Пайғамбар (с.а.в.) аёлларидан энг биринчи бўлиб Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини танлаган аёл ким? |
|
Пайғамбар (алайҳиссалом) аёлларидан энг биринчи бўлиб Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини танлаган аёл ким?
Жавоб
Оиша онамиз эканлиги Қуръонда ишоратан келган: يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ قُل لِّأَزْوَاجِكَ إِن كُنتُنَّ تُرِدْنَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا فَتَعَالَيْنَ أُمَتِّعْكُنَّ وَأُسَرِّحْكُنَّ سَرَاحاً جَمِيلاً وَإِن كُنتُنَّ تُرِدْنَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَالدَّارَ الْآخِرَةَ فَإِنَّ اللَّهَ أَعَدَّ لِلْمُحْسِنَاتِ مِنكُنَّ أَجْراً عَظِيماً «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт» (Аҳзоб, 28-29).
Қўшимча маълумот. Мазкур оятлар нозил қилинганда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) энг севимли аёллари Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо)га қироат қилиб беришдан ишни бошлаганлар: «Мен сенга бир ишни эслатувчиман. Бу борада шошилмай жавоб бер, отанг билан маслаҳатлашсанг ҳам, майли», деб, ояти каримани ўқиб берганлар. Шунда Оиша (розиялло анҳо): «Отам билан маслаҳатлашишим шартми?! Мен Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда охират диёрини танладим!» дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг юзларидан фараҳлик аломати кўринди. Кейин бошқа аёлларига ҳам ушбу оятни ўқиб бердилар. Ҳаммалари Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда охират диёрини танладилар. («Тафсири Насафий». 3-жузъ, 301-бет).
|