Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Олтинчи қисм)
Муаллиф:    15.07.2013 13:42    Босма

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Олтинчи қисм

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир». (Моида сураси, 2-оят)

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».


 

Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Ҳозирдаги ноисломий тузумларда худди шундай ҳол кузатиляпти. Манфаат бор жойда ҳар қандай адолат, инсонпарварлик, инсон ҳуқуқлари ва яна бошқа шиорлар бир пул бўлиб қолади. Бировнинг ватанини, молу мулкини, ҳақ-ҳуқуқини босиб олганлар жафокаш бўлиб, ўз ҳаққини ҳимоя қилмоқчи бўлганлар фундаменталист, жангари, террорчи бўлиб тураверади. Исломда эса  ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо  қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам,
«Аллоҳга тақво қилинг!» – деб алоҳида таъкидланмоқда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина, ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам, ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир».
«Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор Зотдир, деб айт!» (Моида сураси, 4-оят)

«Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва сиздан олган аҳдини эсланг. Ўзингиз: «Эшитдик ва итоат қилдик», дегансиз-а?! Ва Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ кўкраклардаги нарсани ҳам билгувчи Зотдир».
(Моида сураси, 7-оят)
«Ва Аллоҳга тақво қилинг».
Ундан қўрқинг. Сиз Аллоҳга тақво қилганингиздагина, дилингиздаги иймон кучли бўлади ва зоҳирдаги ишингизни унинг тақозосига мувофиқ қиласиз. Агар тақво бўлмаса, тил билан чиройли гапларни гапириб қўйиб, амалда унинг тескариси қилинаверади. Шунинг учун ҳам  тилдан чиққан ҳар бир нарсага ишониб бўлмайди. Дилда ҳақиқий иймон бўлсагина, шариат аҳкомларига тўлиқ амал қилинади. Одамлар ўзларича тилда иймон – Исломга оид гапларни гапириб, ҳаммани оғзиларига қаратганларидан хурсанд юрибдилар.

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир».
(Моида сураси, 8-оят)
«Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир».
Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади.

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир қавм сизга қўл узатмоқчи бўлганида, У уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. Ва Аллоҳга тақво қилинг. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилсинлар».
(Моида сураси, 11-оят)
«Мусулмонларга қўл чўзмоқчи бўлган қавм» кимлар эканлиги ҳақида турли ривоятлар бор. Аммо муҳаққиқ уламоларимиз бу қавм Ҳудайбия ҳодисаси пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва мусулмонларни ғафлатда қолдириб, қириб ташламоқчи бўлган мушриклар гуруҳи эканини таъкидлаганлар.


«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, ютуққа эришсангиз».
(Моида сураси, 35-оят)

Аллоҳнинг амрига итоат қилмасликнинг оқибати нима бўлиши билинди. Энди сиз, эй  иймон келтирганлар,
«Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз».
Дунёда қўрқиш лозим бўлган ягона Зот Аллоҳдир. Бу хавф эса  инсон каромати – ҳурмат-эътиборига лойиқ хавфдир. Қачонки инсонларда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси – тақво ҳисси бўлмас экан, ҳеч қандай қонун, ҳеч қандай тузум одамларни ёмонликдан сақлаб тура олмайди. Қўйилган миршаб ёки жосуслар назоратидан қочиб, олдингидан ҳам баттар ишларни қилаверадилар. Инсонда тақво бўлса-чи? Унда  ҳар бир инсон ўзига ўзи қўриқчи ва кузатувчи бўлади. Ҳеч ким уни назорат қилмаса ҳам, ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам, ёмонлик қилмайди.
«Унга васийла ахтарингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз».
Яъни  Аллоҳга яқин бўлиш, маҳбуб бўлиш йўлини ахтарингиз. Ҳамда Аллоҳнинг йўлида куч-ғайрат сарфлангиз, жиҳод қилингиз. Шунда:
«Шоядки, ютуққа эришсангиз».

«Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».
(Моида сураси, 46-оят)
«У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».
Ҳа, илоҳий китоблардаги ҳидоятдан манфаат топиш учун тақволи бўлиш керак. Бу китоблардаги ҳидоят ва нурнинг фойдаси тақвоси борларга тегади. Тақводан холи, ғафлат босган қалбларга эса  бу нур ва ҳидоят кириб бормайди. Аллоҳ туширган китобда ҳидоят мавжудлиги аниқ, нур мавжудлиги аниқ, энди ўша ҳидоят ва нурдан манфаат топиш учун очиқ-ҳассос қалб керак. Таъсирчан қалб керак. Моғор босиб, тошга, кесакка айланган қалб керак эмас.
«Эй, иймон келтирганлар! Динингизни масхара ва ўйин қилиб олган сиздан олдин китоб берилганлар ва куфр келтирганларни валий – дўст тутманг. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг».
(Моида сураси, 57-оят)

«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг», – демоқда.
Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳдан қўрқади – тақво қилади. Тақво эса  ўз навбатида, кофирларни дўст тутмасликни тақозо этади.

«Агар аҳли китоблар иймон келтириб, тақво қилганларида эди, уларнинг гуноҳларини ювган ва жаннати наъиймга киритган бўлардик». (Моида сураси, 65-оят)

Аҳли китобларнинг бурчи иймон келтириш эди. Аллоҳ амр қилган нарсаларга иймон келтирганларида  лозим ишни адо этган бўлардилар. Иймонлари ҳақиқий бўлиб, уларни тақвога чорлаганда эди, олий мақсадга мувофиқ бўларди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ишларини тақдирлаб, гуноҳларини ювар ва уларни жаннати наъиймга – неъматлар жаннатига киритган бўларди.

Аллоҳ, бизни яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладиган бандаларингдан қил. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қиладиганлардан қилма. Эшитдик ва итоат қилдик, тақводорлардан қил.
Илоҳим, адолат тақвога оид иш экан, бизни доимо адолат қилишда барқарор қилгин.
Парвардигор,  тақво қилишда ва Ўзингга васийла ахтаришда ҳамда Сенинг йўлингда жиҳод қилишда мадодкор бўл. Шоядки, ютуққа эришсак.
Динимизни масхара ва ўйин қилиб олган биздан олдин китоб берилганлар ва куфр келтирганларни валий – дўст тутишдан Ўзинг асра!


Янгиланди ( 03.07.2017 14:19 )