Фотиҳа сурасининг тафсири
Муаллиф:    21.01.2014 01:56    Босма

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Барча оламларнинг Парвардигори, Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ҳамда Ул Зотнинг севикли бандаси ва сўнгги Пайғамбари бўлмиш ҳазрати Муҳаммад Мустафога дуо ва салавотларимиз бўлсин.
Сўзларнинг энг рости Аллоҳ таолонинг Сўзидир. Йўлларнинг энг чиройлиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг Йўлидир.
Бизнинг мақсадимиз, Аллоҳ таолодан мадад ва тавфиҳ тилаб, энг Рост Сўз, бутун оламларнинг Эгаси бўлган Парвардигоримизнинг Сўзини англаш − ўрганишдир.
Маълумки, тафсир илми − Қуръони Каримнинг ҳар бир оят ва калимасини таҳқиқ ва тадқиқ қилиш − қадимдан, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссолату вассалом Пайғамбар бўлиб юборилганларидан − у Зоти бобаракотга Қуръон оятлари нозил бўла бошлаганидан, у кишининг ўзлари, саҳобалари ва тобеинлар замоналаридан бошланган. Қуръони Карим сиз билан бизга Оллоҳимиз тарафидан юборилган бир кўрсатмадир, ҳикматдир, Охират диёри ҳақида − сиз билан биз кўра олмайдиган диёр ҳақидаги хабарлардир ва бу хабарлар бутун оламларнинг, балки дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлган Аллоҳ таоло Ўзи берган хабарлардир.

Шунингдек, Қуръони Карим бизлар учун   инсоният учун туширилган Буюк Мўъжиза   Китоб бўлиб, бу Китобда Аллоҳ таоло бизни қай тарзда мусулмон бўлиб яшашимиз, қандай амалларни қилишимиз ва қайси амаллардан узоқ бўлишимиз лозимлиги хусусидаги Ўз Илоҳий фармонлари билан таништиради. Шунингдек, биздан аввал ўтган асрлар, авлодлардаги кишиларнинг ҳаётлари, мўминларнинг топган оқибатлари, кофирларнинг мубтало бўлган балолари ҳамда бутун осмонлардаги хабарлар ва бу дунёдан кейинги ҳаётнинг хабарлари, ўша кейинги ҳаётдаги Қиёмат Кунининг хабарлари ва Аллоҳ таоло Ўзи ўша Охират диёрига жойлаган жаннат ва дўзах хабарлари ҳам Қуръони Карим оятлари орқали бизга етказилади. Қуръони Каримни − бу мўъжиза Китобни Меҳрибон Аллоҳимиз ҳар биримиз тушунадиган қилиб, инсонлар ишлатадиган сўзлар билан, инсонлар англайдиган каломлар билан араб тилида нозил қилган. Лекин бу Калом Мўъжиза − барчани ожиз қолдиргувчи Сўз бўлгани учун шундай бир тубсиз денгизки, унинг тагига бирон инсон, бирон олим етолмаслиги табиий ҳолдир. Балки, шунинг учундир, бизларга унинг зоҳирий маъноларини англаб амал қилишимиз буюрилган. Энди бу Сўзни яхшироқ англашимиз учун Қуръон тафсирларига муҳтожмиз. Уламолар ёзишларича, аввало, Қуръоннинг энг яхши тафсири Қуръони Каримнинг ўзидир. Яъни  Қуръондаги бир оят  мазмунини бошқа бир оятда янада яхшироқ тушуниб оламиз. Яна Қуръонни Жаноб Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳадислари тафсир қилар экан. Яъни  ҳар бир оятнинг тарихини, нозил бўлиш сабабларини Ҳадиси Шариф тафсир қилади. Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг буюк Илоҳий неъматидир. Парвардигоримиз бутун оламларни яратиб ва уларни сиз билан бизга бўйсундириб, одамзотни Ўзининг ердаги халифаси қилиб кўйганидан кейин, энди бизларга мана шу дунёда Ўзи рози бўладиган тарзда ҳаёт кечиришимиз, ҳақиқий халифалик қилишимиз, чин инсон бўлиб яшаб ўтишимиз учун бир қўлланмани ҳам туширди. Токи ҳар ким ўз ҳавойи нафси билан, ноқис ақли билан ҳар хил йўлларга адашиб кетмасин, деб Аллоҳ таоло мана шу дунёдаги ҳаётимизнинг энг тўғри йўлини кўрсатадиган кўрсатма, дастурул-амал қилиб Қуръонни нозил қилди.

Демак, биз Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш учун аввал унинг мазмун-моҳиятини тушунишга уринишимиз керак, Қуръонни Қуръон билан тушунишимиз керак, Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳадислари билан тушунишимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳазрати Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Сиз одамларга Қуръонни баён қилиб берасиз», деган вазифани Ўз Пайғамбарининг зиммаларига юклади. Демак, Қуръон мазмунларини чуқурроқ англашда бизга ҳадис − Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари кўмакка келади.

Яна ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳам бизга Қуръонни тафсир − шарҳ қилиб кетганлар. Шулардан энг улуғлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) − барча Қуръон илмини билувчиларнинг, Қуръон тафсир ҳилувчиларнинг имоми эдилар. Бу киши Макка тафсирчиларининг пешвоси эдилар. Мадинаи мунавварада Убай ибн Каъб исмли улуғ саҳоба розияллоҳу анҳу Мадина тафсирчиларининг имомлари эдилар. Ироқ диёрида эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ зот Ироқ тафсирчиларининг пешвоси эдилар. Буларнинг тафсирларидан, улардан эшитган тобеинларнинг тафсирларидан Қуръон тафсирлари бошланган. Тафсир дегани Қуръоннинг ҳар бир калимаси тагида ётган маънони нақлий ва ақлий далиллар билан шарҳлаб  англатиш, ҳар бир оят ва калима нима маънога далолат қилишини изоҳлаб, ўқувчи онгига етказишдир.

Биз Аллоҳ таолодан файз ва илҳом тилаб Қуръонни тафсир ҳилишга киришар эканмиз, аввало, Қуръони Каримни Қуръоннинг ўзи билан англашга ҳаракат ҳиламиз ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари ҳамда у Зот саҳобаларининг тафсирларидан фойдаланиб, сизларга етказиш ҳаракатида бўламиз.

Қуръони Карим шундай буюк Илоҳий мўъжизаки, ушбу мислсиз Илоҳий Каломнинг сирини англаш ва англатиш мақсадида турли асрларда минглаб тафсирлар ёзилди ва ҳали ҳам ёзилмоқда. Бундан кейин ҳам то Қиёматгача бу Китобнинг сирини тўлиқ очиб бериш мумкин эмас. Ушбу азиз Китоб шу қадар Буюк Мўъжизадир, инсоният то охиригача англаб етиши мушкил бўлган, яъни  зоҳирини англаш мумкин бўлса ҳам, мағзи-моҳиятини билишимиз мушкил бўлган Каломуллоҳдир. Шунинг учун биз бу тафсирда ўтган уламоларнинг тафсирларидан ҳам фойдаланамиз. Муродимиз Аллоҳимиз Сўзини ўзимиз тушунмаган ҳолда фақат лафзинигина ўқимасдан, балки маъноларини ҳам англашдир. Фақатгина маъноларини англаб қолмасдан, ўша англаган маъноларга амал қилишдир, иймонимизни мустаҳкам қилишдир ва Аллоҳнинг Тўғри Йўлида юришдир.

Маълумки, Қуръони Карим бир қанча суралардан ташкил топтан. Қуръонда бир юз ўн тўрт (114) сура бор. Бу санок  Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан белгилаб берилган. Ҳар бир суранинг ўз ичида қамраб олган алоҳида мазмун-моҳияти бор.

Қуръони Каримдаги биринчи сура «Фотиҳа» сураси бўлиб, у ўз номидан маълум бўлиб турганидек, Қуръонни очувчи сурадир. Бу сура Қуръоннинг аввалида келгани ва ўзи қисқагина —    етти оятдан иборат бўлса-да, бутун Қуръони Карим мазмун-моҳиятини ўз ичида мужассам қилгани учун ҳам Қуръоннинг мазмунини «Очувчи» деган номга эга бўлган.

Энди бу суранинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом-мартабасига келсак, улуғ саҳобалардан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу шундай ривоят ҳилганлар: «Бир куни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга Қуръондаги энг улуғ сурани айтиб берайми?»  дедилар. «Айтинг, ё Расулуллоҳ», дедим. «Бу «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» сураси, дедилар». Яъни Пайғамбар алайҳиссалом мана шу «Фотиҳа» сураси Қуръондаги энг улуғ сура деб баҳо бердилар.

Ҳақиқатан, айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло ушбу буюк сурага − мана шу етти оятга Ўз мўъжизаси билан Қуръондаги мазмунни жойлаб қўйган экан. Шунинг учун ҳам бу энг улуғ сурадир. Шу сабабдан бу сура ҳар бир мусулмоннинг тилида, дилида ва намозларининг ҳар ракъатида бор бўлган сурадир. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ло солата илло би фотиҳатил-китоб − Агар фотиҳани ўқҳилмаса, намоз комил намоз бўлмайди», деганлар. Демак, бу сура намозимизнинг ҳар ракъатида бизга ҳамроҳ бўлган ва доимий тилимиздан тушмайдиган сурадир. Агар эътибор қилсак, «Фотиҳа» сурасидаги яна бир Илоҳий сирру синоатга гувоҳ бўламиз − намозхон одам ҳар куни беш вақт намозида 32 марта шу сурани ўқийди, демак, 70-80 га кирган инсон ушбу сурани неча минг марта ўқиганини санаб адо қилиб бўлмайди. Яна нафл ибодатларни ҳам адо қиладиган ва намозлардан ташқари бу суранинг ўзини мудом такрорлаб ўқиб юрадиган кишилар ҳам бор. Лекин, ажабки, сиз айтадиган сўзлар ичида шу сурадан кўра сизга суюклироқ, севиклирок, сура йўқдек, бир сўз йўқдек. Яъни  ҳар қандай сўз ҳам, такрорлайверсангиз, эскириб қолади, зерикасиз, озгина ўқимай турсам, дейсиз. Лекин Аллоҳнинг Каломи бўлган бу буюк Сўзни − «Фотиҳа» сурасини ҳар куни неча бор такрорламанг, зерикмайсиз, билъакс, роҳатланасиз, ором оласиз, дилингиз равшан тортади − очилади, чунки бу сура «Очувчи» сурадир.

Бу суранинг яна бир номи «Уммул-Қуръон»дир. Яъни  Қуръоннинг онаси. Бутун Қуръоннинг маъносини ҳамрагани учун ҳам шу номни олгандир.

Яна Аллоҳ таоло бу сурани «Сабъул-масоний» − доим такрорланувчи етти оят, деб ҳам атайди. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло жаноби Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,), дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчини ва Улуғ Қуръонни ато этдик», дейди. Яъни  Аллоҳ таоло ушбу улуғ сурани «Қуръон»нинг ёнида алоҳида таъкидлаб айтади. Такрорланувчи дегани, ҳар ракъаат намозимизда такрорланиб тургани сабаблидир. Баъзи уламолар такрорланувчи дейилганининг сабаби бу сура Қуръони Каримдаги бошқа суралардан фарқли ўлароқ, икки бор нозил бўлган деб ҳам тафсир қиладилар. Яъни  аввал Маккаи мукаррамада, сўнг Мадинаи мунавварада иккинчи марта нозил бўлган, шунинг учун такрорланувчи деган номга эга, дейдилар.

1.    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм — Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан.

Етти оятдан иборат бўлган ушбу муборак суранинг аввалги ояти «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» оятидир. Бу ояти карима 114 та сурадан 113 тасининг аввалида келиши билан бирга мана шу биринчи суранинг илк оятидир. Фақат «Бароат» − «Тавба» сураси олдида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» келмайди. Бу оят кўпчилик уламолар наздида «Алҳамду» сурасининг биринчи оятидир. Айрим уламолар «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» Аллоҳнинг оятидир, лекин сураи Фотиҳанинг биринчи ояти эмас, балки ҳар бир сура олдида келадиган алоҳида оятдир, дейдилар.

Ушбу ояти карима «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан», деган маънони англатади ва бу билан Аллоҳ таоло бизга ҳар ишни Ёлғиз Унинг номи билан бошлашимиз зарур эканини таълим беради. Яъни  биз мўмин-мусулмонлар қиладиган ҳар бир ишимизни ўз номимиздан қилмаймиз, ёки ўзимизга ўхшаган инсонлардан бўлган кишининг номидан ҳам қилмаймиз, ёки бирор миллат ёки ватан номидан ҳам эмас, балки бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ номи билан қиламиз. «Бисмиллаҳ», деганимиз, Аллоҳ номи билан, деганимиздир.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида: «Ҳар бир муҳим, аҳамиятли иш Аллоҳнинг номини зикр қилмасдан бошланар экан, у иш охирига етмайди, балки чала бўлиб, кесилиб қолади», деганлар. Мана шунинг учун ҳам биз шариати Исломия буюрган, ижозат берган ҳар бир ишни Аллоҳ номи билан бошлаймиз, биз − мусулмонлар мана шундай шарафга эгамиз. Демак, бисмиллаҳ деб бошламоқчи бўлган, шундай эътиқодда бўлган инсон ўзи фақат бисмиллаҳ деб бошлайдиган ишларни қилиши керак. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳаром қилган, Аллоҳнинг номи билан бошлаб бўлмайдиган ишларга мусулмон одам қадам босмаслиги керак бўлади. Аммо кимда-ким Аллоҳ ҳаром қилган, шариъатимиз манъ қилган, динимиз қайтарган нотўғри гуноҳ-жиноят ишларни Аллоҳнинг номи билан бошласа, диндан чиқиб, кофир бўлади. Чунки Аллоҳнинг номи билан фақат ҳалол ишларни бошлашга буюрилади, ҳаром иш учун «бисмиллаҳ» деган одам диндан чиқади. Масалан, Аллоҳ таоло ароқии ҳаром қилган, уни ичишда биров «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб ичса, кофир бўлади. Аммо бу сўзни айтмай ичса, гуноҳкор бўлади ва кейин тавба қилиб бу нарсага қайта яқин келмаса, Аллоҳ унинг бу гуноҳини кечиши умид қилинади, лекин шу ҳаром нарсани Аллоҳ номи билан бошлаб ичиши Аллоҳ таоло буни ҳалол қилган, дегани бўлиб, ҳаромни ҳалол деган ёки ҳалолни ҳаром деган киши диндан чиқиб, кофир бўлади.

«Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан».

Аллоҳ таоло бу ояти каримасида ишларимизни Ўзининг номи билан бошлашимизга буюрар экан, нафақат номи билан, балки У Зотнинг улуғ сифатлари билан ҳам бошлашимизга буюрди. Ўзининг Раҳмон ва Раҳим сифатларини айтишга буюради. Эътибор беринг, Аллоҳ таолонинг сифатлари жуда ҳам кўпдир.

Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсадан Ғолиб, кофирларни азобловчи, деган маънодаги Қаҳҳор деган сифати ҳам бор, яна бошқа-бошқа қаттиқликка далолат қилувчи сифатлари ҳам бор. Лекин бизларга «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан», деб бошлашимиз буюрилди. Бунда бизларга Яратган томонидан, энг аввало, меҳрибонлик, раҳмли бўлиш буюрилмоқда, зотан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай кўрсатмалари бор. У Зот: «Оллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар» деганлар. Аллоҳ таолонинг хулқларидан бири Раҳмонлик ва яна бири Раҳиймлик, яъни  меҳрибонлик ва раҳмлиликдир.

Демак, мусулмон инсонда энг кўриниб турадиган сифат ўша Меҳрибонлик ва Раҳмлилик сифатидир. Шунинг учун ҳам ҳар куни, ҳар соатда Қуръондан бирон сура ўқисак, Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман, деб тилимизда, тилимиз орқали бутун вужудимизга шу Меҳрибонлик ва Раҳмлилик фазилатлари сингиб кетиши учун Аллоҳимиз ҳар бир ишни Ўзининг мана шундай гўзал сифатлари билан бошлашимизга буюрган. Уламолар, биргина «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деган оятнинг ўзи кишини иймон келтириб, мусулмон бўлиши учун етарли, дейдилар. Яъни  бунда Аллоҳнинг исми ҳам зикр қилинди, ҳам сифатлари бўлган Раҳмон ва Раҳийм исми зикр қилинди. Қарангки, биргина сўз билан биз Аллоҳимизнинг Зотини ва сифатларини танидик. Энди Меҳрибонлик − Раҳмон сифати қандай сифат?

Бизлар Аллоҳнинг бу улуғ сифати чегарасига, ниҳоясига етиб-англашдан ожизмиз. У Зот шу қадар Меҳрибондир.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан келган бир ҳадиси муборакда айтиладики: «Дунёдаги ҳар бир нарсага Аллоҳ таоло Ўзининг меҳридан улашган». Масалан, ҳар бир ота-она − у хоҳ инсон бўлсин, хоҳ ҳашарот бўлсин, хоҳ ҳайвонот − ўзининг фарзандига меҳрибондир.

Агар дунёда меҳр деган нарса бўлмаса, дунёнинг ўзи бўлмайди. Бутун дунёни ушлаб турган нарса меҳрдир, оқибатдир. Мана шу мехр Еру осмонга Меҳрибон Аллоҳ таоло томонидан улашилгандир. Аллоҳ таоло бир муборак ҳадиси Қудсийда: «Мен меҳрибонлик сифатини юзга бўлиб, шундан бир қисмини бутун оламга тарқатдим, қолган тўқсон тўққизини Ўзимда олиб қолганман», дейди. Кўрамизки, барча инсонлар ўз яқинларига меҳрибонлик қиладилар, хусусан, ўз фарзандларига қанчалар меҳрибон эканини кўрамиз. Ёки ҳайвонотлармиди, ҳашоратлармиди − барча-барча жонзотлар ўз болаларига меҳрибондир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: «Чопиб кетаётган от ҳам оёғини ерга қўйишда боламни босиб олмай, деб бир ерга қараб олади, бу Аллоҳ таоло мана шу отнинг дилига солиб қўйган меҳрнинг аломатидандир», деганлар.

Ёхуд, масалан, бирон товуқни ҳайдайдиган бўлсангиз, у сиздан қўрқиб нарироқ кетиши мумкин. Лекин агар унинг ёнида жўжалари бўлса-ю, сиз уларга тегинадиган бўлсангиз, товуқ ўз жонини хатарга кўйиб, сизга даф қилади. Бу ҳам ўша жониворнинг болаларига бўлган меҳрибонлигидан − Аллоҳнинг бутун оламга тарқатган бир қисм меҳридандир. Бундай меҳрни Яратганнинг ҳар бир махлуқида кўрасиз. Буларнинг барчаси ўша бир қисм меҳрдан бўлиб, қолган тўқсон тўққизини Аллоҳ таоло Охират Куни учун олиб қўйди. Бандаларим − Менга иймон келтирган, Мени таниган, Менга ибодат ва яхши амаллар қилиш билан ўтган бандаларимни Қиёмат Кунида мана шу меҳрим билан сийлайман, гуноҳларини кечираман, Менинг зиёфатхонам бўлган жаннатга мана шу меҳрим билан киритаман, деб юздан тўқсон тўққиз меҳрини Қиёматга олиб қўйди.

Аллоҳ таолонинг бу Раҳмон сифати бутун дунёдаги мўмину кофир, яъни  Аллоҳни танигану танимаган, ҳатто Аллоҳни инкор қилган инсонларга ҳам баробар дахлдор сифатдир. Яъни Аллоҳ таоло дунёдан мўминларни фойдалантиргани каби, кофирларни ҳам фойдалантираверади. Яхши инсонларни фойдалантиргани каби, жуда ёмон жиноятчиларга ҳам бу ҳаётдан насиба бераверади. Аллоҳ таоло бу дунёдаги мехрини ҳаммага улашади. Уламолар Аллоҳ таолонинг бу сифатини барча мўмину кофирга тааллуқли деб тафсир қилганлар.

Аммо Раҳим − Раҳмлилик сифатига келсак, Аллоҳ таоло Охиратда фақат мўминларгагина раҳм-шафқат кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади: «У мўминларга Раҳмли бўлган Зотдир». Қиёмат Кунида Аллоҳнинг раҳму шафқатига, меҳру раҳматига бу дунёда покиза иймон ва соф эътиқод билан яшаб ўтган одамларгина етадилар.
Демак, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳаммага Мехрибон, Охират диёрида эса  фақат мўминларгагина раҳм-шафқат Эгаси бўлган Зотдир. Шунинг учун бизлар бу дунёдан бир мўмин одам сафар қилса, Аллоҳ раҳмат қилсин деймиз, яъни  энди Охират диёрида Аллоҳнинг раҳмига сазовор бўлсин, деганимиз бўладики, бу раҳматга фақат мўминлар муяссар бўладилар.

2.    Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн − Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир.

Айрим уламолар, юҳорида айтиб ўтганимиздек, «Бисмиллаҳ»ни сураи Фотиҳадан биринчи оят десалар, бошқа баъзи олимлар, хусусан, бизнинг Ҳанафий мазҳаб уламолари сураи Фотиҳанинг биринчи ояти «Алҳамдулиллаҳи роббил аламийн» дир, деб бунга далил келтирадилар. Масалан, улуғ муфассирлардан Табарий «Жомиъул-баён» тафсирларида мана шу тафсирни қиладилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб Аллоҳнинг Раҳмон ва Раҳим сифати зикр қилинганидан кейин бир оят ўтказибоқ яна Раҳмон ва Раҳим сифати зикр қилиниши аввалги «Бисмиллоҳ» «Фотиҳа» сурасидан ташқаридаги бир оят эканига далилдир».

Демак, «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» ояти айрим уламолар наздида сураи Фотиҳанинг биринчи, бошқа уламолар наздида эса, иккинчи оятидир. Бунинг билан бирор маъно ўзгармайди, лекин биз, модомики, Қуръони Карим тафсирига ҳаракат қилар эканмиз, уламоларнинг бу фикрини ҳам билиб ўтишимиз фойдадан холи эмас.

«Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» деган бу улуғ оятнинг мазмуни — «Ҳамд, сано, мақтов, олқиш Ёлғиз Аллоҳ учундир. У Аллоҳ бутун оламларнинг Хожаси, Парвардигори, Эгасидир», дегани. Яъни  ҳамду санони, мақтов-олқишни Ёлғиз Аллоҳ учун қилишимиз керак.

«Алҳамду», деган сўз барча мақтов, барча ҳамду сано деган маънони билдиради. Яъни  бирон мақтов йўқки, ўша мақтов билан Аллоҳ мақталмаса. Ҳар бир мақтов Ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир.

«Лиллаҳи» − Ёлғиз Аллоҳникидир, Аллоҳ учундир, деганидир. Бу табиийдир, чунки Аллоҳ таоло, бутун оламларнинг Эгаси бўлган Парвардигоримиз мақтовга лойиқ бўлган танҳо Зотдир. Биз У Зотни мақтаб шукрона қилишимизга сабаб жуда кўп. Аллоҳнинг бизга берган неъматлари чексиз. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: «Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санайман десанглар, уларнинг адоғига етолмайсизлар», дейди.

Ҳақиқатан, бизга саноқсиз неъматларни Аллоҳ бериб қўйган. Демак, албатта, биз Аллоҳга ҳамд айтишимиз керак. Ҳамднинг Эгаси бўлиш Ёлғиз Оллоҳнинг ҳаққи. Чунки У Зот бутун оламларнинг Парвардигоридир. Мана, бизларни инсон қилиб яратди, инсонлар орасидан ҳам Ўзининг Йўлида, Ўзини истаган мусулмон бандалари қаторида Тўғри Йўлга ҳидоят қилиб қўйди. Бунинг учун биз албатта Оллоҳимизга ҳамд бўлсин, деб Оллоҳ таолога мақтов-олқиш айтамиз. Ҳар бир ишимизда, ҳар олган нафасимизда, бизлар учун бутун оламни хизматкор қилиб қўйгани учун, ўз вужудимиз ҳам, атроф-жавонибдаги барча жонли-жонсиз нарсалар ҳам Оллоҳнинг амри билан биз — инсонларга бўйинсуниб, хизмат қилиб тургани учун Оллоҳга шукр қиламиз.

Ахир тасаввур ва тафаккур қилсак, биз нафас олаётган, лекин ҳеч ким кўзи билан кўриши мумкин бўлмаган ҳавонинг ўзи Оллоҳнинг бизга берган бир буюк неъматидир. Буни ҳеч ким ишлаб чиқараётгани йўқ. Ёлғиз Оллоҳ бандаларини нафас олиши учун мана шу ҳавони ортиқчаси билан таъмин этиб турибди. Ёки бизларнинг поклигимизни таъмин этиб турган сув ҳам Оллоҳнинг неъматидир. Тасаввур қилинг, ўша сиз билан биз истеъмол қиладиган, фойдаланадиган, ташналигимизни қондирадиган, бизга таом бўладиган, кир бўлсак, бизни тозалайдиган сув мана шу Оллоҳ таоло яратган Ерда —    заминда турибди. Ахир ҳар қандай тупроққа сув қуйилса, сингиб кетади-ку, лекин Оллоҳ таоло шу бандаларим фойдалансинлар деб ўша Ерга, сен устингдаги сувни сингдирмасдан сақлаб турасан, деб буюрган. Бу бизга катта неъматдир. Айрим дарёлар, денгизларга қўшилиб кетади, ўрталарида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин уларнинг суви бир-бирига аралашмайди. Оллоҳ таоло Қуръони Каримда ўша сувларнинг бирини шўр, бирини чучук қилиб қўйганлигини бизга миннат қилади, яъни, бандалари фойдаланиши учун ҳалиги шўр сувнинг тузи чучук сувга ўтмасдан турсин деб, уларнинг ўрталарига кўз билан кўрмайдиган, лекин ўта мустаҳкам бир тўсиқ кўйганини зикр қилади. Мана бу бизларга Оллоҳнинг неъмати эмас-ми? Ёки ўзимизнинг вужудимиздаги аъзоларга қарайлик, Оллоҳнинг амри билан ишлаб турибди, сиз ва бизни ақлимиз билан эмас, кувватимиз билан ҳам эмас, илмимиз билан эмас, балки, Оллоҳнинг буйруғи билан бизларга хизмат қилиб турибди. Мана, масалан, бизнинг ҳаётимиз белгиси бўлган, тинмасдан уриб, ишлаб турган юрагимиз ҳақида бир фикр юритайлик. Буни биз ўзимиз ақл билан ишлатиб турган бўлсак, ухлаб қолганимизда, юрак уриши ҳам тўхтаб қолиши керак эди. Тасаввур қилайлик, агар юрак беш дақиқа урмаса нима бўлади? Лекин Оллоҳ таоло шу юракка ишлаб турасан, деган буйруқни берди, сени ўша бандамнинг ичига жойлаган эканман, у ҳаёт бўлиб, ҳаракат ҳилиб яшаб туриши учун сен доим ишлайсан, у билса ҳам, билмаса ҳам, уйғок, вақтида ҳам, ухлаётганида ҳам, ҳушида ҳам, тушида ҳам, ҳар қандай ҳолатда ишлайсан, деган буйруҳни бердики, энди уни ҳеч ким тўхта-толмайди, фақатгина Оллоҳнинг Ўзи хоҳлаган пайтида тўхтатади. Ана шундай, биз атрофимиздаги оламга ҳарасак ҳам, ўз вужудимизга қарасак ҳам, Оллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларини кўрамиз. Демак, албатта, «Алҳамду лиллаҳи роббил-аламийн» Оллоҳга ҳамд бўлсин, деймиз.

Роббил аламийн — барча оламларнинг Парвардигори. Роб деган сўз Хожа, Эга, Парвардигор деган маънони билдиради.

Оламийн — оламлар дегани. Яъни, барча оламларнинг Хожаси, Парвардигори бўлган Оллоҳга ҳамд бўлсин. Оламлар Парвардигори ибораси бошҳа бир сурада: «Роббиссамовоти вал-арзи ва ма байнаҳума». Яъни, «Осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори», деб тафсир қилинади. Демак, осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг барчаси олам ҳисобланар экан.

Ўн саккиз минг олам дейилади. Сиз билан биз бир инсоният оламимиз. Атрофимизда бошқа оламлар ҳам бор. Масалан, паррандалар олами, даррандалар олами, наботот олами, жамодот олами, тоғу тошлар.

Биз кўра оладиган оламлар саноҳлик, лекин биз билмайдиган оламлар ҳам бор, шу боис қадимдан уламолар Оллоҳ таоло ўн саккиз минг олам Эгаси, деган иборани кўллайдилар. Биз мана шу оламларнинг Эгаси бўлган Ёлғиз Оллоҳга ҳамд айтамиз. Яъни, ҳамдга лойиқ бўлиш Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимнинг, жумладан, бирон инсоннинг имконида йўқ нарсадир. Чунки инсонга қандай бир шараф, катта мансаб ё бошқа бир мартаба ато қилинмасин, ўша фазилати учун мақтайлик десак, унинг бошқа юзта нуқсони бизни хижолат қилиб кўяди.

Демак, Яратган Парвардигор — барча оламларнинг Эгасигина мақтовга Лойиқ Зотдир.

Оламлар деган сўзнинг ўзи араб тилидаги «аломат» деган сўздан келиб чиққан, дейишади. «Аломат» деган сўз бизнинг ўзбекчада ишлатилади, у «белги» деганидир. Яъни, ўн саккиз минг оламдан ҳар бир олам ўзининг Яратгувчиси — Ёлғиз Оллоҳнинг бор ва бир эканига аломат-белги экан. Ҳақиқатан, энг кичкина заррани қарасак ҳам ёки жуда катта бир сайёрага назар солсак ҳам, уларнинг ҳар бири ўзининг Яратгувчиси, парваришлаб бошқариб турувчиси бор эканига далолат қилиб туради. Мана, ҳозирги замонимизда, сиз билан биз яшаётган илм ривожланган, фан тараққий топтан, хилма-хил асбоб-анжом, жиҳоз ва ускуналар тўлиб-тошган бир даврда ҳам бир пашшанинг қанотини яратишнинг имкони бўлмаётир. Дарҳақиқат, биз инсонлар учун бунинг имкони йўқ, бу фақат Оллоҳнинг қўлидан келадиган иш. Демак, бир пашшанинг қанотини бутун инсоният тўпланиб ярата олмаса, ўша пашшанинг қаноти ҳам Оллоҳнинг — Яратувчининг борлигига далолат қилиб турадиган бир аломат-белги экан.

3.    Ар-Роҳманир-Роҳийм — Меҳрибон ва Раҳмли.


Буояти кариманинг маъноси юқорида айтиб ўтилди. Оллоҳ таоло шундай Меҳрибон ва Раҳмли Зот. Оллоҳ таолонинг ушбу буюк сифатлари «Бисмиллоҳ»да ҳам келиб, яна бу ўрин-да қайта такрорланишининг сирри-сабаби тўғрисида муфассир уламолар шундай дейдилар: «Биз инсонлар ўзимизнинг ожизлигимиз, бепарволигимиз, илмсизлигимиз сабабидан умримизнинг кўп қисмини ибодатсиз, итоатсиз ўтказиб, нотўғри ишларга сарф қилиб, ёшимиз бир жойга етиб борганида, тавба-тазарруъ қилиб, ибодат йўлига ўтайлик десак, шайтон дилимизга васваса солиб: «Сен шундай гуноҳлар қилдингки, энди сени Худо ҳеч ҳам кечирмайди», деб алдаганида, ноумидликка тушиб қолмаслигимиз учун Оллоҳ таоло яна бир бор бизларга: «Мен Меҳрибон ва Раҳмлиман», деб сура ўртасида ҳам таъкидламоқда».

Яна бошқа бир оятда: «Да тақнатув мин раҳматиллаҳ», яъни, «Оллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар», дейди Оллоҳ таоло. Бу оят билан Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтадики: «Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ҳадларидан ошган, ибодатга бепарво бўлган бандаларимга айтиб қўйинг, Менинг раҳматимдан ноумид бўлмасинлар». Мана бу оятда Оллоҳ таоло ўзининг Раҳмону Раҳийм эканини таъкидлаш билан сизларни вужудинглар, тақдиринглар барчаси Ёлғиз Менинг Қўлимда, агар Мен раҳматимга олсам, ҳеч қайси гуноҳ Менга писанд эмас, кечираман, демоқда. Шунинг учун Раҳмону Раҳийм сифатларини Оллоҳ таоло бу суранинг ўртасида бизга яна бир таъкидлаб ўтади.

Ҳақиқатан, Раҳмон — меҳрибонлик сифати ҳамма нарсада кўринади. Нафақат Ерда ҳатто осмонда ҳам. Зотан, осмондаги қушларни тутиб турган ҳам Раҳмондир. Бу ҳақда Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Устиларидаги қушларга бир қарамайдиларми?! Улар қанотларини ёзиб саф бўлиб ёки қанотларини йиққан ҳолида ҳам Ерга қулаб тушмасдан осмонда турибдилар. Уларни фақат Раҳмон, (яъни, Меҳрибон Оллоҳ) ушлаб турибди».

Осмондаги қушни Оллоҳ ушлаб турибди, буни кўзимиз билан кўриб турибмиз, бунга ақлимиз етади. Лекин биз турган Ер ҳам осмонда турибди, яъни, фазода айланиб турган сайёра, сиз билан биз неча миллиард инсоннинг ва барча жонзотларнинг ҳаёти ўтаётган мана шу заминимиз — мана шу Ерни ҳам Раҳмон ушлаб турибди. Оллоҳ таоло бир қушни осмонда ушлаб турганига ҳайрон бўлсагу, буқадар буюк сайёрани ҳавода муаллақ ушлаб турган Раҳмон ва Раҳим бўлган Оллоҳ таоло эканини унутиб қўйсак тўғри бўлмайди.

Демак, Раҳмон бўлган Оллоҳимиз мана шундай Мехрибон, гуноҳларни Кечгувчи, тавбаларни Қабул қилгувчи ва бутун оламни Ўз ҳикмати билан Бошқариб тургувчи Мехрибон Зотдир.

Ибодатларимиз, яхши амалларимиз жуда оз. Борлари ҳам нуқсонли. Биз шу амалларимизга суяниб ҳеч нарсага етолмаймиз. Чунки бу амалларга бизни қодир қилган ҳам ўша Меҳрибон Оллоҳдир. Лекин Оллоҳ Ўзи бизларнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечаман деса, бизларни мана шу нуқсонли амалимизни қабул қиламан деса, у Ўзининг Кўлидаги ишдир.

«Саҳиҳул-Бухорий»да Оллоҳ таоло тавба қилган бандасини қанчалар яхши кўриши ва гуноҳларидан ўтиши хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом жиҳод вақтида асир тушган кишилар орасида бир аёлни шу асирларнинг гўдак-чақалоқларини эмизаётганини кўрсатиб, саҳобаларига: «Мана шу хотин ўзининг боласидан бошқа чақалоқларни ҳам эмизяпти, шу аёлга ўз болангни ўтга ташла деб буюрилса, ташлайдими?», деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ҳеч қачон, ўзини ўтга ташласа, ташлайдики, лекин боласини ташламайди», дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: «Оллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди. Бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Оллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳри буюкроқ, улуғроқдир», дедилар.

Ёки яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Туя миниб кетаёган бир мусофир чарчаб, истироҳат қилгани тушиб, озгина дам олиб кўзини очса, миниб келган туяси устидаги бор нарсалари билан йўқ эмиш. Чор атрофдан қидириб, ҳеч қаердан тополмасдан чарчаб, ҳориб келиб, яна ухлаб крлибди. Бир оз вақт ўтгач, уйғониб қараса, йўқолган туяси қайтиб келган экан. Ўша инсон шу пайтда қанчалар хурсанд бўлади», дедилар ҳазрати Расулуллоҳ, сўнгра қўшимча қилдилар: «Сиз билан биз гуноҳларимизга тавба қилиб Оллоҳга қайтсак, Меҳрибон Оллоҳимиз бундан ҳам кўпроқ хурсанд — рози бўлади».

Ҳар бир яхши амалингиз учун мукофотлар ато этаман, тавбаларингизни қабул қиламан деб турган Зотдан ҳам меҳрибон биров борми? Шунинг учун ҳам бу сураи каримада Оллоҳ таолонинг Раҳмону Раҳим деган сифатлари яна бир бор зикр қилинди.

4.    Малики явмиддин — Дин — Жазо Кунининг Эгаси.

«Дин» сўзи жазо маъносини англатади. «Явмуд-дин» — Жазо Куни деганидир. «Малики явмид дин» — Жазо Кунининг Эгаси — Подшоҳи деганидир. Бу Ёлғиз Оллоҳ таолонинг сифатидир. Яъни, бу дунёда турли подшоҳлар бўлиши мумкин, яхши-ёмонлари ҳам, адолатли ва золимлари ҳам. Уларнинг подшоҳликлари шу дунёнинг ўзидаёқ тугашини ҳам кўриб турибмиз, қанчадан-қанча подшоҳлар бу дунёдан ўтиб — йўқ бўлиб кетганларини ҳам кўриб-эшитиб турамиз. Демак, булар шу дунёнинг муваққат мансаб-лавозимлари экан.

Лекин ҳақиқий дунё бўлган Охират диёрида битта Подшоҳ бор — У Оллоҳдир. Жазо Кунининг Эгасиман — Подшоҳиман, дейди Оллоҳ таоло.

Биз «дин» сўзи жазо деган маънода келишини айтдик. Диндор дегани ўша жазо борлигига ишонадиган инсон деганидир. Мана, диндор билан динсизнинг фарқи шу сўзнинг ўзида аён бўлади. Фақат бугунни ўйлайдиган, ҳозирнинг ҳузурини кўзлайдиган, келажакда — Охират диёрида нима бўлиши ҳақида тафаккур қилмайдиган инсонни динсиз дейилади. Яъни, ундай кимса қилаётган иши савобми, гуноҳми эканига ёки бировларга манфаатлими, зиёнли эканига ҳам қарамайди. Ҳозир роҳат қилиб қолсам, ҳозир топиб қолсам, айшу ишрат қилиб қолсам бўлди, дейди. Мана шу инсон динсиз инсон бўлади. Худди рўзадор деганда рўзани ушловчини тушунганимиз каби, диндор деб динни тутувчини тушунамиз. Динни ушлаб турган диндор инсон эса ҳар бир ишида шу ишни қиляпман, эртага шунинг жазоси бор, ўлганимдан кейин Қиёмат Кунида Оллоҳ олдида шу ишимга жавоб бераман деб ишонадиган инсондир. Бошқача айтганда, ҳақиқий инсон диндор бўлади. Масалан, ҳайвон хоҳлаган ишини қилиши мумкин, уни биров айбламайди. Чунки Оллоҳ унга яхши-ёмонни ажратадиган ақл бермаган. Аммо инсонга эса Оллоҳ таоло ақл-фаросат неъматини ато этганки, агар у шу ақли билан иш тутмаса, ҳалолни ҳаромдан ажратмаса, савобни гуноҳдан афзал билмаса, у инсон ҳайвондан фарқсиз бир махлуқ бўлади. Диндор инсон эса ҳар бир ишини эртага Оллоҳ олдидаги жазо, масъулиятни ўйлаб қилади. Мана шу диндорликдир, мана шу ҳақиқий инсонликдир.

«Явмуд-дин»нн Жазо Куни, дедик. Бу сўз шундоқ, осонги-на айтиб қўйиляпти, лекин бу Кунни сиз билан биз тўла тасаввур қила олмаймиз. Ҳатто Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга Жаноби Ҳақ таоло миннат қилиб айтади: «Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Жазо Куни қандай Кун эканини қаердан ҳам билардингиз, Сиз билмайсиз, яна бир бор айтаман йўқ Сиз билмайсиз», дейди.

Яъни, биз юқоридаги ояти каримадан ўрганиб, Расулуллоҳнинг ҳадисларидан эшитиб Жазо Куни бор, деб иймон келтирамиз, лекин уни бутун ҳолатида, бутун хатари билан, бутун кўлами билан, бутун даҳшати билан билолмаймиз, то бориб кўрмагунча тўла ҳис қилолмаймиз. Оллоҳ таоло ўзининг энг улуғ бандасига, энг яқин дўстига, бутун оламлар учун раҳмат қилиб юборган энг сўнгги Пайғамбарига «Сиз ҳам билмайсиз, фақат Мен биламан», дейди.

Оллоҳ таоло у Кун ҳақида яна: «Жазо Куни ҳеч бир жон бирон жон учун бирон иш қилишга эга бўлолмайдиган Кундир», деган.

Яъни, бу дунёда бирор хато қилсак, бизнинг қўллайдиганларимиз бор, ўшаларни орага қўйиб, айрим жазолардан қутулиб ҳам кетишимиз мумкин, лекин «У Кунда ҳеч ким бировнинг орасига туша олмайди. У Кунда Ёлғиз бир подшоҳ бўлади, у Менман», дейди Оллоҳ таоло.

5.    Иййака наъбуду ва иййака настаъийн — Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз.

Мана бу Илоҳий Сўзлар билан биз ҳар куни намозимизнинг ҳар ракаатида Оллоҳ таолога илтижо қилиб: «Ёлғиз Сенгагина ибодат қиламиз. Чунки ҳамду санога Лойиқ Ўзингсан, Оламларнинг Хожаси Ўзингсан, энг Меҳрибон ва энг Раҳмли ҳам Ўзингсан, бу дунёгина эмас, Охират Кунининг Эгаси ҳам Ўзингсан, бас, Сендан бошқа кимга ибодат қиламиз, албатта Ёлғиз Ўзингга ибодат қиламиз, Ёлғиз Ўзингдан мадад сўраймиз», деб ваъда берамиз.

«Иййака наъбуду»... Бу сўз ҳар бир кишининг мўмин бўлиши ва динга киришининг калити бўлган «Ла илаҳа иллоллоҳ Муҳаммадур-расулуллоҳ» калимасининг маъносидир. «Ҳеч қандай худо йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир. Ва Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг элчисидир», деб иймонга кирган эканмиз, «ийяка наъбуду» деган сўзимиз ҳам худди шумаънони билдиради. Яъни, Сендан бошқа ҳеч қандай худо йўқ, Сен Ўзинг Ёлғизсан, Сендан бошқа сиғинадиганимиз йўқ, Сендан бошқа суянадиганимиз йўқ, Сендан бошқа биров бизга ёрдам ҳам беролмайди.

«Ва иййака настаъийн — Ёлғиз Ўзингдангина мадад сўраймиз». Бизларга мадад берадиган биргина Зот бор, У Зот Ягона Оллоҳдир. Оллоҳ хоҳламаса, ҳеч ким бизга бирор яхшилик қила олмайди, Оллоҳ хоҳламаса, ҳеч ким бизга ёмонлик ҳам қила олмайди.

Мана, бизлар Оллоҳнинг номи билан бошлаб, ҳамду сано билан Оллоҳнинг сифатларини айтиб, Унинг Ўзи бу дунё ва Охират Эгаси эканини эътироф этиб, Ўзигагина ибодат қилиш, Ўзидангина мадад сўраш ваъдасини бериб туриб, эндиги навбатда қуйидаги ояти каримани ўқиймиз:

6.    «Ихдинас сиротол мустақим — Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин».

Мана шу оят сураи Фотиҳанинг юрагидир. Бизларга Оллоҳимиз ушбу сурани ўқишни буюрар экан, мана шу дуони қилишимиз учун буюрган. Яъни, «Ўзинг бизларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин». Оллоҳдан бизнинг тиланчимиз, дуойимиз, илтижойимиз, ёлвориб сўрайдиган нарсамиз шудир.

«Сирот» — йўл дегани. «Мустақим» — тўғри деган маънони англатади. «Ихдина» деган сўз бизни ҳидоят қилгин, йўллагин, бошлагин, етаклагин, деган маънодадир. Ушбу оятда бизлар бу дунёдаги ҳаётимизни адашмасдан, эгри йўлларга кириб кетмасдан, адашиб залолатга тушиб қолмасдан ўтиб олишимиз учун ҳар куни, ҳар соатда, намозимизнинг ҳар ракаатида «Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин», деб сўраб туришимиз барча оламларнинг Парвардигори, Жазо Кунининг Эгаси бўлмиш Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ таоло томонидан бизга буюрилди. Демак, бизлар ўзимизнинг илмимизга ёки ақлимизга ёки нимадир бошқа нарсамизга суяниб, Тўғри Йўлни топаман десак, ўша адашганимиздир. Чунки бизни Оллоҳ ҳидоят қилсагина, Тўғри Йўлни топамиз.

«Сиротул-мустақим» деган сўзни тафсир қилиб, «Сирот» Қуръондир, дейди баъзи уламолар. Бошқалари эса, «Сирот»-ни Ислом дейишади. Яъни, бизларни Тўғри Йўлга бошлагин дегани — бизларни Ўзингнинг Каломингга бошлагин, ҳаётимизни Сенинг Каломинг андозасида, Сен буюрган ишларни адо қилиб ўтказишга бошлагин, деганимиз бўлади.

Бошқа уламолар эса, Исломингга бошлагин яъни, адашиб, динсиз бўлиб, нотўғри ишларни, нотўғри йўлларни дин қилиб, залолатда ўтиб кетмасдан, Исломингга, ҳақиқий Дининг, сўнгги мукаммал Динингга эриштиргин, ҳидоят қилгин, деганимиз бўлади, деб ҳам тафсир қиладилар. Мана шу бизлар доим Оллоҳдан сўрашимиз лозим бўлган нарсадир. Чунки Оллоҳнинг Йўлига кириш осон эмас. Бу Ёлғиз Оллоҳнинг ҳидояти билан бўлади. Агар биз астойдил сўрасак, ҳаракат қилсак, Оллоҳ таоло бизни Ўзининг Тўғри Йўлига йўллайди.

Мана шу Ҳидоятдир. Яъни, Оллоҳ таоло бутунлай бошқа йўлда турган, бошқа тарафни истаб юрган одамларни, бу Тўғри Йўлга мажбуран буриб қўймайди, балки ўзи истаган инсонларни, Ўзидан Ҳақ йўлни сўраган бандаларни Тўғри Йўлга бошлайди.

«Бизни ҳидоят қилгин» деганимиз бизларни ҳам ўша Тўғри Йўлингни излагай одамларнинг қаторида қилгин, деганимиздир. Чунки, мусулмонларининг орасида ҳам Тўғри Йўлга юришдан узоқда бўлган кишилар йўқ эмас.

Одамлар ёзган нарсаларни Қуръондан кўра афзалроқ деб ўйлаётган кишилар ҳам йўқ эмас. Бошқа ҳар қандай китоб Оллоҳнинг Китобига қандай тенг келади? Нега улар адашадилар? Шуни билмайдиларми, деб сўрарсиз? Билмайдилар, чунки, уларни Оллоҳ ҳидоят қилган эмас. Қуръоннинг қадрини Оллоҳ ҳидоят қилса, биламиз.

Биз оддий инсонлар Қуръон нақадар улуғ Китоб эканини сўз билан етказиб беролмаймиз. Тўғри Йўлда юришимиз учун Исломнинг асоси бўлган Қуръоннигина ушлашимиз кераклиги-ни Ёлғиз Оллоҳдан бошқа ҳеч ким бировга етказиб беролмайди. Агар Оллоҳ таоло Ўз инъоми — марҳамати билан кимнинг онггига, вужудига, қалбига Тўғри Йўлга бўлган муҳаббатни сингдирар экан, мана шу Оллоҳнинг ҳидоятидир. Қуйидаги ояти каримада ана ўша Оллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлар ҳақида сўз боради.

7.    Сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзувби алай-ҳим ва лаз-золлийн — (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (Тўғри Йўлни) инъом қилгансан — улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар — адашмаганлар.

Яъни, «Эй Парвардигор, бизларни ғазабингга дучор бўлмаган, залолатга кетмаган, Тўғри Йўлдан озмаган бандаларингга инъом этган Йўлингга ҳидоят қилгин». Хўш, Оллоҳ таолонинг инъомига кимлар сазовор бўлган? Бу ҳақда бошқа бир сурада хабар берилишича, улар пайғамбарлар, сиддиқлар — чин иймон, ихлос эгалари, Оллоҳ Йўлида қурбон бўлган шаҳидлар ва Оллоҳнинг буюрган амалларини адо қилган солиҳлардир.

У ҳолда Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлганлар кимлар эди? Муфассир олимлар жаноби Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларидан ривоятлар қиладиларки, Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлар яҳудлар эди.

Залолатга кетганлар кимлар эди? Жаноби Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дедиларки: «Насоролар — адашганлардир».

Яҳудлар нега Оллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлдилар? Бунинг сабаби, улар Оллоҳ таолони таниган эдилар. Оллоҳнинг пайғамбари — Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган эдилар. У зотга нозил бўлган Таврот Китобида уларга Оллоҳнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом келиши ҳақидаги хабар ҳам нозил бўлган эди. Пайғамбар алайҳиссалом дунёга келишларидан, ҳали Пайғамбар бўлишларидан илгари яҳудийлар «Ҳали бир Пайғамбар келади, биз унга ёрдамчи бўламиз», деб даъво қилар эдилар. Лекин Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни яҳудлардан эмас, араб қавмидан чиқарганида, улар бирдан тўнларини тескари кийиб, кофир бўлдилар.

Оллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Қачонки уларга (яҳудларга) ўзлари оилган нарса келгач, улар (ўзлари билган) нарсани инкор қилиб, кофир бўлдилар. Бас, Оллоҳнинг лаънати бўлсин бу кофирларга».

Яна бошқа бир ояти каримада келади: «Улар ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар».

Яъни, бутунлай ғазаб остида қолдилар, деб яҳудийларни Оллоҳ таоло лаънатлайди. Нима учун? Улар билганига амал қилмаганлари учун. Ўзлари таниган охир замон Пайғамбарига иймон келтирмаганлари учун.

Энди, насронийларнинг адашганлар деб, сифатланиши сабабига келсак, уларга ҳам Оллоҳ пайғамбар юборгандир. Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом уларга Илоҳий хабар олиб келди. У зотга Оллоҳ Инжил номли Китоб нозил қилди. Лекин насронийлар Оллоҳнинг пайғамбари бўлган Ийсони худо дедилар — адашдилар. У кишининг онаси Марямни ҳам худо дедилар — адашдилар. Адашиш бундан ортиқ бўлмайди. Шунинг учун Оллоҳ таоло уларни бир сўз билан адашганлар деб номлайди. Яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, Аллоҳни учта дедилар — Оллоҳнинг аёли Марям, Оллоҳнинг ўғли Ийсо дедилар. Бундан ортиқ адашиш бўладими?!

Яна улар шундай адашдиларки, кўлларида Ийсо алайҳиссаломга тушган Инжил ҳам қолмади. Бирон китобга эргашишга имкон топмай қолдилар. Инжил деб аталган китоб турибди, лекин Ийсо алайҳиссаломга тушган Инжил эмас у. Ер юзининг бирон ерида бу Китобнинг асл нусхаси қолмаган. Буни улар ўзлари ҳам тан оладилар. Қаерда бўлмасин, Инжилнинг таржималари ўқилади. Унинг етмишдан ортик, нусхаси бор. Лекин асли ҳеч кимда, ҳеч қаерда йўқ. Мана, ҳақиқий Китоб бўлган Қуръони Каримнинг бирон ҳарфи ҳам заҳа бўлмасдан, йўқолмасдан қўлимизда турибди. Шунинг учун Қуръснни тафсир қилганимизда, бизларнинг тафсир-таржималаримизнинг хато ёки тўғрилигини аслига солиштириб билиб олиш мумкин. Аммо Инжил таржималарини солиштирадиган асл нусха йўқ. Демак, насронийлар йўлдан озиб, адашиб, Тўғри Йўлни истасалар ҳам, тополмайдиган даражага тушдилар. Биз мўмин-мусулмонлар мана шундай адашганларни йўлларидан узоқ қилишини сўраб, Оллоҳга дуо қилишимиз керак. Яъни, ғазабингга дучор бўлмаган ва адашмаган бандаларингга инъом қилган йўлинг бўлган Тўғри Йўлга бошлагин деб Оллоҳ таолога илтижо қилишимиз ушбу муборак суранинг қалбидирки, бизларга Парвардигоримиз мана шундай дуони қилишимизни буюради. Савол туғиладики, нега Оллоҳ таоло тўғридан-тўғри яҳудийлар, насронийлар демасдан, улар ҳақида ғазабга дучор бўлганлар, адашганлар, деган ибораларни қўллади? Бунинг сабаби шундаки, кимда-ким ўша яҳудларга ўхшаб, балганларига амал қилмаса ёки насронийларга ўхшаб, Оллоҳга ширк келтирса, ундай кимсалар қайси миллатдан бўлишларидан қатъи назар, Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва йўлдан озган — адашган ҳасобланадилар. Шу боисдан биз Оллоҳ таолога илтижо қилиб сўраймиз: «Парвардигоро, Сен бизларни ғазабга дучор бўлган кимсалар йўлини тутувчилардан қилмагинки, улар Ҳақни таниб туриб, унга амал қилмаган яҳудийлар ва уларга ўхшаган кимсалардир. Яна бизларни йўлдан озганлардан қилмагинки, улар Тўғри Йўлни топмасдан адашган насронийлар ва уларнинг изидан эргашган кимсалардир». Ушбу дуода мусулмон қалб учун бўйинсунмаслик, нодонлик ва йўлдан тойиш иллатларидан халос қилгувчи шифо ҳамда Исломдек Буюк Илоҳий неъматга далолат бор. Бас, ким Ҳақни яхши билгувчи ва унга доимо эргашувчи бўлса, ана ўша инсон Тўғри Йўлга ҳақдорроқ бўлади. Шубҳасиз, ўтган пайғамбарлардан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу неъматга энг лойиқ кишилар эдиларки, юқоридаги оят ана ўша зотларнинг фазилатларига ва улуғ манзилатларига ҳам далолат қилади. Оллоҳ улардан рози бўлғай!

Ўқувчи учун «Фотиҳа» сурасини ўқигандан сўнг «Омин», дейиш чиройли иш бўлиб, бунинг маъноси: «Оллоҳим, ижобат қилган», демакдир. Бу сўз уламолар иттифоқи билан «Фотиҳа» сурасидан бир оят эмасдир. Шунинг учун ҳам уларнинг барчалари «Омин»ни Мусҳаф — Қуръон Китобларига ёзилмаслигига қарор қилганлар.

Янгиланди ( 24.06.2017 16:23 )