Гўзал оқибат эгалари
Босма

«Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат – жаннат бордир» (Раъд, 29).

Оятда келган «Тубо» сўзига тафсир уламолари турлича таъриф берганлар. Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу сўзнинг маъноси борасида икки хил фикр билдирган, бири жаннат ва иккинчиси жаннатдаги дарахтнинг номи. Имом Табарий ушбу саҳобийнинг «Тубо»дан мақсад «хурсандчилик ва кўз қувончи» деб тафсир қилганини келтирган.

Икрима «Тубо»ни «қандай ҳам яхши» тарзида таъвил қилган.

Даҳҳок эса: «Тубо – роҳат, шодлик ва бахтдир», деган.

Қатода бўлса бу сўз «яхшилик» маъносида келганини айтган.

Саид ибн Жубайрнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, «Тубо» – «жаннат» сўзининг ҳабашийча айтилиши.

Рабиъ ибн Анас бу сўз ҳинд тилидаги «жаннат», деган фикрни илгари сурган.

Қуртубий «Тубо»ни жаннатдаги дарахтнинг номи, деган фикрга қўшилади.

Табарийнинг тафсирида ушбу ҳадис келтирилган: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисида ана шу Тубо дарахтига ишора қилганлар: «Жаннатда бир дарахт бор. Отлиқ учқур оти билан юз йил юрса ҳам, соясининг охирига етолмайди»
(Муттафақун алайҳ).

Абу Умома Боҳилий «тубо»нинг шарҳида бундай деган: «Тубо жаннатдаги бир дарахтдир. Жаннатда бу дарахтнинг шохи кирмаган бирорта уй йўқ. Қанча гўзал қушлар бўлса, ҳаммаси ўша дарахтда бўлади, қанчалик чиройли мева бўлса, барчаси ўша дарахтда бўлади».

Яна шундай ҳам дейилган: «Бу дарахтнинг танаси Пай­ғамбар алайҳиссаломнинг жаннатдаги саройларидадир. Худди илм ва иймон у Зотдан бутун дуёга ёйилганидек, Тубо дарахтининг шохлари барча жаннат аҳлининг қасрларига ёйилган».

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Расулуллоҳ, сизни кўрган, сизга иймон келтирганларга тубо бўлсин!» деди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени кўрган, менга иймон келтирганларга тубо бўлсин ҳамда мени кўрмай туриб менга ишонганларга тубо бўлсин, тубо бўлсин, тубо бўлсин!» дедилар. «Тубо нима, ё Расулуллоҳ?» сўради ҳалиги киши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У жаннатдаги дарахтдир, баланд­лиги юз йиллик масофа, унинг гулкосасидан жаннат аҳлининг кийими чиқади», деб жавоб бердилар (Аҳмад ривояти).

«...гўзал оқибат»ни Даҳҳок «чиройли қайтиш жойи», деб тафсир қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай чиройли оқибатни насиб этсин!

Табарий, Ибн Касир ва Қуртубий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади