Инсоннинг энг гўзал шаклу шамоилда яратилгани | ||
|
Тафсирлар |
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Биз инсонни энг гўзал шаклу шамоилда яратдик». (Тийн,4.) Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон зотини қай йўсинда яратганидан хабар бермоқда.
Ҳа, Аллоҳ бизларни ҳам жисман, ҳам руҳан, ҳам ақлан энг чиройли ва кўркам хилқат билан яратган. Бу маъно қуйидаги оятларда ҳам таъкидланган:
«(Аллоҳ) сизларга сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир». (Ғофир, 64.)
«Эй инсон, нима сени Улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди!? У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб қўйган Зот-ку! У сени қай суратда хоҳлаган бўлса, (ўша сурат-шаклда) таркиб топтирди-ку!» (Инфитор, 6-8.)
Бу ерда инсондан мурод – Одам алайҳис салом ва унинг зурриётларидир. Ал-Воҳидий айтади: «Аллоҳ ҳар бир тирик жонзотни юзи билан судралиб юрадиган қилиб яратди, фақатгина инсон бундан мустасно. Зеро, у қоматини тик тутиб юрувчи қилиб яратилган ва бошқа махлуқотлардан фарқли равишда таомини қўли билан ейди».
Юқоридаги оятларнинг маъносини тушуниш учун инсон ва бошқа махлуқотларнинг ташқи қиёфасини бир-бири билан солиштириб кўришнинг ўзи кифоя қилади. Инсон кўркам ва чиройли қилиб яратилиши билан бирга, унга фикрлаш, ақл юритиш, фаҳмлаш, ҳис қилиш каби улуғ неъматлар инъом этилган. Одам анатомияси соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, одам организмининг тузилиши ва унинг вазифаси бошқа барча тирик мавжудотларникига нисбатан ниҳоятда мураккаб ва юқори даражада такомиллашган. Бунинг исботи ўлароқ, кун ўтган сари инсон танаси билан боғлиқ илмий янгилик ва кашфиётлар эълон қилинмоқда.
Ояти карима таржимасида «энг гўзал» деб ўгирилган сўз аслиятда «аҳсан» тарзида ифодаланган. Мазкур сўз сифатнинг орттирма даражаси бўлиб, бу нарса ўша сифат билан сифатланаётгандан ҳам кўра чиройлироқ бирон нарса йўқ эканлигига далолат қилади. Яъни инсон Аллоҳ яратган махлуқотларнинг энг чиройлиси саналади. Кўпчилик «энг гўзал нарса» маъносида «Ой»ни назарда тутадилар. Лекин юқоридаги ояти карима инсон Ойдан ҳам чиройли эканини таъкидлаб турибди. Шу маънода Ибн Арабий айтади: «Аллоҳ таолонинг инсондан кўра чиройлироқ бирон махлуқоти йўқдир. Зеро, Аллоҳ уни билувчи, ишларни бажаришга қодир, хоҳиш-ирода соҳиби, сўзловчи, эшитувчи, кўрувчи, ишларни ақл билан тадбир қилувчи ва донишманд қилиб яратди».
Инсоннинг яратилишидан хабар қилингач, кейин шундай дейилади: «Сўнгра, уни асфаласофилинга қайтардик. Фақат (қай) бир зотлар иймон келтирсалар ва яхши амаллар қилсалар, ана ўшалар учун битмас-туганмас ажр-мукофотлар бордир». Яъни: мана шундай гўзал шаклу шамоилда бўлишига қарамай, агар бандалар Аллоҳга итоат қилмасалар ва пайғамбарларга эргашмасалар, уларнинг борар жойи жаҳаннам бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, солиҳ амал қилишгина инсонларни муқаррар азобдан қутқариб қолади. Агар йимони ва эзгу амали бўлмаса, инсоннинг махлуқотлар ичидаги энг чиройлиси экани унга заррача фойда бермайди!
|