Мусо алайҳиссаломга берилган тўққиз мўъжиза ва далил қайси оятларда билдирилган ва бу мўъжиза ва далил нималардан иборат? Далиллари? |
|
Мусо алайҳиссаломга берилган тўққиз мўъжиза ва далил қайси оятларда билдирилган ва бу мўъжиза ва далил нималардан иборат? Далиллари?
Жавоб Мусо (алайҳиссалом)га тўққизта мўъжиза берилгани ҳақида Қуръонда икки жойда айтилади: وَأَدْخِلْ يَدَكَ فِي جَيْبِكَ تَخْرُجْ بَيْضَاء مِنْ غَيْرِ سُوءٍ فِي تِسْعِ آيَاتٍ إِلَى فِرْعَوْنَ وَقَوْمِهِ إِنَّهُمْ كَانُوا قَوْماً فَاسِقِينَ «Қўлингни ёқангнинг ичига суқ, ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур. Фиръавн ва унинг қавмига қаратилган тўққиз мўъжиза орасида (бу бордир). Албатта, улар бузғунчи қавм бўлдилар» (Намл, 12). وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى تِسْعَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ «Батаҳқиқ, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик» (Исро, 101). Мазкур оятларда айтилган тўққизта мўъжиза ҳақида уламоларимиз уч хил фикр билдирганлар. Тўққизта мўъжиза қуйидагилар (Ҳасан Таҳсин, 229-бет): 1. Мусо (алайҳиссалом)нинг асоси илон бўлиши (Намл, 10); 2. Қўлини ёқасига тиқиб оппоқ қилиб чиқариши (Намл 12); 3. Ўликни тирилтириб, уни гапиртирмоқ (Бақара, 73); 4. Тўфон балоси юбортирмоқ (Аъроф, 133); 5. Чигиртка балоси юбортирмоқ (Аъроф, 133); 6. Мита (ҳашорат) балоси юбортирмоқ (Аъроф, 133); 7. Бақа-қурбақа балоси юбортирмоқ (Аъроф, 133); 8. Сувлардан қон оқиздирмоқ (Аъроф, 133); 9. Вабо фалокати (Аъроф, 134). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг наздида эса тўққизта мўъжизанинг қаторига тошдан сув отилиб чиқиши; денгизнинг иккига бўлиниши; Тур тоғининг қаттиқ қимирлаши кабилар киради (Ҳасан Таҳсин, 305-бет. У Имом Насафийдан олган). Ҳасан Басрий эса тўққизта мўъжизага тошдан сув чиқиши ўрнига меваларнинг нуқсони киритилган («Тафсири Насафий». 2-жузъ, 329-бет).
|