A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Қуръони карим маъноларининг таржимаси» деган жумла ишлатилади?
PDF Босма E-mail

Шайх ҳазратлари! Бир нарсани яхши тушунмайман. Нима учун диний манбаларда «Қуръони Карим таржимаси» ибораси ўрнига «Қуръони Карим маъноларининг таржимаси» деган жумла ишлатилади? Аммо ҳадисларга келганда, «Ҳадисларнинг таржимаси» дейилаверади? Илтимос, Қуръони Каримни бошқа тилга таржима қилиш ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аввалги мусулмонлар Қуръони Каримни олий даражада тушунганлар. Деярли барчалари араб тилини яхши билганлар. Аммо кейинчалик арабмас халқлар ҳам мусулмон бўлдилар.
Вақт ўтиши билан, араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандоқ ўрганишади, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан, Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди, деб туриб олишди. Уларнинг фикрича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин, унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани «Қуръон» деб аташ эса мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, «Қуръони Карим таржимаси» деган даъво билан кишиларни Қуръоннинг ўзидан, аслидан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида «Қуръони Карим таржимаси мумкин эмас» деган қатъий қарор қабул қилинди. Шунинг учун ҳам қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлир ёки тушунтиришларни учратамиз-у, аммо Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималари деярли йўқ.
Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам ривожланди. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса  ҳамма ишлар орқага кетди.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борди-келди қилишга ўтишди. Бу борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгани ҳаммага маълум. Мустамлакачилик омили барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам турган гап. Худди шу омил юзасидан, ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошлашди. Қуръони Каримнинг маъноларини билиш мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчиларга жуда ҳам зарур эди.
Ана ўша таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошлашди. Чунки  ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши табиий эди. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билавермаслиги бор ҳақиқат эди.
Бир томондан ушбу омиллар, иккинчи томондан Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Авваллари Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақида ихтилофларга олиб бормасин, таржимага таяниб одамлар араб тилини ўрганмай қўймасин, деган мулоҳазалар ва бошқа шу каби омилларни эътиборга олиб Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган бўлса, энди, шароит тамоман ўзгариб, айнан Қуръон муҳофазаси учун таржимага рухсат бериш зарурати туғилган эди. Қолаверса, Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси қарор топган, одамлар маънолар таржимасига суяниб асл матн унутилиши хавфи ҳам кўтарилган эди.
Шунингдек, араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра уни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган, уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган равишда араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди. Бунинг устига, дунёнинг мусулмон бўлмаган халқларини ҳам Исломга даъват қилиш зарурати турарди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб тарқатмоқда эди. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана ўша омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундоқ таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.
Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсири каби нарсадир» деган тушунча асосида қўйилганидан, улар тафсир ва тафсирчи учун белгиланган шартларнинг айни ўзи эди.
Қуръони Карим тафсири ва таржимаси билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ушбу соҳага доир китобларда батафсил баён қилинган. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт: Тафсир билан шуғулланадиган шахс соф эътиқодли бўлиши керак. Чунки  кишининг эътиқоди, мафкураси унинг барча тасарруфларида, сўзидаю амалида ўз аксини топади.
Иккинчи шарт: Ҳавойи нафсга эргашишдан холи бўлиш. Зеро, ҳавойи нафсга эргашиш одамзоднинг ҳақдан тойилишининг бош сабабидир.
Учинчи шарт: Араб тилини пухта билиш. Бу ҳеч қандоқ изоҳга муҳтож бўлмаган шартдир.
Тўртинчи шарт: Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билиш. Жумладан: қироат илми, тавҳид илми, сабаби нузул илми, носих ва мансух илми, муҳкам ва муташобиҳ илми, усули фиқҳ илми ва бошқалар.
Бешинчи шарт: Аввало Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш.
Олтинчи шарт: Қуръони Каримни Суннати мутоҳҳара билан тафсир қилиш.
Еттинчи шарт: Тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтиш.
Саккизинчи шарт: Агар тафсирни юқорида зикр қилинган манбаълардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеинларнинг тафсирига қайтиш.
Тўққизинчи шарт: Агар бирор янги маъно истинбот қилгудек бўлса, юқорида ўтган масдарларга таянган ҳолда, уларнинг чизиғидан чиқмасдан, Ислом ақийдаси ва аҳкомларига мувофиқ сўз юритиш.
Ўнинчи шарт: Ўткир фаҳмли бўлмоқ. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устин қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун киши ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлиши кераклигини шарт қилиб қўйганлар. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнақини кўзлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.
2. Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг тафсиридан нима фойда бор?
3. Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг китобига боғлиқ бўлганда, яна ҳам таъкидли маъно касб этиши турган гап.
4. Маъноларни нақл қилишда тўғрилик, холислик, садоқат ва аниқликни ушлай билиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб, қалби таскин топган, ўзига ишончли манбалардан етиб келган маъноларнигина гапирмоғи ва ёзмоғи керак. Акс ҳолда, гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши, натижада, Қуръон маъноларига халал етиши мумкин.
5. Иззатини билмоқлик. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак. Аллоҳнинг каломидан гапириш ҳаммага ҳам эмас.
6. Ҳақгўй бўлмоқ. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин?!
7. Виқорли бўлмоқ. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
8. Тавозуъли ва ҳалим бўлмоқ. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
9. Оғир-босиқ ва салмоқли бўлмоқ. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
10. Пешқадам олимларни ўзидан устин қўймоқ. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Булардан ташқари, Қуръони Карим маъноларининг таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилган. Улардан баъзилари қуйидагилар:
1. Таржимон араб тилини пухта билиш билан бирга, таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билган, керакли малакани эгаллаган бўлиши шарт.
2. Таржимани «Қуръон таржимаси» эмас, балки «Қуръони Карим маънолари таржимаси» деб аташ ва тушуниш лозим. Чунки  Қуръони Каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки  араб тилида Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.
3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръ­они Карим маъноларини тушунишдаги ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлигини унутмаслик. Маънолар таржимасини намозда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш каби ишлар мутлақо мумкин эмас.
4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, асл матннинг қудусияти – муқаддаслиги балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.
Ушбу шарт ва кўрсатмалар Қуръони Каримни таржима ва тафсир қилишга тегишли бўлиб, бошқа диний матнлар, жумладан, ҳадиси шарифларга нисбатан ҳам иш нисбатан енгил кечади.
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.
Биринчи далил:
Ҳудайбия сулҳидан кейин Набийимиз (алайҳиссалом) уч қитъа вакиллари бўлмиш давлат бошлиқларига мактублар юбориб, Исломга даъват қилдилар:
1. Оврупадан Византия подшоҳи Ҳерақлга.
2. Осиёдан Форс давлати подшоҳи Кисрога.
3. Африкадан Миср подшоҳи Муқавқис ва Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга.
Ушбу мактубларда Қуръони Карим оятлари ҳам бор эди. Мазкур подшоҳлар ва уларнинг одамларига ўша мактублар, жумладан, улар ичидаги оятларнинг маънолари, албатта, таржима қилиб берилган. Демак, мусулмон бўлмаган кишиларни Исломга даъват қилишда Қуръони Карим маънолари таржима қилиниши керак экан.
Иккинчи далил:
Имом Шамсул-аимма Сарахсийнинг «Мабсут» номли кўп жилдлик асарларининг «Китаабус-солат» («Намоз китоби») бўлимида (1-жуз, 37-бет) қуйидагилар ёзилган:
«Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига «Фотиҳа» сурасини форс тилида ёзиб беришни сўрадилар...»
Тожуш-шарийъанинг «Ҳидоя»га ҳошия қилиб ёзган «Ниҳоя» китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ маълумот берилади:
«Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)га «Фотиҳа»ни форс тилида ёзиб беришни сўраб мактуб ёздилар. Бас, у киши «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» – «Ба номе...» деб ёзди ва Набий алайҳиссаломга кўрсатганларидан кейин уларга юборди».
Демак, араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун ҳам, улар у тилни ўрганиб олгунларича, Қуръони Карим маъноларини зарурат юзасидан таржима қилиб берилса, жоиз экан.
Учинчи далил:
Қадимда Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга оммавий равишда рухсат берилмаган бўлса ҳам, кези келиб, зарурат туғилганда, бу иш амалга оширилган.
Мазкур таржималарнинг кўпи давримизгача етиб келмаган. Бизгача етиб келган Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳақида Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ қуйидагиларни ёзадилар:
«Подшоҳ Мансур Ибн Нуҳ Сомоний ҳижрий 345-санада Туркистонлик катта уламолардан бир жамоасига Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига маъно таржима қилишга амр этди. Табарий тафсирининг хулосасини ўша таржимага зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу таржималар бизгача етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди».
Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўз мустақилликларига, тараққиётларига соҳиб бўлган вақтларида ўз Муқаддас Китобларига ҳам яхши хизмат қилишган. Аммо  ҳар жиҳатдан заифлашиб, тушкунликка юз бурганларида ҳамма нарсани, жумладан, Қуръони Карим маънолари таржималарини ҳам бошқаларга топшириб қўйишган.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳозирда бу ишга алоҳида эътибор берилиб, ушбу ҳассос соҳада ҳам бир қанча яхши ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда, асосан, араб бўлмаган мусулмонлар хизмат қилмоқдалар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Чунки  айнан ўша кишилар ўз халқларига Қуръони Карим маъноларини таржима қилиб беришмоқда.
Албатта, бу ерда ҳам ўзига хос нозик муаммолар бор. Одатда, арабмас мусулмон халқлар ичида нарабчани, исломий илмларни яхши ўзлаштирганлар таржима қилишга ва ўз тилларида юқори савияда асар битишга вақтлари қолмаган бўлади. Аксинча, адиб ва таржимонликни яхши эгаллаган шахсларда араб тили ва исломий илмларни керагича ўзлаштиришга вақт топилмайди. Шундоқ бўлса ҳам, Қуръони Карим маънолари таржимаси бўйича сезиларли силжишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда Қуръони Карим маънолари деярли барча тилларга таржима қилиниб бўлган. Баъзи тилларда эса  бир неча таржималар мавжуд. Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг таъкидлашларича, урду тилида Қуръони Карим маъноларининг уч юздан ортиқ таржимаси, форс ва турк тилларида эса  юздан ортиқ таржимаси бор.
Лекин гап таржималарнинг сонида эмас, сифатида эканини унутмаслигимиз лозим. Бу соҳада ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Бир қанча ташкилотлар, мутахассислар ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини Ўз китоби йўлидаги холис ва фойдали хизматлардан айласин.
Бу соҳадаги баҳс ва уринишлар натижасида, асосий эътимод тафсирга бўлиши керак, аммо  маълум мақсадларда Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳам керак бўлиб қолади, деган фикрга келинган. Ана ўша мақсадлардан баъзиларини зикр қиламиз:
1. Мусулмон киши доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб туриши керак. Тиловатнинг муҳим шартларидан бири – оятларнинг маъносини тадаббур қилмоқдир. Арабларда ҳам ушбу маънода кишиларга ёрдам бўлсин учун Қуръони Карим матни четига тушунилиши осонлаштирилган қисқа тафсирлар чоп қилиш одат бўлган. Тиловат қилиб кетаётган шахс ҳожати тушганда дарҳол ҳошия – мусҳаф четига қараб маънони англаб олаверади. Бу борада араб бўлмаган мусулмонлар қийинчиликка учрашади. Ҳатто баъзи қорилар ҳам ўзлари ўқиётган оятлар маъносини тушунишмайди. Уларга Қуръони Карим маъноларининг таржимасини тақдим этиш ушбу муаммони ҳал қилишда алоҳида ўрин тутади.
2. Баъзи вақтларда ояти карималарни далил сифатида иқтибос келтиришга тўғри келади. Ана шу пайтда, албатта, катта ҳажмдаги тафсирдан кўра, рақамланган ва арабча асл матн ёнига қўйилган маънолар таржимаси қўл келиши аниқ.
3. Қуръони Карим маънолари таржимаси асл матннинг мингдан бир ҳаловатини ҳам бера олмаслигини яна бир бор таъкидлаш билан бирга, ояти карималар маъноларининг бевосита, ўртага турли гап-сўзлар қўшмай қилинган таржимасининг ҳам ўзига яраша ҳаловати бор эканини ҳам англашимиз мумкин.
Ҳаммамиз динимизнинг асл манбаи бўлган Қуръони Каримга оид бу маълумотларни ўзимизга яхшилаб сингдириб олишимиз шарт. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг»китобидан