Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Тўртинчи қисм)
Муаллиф:    13.07.2013 01:35    Босма

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Тўртинчи қисм

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг». (Оли Имрон сураси, 102-оят)

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий тақвони:
«Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, уни эслаш ва унутмаслик, унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар.

«Яхшилик қилсалар, ҳаргиз инкор этилмаслар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир». (Оли Имрон сураси, 115-оят)

Яъни  улар яхшилик қилсалар, ҳеч қачон зое кетмайди.
Ушбу оятларда аҳли китоблардан иймонга келган мўминларнинг ажойиб сифатлари зикр қилинмоқда. Улар иймонлилар сафидан муносиб ўрин олиб, иймон тақозоси ила ҳаракат қилиб улкан бахт-саодатга эришдилар.



«Сизга яхшилик тегса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир
». (Оли Имрон сураси, 120-оят)

 

Бу оятда ҳам мусулмонмасларнинг адоватини тушунтиришда давом этиляпти. Айтиляптики, таниб олинг:
«Сизга яхшилик тегса, уларга ёмон бўладир».
Ва аксинча:
«Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар».
Уларнинг кимлигини яхшилаб таниб олдингизми?
Энди ўзингизга, ишингизга пишиқ-пухта бўлинг. Диннинг буйруқларини сабр ила бажариб борсангиз, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга сабр қилсангиз, тақво қилиб, Аллоҳнинг қайтарган нарсаларидан қайтсангиз, душманларнинг қўллаган тадбирлари, ҳийла-найранглари сизга ҳеч зарар етказа олмайди.

«Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингиз ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, шукр қилсангиз».
(Оли Имрон сураси, 123-оят)

«Ҳа (кифоя қиладир)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир». (Оли Имрон сураси, 125-оят)

Демак, сабр ва тақво Аллоҳдан келадиган мададга қўйилган асосий шарт экан. Агар мусулмонларда сабр-тоқат ва тақво бўлса, мушриклар ҳозир, шу пайт уларнинг устиларига бостириб келиб қолсалар ҳам, Аллоҳ уларга белгиси, аломати бор беш мингта фариштани юбориб, мадад беради.

«Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».
(Оли Имрон сураси, 130-оят)

«Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг», дея жоҳилият вақтидаги бир ёмон ҳолатни алоҳида эслатмокда.
Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг микдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмокда.

«Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг».
(Оли Имрон сураси, 131-оят)

Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах оловидан қўрқадиган одам ҳам рибохўрлик қилмайди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Бу оят Қуръони Каримдаги энг хавфли оятдир, чунки Аллоҳ мўмин бандаларга, агар улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан четламасалар, кофир бандалар учун тайёрланган дўзах ўтини ваъда қилмоқда», дер эканлар.

«Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг».
(Оли Имрон сураси, 133-оят)

«Бу, одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир». (Оли Имрон сураси, 138-оят)

Яъни, бу Қуръон ҳамма учун баёнотдир. Қуръони Карим ўтмишни ҳозир, ҳозирни келажак билан боғлаб турувчи, ҳамма нарсани баён қилувчидир. Шу билан бирга, «тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».
Қуръони Карим ҳамма одамларга баёнот бўлиб келаверади, аммо ундан фойда олиш тақводорларгагина насиб этади. Мўминлар ва тақводорларгина ундан ҳидоят топадилар ва мавъиза – ибрат оладилар. Маълумки, иймон билан тақво бир-бирига боғлиқ нарсалардир.

«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир».
(Оли Имрон сураси, 172-оят)

Демак, Аллоҳ ажрини зое қилмайдиган мўминларнинг мақтовга арзигулик сифатларидан яна бири:
«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир».
Яъни  улар ўзларига жароҳат етиб, чарчаб, ярадор бўлиб, қийналиб туришларига қарамасдан, Аллоҳ йўлида яна жангга даъват этилса, малол олмай, лаббай, деб яна қайтадан чиқаверадилар.

«Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир». (Оли Имрон сураси, 179-оят)

«Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир». (Оли Имрон сураси, 186-оят)

«Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳдан зиёфатдир. Аллоҳ ҳузуридаги нарса аброрлар учун яхшидир». (Оли Имрон сураси, 198-оят)

«Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, ютуққа эришсангиз».
(Оли Имрон сураси, 200-оят)

Сабр – даъватнинг машаққати йўлидаги зоди роҳиладир. Ниятга сабрсиз етиб бўлмайди. Чунки бу даъват йўлида турли хавфу хатарлар, бало-офатлар, синовлар ва азоб-уқубатлар тўлиб ётибди.
Сабр ила ғолиб келиш − муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари курашида мўминларнинг сабри ғолиб келиши керак. Буни шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади.
Биз «курашга бел боғлаб туринг» деб таржима қилган ибора эса  «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини беради.
Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, «бир кун муробата қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», деганлар.

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи Зотдир».
(Нисо сураси, 1-оят)

«Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар,
(бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар». (Нисо сураси, 9-оят)

Бу ояти каримани тафсирчи уламоларимиз икки хил таъвийл қилганлар. Иккови ҳам тўғри. Иккови ҳам бир-бирини тўлдириб, ояти кариманинг маъносини янада ойдинлаштиради.
Биринчи таъвийлга биноан, отаси ўлиб етим қолган болаларни оталиққа олган одам ўша етим болаларнинг ўрнига ўз болаларини қўйиб тасаввур қилсин.

Иккинчи таъвийлга биноан, оятдаги амр ўлим тўшагида ётиб васият қилаётган одам олдида гувоҳ сифатидами ёки бошқа бир сабабданми ҳозир бўлган кишига қаратилган. Агар васият қилувчи меросхўрларга зарар етказадиган васият қилса, мисол учун, «Ҳамма молимни фалон нарсага сарфланглар», деса, ёнида турган одам васият қилувчининг ортидан қолаётган болаларини худди ўз болаларидек тасаввур қилсин-да, унга насиҳат қилиб, меросхўрларга зарар келтирадиган васиятдан воз кечишга ундасин.

Аллоҳим, бизларни ҳақиқий тақво ила тақво қиладиган мўминлардан қилгин ва фақат мусулмон ҳолимиздагина бу дунёдан ўтишимизни насиб айла.
Тақводорларни яхши билувчи Зотсан, яхшилик қилиб, ҳаргиз инкор этилмайлик.
Роббимиз, бизга сабр бер, тақво бер, мусулмон бўлмаганларнинг макри бизларга ҳеч зарар қилмасин.
Илоҳим, сенга шукр қилувчи бандаларингдан бўлишимиз учун бизни тақводорлардан қилгин.
Сабр қилишимиз, тақво қилишимизда Ўзинг мададкор бўл.
Аллоҳ, бизларни тақво қилишга муваффақ қил ва шу сабаб бизларга нажот бер.
Бизларни кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан Ўзинг асра.
Тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ерга тенг бўлган жаннат ва Ўзингдан бўлган мағфират ила сийла.
Меҳрибон Зот, барча нарсаларга баёнот бўлган Қуръон ила бизларни ҳидоятлантир ва ваъзлантир.
Иймон, яхшилик ва тақвода собит қадам қилгин ва улуғ ажрларингга эриштир.
Кофир ва мушрикларнинг озорларида сабр ва тақво бер.
Остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни ва унда абадий қолишни насиб қил. Ўз ҳузурингдан бўлган зиёфатдан умидвормиз.
Сабр қиладиганлардан, сабр ила ғолиб келадиганлардан, курашга бел боғлайдиганлардан ва тақводорлардан қилиб, бизларни ютуққа эриштиргин.
Аҳлларимиз ва қариндошларимиз  ҳамда қарамоғимиздаги етимлар билан бўладиган муносабатларда  ҳам тақво йўлини тутишликни насиб эт.

Янгиланди ( 03.07.2017 14:44 )