Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Бешинчи қисм)
Муаллиф:    14.07.2013 13:48    Босма

«Қўлингизни тийинг, намоз ўқиб, закот беринг, деб айтилган кимсаларни кўрмайсанми?! Уларга уруш фарз қилинганда, бирдан  бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Эй Роббимиз, бизга урушни нега фарз қилдинг, бир оз ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» демоқдалар. Дунёнинг матоҳи оз, охират эса тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар», деб айт». (Нисо сураси, 77-оят)

«Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафслар қизғанишга ҳозирдир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор Зотдир». (Нисо сураси, 128)
«Нафслар қизғанишга ҳозирдир», дейилмоқда.


Яъни инсон нафсида қизғаниш табиати бор. Молу мулкни қизғанади.Чиройли нарсаларни қизғанади. Мансаб ёки яхши ҳолатларни қизғанади. Ана шу табиий ҳолни эътиборга олганда, шояд, хотин томондан таклиф қилинган молу мулк ва баъзи қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга рози бўлса. Лекин инсоний алоқалар фақат молу мулк ёки баъзи манфаатлар асосидагина қурилмайди. Балки  яхшилик, савоб ишлар қилиш ва бошқа ҳолатлар ҳам кўп. Исломда шунга кўпроқ тарғиб қилинади:
«Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор Зотдир».
Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.
«Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллаққа ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир». (Нисо сураси, 129)
Ушбу ояти каримада зикр этилаётган «Хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни  қанча уринсангиз ҳам, ҳаракат қилиб тиришсангиз ҳам, қалбингиздаги мойилликда ҳамма хотинларингизга нисбатан бир хил бўла олмайсиз, дейилмокда.
«Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар».
Чунки бу нарса , яъни аёл кишига бўлган муҳаббат режа билан, ўлчов билан бўладиган нарса эмас. Бу борада қалб эгасига қулоқ солмайди, унинг амрига итоат этмайди. Ҳар қандай эр хотинлари орасида зоҳирий ишларда тўлиқ адолат қила олади, аммо қалбидан бўладиган муҳаббатга келганда, узрли.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Зайддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Оиша онамиз ҳикоя қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар. Сўнгра: «Эй бор Худоё! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар».
«Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир».
Эр-хотинлик ишларида ҳам доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш лозим. Инсон ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, оиласини бузмасликка, сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак.
«Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб васият қилдик. Агар куфр келтирсангиз, албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир». (Нисо сураси, 131)

Аллоҳ, дунёнинг матоҳи оз, охират эса  тақво қилганларга яхши экан  ва қилчалик зулм қилинмас эканмиз, бизни тақводорлардан қилгин.
Илоҳим, нима қилаётганимиздан Ўзинг хабардор Зотсан, бас, бизларни яхшилик қилиш ва тақво қилишда бардавом қил.
Бизларни ислоҳ қилиш ва тақво қилишга муваффақ қил, Ўзинг мағфиратли ва раҳмдил Зотсан,
«Аллоҳга тақво қилинглар», деб васият қилинган экан, эшитдик ва итоат этурмиз.

 

Янгиланди ( 03.07.2017 14:25 )