A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
ХАТМИ ҚУРЪОНДАГИ БАСМАЛА МАСАЛАСИ
PDF Босма E-mail

 

 

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» ибораси «Басмала» дейилади. Осим қироатига кўра, басмала Фотиҳа сурасининг биринчи оятидир. Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида у сурани очиш учун, суралар ўртасини ажратиш учун нозил қилинган мустақил оятдир. Ҳар икки қарашга кўра ҳам, басмала Қуръони Каримдан бир оят ҳисобланади. Хатм деганда Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилар экан, бунда бирор оят истисно қилинмаслиги керак. Шунга кўра, намозда жамоатга хатм қилинганда, яъни Рамазондаги таровеҳларда басмалани бир бора бўлса ҳам жамоатга эшиттириш керак бўлади. Биз бу ҳақда мазҳабимиз манбаларига мурожаат қиламиз.

 

Муҳаммад Шафиъ Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ «Маъорифул Қуръон»да айтади: «Бутун Ислом аҳли басмала Намл сурасининг бир бўлаги эканига иттифоқ қилишган. Уни Тавба сурасидан бошқа барча суранинг аввалида ёзишга ҳам иттифоқ қилишган. Мужтаҳид имомлар тасмия Фотиҳа сурасининг ва бошқа сураларнинг бир бўлагими ёки бошқами экани ҳақида ихтилоф қилганлар, холос. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Басмала Намлдан бошқа бирорта суранинг жузъи эмас, балки у мустақил бир оят бўлиб, суралар ўртасини ажратиш учун нозил қилинган», деганлар. Бинобарин, басмала ҳам Қуръоннинг бир жузъи ҳисобланиб, уни бетаҳорат ушлаш жоиз эмас». Бундан маълум бўладики, хатми Қуръон чоғида агар басмала ўқилмаса, хатм тугал бўлмай, бир ояти тушиб қолган бўлади. Одатда ўқувчи ҳар сурада басмала айтади. Аммо бизнинг мазҳабимизда намозда басмала махфий айтилгани учун таровеҳда жамоатга хатм қилинганда тингловчилар басмалани эшитмайди. Шу боис жамоатнинг таровеҳдаги хатмиси тугал бўлиши учун басмалани таровеҳ мобайнида бир марта жаҳрий ўқиш тавсия этилган. Шунда жамоатнинг суннати муаккада ҳисобланган хатм қилиш амали тўкис бўлади.

Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Имдодул фатово» асарида яна қуйидагиларни айтади: «Басмала сураларнинг ўртасини ажратувчи мустақил бир оятдир. У Қуръоннинг бир жузъи. Бунинг тақозоси шуки, эшитувчиларнинг хатмиси тўлиқ бўлиши учун хатм мобайнида қайсидир ўринда басмалани жаҳрий ўқиш керак». Юртимизда ўтган улуғ Қуръон устозларидан Муҳаммад Мубин қори дада ҳам: «Таровеҳларда басмалани бир марта жаҳрий ўқиш керак», деб айтган. У киши одатда ан Нас сурасидан олдин басмалани жаҳрий қилар экан. Баъзилар биринчи куни Фотиҳадан ёки Бақара сурасидан олдин басмалани жаҳрий ўқишни тавсия қилишган. Фотиҳада жаҳрий қилинса, Осим қироатига ҳам мувофиқлик бўлади, дейишади баъзилар.

Шу ўринда «Осим қироатида басмала Фотиҳанинг биринчи ояти бўлса, ҳанафий ва моликий мазҳабларида у Фотиҳадан бўлмаса, ушбу мазҳабдаги кишилар намозда Осим қироатида қироат қилганларида нима қиладилар?» деган савол туғилиши мумкин. Бунга уламоларимиз, жумладан, Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ: «Намоздан ташқарида қироат имомига эргашилади, аммо намозда фуқаҳоларнинг сўзларига амал қилинади», деб жавоб берганлар. Фақат хатмда истисно равишда юқорида айтилгандек иш тутиш мумкин.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид