«Фитна одам ўлдиришдан кўра ёмонроқ» деган маънодаги ояти каримадаги «фитна»нинг таъвили нима?
Жавоб وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ {191} «Ва фасод ўлдиришдин зиёда қаттиқдур» (Бақара, 191).
Ушбу мазмун «Фитна ўлдиришдан каттароқдур» маъносида яна Бақара сурасининг 217-оятида такрорланади.
«Тафсири Насафий»да «Кофирларнинг Аллоҳга ширк келтиришлари мусулмонларни ўлдириш ҳалол деб қатл қилишларидан улуғроқдир» дейилган. Яна «фитна»ни охират азоби, меҳнат-машаққат ва бало ҳам дейилган. Яъни инсоннинг бошига тушган бу нарсалар уни ўлдиришдан кўра оғирроқдир («Тафсири Насафий». 1-жузъ, 98-бет). «Фитна»нинг яна «Кофирларнинг мусулмонларни азоблаши уларни ҳаром ойларида ўлдиришдан кўра қабиҳроқдир», деган таъвили ҳам бор («Тафсири Насафий». 1-жузъ, 108-бет). «Сизлар Ҳаром ойларда одамларни ўлдирсангиз, кофир бўлиб туриб ҳам Аллоҳнинг йўли ва Масжидул Ҳаромдан тўссангиз, ўзларингиз у ерда туриб, бошқаларни чиқарсангиз, бу ишингиз уларни ўлдиршингиздан кўра каттароқдир» (Ибн Касир. 1-жузъ, 238-бет). Фитнанинг яна бир маъноси бор: «Мусулмонларни ўз динида фитнага солиб, улар орасида шубҳа-гумонлар уйғотиб, уларни иймонларидан сўнг куфрга қайтаришлари Аллоҳ наздида уларни ўлдиришдан кўра каттароқдир» (Ибн Касир. 1-жузъ, 238-бет). Қўшимча маълумот: عَنْ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّهُ قَالَ « مَا تَرَكْتُ بَعْدِى فِى النَّاسِ فِتْنَةً أَضَرَّ عَلَى الرِّجَالِ مِنَ النِّسَاءِ «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят, ул Зот марҳамат қилдилар: «Ўзимдан сўнг одамлар орасида эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмаяпман!» (Муслим, 7122-рақамли ҳадис). Жиҳод жонларни йўқотиш, одамларни ўлдириш бўлганида, Аллоҳ таоло огоҳлантирдики, Аллоҳга куфр ва ширк келтириш, Унинг йўлидан тўсиш ўлдиришдан кўра улканроқ, қаттиқроқ, ўтганроқ ва тўлганроқ экан (Ибн Касир, 1-жузъ, 212-213-бетлар). Абул Олия, Мужоҳид, Саид ибн Жубайр, Икрима, Ҳасан Басрий, Қатода, Заҳҳок, Рабиъ ибн Анас разияллоҳу анҳум ажмаъийн каби тобеинлар юқоридаги ояти каримани: «Ширк қатлдан кўра шиддатлироқдир», дея таъвил қилганлар (Ибн Касир, 1-жузъ, 213-бет).
|