САВОЛ: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Баъзи бир ҳадиси шарифлар шарҳида: «Бу сўз ўша давр кишиларининг тушунчасига мослаб айтилган», дейилади. Бундан «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кишиларнинг тушунчасига мослаб ноилмий сўз ва хабарни айтишлари мумкин» деган нотўғри маъно чиқиб қолмайдими? Аслида, «Ҳозирги илм-фан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак сўзларига тушуна олмаяпти» десак, тўғри бўлмайдими?! Мисол: НУНнинг тафсири хусусида мусташриқлар томонидан айтилган ва айтилаётган мулоҳазаларга биз қандай жавоб беришимиз керак?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзи ҳолатларда ўша вақт одамларига тушунарли лаҳжа ва истилоҳлар ишлатилгани ҳеч қандай нуқсон эмас. Балки эшитувчига тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилиш афзал. Аксинча, ҳозирги кунда оят ёки ҳадисдан бирор нарсани тушуна олмасак, илмим етмагани учун тушуна олмаяпман, дейишимиз лозим. Оят ёки ҳадисга тил теккизиб бўлмайди. Бугун биз тушунмасак, эртага илм яна ҳам ривожланиб, бошқалар тушунишади. Мусташриқлар гапининг эътибори йўқ. Уларнинг гапи ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Улар ўзларича ҳар хил гапларни гапираверадилар. «Нун»га келсак, Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси шунга ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: Баъзилар «Ҳуруфул муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфул ҳижои» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотуҳус-сувар» – «сураларни очувчилар» дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу − Аллоҳ билан Набий (алайҳиссалом) ўрталаридаги сир», дейдилар. Бошқа бирлари эса уларга ўзларича маъно берганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби улар ҳақида на Набий (алайҳиссалом)нинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари шу эдики, улар фақат билмаган нарсаларинигина сўрардилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар эдилар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди. Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга: «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лом», «мийм»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган, қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи?», деган маънони билдиради, деганлар. Аввал эслатганимиздек, Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўз усталиклари билан фахрланар эдилар. Шоирлар, сўз усталари мўътабар шахслар ҳисобланардилар. Доимо шеърдан, ваъзхонликдан мусобақалар ўтказиб туриларди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи Муаззама деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб: «Агар сўз устаси эканлигингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи?», деди. Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди. Ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон киргизди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб одамларни қойил қолдирадилар, аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айни ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди! Валлоҳу аълам.
|