Каъбани бунёд этган зотлар кимлар? |
|
Каъбани бунёд этган зотлар кимлар?
Жавоб Каъбани Иброҳим (алайҳиссалом) билан унинг ўғли Исмоил (алайҳиссалом) барпо этган: وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ {127} «Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб Байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла» (Бақара, 127). Қўшимча маълумот. Юқоридаги ояти каримада «Байтнинг пойдеворлари» жумласидан баъзи муфассирлар Байтуллоҳнинг пойдеворлари аввал тикланганлигини, уни Одам (алайҳиссалом) барпо қилганларини ҳам ёзишган. Бунга ҳадиси шарифлар ҳам далолат қилади. Жумладан, Муҳаддис Абдурраззоқ ривоят қилишича, тобеинларнинг улуғларидан Ато ибн Рабоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) Каъбани Одам (алайҳиссалом) ерга тушганидан сўнг Осмондаги тавофгоҳга қараб барпо қилганини айтган. Одам (алайҳиссалом) барпо қилган Каъба тўфон сабабли вайрон бўлган. Кейинчалик уни Иброҳим (алайҳиссалом) ва Исмоил (алайҳиссалом) ўша Каъбанинг қумлар остида қолиб кетган пойдеворлари асосида тиклаган. Бунга мана бу ояти каримадаги сўзлар ҳам далолат қилади: وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ ...{26} «Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб...» (Ҳаж, 26). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари ёзилган китобларда Қурайшликлар ҳам Каъбани қайта таъмирлагани, унинг таъмирида Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам фаол иштирок қилганлари, Ҳажарул асвадни ўрнига қўйишда ул Зоти шарифнинг тадбирлари жуда қўл келгани воқеалари батафсил зикр қилинган. Бунга ушбу ояти каримадаги хитоб ҳам далолат қилади: أَجَعَلْتُمْ سِقَايَةَ الْحَاجِّ وَعِمَارَةَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ كَمَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَجَاهَدَ فِي سَبِيلِ اللّهِ ... {19} «Ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, охират кунига иймон келтирган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган каби қилдингизми?..» (Тавба, 19).
|