Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари, Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасидаги ушбу оятни қандай тушунсак бўлади? «У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар». Бундан «Муташобиҳ оятларнинг шу пайтгача таъвил қилинганлари ичида умуман тўғриси йўқ ва бундан кейин ҳам бўлмайди», деб тушуниш керакми ёки «Тўғриси бор, ҳақиқатда тўғри ёки йўқлигини фақат Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди», дебми? Умуман, «Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас» деган жумлада иккиланганим учун ушбу саволни беряпман.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу саволнинг жавоби «Тафсири Ҳилол»да шундай келган: Аллоҳ айтади: «У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Оли Имрон сураси, 7-оят). Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда. «Муҳкам» сўзи «маҳкам», «очиқ-ойдин», «бошқа ёққа буриб бўлмайдиган» деган маъноларни англатади. «Муташобиҳ» сўзи эса «ўхшаш», «бирини биридан ажратиш қийин», «бир неча маъноларни англатадиган» деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар уларни махсус ўрганадилар. Биз ўрганаётган ояти карима худди мана шу мавзуда сўз юритмоқда. Бу ояти кариманинг аввалида юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ: «У сенга Китобни нозил қилган Зотдир», деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда. Китобдан мурод Қуръони Каримдир. «Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар». Қуръони Каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикматга биноан, Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар. «Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир». Демак, муташобиҳ оятлар аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда иш берар экан. Қалбида марази бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар таъвил қилиб, фитна қўзиш мақсадида ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга маҳкам осилиб олар эканлар. «Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртки маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади. Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ва ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди. «Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас». Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвили билан машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола этишлари керак. «Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар». «Илмда мустаҳкам бўлганлар» бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир. Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан бохабар бўладилар ва шу боисдан ҳам: «Муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни оятларнинг барчаси) – муҳками ҳам, муташобиҳи ҳам Роббимиз ҳузуридандир», дейдилар. Дарҳақиқат, зўр олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар. Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса ўзлари билган озгина нарсани дунёдаги бор илм шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатлардан «Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар». Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар. Валлоҳу аълам.
|