термизий, 2/446; Насоий, 6/10312; Ибн Можжа, 1/1389; Доримий, 1/1532-1533; Аҳмад, 2/8962; 3/11313; Ибн Хузайма, 2/1146; Ибн Ҳиббон, 3/921; Табароний, 2/1566; Байҳақий, 3/4428; Абу Авона, 2/1753; Абу Яъло, 2/1180; Баззор, 2/3439; 2/8450; Таёлусий, 1/2232; Ибн Абу Шайба, 6/29556; Абдурраззоқ, 11/20577). Мазкур ҳадисни шарҳлай туриб, Аллоҳ таолонинг мазкур ҳадисда тилга олинган «нузул» сифатини Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) минбардан бир (бир неча) поғона пастга тушиб, «Аллоҳ таоло дунё осмонига менинг мана бу тушганим каби тушади», деб кўрсатиб берибди. Юқоридаги воқеада Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) зоҳир эътибори билан мушаббиҳалар каби ўзининг феълига Аллоҳнинг сифатини ўхшатмоқда ва бу иш асос эътибори билан ботилдир. Аллоҳ таолонинг сифатини одамзотнинг сифатига ташбеҳ қилиш мутлақо мумкин эмас! Агар бу воқеа ҳақиқатдан ҳам юз берган бўлса, Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ)нинг бу гапи ниҳоятда хатарли гапдир. Воқеани шу тарзда илк бор машҳур сайёҳ Ибн Баттута (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «Саёҳатнома» асарида келтирган. Унда муаллиф Дамашқ жомеъсида Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ)нинг минбарда туриб Аллоҳнинг самога «тушиши»ни шу хилда изоҳлаганини ўз кўзи билан кўрганлигини қайд қилиб ўтган (Ибн Баттута. «Саёҳатнома». «Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор» / Масъул муҳаррир ва муқаддима муаллифи Н.Иброҳимов. – Тошкент: Sharq, 2012. – Б. 103). Масаланинг долзарблиги, ақийдалар бу мавзуга келганда синов чиғириғидан ўтиши сабабидан Қози Иёз (раҳимаҳуллоҳ) «аш-Шифо» асарида бундай фикрни билдирган: من وصف شيئا من ذات الله تعالى و أشار الى شيئ من جسد او يد او سمع او بصر قطع ذلك منه لانه شبه الله تعالى بنفسه «Кимки Аллоҳ таолонинг зотидан бирортасини тавсиф қилиб туриб, жасадига, қўлига, қулоқ ёки кўзига ишора қилса, жазо сифатида ушбу аъзоси ундан кесиб ташланади. Чунки у Аллоҳ таолони ўзига ўхшатган бўлади» (Иқтибос бундан: Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул, 1309. – Б. 497). Ислом оламида муташобеҳларга муносабат, асосан, тўрт гуруҳга мувофиқ бўлиб келган: 1. Мушаббиҳалар гуруҳи. Оят ва ҳадисларда келган Аллоҳнинг «яд», «айн», «нузул» каби сифатлари ҳақиқий ва айни собитдир. Мазкур сифатлар худди яралмишларда бўлганидек, масалан, одамларда бўлгани кабидир, дейдилар. Улар Аллоҳ таолонинг сифатларини яралмишларнинг сифатларига ўхшатганлари учун мушаббиҳалар – ўхшатувчилар, деган ном билан аталганлар. Бу гуруҳнинг айрим вакиллари Аллоҳ таолони айнан одамзот жисмидек, деб тасаввур қилиш керак, деган ғояни илгари сурганлари учун уларни «мужассима» – жисм исбот қилувчилар, деб ҳам номланган. Бу мазҳабни ва ушбу фикрларни аҳли суннат ва жамоа вакиллари асрлар давомида кескин рад қилиб келганлар. 2. Мўътазилийлар гуруҳи. Ушбу мазҳаб вакиллари Аллоҳ таолонинг сифатларини мутлақо инкор қиладилар. Унинг сифатлари йўқ, муташобеҳ ҳадисларнинг барчаси ёлғон, дейдилар. Аҳли суннат ва жамоага кўра ушбу мазҳаб фикрлари ботилдир. 3. Аҳли суннат ва жамоанинг муҳаддислар жамоаси. Улар фикрига кўра, муташобеҳ оят ва ҳадисларда келтирилган сифатлар аслида бор, оят ва ҳадисларга эргашган ҳолда мазкур сифатларни бор, деб эътиқод қилиш керак бўлади. Лекин уларнинг кайфияти – қандайлиги номаълум. Банданинг ақли унга етмайди, бу борада «таваққуф» қилинади, маъно излаб чуқур кетилмайди. Бундай сифатларнинг қандайлигини Аллоҳ таолонинг ўзига топширилади, уларни Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Шунинг учун мазкур жамоани муфаввизалар – топширувчилар гуруҳи деб ҳам номланган. 4. Аҳли суннат ва жамоанинг мутакаллимлар жамоаси. Улар фикрига кўра, муташобеҳ оят ва ҳадисларда келтирилган сифатлардан зоҳири асло мурод қилинган эмас. Чунки бу ташбеҳни – ўхшатувни келтириб чиқаради. Бу эса асло мумкин эмас. Улар фикрига кўра, бу хилдаги муташобеҳ оят ва ҳадисларда мажозий маъно мурод қилинган бўлади. Мажозий маънони эса шариатнинг умумий мақсад ва кўрсатмаларидан, асосан, раъй ва мантиқ орқали топиб қўйилган, яъни таъвил қилинган. Шу боис айрим ҳолларда мажозий маъно беришда мантиқий йўлдан борилган бўлса-да, бироқ айрим ҳолларда мантиқдан ҳам узоқлашиб, ҳатто бузуқ маънолар берилган ҳоллари ҳам кузатилган.
Тафвиз ва таъвил аҳли Юқоридаги тўртта гуруҳдан аввалги иккитасининг фикрлари аҳли сунна ва жамоа бўйича ботилдир. Аҳли сунна вал жамоа эса муташобеҳ оят ва ҳадислар маъносига муносабат билдиришда икки гуруҳга бўлинганлар. Уларни тафвиз ва таъвил аҳли дейилади. Бу борада Аллома Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган: و الادلة القطعية قائمة على التنزيهات فيجب ان يفوض علم النصوص الى الله تعالى على ما هو دأب السلف ايثارا للطريق الاسلم او يأول بتأويلات صحيحة على ما اختاره المتأخرون دفعا لمطاعن الجاهلين و جذبا لضبع القاصرين سلوكا للتسبيل الاحكم «Қатъий даллиллар (Аллоҳ таолонинг жисм ва яралмишларга ўхшатилиши сингари ҳолатлардан) поклик устига қоимдир. Демак, матнлардаги илмни Аллоҳ таолога топширилади, бу салафлар одати бўлиб, энг соғлом йўлга ўзни бағишлашдир. Ёки тўғри таъвилларга кўра таъвил қилинади, бунисини эса мутааххир – кейинги давр олимлари ихтиёр қилган бўлиб, жоҳилларнинг таъналарини дафъ қилиш, ақли қосирларнинг нотўғри қарашларини тортиб тўғрилаш мақсадидаги энг мустаҳкам услубдир (Саъдуддин ат-Тафтазоний. «Шарҳ ал-ақоид ан-насафиййа». – Лакнав: Шавкат ал-ислом, 1314. – Б. 34). Муҳаддислар жамоаси уларни Аллоҳнинг ўзигина биладиган маънода деган бўлсалар, мутакаллимлар жамоаси таъвил қилиш йўлидан борганлар. Инсонларнинг, хусусан, оддий одамларнинг фаҳм ва дунёқарашларига муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг маъноларини таъвил қилиб берилмаса, эътиқодларга путур етиб қолиши, ақийдаларда тойиниш бўлиши эҳтимоли катталиги сабабли мутакаллимлар таъвил йўлини танлаганлар. Муҳаддисларнинг айримлари тавфиз билан таъвил йўлини биргаликда қўллаш тарафдори ҳам бўлганларини таъкидлаш жоиз. Улар икковининг орасини мувофиқлаштириб татбиқ қилишга ҳаракат қилганлар. Уларга кўра, муташобеҳларга маъно беришда такаллуфга, ортиқча маънолар излашга сабаб бўлмайдиган бўлинса, таъвил қилинади. Акс ҳолда, таъвилдан кўра тафвиз яхшироқдир. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ҳам мутақаддимин уламолар қаторида бўлиб, тафвиз аҳли каби Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларини таъвил қилмаслик, ўз ҳолича иймон келтириш тарафдори бўлган: فما ذكره الله تعالى فى القرآن من ذكر الوجه و اليد و النفس فهو صفات بلا كيف و لا يقال انّ يده قدرته او نعمته لانّ فيه ابطال الصفة و هو قول اهل القدر و الاعتزال و لكن يده صفته بلا كيف «Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган «важҳ», «яд», «нафс» каби нарсалар кайфиятсиз сифатлардир. Унинг «яд»и унинг қудрати ёки неъмати дейилмайди. Чунки бунда сифатни ботилга чиқариш мавжуд. У қадарийлар ва мўътазилийлар гапидир. Лекин, Унинг «яд»и унинг кайфиятсиз сифатидир» (Абу Ҳанифа ан-Нўъмон. «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар» / Эъдод Абдулкарим Таттон. – Истанбул, 1972. – Б. 21-22). Ҳанафийларнинг олдинги вакилларининг барчаси, жумладан, Мовароуннаҳрлик фақиҳлардан Фахр ал-ислом ал-Баздавий (раҳимаҳуллоҳ), Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (раҳимаҳуллоҳ), Садр аш-шариъа (раҳимаҳуллоҳ) кабилар ҳам Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларининг борлигини, унинг маъноси фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълумлиги, унинг таъвил қилиш йўлидан бормасдан, балки таваққуф, яъни фикр билдирмасдан борига иймон келтириш тарафдорлари ҳисобланадилар. Абу Шукур ас-Солимийнинг (раҳимаҳуллоҳ) айтишига қараганда, Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий (раҳимаҳуллоҳ) ва Бухоро уламоларининг аввалгилари бундай эътиқодда бўлганлар: و قال ابو الحسن الأشعرى و المتقدمون من مشايخ بخارا انّ المتشابه صفات الله تعالى من غير تفصيل و لا تشريح و لا كيفية و قالوا بانّ الله تعالى موصوف بصفة اليد و موصوف بصفة الوجه و موصوف بصفة النزول و القدم و غير ذلك ما ورد من الاخبار و الآيات فان الله تعالى موصوف بتلك الصفة بلا كيف «Муташобеҳлар Аллоҳ таолонинг тафсилотсиз, шарҳсиз ва кайфиятсиз сифатларидир. Олимлар Аллоҳ таоло «яд», «важҳ», «нузул», «қадам» ва бошқа шунга ўхшаш хабарлар ва оятларда келтирилган сифатлар ила васф қилинган», дейдилар. Демак, Аллоҳ таоло мана шу сифатлар билан кайфиятсиз, яъни қандайлиги номаълум сифатлангандир» (Абу Шукур ас-Солимий. Ат-Тамҳид баён ат-тавҳид. – Самарқанд, 1326. – Б. 142-143). Бу ҳақида ҳанафий олими Абдурраҳим Шайхзода (раҳимаҳуллоҳ) мотуридийлар билан ашъарийлар ўртасидаги фарқларга бағишланган асарида бундай ёзади: ذهب مشايخ الحنفية الى ان اثبات اليد و الوجه و غيرهما له تعالى حق لكنه معلوم باصله و مجهول بوصفه و لا يجوز ابطال الأصل بالعجز عن درك الوصف ... حكم المتشابه التوقف مع اعتقاد الحقية عندنا «Ҳанафий машойихлари «яд», «важҳ» ва бошқаларини исбот қилиш йўлидан борганлар ва улар Аллоҳ таолога ҳақ сифатлар эканини билдирганлар. Лекин бу сифатларнинг асли маълум, васфи номаълум. Васфни идрок қилишдан ожиз бўлингани сабабли аслни ботил қилиш жоиз эмас. Бизнинг фикримизча, муташобеҳларнинг ҳукми ҳақлигига эътиқод қилиб, таваққуф қилиб туришдир!» (Абдурраҳим Шайхзода. «Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид фий баён масоил аллатий вақаъа фиҳа ал-ихтилоф байна ал-мотуридиййа ва ал-ашъариййа фи-л-ақоид». – Миср: Адабия, 1317. – Б. 23). Абу Шукур ас-Солимий (раҳимаҳуллоҳ) бундай ёзади: «Муташобеҳ маъноларни таъвил қилиш бизга вожиб бўлмайди. Мўътазилий ва жаҳмия тоифалари таъвил қилишни вожиб, дейдилар. Агар таъвил қилиш вожиб бўлганда эди, аввало Пайғамбар (алайҳиссалом)га вожиб бўлган бўларди. Ул Зот эса мубаййин – баён қилиб берувчи сифатида юборилган. Бизларга эса ул Зот муташобеҳларни баён қилиб бермаганлар, демак, шундан билинадики, таъвил қилиш вожиб эмас экан» (Абу Шукур ас-Солимий. «Ат-Тамҳид баён ат-тавҳид». – Самарқанд, 1326. – Б. 142).Муташобеҳларни таъвил қилиш керак, деган олимлар бу борадаги Оли Имрон сурасининг аввалида келган ояти карима (7-оят)даги «Ва ма йаъламу таъвилаҳу илла Аллоҳ»да вақф – тўхташ аломати йўқ, балки «ва ар-росихун фи-л-илм»га тўхтамасдан ўтиб кетилиши керак, дейдилар. Шунда ояти каримадан муташобеҳлар маъносини Аллоҳ таоло билан бирга, уларнинг таъвилини илм аҳли ҳам билиши мумкин, деган маъно келиб чиқади. Бу фикр вакиллари муташобеҳларни таъвил қилиш илми агар аҳли илмларга берилмайдиган бўлса, уларнинг жоҳиллардан фарқи қолмайди. Чунки ҳамма бирданига бу оятнинг маъносини билмаймиз, деб тураверадилар. Агар таъвил қилинмайдиган бўлса, бу оятлардан бандаларга фойда бўлмай қолади. Ҳаким бўлмиш Зотга эса бандаларига манфаат келтирмайдиган нарсани нозил қилиши тўғри келмаса керак, дейдилар. Аллома Ибн Камол Пошшо (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Тағйир ат-Танқиҳ» асарида келтирган фикри эса жуда ажойиб: «Тафвиз йўлини тутган салафлар борасида улар фақат тафвиз лозим, деган фикрда бўлганлар, дейишимиз тўғри эмас. Чунки биринчи ва иккинчи ҳижрий асрларда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам ҳар қандай оятни тафсир қилганлар ва уламолар уларнинг таъвиллари ҳақида сўз юритганлар. Ўша замонларда уларни ҳеч ким инкор қилган эмаслар. Шундан маълум бўладики, муташобеҳларда таваққуф вожиб эмаслигига ижмоъ қилинган экан» (Иқтибос бундан: Абдурраҳим Шайхзода. «Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид фий баён масоил аллатий вақаъа фиҳа ал-ихтилоф байна ал-мотуридиййа ва ал-ашъариййа фи-л-ақоид». – Миср: Адабия, 1317. – Б. 24). Шундан келиб чиқиб, ҳанафийларнинг кейинги вакиллари барча халаф мутакаллимларига қўшилганлар. Жумладан, «Кифоя» соҳиби, «ат-Тасдид» соҳиби, Камолиддин ибн ал-Ҳумом (раҳимаҳуллоҳ) кабилар таъвил қилишни ихтиёр қилганлар. Ибн ал-Ҳумом (раҳимаҳуллоҳ) авомнинг фаҳмига халал етиб қоладиган бўлган тақдирдагина таъвил қилишни билдириб ўтган (Камол ибн Абу Шариф. «Ал-Мусомара шарҳ ал-Мусойара». – Миср: Амириййа, 1317. – Б. 33-36). Муташобеҳ сифатлар борасида Ҳусайн Воиз Кошифий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган: جمله صفاتى كه در قرآن و حديث آمده است عقل و وهم ما ازان معنى تشبيه فهم ميكنند و از ادراك حقيقت آن كما هو مراد الله و رسوله فى نفس الامر قاصراند مثل وجه و عين و يد و يمين و اصبع و مانند آن بسبب قصور ميل بتأويل مينمايند و حق آنست كه اين جمله را صفات او ميبايد دانيست و بوى اضافه ميبايد كرد اما نه بمعنى تشبيه و تأويل و تصرف بعقل و وهم بل بمعنى كه او داند و خواهد و لائق حضرت او باشد چه دانستن او بدوست نه بوسيلهٴ علم و فهم و راه بردن بدو ازوست نه بدلالت عقل و وهم «Қуръон ва ҳадисда келган жами сифатларга ақл ва хаёл улар борасида маъно, ташбеҳ ва фаҳм қилади, лекин, унинг ҳақиқатининг идрокидан Аллоҳнинг ва унинг Расулининг муродини аниқ билишдан ақл қосирдир. «Важҳ», «айн», «яд», «ямин», «исбаъ» ва уларга ўхшашларни тушунишда ақл қусурли бўлгани боис таъвилга майл қиладилар. Ҳақиқат шулки, бу жумлаларни Унинг сифати деб билиш керак, Унга боғлаш лозим. Бироқ ўхшатиш, фикр билдириш, ақл ва хаёлнинг тасаввур қилгани маъноси билан эмас. Балки У билган ва Унинг ўзи хоҳлаган маънода ҳамда Аллоҳ таолога лойиқ бўлган маънода дейиш керак. Уни билиш Унинг ўз билганидир, илм ва фаҳм воситаси билан билиб бўлмайди. Унга йўл Унинг ўзидандир, ақл ва фаҳмнинг кўрсатмаси билан эмас» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Жавоҳир ат-тафсир ли-туҳфат ал-Амир». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3606. – В. 47а). Албатта, таъвил йўлидан борилганда, таъвил қилинган муташобеҳнинг айнан маъноси худди шундай, деб қатъий фикр билдирилмайди, балки Аллоҳ таоло унинг ҳақиқатини билувчироқ, муташобеҳдан мурод шу бўлса керак, дейилади. Абу Шукур ас-Солимий (раҳимаҳуллоҳ) бу ҳақида бундай фикрларни билдириб ўтган: فاما التأويل عند المعتزلة واجب و عند اهل السنة و الجماعة غير واجب و لكن يجوز ان يتأوّل المتشابه لانّ المشبهة اخذوا بظاهر الآية و قالوا بانّ الله تعالى صورة و يدا و اصبعا كسائر المخلوقات و اعتقدوا ذلك و ذلك كفر فيجوز التأويل عند تشبههم نفى الخطاء و زوال الشبهة و لكن لا نقول انّ المراد فيه ما ذكرنا من التأويل فيقول انّه يجوز ان يكون لذلك لكن لا يعلم تأويله فى الحقيقة الا الله «Таъвилга келсак, мўътазилалар фикрича, вожиб, аҳли сунна ва жамоа фикрича, вожиб эмас. Лекин муташобеҳларни таъвил қилиш жоиз бўлади. Чунки мушаббиҳалар оятнинг зоҳирини ушлаб олганлар ҳамда Аллоҳ таолонинг бошқа махлуқотлар каби сурати, қўли ва бармоғи бор, дейдилар ва шундай эътиқод қиладилар. Бу эса куфрдир! Демак, уларнинг хатолари қайтариш, шубҳаларини кетказиш ва ёпишиб олган фикрларини йўқотиш мақсадида таъвил қилиш жоиз бўлади. Лекин муташобеҳдан биз таъвилда зикр қилганимиз мурод, дея олмаймиз. Мана шу маъно бўлиши мумкин, ҳақиқатда эса унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа билмайди, деймиз, холос» (Абу Шукур ас-Солимий. Ат-Тамҳид баён ат-тавҳид. – Самарқанд, 1326. – Б. 142). Форс адабиётининг машҳур намояндаси, мутасаввиф шоир Ҳаким Саноий (раҳимаҳуллоҳ) муташобеҳ сифатларни таъвили борасида қуйидаги байтларни ёзиб қолдирган: «Яд» қудрат аст-у, «важҳ» бақо-аш, «Омадан» ҳукма-аш-у «нузул» ато-аш. «Исбаъ»инаш нифози ҳукми қадар, «Қадам»инаш жалол-у қаҳру хатар. («Яд» қудратдир, «важҳ» эса Унинг бақосидир. «Келмоқ» эса Унинг ҳукми бўлса, «тушмоқ» Унинг атосидир. Унинг «Исбаъмси қадар ҳукмининг ўтиши бўлса, Унинг «қадам» сифати қаҳр ва жалолидир). «Яд»ни таржима қилмаган маъқул Аллоҳ таолонинг сифатларини бошқа тилларга таржима қилиш мумкинлиги борасида Аллома Саъдуддин Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) «Ақоид ан-насафиййа»га ёзган шарҳида бундай деган: و قد يقال ان الله تعالى و الواجب و القديم الفاظ مترادفة و الموجود لازم للواجب و اذا ورد الشرع باطلاق اسم بلغة فهو اذن باطلاق ما يرادفه من تلك اللغة او من لغة اخرى و ما يلازم معناه و فيه نظر «Гоҳида Аллоҳни таоло, вожиб, қадим ва вожиб учун лозим бўлган мавжуд сингари бир-бирига синоним сўзлар билан аталади. Агар шариат бирорта луғатда бир исмни – номни айтган бўлса, бу ана шу луғатда ёки бошқа бир луғатда ўша исмнинг синонимини ҳамда ўшанинг маъносини билдирадиганини айтишга изн борлигини билдиради. Бу фикрда назар (изланиш, камчилик) бор!» (Саъдуддин ат-Тафтазоний. «Шарҳ ал-ақоид ан-насафиййа». – Лакнав: «Шавкат ал-ислом», 1314. – Б. 31). Саъдуддин Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ)ҳима бу фикрини ўзининг «Шарҳ ал-Мақосид» асарида ҳам давом қилдирган (Қаранг: Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 256-262). Яъни аҳли суннат ва жамоага кўра Аллоҳ таолонинг шариатда маълум исмларининг синонимларини айтиб ёки таржима қилиб бўлади. Аллоҳ таолони бошқа тилларда ҳам аташ мумкин. Жумладан, бу ҳақида Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида сўз юритган: و كلّ شيئ ذكره العلماء بالفارسية من صفات الله تعالى عز اسمه و تعالت صفاته جائز القول به «Исми азиз ва сифатлари олий бўлмиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан ҳар бирини уламолар форс тилида зикр қилган бўлиб, уларни айтиш жоиздир ...» (Абу Ҳанифа ан-Нўъмон. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар / Эъдод Абдулкарим Таттон. – Истанбул, 1972. – Б. 43). Шунга кўра, «Ал-Фиқҳ ал-акбар»нинг шарҳлари ва бошқа каломга оид манбаларда Аллоҳни форсча Худо, туркийча Тангри деган номлар билан аташнинг жоиз экани қайд қилинган (Масалан, қаранг: Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 257). Аллома Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия»даги: و فيه نظر – «Бу фикрда назар (изланиш, камчилик) бор!» деган гапининг сабабини эса бунда, биринчидан, Аллоҳ таолонинг исмларини зўрма-зўраки кўпайтириш юзага келади, иккинчидан эса ул Зотга нолойиқ исм ва сифатлар пайдо қилиш мумкинлигидан келиб чиқиб тушуниш мумкин. Карромия ва мўътазилийлар ақл идрок қила оладиган маъноларни Аллоҳ таолога нисбатан айтиш мумкин, дейдилар. Бироқ Аллоҳ таолога зўрма-зўраки исмларни кўпайтириб бўлмаслиги, ул Зотга нолойиқ исм ва сифатларни бериб бўлмаслигидан келиб чиқиб, аҳли суннат ва жамоа аъзолари карромий ва мўътазилийларнинг фикрларига тўла қўшилиб бўлмайди, деб келадилар. Чунки масалан, Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсанинг холиқи – яратувчиси исмидан ул Зотга нисбатан чўчқаларнинг яратувчиси деган номни қўллаб бўлмайди (Рамазон афанди. «Шарҳ ъала шарҳ ал-ақоид». – Истанбул: Усмония, 1308. – Б. 106). Аллоҳ таолонинг шофий – шифо берувчи исмидан олиб унинг синоними бўлмиш табиб номини Аллоҳга нисбатан қўллаб бўлмайди. Чунки табиб тиб илмини билувчи бўлса, шофий – ҳар қандай ҳолатда шифо беришга қодир зот маъносидадир. Демак, Аллоҳга табиб исмини бериш унинг комил сифатини нуқсонлик маънода аташ юзага келиб қолгани боис ул Зотни табиб деб бўлмайди. Зотан, табиб тиб илмини чуқур билгани билан, унда истаган беморига шифо бера олиш қудрати йўқ. (Мулла Хаёлий. «Ҳошияту ъала шарҳ ал-Ақоид ан-Насафий». – Лакнав: Юсуфий, 1313. – Б. 72-73). Юқоридагидек, Аллоҳ таолонинг сифатларини зўрма-зўраки кўпайтириш ёки унинг Зотига нолойиқ сифатларни бериш кузатилмайдиган бўлса, Аллоҳ таолонинг сифатларини ҳар бир мусулмон ўз тилига таржима қилиши мумкин. Бунда, Аллоҳнинг «ъалим» сифатини «билувчи», «басир» сифатини «кўрувчи» каби таржималари назарда тутилмоқда. Бундай таржима қилиш мумкинлиги аҳли сунна ва жамоанинг барча муҳаддис ва мутакаллимлари томонидан қўллаб қувватланган. Бироқ Аллоҳ таолонинг биз кўриб чиқаётган муташобеҳ сифатлари борасида улар икки тоифага ажралганлар. Мутақаддимин – олдинги даврда яшаган каломчи уламолар муташобеҳ сифатлардан айримларини араб тилидан бошқасига мутлақо таржима қилиб бўлмайди, деган қарашда бўлганлар. Мутааххирин уламолардан айримлари ҳам эҳтиёт йўли, тақво услуби шу бўлгани боис, таржима қилмасликни маъқул кўрганлар. Чунки улар муташобеҳларни асло таъвил қилиб бўлмайди, деган тафвиз аҳли жамоаси бўлиб, таржималар ҳам бир нави таъвил бўлгани боис, буни жоиз санамаганлар. Жумладан, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ҳам ушбу фикрда қатъий турганлар. У ўзининг «Ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида буни алоҳида қайд қилган: سوى اليد بالفارسية و يجوز ان يقال بروى خدا عز و جل بلا تشبيه و لا كيفية «Яд»дан бошқани форсча зикр қилиш мумкин, ташбеҳсиз ва кайфиятсиз «Рўйи Худо» дейиш эса жоиз бўлади»(Абу Ҳанифа ан-Нўъмон. «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар» / Эъдод Абдулкарим Таттон. – Истанбул, 1972. – Б. 43-44). Бу ибораларда Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларидан «важҳ»ни форс тилида: «рўйи Худо», деб ифодалаш мумкин, бироқ «яд»ни форс тилида «дасти Худо», деб айтиш мумкин эмас, деганлар. Мавлоно Али ал-қори ушбу ибораларни шарҳ ва изоҳлар экан, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га кўра «яд»ни арабчадан бошқа – Китоб ва Суннатда келган иборадан бошқа ибораларда ифодалаш жоиз эмаслигини қайд қилган (Али ал-қори. «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар». – Миср: ат-Тақаддум, 1323. – Б. 93). «Ал-Фиқҳ ал-акбар»нинг шориҳларидан бири Камолиддин ал-Баёзий (раҳимаҳуллоҳ) «важҳ» ни таржима қилиш мумкин-у, «яд»ни таржима қилиш мумкин эмаслигига уламоларнинг бир фикрини келтирган. Унга кўра, «яд» форслар томонидан аъзони исботлашда ишлатилади, бироқ уни истиора йўлига кўра ишлатиб бўлмайди; «важҳ»ни эса вужуд маъносида истиора қилинади (Камолиддин Аҳмад ал-Баёзий ал-Ҳанафий. «Ишорат ал-мароб ъан иборот ал-Имом». – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 191). Бироқ истиора борасида Камолиддин ал-Баёзий (раҳимаҳуллоҳ) келтирган мазкур фикр форсларга нисбатан тўғри бўлиши мумкин-у, масалан, туркий халқларга нисбатан бу унчалик тўғри эмас. Чунки «қўл» сўзи аъзодан ташқари бошқа маъноларда истиора ва мажоз ҳамда киноя сифатида кўп ишлатилади. Бунда зот маъносини ҳам тушунилади. Жумладан, «қўли баланд келмоқ», «қўли узун», «қаёққа қўл узатса етади», «кўнглига қўл солиб кўрмоқ», «оёғини қўлига олмоқ», «қўл келмоқ», «қўли очиқ», «қўли юпқа», «қўли эгри», «қўллаб юбормоқ», «қўлбола» каби жумлаларни барча ўз ҳақиқий маъносида тушунмайди, изоҳли луғатларда ҳам унинг мажозий маънолари берилган (Қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Бешинчи жилд. – Тошкент, 2008. – Б. 402-405). Шунинг учун ҳам, уламолар Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг нима учун муташобеҳ сифатлардан «важҳ»ни таржима қилиб бўлишига рухсат бергани-ю, нима учун «яд»ни таржима қилиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрининг фарқи ва сабабини ҳамда моҳиятини тўлиқ англаб ета олмаганлар. Буни «Ал-Фиқҳ ал-акбар»ни шарҳ қилган Аллома Камолиддин ал-Баёзий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам, Мавлоно Али ал-қори (раҳимаҳуллоҳ) ҳам қуйидаги сўзлари билан тан олганлар: و منها ما قيل انه لا يجوز فى اليد و يجوز فى الوجه و الفرق بينهما دقيق يحتاج الى تحقيق فالفرق بين اليد و الوجه تدقيق يحتاج الى تحقيق «Яд»да жоиз, «важҳ»да жоиз бўлмайди, дейилганки, у иккисининг орасидаги фарқ нозик бўлиб, ҳақиқатини изланишга эҳтиёж сезилади» (Қаранг: Камолиддин Аҳмад ал-Баёзий ал-Ҳанафий. «Ишорат ал-мароб ъан иборот ал-Имом». – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 191; Али ал-қори. «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар». – Миср: ат-Тақаддум, 1323. – Б. 93). Мутакаллим уламоларнинг энг таниқли вакилларидан бири, мутақаддиминлар йўлини тутган юртдошимиз Абу-л-Муин ан-Насафий (р.ҳ.) ҳам муташобеҳ сифатлардан «яд»ни таржима қилиб бўлмайди, деган қарашда бўлган. У ўзининг «Баҳр ал-калом» асарида бундай ёзади: و يجوز ان يقال بان لله تعالى يدا بالعربية لا يجوز بالفارسية و اليد من صفاته الازلية بلا كيف و لا تشبيه كالسمع و البصر و العلم و القدرة و الارادة و الكلام فان الله تعالى سميع بلا جارحة بصير بلا عين عالم بلا آلة مريد بلا قلب متكلم بلا لسان و شفتين و كذلك اليد من صفاته الازلية بلا كيف و تشبيه و جارحة فنقر باليد و المراد ما اراد الله تعالى «Аллоҳ таолонинг «яд»и бор, деб арабча айтиш жоиз бўлади. Форсча айтиш эса жоиз бўлмайди. «Яд» Унинг кайфиятсиз ва ташбеҳсиз бўлган «самъ», «басар», «илм», «қудрат», «иродат», «калом» каби азалий сифатидир. Демак, Аллоҳ таоло аъзосиз эшитувчи, кўзсиз кўрувчи, воситасиз билувчи, қалбсиз хоҳловчи, тилсиз ва икки лабсиз гапирувчидир. Шунингдек, «яд» ҳам унинг кайфиятсиз, ташбеҳсиз ва аъзосиз азалий сифатидир. Демак, «яд»га иқрор бўламиз. Унинг муроди эса Аллоҳ таоло хоҳлаганидир» (Абу-л-Муин ан-Насафий. «Баҳр ал-калом». – Миср: курдия, 1911. – Б. 21). Абу-л-Муин ан-Насафий (раҳимаҳуллоҳ) юқоридаги ибораларда «яд»ни таржима қилиш жоиз бўлмаслигини айтар экан, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га ўхшаб у ҳам «яд» сифатини «қудрат», «қувват» каби маъноларда таъвил қилишни жоиз эмас, дейди ва таъвилни мўътазилийлар қилмиши сифатида баҳолайди. Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг тақвоси, эҳтиёткорлиги ва парҳезгорлиги билан танилган мутафаккир бўлиб, у ҳам «Сабот ул-ожизин» асарида Аллоҳ таолонинг «яд» сифати ҳақида сўз юритар экан, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) изидан бориб, қуйидагиларни битади (Сўфи Оллоёр. «Саботул ожизин» / Нашрга тайёрловчи: Рашид Зоҳид. – Тошкент: «Санъат журнали» нашриёти, 2007. – Б. 18): Ирода айлагач, Халлоқи олам Ҳар ишни «бўл!» деди, бўлди ўшал дам. На этса эрки бору, қудрати бор, «Қўли бирла яратди» дема зинҳор. Тилингни сақла мундоғ қавли баддин, Худовандим муназзаҳдур жасаддин. Каломи ҳақдаким «яд» айлади ёд, Анинг бир васфидур, эй одамизод. Аимма билди Қуръон маънисин туз, Кўнгилни қўймағил, сан ҳар қаю юз! Бу ерда Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) Аллоҳ таолонинг жасади одамзотники каби, деган ботил эътиқоддан сақланиш лозимлигига эътиборни қаратади ва «яд» сифатини жасаддаги «қўл»га ўхшаш тасаввур қилишдан сақланишни уқтиради. Маълумки, Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) мутасаввиф шоир бўлиб, фатволарни тақво жиҳатига жуда катта эътибор қаратган буюк мутафаккирдир (Сайфиддин Сайфуллоҳ. «Фатво ва тақво китоби». «Маслак ул-муттақин» асари ҳақида. – Т.: Фан, 2005. – 52 б.). Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) ҳар бир масаланинг тақво жиҳатига эътибор қаратган. Жумладан, у «Маслак ал-муттақин» асарида бундай ёзади: Гарчи инҳо аст сурати фатво, Лек андар тариқаи тақво. Як ривоят равад ба-ҳурмати чиз, Сад ривоёт бо-ҳалоли нез. Гарчи уро ҳаром нашуморад, Муттақий дар амал намеорад... Жамъ наояд амал фа-фатво аст, Фатво дар ин мақом тақво аст. Вар тахаллуф кунад гунаҳкор аст, Гарчи ақволу қийл бисёр аст. «Гарчи булар фатвонинг сурати бўлса-да, бироқ тақво тариқаси ҳам бор. Бир ривоят бирор нарсанинг ҳаромлиги борасида бўлса, ўша нарсанинг ҳалоллиги борасида юз ривоят ҳам келган бўлса, уни ҳаром саналмаса ҳам, тақводор инсон уни қилмайди. Жамъ қилиш мумкин бўлмаган масалада, амал фатвогадир. Фатво эса бу ерда тақводир! Агар фатвога хилоф иш қилса, гуноҳкор бўлади, гарчи бошқа ҳар хил ривоятлар кўп бўлса ҳам» (Сўфи Аллоҳёр. «Маслак ал-муттақин». – Тошкент, 1333. – Б. 36-37). Юқоридаги иқтибослардан маълум бўладики, Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) ўта тақводор ва эҳтиёткор бўлгани боис, муташобеҳ сифатлар борасида, айниқса, «яд» масаласида Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) фикрига таяниб қўя қолган. Демак, барча ҳолатларда Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мазҳаби уламолари унинг фикрларига суянган ҳолда, «яд»ни таржима қилмасдан уни арабча ўз атамаси ила бериб, унинг муташобеҳ сифат эканини қайд қилган ҳолда тафсир йўлини тутишлари тақво бўлиб қолаверади. Бироқ, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг «яд»ни таржима қилмаслик борасидаги йўлини худди тафвиз йўлини қаттиқ ушлаб бўлмаслик каби аён бўлиб қолди. Шунинг учун халқ ва мусулмонлар ақли ва шуурига «яд»ни ҳам Аллоҳнинг барча сифатлари каби таржима қилиб бериб, уни муташобеҳ сифат эканини тушунтириб бериш қулайлиги маълум бўлиб қолди. Шунинг учун кейинги давр уламолари бошқача йўл тутдилар. «Яд»ни таржима қилиш мумкин Кейинги давр мутакаллимлари, шунингдек айрим муҳаддислар инсонларнинг, хусусан, оддий одамларнинг фаҳм ва дунёқарашларига муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг маъноларини таъвил қилиб берилмаса, эътиқодларга путур етиб қолиши, ақийдаларда тойиниш бўлиши эҳтимоли катталиги сабабли таъвил йўлини танладилар. Муташобеҳ сифатлар таъвил қилинар экан, жумладан, Аллоҳ таолонинг «яд» сифати ҳам ўрни келганда «қувват» ва «қудрат» маъносида баён қилиб берилди. Бу хилда баён қилишни мутакаллимлар жоиз санаганлари учун, «яд»ни таржима қилиш ҳам жоиз саналди. Чунки Аллоҳ таолонинг барча сифатлари таржима қилиб берилар экан, фақат «яд»ни таржима қилинмай қолиши ҳар хил гап-сўзларга, бўлмағур савол-жавобларга, тўхтовсиз баҳсу мунозараларга ва шак-шубҳаларга сабаб бўлиши мумкин эди. Муҳаддисларнинг айримлари ҳам маъно беришда такаллуфга, ортиқча маънолар излашга сабаб бўлмайдиган бўлингани боис «яд»ни таржима қилишни дуруст ҳисобладилар. «Яд»ни таржима қилиш мумкинлиги борасида Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Ал-Фиқҳ ал-акбар»ига ёзилган шарҳларда ҳам сўз юритилган. Жумладан, 891 ҳижрий – 1486 мелодий йилда вафот қилган ҳанафий олими Илёс ибн Иброҳим ас-Сийнобий аш-Шайбоний (раҳимаҳуллоҳ) қаламига мансуб шарҳ мавжуд. У Бурсада «Султония» мадрасасида мударрислик қилган бўлиб, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Ал-Фиқҳ ал-акбар» ҳамда Аллома Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Шарҳ ал-Мақосид» асарига шарҳ ва ҳошиялар ёзган мутакаллим олимдир. У мазкур шарҳида қуйидагиларни баён қилган: القول الاذن لاسم ورد به الشرع اذن لما يرادفه يؤيده ان اهل كل لغة يسمّونه تعالى باسم مختص بلغتهم كما تقول الفرس خداى و الروم تكرى الى غير ذلك من اهل اللغات و الحق ان جواز القول ان صح فانما يصح فى صفات لا اشتباه فيها و اما فى المتشابهات مثل اليد و الوجه و العين الى غير ذلك فالاحسن ان نتبع اللفظ الذى ورد به النصّ من الكتاب و السنة و لا يبدل بلفظ اخر لا بالعربية و لا بغيرها فلا يبدل لفظ العين بالباصرة و لا لفظ القدم بالرجل و لا يقال بالفارسية ايضا و هذا ما قال الامام جمال الدين المحبوبى فى كتاب الفروق يقال يد الله فوق ايديهم و لا يقال دست خداى بر همه دستهاست نعم ان من سلك السبيل الاحكم و اول المتشابهات فله جواز القول به لان المراد متعين و اما من اثر الطريق الاسلم كالامام ابى حنيفة رضى الله عنه فلا يظهر القول «Шариатда келтирилган ном учун изн сўзи унинг муродифига (синонимига) берилган исмдир. Уни қувватлайдиган нарса шуки, ҳар бир луғат аҳли Аллоҳ таолони ўзларининг луғатларига мос исм билан атайдилар. Чунончи, Аллоҳни форслар «Худой», румликлар «Тангри» каби бошқа луғатлар аҳли кабилар айтиб келадилар. Ҳақиқат шуки, шу тўғри бўлса, айтиш жоиз, демак, иштибоҳли – муташобеҳ бўлмаган сифатларда бу тўғри бўлаверади. Муташобеҳ сифатларга келадиган бўлсак, «яд», «важҳ», «айн» каби бошқа сифатларида ҳам энг яхшиси шуки, Китоб ва Суннатдаги матнларда келтирилган лафзга эргашамиз. Хоҳ арабча бўлсин ва хоҳ бошқа тилларда бўлсин, бошқа лафзларга ўзгартирмаймиз. Демак, «айн» лафзини «кўрувчи»га, «қадам» лафзини «оёқ»қа ўзгартирилмайди. Форсча ҳам айтилмайди. Бу Имом Жамолиддин ал-Маҳбубий (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Ал-Фуруқ» китобида келтирилган: «Ядуллоҳи фавқа айдиҳим» ояти «Худонинг қўли ҳамма қўллар устида», дейилмайди», деган нарсадир. Тўғри, кимки энг мустаҳкам йўлни танлаган ва муташобеҳларни таъвил қилган бўлса, унга буни айтиш жоиздир. Чунки мурод аниқдир. Аммо кимки Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) каби энг саломат қолинадиган йўлга эргашган бўлса, гапни ошкора қилмайди» (Илёс ибн Иброҳим аш-Шайбоний. «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар». Қўлёзма. – Мактабат Жомеъат ар-Риёз. Қисм ал-махтута. № 1438. – В. 52a-b). Юқоридагиларни эътиборга олиб, кейинги давр уламолари «яд»ни форс ва бошқа тилларда таржима қилиб, сўнг унинг тафсирини – муташобеҳ маъноли сўз экани, уни мутааххиринларга каби «қувват», «қудрат» маъносида таъвил қилиш мумкинлиги, мутақаддиминлар каби асл маъносини билиб бўлмайдиган, Аллоҳнинг ўзигина биладиган бир сифати эканини изоҳлаб, шарҳлаб бера бошладилар. Бунга далил сифатида бир қанча тафсир ва маъно таржималарни кўрсатиш мумкин. Аллоҳ таолонинг «яд» сифати Қуръони Каримда олти ўринда бирлик, иккилик ва кўплик шаклларида келтирилади, бир ўринда эса «яд» ўрнига унга синоним бўлган сўз билан («қабза» ва «ямин») зикр қилинган. Уларни Қуръони Каримнинг ўтган асрларда ёзилган форсча ва туркийча тафсирларида қандай берилганига назар солсак, масала анча-мунча ойдинлашади. Чунки араб тилида битилган тафсирларда бу масала кўтарилмаган, «яд»ни шу ном билан аталиб, тафвиз ёки таъвил қилинаверган. Маъно-таржималарни кузатганимизда, «яд»ни ўз ҳолича бериш ҳам, унинг таъвилини бериш ҳам ҳамда унинг луғавий таржимасини бериш ҳам жоиз кўрилганлиги маълум бўлади: Бизга маълум форсий тафсирлар ичида энг қадимгиси «Тафсири Зоҳидий»дир. Унинг муаллифи Бухоролик Абу Наср Аҳмад ибн ал-Ҳасан (ал-Ҳусайн) ибн Аҳмад ас-Сулаймоний ад-Даруний ал-Бухорий бўлиб, мазкур тафсирини 519 ҳижрий, 1125 мелодий йилларда Бухорода ёзган. Мазкур тафсирни эронликлар ва айрим шарқшунослар шиа тафсири деган бўлса-да, бироқ унинг тадқиқ қилинса, шиаликка умуман алоқаси йўқ экани, аҳли сунна ва жамоа эътиқодига мансуб бир тафсир экани ойдинлашади. Унда қироатлар фарқлари баҳсида Имом Осим (раҳимаҳуллоҳ) қироатига суянилади, Қуръони Каримни махлуқ эмас – яратилмаган, дейилади. Ундаги аҳком оятларининг ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ тафсир қилинганидан эса муфассир ҳанафий мазҳабида экани маълум бўлади. Хуллас, мазкур тафсирда Қуръонда келтирилган Аллоҳ таолонинг «яд» сифатига жами ўринларда таъвил йўлига кўра маъно берилган. Фақат бир ўринда, Моида сурасининг 64-оятида, у ҳам бўлса, яҳудийлар сўзи сифатида келтирилган: يد الله مغلولة жумласи қуйидагича тафсир қилинган: گفتند جهودان لعنهم الله دستهاى خداى در غلّ است «Жуҳудлар – Аллоҳ уларни лаънатласин – «Худонинг қўллари боғлангандир», дейдилар» (Абу Наср Аҳмад ибн ал-Ҳасан аз-Зоҳидий. «Тафсири Зоҳидий». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3601. – В. 201а). Айтганимиздек, мазкур тафсирда бу ўринни истисно қилинганда, иложи борича, «яд» сифатини форсча «даст» деб таржима қилмасликка ҳаракат қилинган. Айнан мазкур оятнинг давомида келтирилган بل يداه مبسوطتان жумласини ҳам таъвил йўлига кўра тафсир қилинган ва муфассир томонидан бундай дейилган: و اين متشابه است و متشابه را بظاهر تفسير نشايد گفتن و ظاهر تفسير ويرا اعتقاد نشايد كردن بل ويرا بر موافقت محكم تفسير بايد كردن «Бу муташобеҳдир. Муташобеҳни зоҳирини тафсир қилиб айтиб бўлмайди. Унинг зоҳирий тафсирига эътиқод қилиш ярамайди, балки уни муҳкамга мувофиқ тафсир қилмоқ лозим» (Абу Наср Аҳмад ибн ал-Ҳасан аз-Зоҳидий. «Тафсири Зоҳидий». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3601. – В. 201а-b). «Тафсири Зоҳидий» ёзилган даврларда муташобеҳ оятлардаги сифатларни Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ақийдасига биноан таржима қилинмасликка ҳаракат қилинган. Бироқ одамларга тўғри маънони очиброқ бериш мақсадида айрим ўринларда таржималарга рухсат берила бошлаган эди, бунга ҳеч ким эътироз билдирмаган. 848 ҳижрий, 1444 мелодий йилда Ҳиндистонда форс тилида ёзилган тафсирлардан бири «Ал-Баҳр ал-маввож»дир. Унинг муаллифи Соҳибқирон Амир Темур (раҳимаҳуллоҳ) Ҳиндистонга борганида пешвоз чиққан ва Соҳибқироннинг ҳурматига сазовор бўлган Шамсиддин Шаҳобиддин Аҳмад ибн Умар аз-Зовулий ад-Давлатободий (раҳимаҳуллоҳ)дир. У ҳам тафсирида «яд» калимасини таржима қилмасликка ҳаракат қилган ва таъвил йўлига кўра тафсир қилган. Жумладан, Мулк сурасининг 1-оятидаги: بيده الملك жумласини بيد تصرف اوست ملك – «Мулк Унинг яди тасарруффидадир», деб берган ва муташобеҳ борасида қуйидагиларни битган: يد بمعنى جارحه كه از اجزاء جسم است با ذات بارى تعالى بدين معنى نسبت نتوان كرد اين آيت را در متشابهات بايد آورد و در متشابهات سلف آينهٴ مراد خداست حق دانند مشغول بتأويل نشوند خلف بما يليق به تعالى تأويل كند يد را بمعنى قدرت و تصرف گويند «Яд» жисмнинг бўлакларидан бўлмиш бир аъзодир. Аллоҳ таолонинг зотига ушбу маънони нисбат қилиб бўлмайди. Бу оятни муташобеҳлар жумласидан санаш керак. Муташобеҳлар борасида салаф уламолари Худой таолонинг муродини Ҳақнинг ўзи билади, деб унинг таъвилига машғул бўлмаганлар. Халаф уламолари эса Аллоҳ таолога лойиқ маънони таъвил қилганлар. «Яд»ни «қудрат» ва «тасарруф» маъносида деганлар (Шамсиддин Аҳмад ибн Умар аз-Зовулий Давлатободий. «Ал-Баҳр ал-маввож». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2815. – В. 761b). «Ал-Баҳр ал-маввож» ёзилган даврда Мовароуннаҳрда бўлган Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) муташобеҳ оятларни таъвил қилиш жуда кенг ёйилиб улгургани натижасида муташобеҳ сифатларни ҳам, жумладан, «яд» сифатини ҳам таржима қилишга мажбур бўлган эди: XV асрнинг – Темурийлар даврининг энг буюк мутакаллим олими Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ.) ҳам Қуръони Каримга форс тилида тафсир ёзган бўлиб, унинг тафсири «Кашф ал-асрор ва уддат ал-аброр» деб номланган. Ҳар қалай, қўлёзма феҳристларида, шунингдек, «Кашф аз-зунун», «Табақот ал-муфассирин», «Ҳадиййат ал-орифин» сингари био-библиографик асарларда мазкур форсий тафсирнинг муаллифи сифатида Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) кўрсатилади. Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) «Кашф ал-асрор» тафсирида «Сод сураси»нинг 75-оятидаги: لما خلقت بيدىّ жумласини: چيزيراكه بيافريدم بدو دست خويش – «Шундай нарсаники, икки қўлим ила яратганман» тарзида маъно таржима қилган (Саъдуддин ат-Тафтазоний. «Кашф ал-асрор ва уддат ал-аброр». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3285. – В. 337а). Яна Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ) «Кашф ал-асрор» тафсирида Мулк сурасининг 1-оятида келган: بيده الملك жумласи: بدست اوست پادشاهى مى بخشد و مى ستايد – «Унинг қўлидадир подшоҳлик, беради, улуғлайди», деб берилган (Саъдуддин ат-Тафтазоний. «Кашф ал-асрор ва уддат ал-аброр». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 4919. – В. 149b). Демак, Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ)дек салаф ва халаф орасини ажратиб турадиган мутакаллим олимнинг «яд»ни форс тилида «даст» деб бериши уни шу хилда таржима қилиш бу даврдан бошлаб мумкин иш эканини англатар эди. Бу билан аҳли суннат ва жамоа йўлидан айрилиб, бошқа йўлга оғиб кетганликни билдирмас эди. Шунинг учун ҳам шу даврдан эътиборан аҳли сунна ва жамоа эътиқодида ёзилган форсий тафсирларнинг аксариятида «яд» форсча «даст» деб ҳам берила бошлаган. Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ)ни айримлар ашъарий ақийдасида бўлгани боис «яд»ни форсча «даст» деб бераверган, деган мулоҳаза билдирилса, унинг Мовароуннаҳрда, айниқса, Самарқандда Мотуридий ақийдасида илмий фаолият олиб борган олимлигини эслатиш керак бўлади. Бу унинг ақийдада иймоннинг шартлари тасдиқ ва иқрордан иборат, амал унинг шартига кирмайди, деган қарори; иймон келтиришда истисно мумкин эмаслиги ҳақидаги қараши; таквин ҳам Аллоҳнинг бир зотий сифати экани; иймон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмаслиги ҳақидаги фикри; гуноҳи кабира қилган одам фосиқ мўъмин экани ҳақидаги ҳукмлари, шунингдек, «Фатовойи Ҳанафийя», деган фатво тўплами тузганлиги, Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Ал-Жомеъ ал-кабир»ининг қисқартмасини кенг шарҳ қилиб чиққани, ҳанафийларнинг усул ал-фиқҳига оид машҳур «Ат-Талвиҳ» асарини ёзгани ва ниҳоят, ҳанафийлик ҳамда мотуридийликка оид «Ақоид ан-насафия»ни муваффақиятли шарҳ қилгани тасдиқлайди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий (раҳимаҳуллоҳ) буюртмаси ва таклифи билан Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий (раҳимаҳуллоҳ) XV асрда Қуръони Каримга форс тилида икки марта тафсир ёзган. Шулардан энг машҳури «Тафсири Ҳусайний» номи билан танилган «Мавоҳиби алиййа» тафсиридир. Шундан сўнг Ҳиндистоннинг энг машҳур муҳаддиси Шоҳ Валийуллоҳ ад-Деҳлавий (раҳимаҳуллоҳ) XVIII асрда форс тилида «Фатҳ ар-Раҳмон фий таржимат ал-Қуръон» номли Қуръони Каримнинг маъно таржимасини битган. У Ҳинд ва Синд диёрларида ҳадис илмининг равнақ топишида буюк ҳисса қўшган ҳанафий мазҳаби олимидир. Мазкур икки асар бир жилдда нашр қилинган. Қуръонда «яд» сифати келган оятлар мазкур иккита форс тилидаги тафсир ва маъно-таржимада қандай берилганини бирма-бир кузатиб чиқсак: 1) «Тафсири Ҳусайний»да Оли Имрон сурасининг 26-оятида келтирилган: بيدك الخير ибораси қуйидагича тафсир қилинган: بدست تو است يعنى بيد قدرت تو تحصيل همه نيكويها ... چون نزع ملك و اذلال بدست قدرت او است «Сенинг қўлинг билан, яъни Сенинг қудрат «яд»и билан барча яхшиликлар ҳосилдир... чунки мулкни тортиб олиш ва хор қилиш унинг қудрат қўлидадир!» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 86). «Фатҳ ар-Раҳмон»да эса: بدست تست نيكى – «Сенинг қўлингда яхшилик», дейилган. 2) «Тафсири Ҳусайний»да Моида сурасининг 64-оятида بل يداه مبسوطتان деб келтирилган мўъжизавий, мутлақо муташобеҳ бўлган лафзларни қуйидагича тафсир қилинган: بلكه دستهاى الله تعالى كشاده است يعنى جود او وافر و كرم او وافى است و يد صفتى است مر خدا را از صفات ذاتى او چون سمع و بصر و وجه و مارا دران جز ايمان و تسليم چاره نيست و در كيفيت آن دخل نمودن روا نباشد «Балки Аллоҳ таолонинг қўллар очиқдир, яъни унинг саховати кенг ва унинг карами вафо қилувчидир. «Яд» Худонинг «самъ», «басар», «важҳ» каби зотий сифатларидан бир сифат бўлиб, бизларга унинг борасида иймон келтиришдан ва таслим бўлишдан ўзга чора йўқ. Унинг қандайлиги борасида дахл қилиш раво бўлмайди» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 191-192). «Фатҳ ар-Раҳмон»да эса:بلكه دو دست او كشاده است «Балки, Унинг икки қўли очиқдир», дейилган. 3) «Тафсири Ҳусайний»да Сод сурасининг 75-оятидаги لما خلقت بيدىّ жумласини қуйидагича тафсир қилинган: مر آن چيزرا كه بيافريدم بدو دست خود ... در بعضى تفسير آمده كه مراد يد قدرت و يد نعمت است «Ўзимнинг икки қўлим билан яратган ўша нарсага...» Баъзи тафсирларда келганки, мақсад «яд»и қудрат ва «яд»и неъматдир» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 734). «Фатҳ ар-Раҳмон»да ушбу оят: چيزيراكه آفريدمش بدو دست خود - «Шундай нарсагаки, уни ўзимнинг икки қўлим ила яратганман», деб берилган. 4) «Зумар сураси»нинг 67-оятида ҳам «яд»га ўхшаган мутлақо муташобеҳ маъноли лафзлар мавжуд: وَالْأَرْضُ جَمِيعاً قَبْضَتُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَالسَّماوَاتُ مَطْوِيَّاتٌ بِيَمِينِهِ. Мазкур ояти кариманинг маъно-мазмуни «Тафсири Ҳусайний»да қуйидагича берилган: و زمين همه آن بدست گرفتهٴ وى باشد روز رستخيز و آسمانها در پيچيده شده بيمين وى ... معتقد اهل ايمان در امثال اين سخنان تنزيه اوست از تشبيه «Ер ҳаммаси Унинг қўлига олингандир қиёмат куни ва осмонлар Унинг «йамин»и билан ўралгандир... Иймон аҳлининг эътиқоди бу каби сўзларда уни ўхшатишдан поклашдир!» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 747). «Фатҳ ар-Раҳмон»да ушбу оят бу тарзда берилган: و زمين همه يك جا در مشت او باشد روز قيامت و آسمانها پيچيده شوند در دست راست او «Замин ҳаммаси бир жойда Унинг муштида бўлади қиёмат куни ва осмонлар унинг ўнг қўлида ўралган бўладилар». 5) «Тафсири Ҳусайний»да Фатҳ сурасининг 10-оятидаги يد الله فوق ايديهم ибораси қуйидагича берилган: قوت خداى در وفا كردن وعدهٴ خود در ثواب آخرت يا در تصرف پيغمبر خود زبر دستهاى ايشانست در وفا بعهد يا در يارى دادن و موافقت پيغمبر در معالم آورده كه صحابه رض بوقت بيعت دست پيغمبر مى گرفتند و يد الله زبر دست ايشان بود در مبايعت «Худонинг қуввати ўзининг охиратда савоб бериш ваъдасида ёки ўз Пайғамбари тасарруфида вафо қилишда аҳдга вафо қилиш ё ёрдам бериш ёки Пайғамбарга мувофақат қилиш борасида уларнинг қўллари устидадир. «Маолим»да келтирилганки, саҳобалар (розияллоҳу анҳум) байъат қилиш вақтида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг қўлларини ушлаганлар. Аллоҳнинг «яд»и эса байъат қилиш вақтида уларнинг қўллари тепасида бўлган» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 900). «Фатҳ ар-Раҳмон»да ушбу оят: دست خداست بالاى دست ايشان – «Худонинг қўли уларнинг қўллари устидадир», деб берилган. 6) «Тафсири Ҳусайний»да Зориёт сурасининг 47-оятидаги: وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ жумласи қуйидагича берилган: و آسمانرا بنا كرديم بقوت الوهيت و گفته اند قوتى كه بر آفرينش آن داشتيم «Осмонни илоҳлик қуввати билан бино қилдик. Айтурларки, уни яратишга қуввати бордир» (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 838). «Фатҳ ар-Раҳмон»да ҳам ушбу оят: و آسمانرا بنا كرديم بقوّت – «Осмонни қувват ила бино қилдим», деб берилган. 7) «Тафсири Ҳусайний»да Мулк сурасининг 1-оятидаги بيده الملك жумласи: بدست قدرت اوست پادشاهى و تصرف در امور ملك يعنى هر چه خواهد بكند «Унинг қудрат қўлидадир подшоҳлик ва мулк ишларидаги тасарруф. Яъни, у ҳар нарсани хоҳласа, қилади», деб берилган бўлса, Фатҳ ар-Раҳмон»да بدست اوست پادشاهى – Унинг қўлидадир подшоҳлик», деб келтирилган (Ҳусайн Воиз Кошифий. «Тафсири Ҳусайний». – Бўмбай: Ҳайдарий, 1295. – Б. 901). Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўғли Абдулазиз Деҳлавий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам форс тилида «Тафсири Азизий» номли тафсир ёзган бўлиб, мазкур тафсир ҳам форсийзабон халқлар орасида, жумладан, Мовароуннаҳр юртларида ҳам истеъмолда бўлиб келган. Мазкур тафсирда Мулк сурасининг 1-оятида келган: بيده الملك жумласи: در دست تصرف اوست پادشاهت آسمان و زمين و ما بينهما – «Унинг тасарруф қўлидадир осмону ерлар ва улар орасидаги нарсаларнинг подшоҳлиги», деб берилган (Шоҳ Абдулазиз Деҳлавий. «Тафсири Азизий». – Мунбай: Ҳайдарий, 1294. – Б. 4). Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласидан бўлмиш ҳукмдор Аврангзеб Оламгир (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг аҳли суннат ва жамоа эътиқодига ва ҳанафийлик мазҳабига мустаҳкам амал қилиши билан танилган эди. У ўз қизи Зеббуннисо бегимни ҳам худди шундай тарбия қилгани аниқ. Ана шу Зеббунннисо (раҳимаҳуллоҳ.) ҳам «Зеб ат-тафосир» деган форс тилидаги Қуръони Каримнинг бир неча жилдли тафсирини яратган. Мазкур «Зеб ат-тафосир»да ҳам муташобеҳ оятлар таъвил йўлига кўра таржима қилинган, «яд» сифати иложи борича «даст» деб таржима қилинмаган. Фақат бир ўринда – Моида сурасининг 64-ояти тафсири жараёнида бундай дейилади: چنين موجودى ممتنع است كه دستش مغلول بود و قدرتش مقيد و قاصر باشد «Шундай мавжуд Зотнинг қўли боғлиқ бўлиши, қудрати эса қайдланган ва ноқис бўлиши мумкин эмасдир» (Зеббуннисобегим. «Зеб ат-тафосир». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2590. – В. 120b). «Зеб ат-тафосир»да «яд»ни тафсир қилинар экан, Аллоҳнинг жисм эмаслигини исботлашга ҳаракат қилинади. Аллоҳни жисм дейдиган «мужассима» тоифасига қуйидагича таъриф берилади: مجسمه گفته اند كه آن عضوى جسمانى است همچنانكه در حق هر احدى هست «Мужассима тоифаси «у (яъни «яд» сифати) худди ҳар бир кимсада бўлгани каби бир жисмоний аъзодир», дейдилар» (Зеббуннисобегим. «Зеб ат-тафосир». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2590. – В. 121b). «Зеб ат-тафосир»да «яд» борасида салаф ва халаф қарашларига фикр билдирилган. Гарчи унда «яд»ни тўғридан тўғри таржима қилмасликка уринилган бўлса-да, бироқ айрим ўринларда тушунтириш ва изоҳлашларга мажбур бўлинганидан «яд»ни «даст» дейишга мажбур бўлинган. Яҳудийларнинг гапларини келтирар экан, бундай дейилган: پس ايشان در حقيقت قايلند بآنكه دست خداى بسته است «Бас, ҳақиқатдан ҳам, улар «худонинг қўли боғлиқдир», дейдилар (Зеббуннисобегим. «Зеб ат-тафосир». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2590. – В. 122b). Демак, Аллоҳ таолонинг «яд» сифатини таржима қилиш-қилмаслик ҳуқуқини муфассирнинг эҳтиёткорлиги, парҳезкорлиги, жоиз амалдан фойдаланиш ихтиёри кабилар белгилаб берган. Айрим тафсирларда ҳамма ўринларда «яд» сўзи «даст» деб таржима қилинган бўлса, айрим ўринларда умуман бундай қилинмаган ва «яд»ни таъвил йўлига кўра муносиб ўринларига қараб, «тасарруф», «қувват», «қудрат», «неъмат» каби сўзлар билан тафсир қилинаверган. Жумладан, XV асрнинг яна бир таниқли форсий тафсирини ёзган, буюк мутасаввиф, нақшбандия тариқатининг таниқли вакили Мавлоно Яъқуб Чархий (раҳимаҳуллоҳ) Мулк сурасининг 1-оятидаги: بيده الملك жумласини: بفرمان و قدرت ويست پادشاهى – Унинг фармони ва қудратида подшоҳлик», деб тафсир қилган (Мавлоно Яъқуб Чархий. «Тафсири Яъқуб Чархий». – Бўмбай: Каримий, 1326. – Б. 10). «Тафсир Яъқуб Чархий»нинг XVI асрда қилинган туркий таржимасида ҳам худди шу тарзда берилган («Яъқуб Чархий тафсирининг туркий таржимаси». – Тошкент, 2010. – Б. 21). XVII асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган Муҳаммад Афанди ибн Ҳамза (раҳимаҳуллоҳ) Севосда мударрислик қилган ҳанафий олимидир. У «Тафсири Тибён» номли тафсир ёзган бўлиб, барча ўринларда «яд» сифатини ўз ҳолича берган. Оли Имрон сурасининг 26-ояти: «Хайр ва шар санинг ядингдадур», деб берилган бўлса, Моида сурасининг 64-ояти: «Яҳуд дедиларки, Аллоҳ таолонинг яди ризқдан маҳбуса ва мақбузадир. Ул мақолалари сабабила ядлари хайротдин имсок ўлинди. Балки Анинг ядони мабсутадир», дейилган. (Муҳаммад Афанди ибн Ҳамза. «Тафсири Тибён». 1-жилд. – Истанбул: Омира, 1306. – Б. 244). Кўриниб турибдики, мазкур тафсирда арабча сўзлар шу қадар кўп ишлатилганки, унинг ўзини тафсир қилишга тўғри келади. XVIII аср охири – XIX аср бошларида яшаган, Бухоройи шарифда ўқиб олим бўлган татар олими Абу Наср Қурсовий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам мазкур Мулк сурасининг 1-оятидаги: بيده الملك жумласини: «Жами мулк ва умур онинг ихтиёринда ва тасарруфинда бўлғучи Аллоҳ таоло», деб тафсир қилган (Абу Наср Қурсовий. «Тафсири Абу Наср Қурсовий». – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 11460. – В. 196а). Абу Наср Қурсовий (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирди Нўъмон ибн Амир ибн Усмон Қозоний (раҳимаҳуллоҳ) ҳам «Тафсири Нўъмоний» номи остида татар тилида тафсир ёзган бўлиб, унда Оли Имрон сурасининг 26-ояти: «Барча хайр Сандадир», деб таъвил йўлига кўра маъно-таржима берилган (Нўмон ибн Амир. «Тафсири Нўъмоний». 1-жилд. – Оренбург, 1907. – Б. 79). Лекин унда Моида сурасининг 64-ояти: Балки Аллоҳ таолонинг қўллари очиқ ва кенгдир, амрина итаот этувчиларга дунё, охират молини ва бахтини берув ...», дея тафсир қилинган (Нўмон ибн Амир. «Тафсири Нўъмоний». 1-жилд. – Оренбург, 1907. – Б. 168). Хуллас, «Тафсири Нўъмоний»да «яд» сифати муносиб ўринларга қараб, «қўл» (Сод, 75), «тасарруф ва қудрат» (Зумар, 67), «неъмат ва ҳидоят» (Фатҳ, 10), «ихтиёр ва тасарруф» (Мулк, 1) деб тафсир қилинган. XIX асрда татар тилида Ҳусайн ибн Амирхон (раҳимаҳуллоҳ) томонидан яна бир тафсир – «Тафсири Фавоид» ёзилган. Унда бундай қайд мавжуд: هذا التفسير المسمى بتفسير الفوائد الذى فسر على مذهب امام الاعظم الهمام الاقدم ابو حنيفة الكوفى «Бу «Тафсир ал-Фавоид» деб номланган тафсир Имом Аъзам, буюк ва пешқадам зот Абу Ҳанифа ал-Кўфий мазҳабига кўра тафсир қилинган” (Ҳусайн ибн Амирхон. Тафсири Фавоид. 1-жилд. – Қозон, 1886. – Б. 312). Мазкур «Тафсири Фавоид»да ҳам «яд» сифати муносиб ўринларга қараб, «қудрат» (Сод, 75), «қудрат ва ёрдам қўли» (Фатҳ, 10), «қўл» (Оли Имрон, 26; Моида, 64; Мулк, 1), деб тафсир қилинган. Татар тилида ёзилган яна бир тафсир «Тасҳил ал-баён» Ўрта Осиё халқлари орасида ҳам то ҳозиргача шуҳрат қозонган. У ХХ аср бошларида Муҳаммад Содиқ ибн Мулло Шоҳ Аҳмад Иймонқули (раҳимаҳуллоҳ) томонидан тафсир қилинган бўлиб, унда, масалан, Оли Имрон сурасининг 26-ояти: «Сенинг қудрат қўлингдадур барча эзгулик, яъни барча хайр ва яхши ишлар Сандандир», деб тафсир қилинган (Муҳаммад Содиқ Иймонқули. «Тасҳил ал-баён». 1-жилд. – Қозон, 1911. – Б. 127). «Тасҳил ал-баён»да «яд» сифати Оли Имрон сурасининг 26-оятида «қудрат қўли», дейилган бўлса-да, бошқа ўринларда «яди қудрат» дейилади (Масалан, қаранг: Фатҳ, 10; Мулк, 1). Жумладан, Моида сурасининг 64-оятидаги: بل يداه مبسوطتان жумласи қуйидагича тафсир қилинган: «Балки, Худой таолонинг яди қудратлари очиқлардир. Фазл ва карами кўб ҳам кенгдир. ««Ядуллоҳ» Худой таолонинг сифоти зотиясиндан бир сифатдир, «самъ», «басар» каби. Онинг борлиқина иймон келтирулур, кайфиятини тафтиш ва тафаҳҳус этилмас» (Муҳаммад Содиқ Иймонқули. «Тасҳил ал-баён». 1-жилд. – Қозон, 1911. – Б. 294). Қуръони каримнинг Мулк сураси кўпгина тафсирлар асосида қилинган алоҳида тафсири Истанбулда нашр қилинган. Мазкур нашрда ҳам 1-оятдаги بيده الملك жумласи: «Жами умурнинг нусрати Анинг қабзаи қудратиндадур”, деб тафсир қилинган («Тафсири сурат ал-Мулк». – Истанбул: Ҳилмий, 1303. – Б. 1). Аллоҳ таолонинг «яд» ва унга маънодош сифати қатнашган оятларнинг мазмунини форсий ва туркий тафсирларда кузатар эканмиз, уни «даст» деб ҳам, «қўл» деб ҳам, «дасти қудрат», деб ҳам, «қудрат қўли» деб ҳам, «тасарруф», деб ҳам, «қувват», деб ҳам, «яд» деб ҳам, «қабзаи қудрат» деб ҳам таржима қилиш мумкин экан. Унинг бундай деб таржима қилинишига Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (раҳимаҳуллоҳ), Ҳусайн Воиз ал-Кошифий (раҳимаҳуллоҳ), Абдурраҳмон ал-Жомий (раҳимаҳуллоҳ) ва Алишер Навоий (раҳимаҳуллоҳ)дек мутафаккирлардан тортиб ҳозирги кунгача бўлган беш-олти асрда яшаб ўтган уламолар жамоаси эътироз билдирмаганлар. Чунки улар мутааххирин мутакаллимлар «яд»ни «даст» деб ва бошқа таржималар билан беришни жоиз кўрганликларини яхши билганлар. Бу нарса бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топган. Шоирлар «яд»ни «даст» деб берганларини ҳеч ким инкор қилмаган. Масалан, таниқли мутасаввиф Махдуми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) рисолалари тўпламида қуйидаги байт келтирилган: Эй, каримий, ки дар саройи вужуд, Дасти жудат дар карам бикушуд! («Эй, вужуд саройида бўлган Карим Зот, саховат қўлинг карамдан очилсин!») (Махдуми Аъзам. «Мажмуат ар-расоил». ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3386. – В. 48а). Жалолиддин Румий (раҳимаҳуллоҳ) қаламига мансуб «Маснавий Маънавий»да ҳам «яд» ўрнида «даст» сифати келтирилиши бир қанча ўринларда учрайди: 1) Ошиқонро шодмони-ю ғам Ўст, Дасти музд-у ужрат-и хидмат ҳам Ўст! (Ошиқларга шодлик ҳам, ғам ҳам Удир, хизматнинг ҳақи ва савоб қўли ҳам Удир!).
2) Дастро мабиёр жуз дар дасти Пир, Ҳақ шудаст он дасти уро Дастгир. (Пирнинг қўлидан бошқага қўлни берма, чунки, Ҳақ таоло унинг қўлини тутувчи дастгирдир!).
3) Сад ҳазорон марг талх аз дасти Ту, Нест монанди фироқ рўйи Ту! (Юз минг ўлим Сенинг қўлингдан аччиқдир, лекин у Сенинг юзингдан айрилиққа монанд эмас!).
4) Он ки бо бахшад агар бикшад, ки равост, Ноиб аст-у дасти у дасти Худост. (У бағишласа ҳам, ўлдирса ҳам раводир, чунки у ўринбосар бўлиб, унинг қўли Худонинг қўлидир).
5) Дасти лутфаш манбаъи илму ҳикам, Беқалам бар сафҳаи дил зад рақам. Илми аҳли дил на аз мактаб буд, Балки аз талқини хосси Раб буд. (Унинг лутф қўли илму ҳикмат манбасидир, қаламсиз дил саҳифасига чизади. Дил аҳлининг илми мактабдан эмас, балки Парвардигорнинг хос талқинидан бўлгандир).
Буюк мутафаккир, форс адабиётининг энг кўзга кўринган вакили Шайх Саъдий Шерозий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам бир байтида қуйидагича зикр қилган: Ва гар бар жафо пеша бишитофтий, Кай аз дасти қаҳраш омон ёфтий?! (Агар жабру жафони қилишга шошиладиган бўлсанг, Унинг қаҳр қўлидан қачон омон қоласан?!). Юқоридаги байтлар машҳур тафсир «Руҳ ал-баён»да келтирилган бўлиб, «даст» деб берилишига ҳеч қандай эътироз билдирилмагани, унинг ақийдага кўра жоиз эканини билдиради. Шунингдек, «Маснавийи маънавий» асрлар давомида ўқилиб келинган, ёд олинган, дарслик сифатида талабаларга ўқитилган. Бироқ ундаги «дасти Худо»га ҳеч ким эътироз билдирмаган.
Хулоса Басранинг Тамим қабиласидан чиққан Абдуллоҳ Сабиғ деган кимса илк хаворижлар тоифасидан бўлиб, Қуръони Каримнинг муташобеҳ оятлари борасида кўп гапирар, олимлардан бу борада саволлар сўрагани-сўраган, ҳамманинг бошини қотириб юриши билан танилган эди. Чаҳорёри изомлардан бўлган буюк рошид халифа Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) унинг таъзирини бериб қўйиш мақсадида ўз қўллари билан бир неча дарра тайёрлаб қўйган экан. Бир куни Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) уни олдига ўтқазиб қўйиб, «Кимсан, ўзи?» деган. У: «Мен Абдуллоҳ Сабиғман!» дебди. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): «Мен Абдуллоҳ Умарман!» дея унинг жағига бир туширибди. Жағи йиртилиб, юзлари қонга бўялибди. Абдуллоҳ Сабиғ: «Эй, мўъминлар амири! Бўлди, шу кифоя қилади. Бошимдаги фикрлар тарқаб кетди», деган экан. Бир ривоятда зикр қилинишича, уни то холис тавба қилгунча зиндонда сақлаб, Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ҳар куни дарралаб турган (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул, 1309. – Б. 494). Шундан сўнг Абдуллоҳ Сабиғ Басрада яшаб қолган, ҳеч ким билан гаплашмас, одамлар билан аралашмас, давралардан тезда туриб кетадиган бўлган. Бугунги кунда ҳам ўзини гўё аҳли суннат ва жамоани ҳимоя қилаётгандек кўрсатиб, ҳаммага муташобеҳ оятлар ва Аллоҳ таолонинг «яд», «важҳ», «айн» каби сифатлари борасида гапириб, ҳамманинг бошини қотириб, дилини ғаш қилиб, Аллоҳ таолонинг мана шу сифатлари орқасидан элу юртда танилган уламо ва домлаларни ёмонотлиққа чиқаришга урунишлар кўриниб қолиши мумкин. Аслида, илмий равишда кўриб чиқиладиган бўлса, уларнинг бу хилдаги гаплари ноўрин ва тушунмовчилик оқибатида чиқаётгани аён бўлади. Биз буни юқоридаги мақоламизда батафсил кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Шабпара хоҳад, ки набувад офтоб, То бибийнад дийдаи у дар рўз бум. Дасти қудрат ҳар сабоҳи шамъи меҳр, Мефурўзад кўри ханноши шум! (Кўршапалак қуёш бўлмаслигини хоҳлайди, токи, унинг кўзи кундузи кўрадиган бўлсин! Ҳар тонг Қудрат қўли қуёш шамини ёқар экан, шум кўршапалак кўр бўлиб қолаверади!). Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларидан бири «яд»ни таржима қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигига бағишланган мазкур мақоладан оладиган илмий хулосаларимиз қуйидагича: ● Аллоҳ таолонинг сифатлари орасида «муташобеҳ» деб аталадиган «яд», «важҳ», «айн» сингари зоҳиран яралмишлар сифатларига ўхшаган сифатлари мавжуддир. Уларнинг асл ҳақиқати ва моҳиятини Аллоҳ таолонинг ўзи билгувчидир! Улар кайфиятсиз – қандайлиги маълум бўлмаган собит ва азалий сифатлардир. ● Аллоҳ таолонинг мазкур муташобеҳ сифатларини тушунишда аҳли сунна ва жамоа вакиллари икки гуруҳга бўлинганлар. Мутақаддим деб аталган олдинги давр уламолари жамоаси уларни ҳеч қандай таъвилсиз, тушунтиришларсиз, изоҳлашларсиз, Аллоҳ таолонинг ўзига хос сифатидир, деган қарашда бўлганлар. Улар мазкур сифатларнинг маъносини Аллоҳ таолонинг ўзига топширганлари боис тафвиз аҳли деб номланганлар. Мутааххир деб аталган кейинги давр уламолари эса уларни таъвил билан тушунтиришга, изоҳлашга мажбур бўлганлар ва таъвил аҳли деб номланганлар. ● Аллоҳ таолонинг мазкур муташобеҳ сифатларидан «яд» сифатини (шунингдек, луғатан аъзоларни билдирадиган сифатларни) мутақаддим олимлар мутлақо таржима қилиб бўлмайди, бу энг эҳтиёт ва энг аслам (соғлом) йўл деб келганлар. Мутааххир уламолардан тақво ва салафи солиҳларга эргашганлари ҳам уларнинг йўлларини мақбул санаганлар. Кейинги давр уламоларидан кўпчилиги ушбу муташобеҳ сифатни тушунтириш ва муфассалроқ изоҳлаш мақсадида таржима қилишга ҳам мажбур бўлганлар. Бу йўл аҳкам – мустаҳкамроқ экани қайд қилинган. Шунинг учун форсий ва туркий тафсирларда «яд» сифати учрайдиган оятлар таржима қилинганини ҳам кўриш мумкин. ● Бугунги кунда Қуръони карим оятлари маънолари таржима қилинар экан, «яд» сифатини таржима қилмасдан унинг Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) каби салафи солиҳлар йўлига эргашган ҳолда сифатнинг ўз лафзини бериш ёки таъвил йўлига кўра муносиб ўрнига қараб «қувват», «қудрат», «тасарруф», «неъмат», нусрат», «ҳидоят» каби изоҳлар билан бериш мақбуллигича қолаверади. Агар «яд» сифатини таржима қилинадиган бўлса, ёки таъвилга кўра маъно берилса, албатта, тафсирда ёки маъно таржима матнининг тагизоҳида унинг муташобеҳ сифат эканини қайд қилиш лозим бўлади. ● Бугунги кундаги Қуръони карим оятлари маънолари таржима ва тафсирларида Аллоҳ таолонинг «яд” сифати таржима қилинган бўлса, унинг нотўғрилигини ёки мутаржим ва муфассирнинг адашганлиги ёхуд бидъатчилиги, ваҳҳобийлигини асло билдирмайди, балки бу ўтган асрларда қилинган таниқли форсий ва туркий тафсир ҳамда таржималарнинг йўлидан борилганлигини билдиради, холос. Қуръони каримнинг маъно таржималари ва араб тилидан бошқа тилларда қилинган тафсирларига ҳамма даврларда, барча замон ва маконларда эҳтиёж катта бўлган. Одамлар Қуръони Каримни тиловат қилар эканлар, оятларнинг маъноларини билишга, уларнинг мазмунини тадаббур ва тафаккур қилиб ўқишга қизиқаверадилар. Одамларни яхшиликка, иймон-эътиқодга, исломий ҳаётга, диний маданиятга чорлаш мақсадида ҳам Қуръони Карим маънолари таржимасига, ажам халқлари тилларидаги тафсирига эҳтиёж сезилаверади. Шунинг учун ҳам, ҳар хил одамларнинг савия ва билим доиралари, илмий дунёқарашларига қараб маъно таржима ва тафсирлар яратилиши ҳамма вақт ўз-ўзидан аҳамиятли ва долзарб иш бўлиб қолаверади. Бундай уринишларда камчиликлар ҳам бўлиши табиий, албатта. Уларни оламга достон қилмасдан, айб ва камчиликларини айтиб, муаллиф ва муфассирни обрўсизлантиришга уринмасдан, балки тўғрилашга, хато ва камчиликларни афв қилишга, холис инсоф ва кечиримлилик сифати ила ёпишга ҳаракат қилмоқ, шак йўқки, соф эътиқодли комил мўминлик аломатидир! Қуръони Каримнинг маъно таржима ва тафсирлари ҳам барча таржима китобларга ўхшаб ҳаммага бирдек мақбул бўлавермаслиги табиий ҳолатдир. Агар шундай бўладиган бўлса, янгидан-янги маъно таржима ва тафсирларга уриниб кўриш ҳам керак, камчилиги бор асарларга ўрта асрлардаги муаллифлар сингари илмий равишда раддиялар, тўлдирмалар, таълиқалар, изоҳ-ҳошиялар битиш ҳам мумкин. Шоядки, шунда оламга Аллоҳ таоло Каломининг янги маънолари кашф қилиниб, янги тафсир – изоҳ ва шарҳлари бўй кўрсатиб, муаллиф, мусанниф ва муфассирини олдинги даврларда ўтган муфассири киромлар қаторига қўшса! Аллоҳ таоло Ўзининг Каломидан бехабар қолдирмасин, айирмасин, бегона қилмасин! У мўмин-мусулмонларнинг барчасини қуръонхон, тафсирхон бандалари айласин! Ҳаммага инсофу тавфиқ бериб, ҳақ йўлдан, соф эътиқоддан, мусаффо ақийдадан айирмасин! Мусулмонлар бирдамлиги, бир-бирига муҳаббати ва самимияти, илм аҳлларининг иттифоқи мустаҳкам бўлсин! Ҳамидуллоҳ Беруний
|