Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Ўн еттинчи қисм)
Муаллиф:    28.07.2013 10:37    Босма

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Ўн еттинчи қисм

«Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик». (Анбиё сураси, 48-оят)
«Фурқон» Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга Аллоҳ томонидан берилган илоҳий китоб – Тавротнинг сифатидир. «Фурқон» сўзи фарқловчи – ажратувчи деган маънони англатади. Яъни у ҳақ билан ботилнинг орасини ажратади.
Аллоҳ таоло ояти каримада шундай китобни Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга берганини эслатмоқда. Шу билан бирга, Тавротнинг ҳам Фурқон сифатига, ҳам
«тақводорлар учун зиё ва эслатма» сифатига эга эканлиги баён қилинмоқда. Ҳа, илоҳий китоб зиёсидан баҳраманд бўлиш ва ундаги эслатмалардан ибрат олиш учун тақводор бўлиш керак. Бетавфиқ ва тақвосизлар унинг зиёсидан ҳам, эслатмасидан ҳам баҳраманд бўла олмайдилар.

«Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир». (Ҳаж сураси, 1-оят)

Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир. Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлсалар, билиб қўйсинлар:
«Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».
Яъни  қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишини кўрадилар.

«Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу − қалбларнинг тақвосидандир». (Ҳаж сураси, 32-оят)

Биз ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами – кўплиги бўлиб, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ – Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса  Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. Ушбу ояти каримада эса  нишонлардан қурбонликка сўйиладиган катта ҳайвонлар кўзда тутилмоқда.
Демак, ҳажда сўйишга аталган ҳайвонларни улуғлаш, авайлаш, эъзозлаш қалб тақвосидан экан. Чунки  ҳаж ибодатидан кўзланган асосий мақсад ҳам тақводир.

«Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер».
(Ҳаж сураси, 37-оят)

Ҳа, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У Зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳнинг йўлида ҳайвон сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга, қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.

Ё Робб, Фурқонни бизлар учун зиё ва эслатма қилдинг, бизларни Ўзингдан қўрқадиган бандалардан қилгин.
Аллоҳ, Сенинг нишоналарингни улуғлаш қалбларнинг тақвосидан экан, бас, бизларни бу ишга муваффақ қилгин.
Парвардигор, Сенга биздан тақвогина етар экан, тақволаримизни мукаммал ва гўзал қилгин.

 

Янгиланди ( 02.07.2017 18:55 )