Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Учинчи қисм)
Муаллиф:    12.07.2013 15:09    Босма

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Учинчи қисм

«Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг». (Бақара сураси, 278-оят)
Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Худосиз тузумлар миршаб, жосус ва аскарларни кўпайтириш билан ҳукмини юритишга уринсалар, Исломда кишиларнинг қалбларидаги тақводорлик ҳис-туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилинади. Ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.

«Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг. Сўнгра  ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладур. Уларга зулм қилинмас».
(Бақара сураси, 281-оят)

Қуръон илмлари билан шуғулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ туширган оятлар ичида энг охирги оят эканлигини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос. Қаранг, охирги нозил бўлган оятда ҳам тақво қилишга амр бўлмоқда.



«Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови (аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир».
(Бақара сураси, 282-оят)

 

«Агар сафарда бўлсангиз ва ёзувчи топа олмасангиз, бас, қўлга олинадиган гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган омонатни адо қилсин, Аллоҳга − Роббига тақво қилсин. Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи Зотдир». (Бақара сураси, 283-оят)

«Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт». (Оли Имрон сураси, 15-оят)

«Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир.
«Магар улардан сақлансангиз».
(Оли Имрон сураси, 28-оят)

Бундай тасарруфни «тақийя» деб аталади. Тақийяда, ўзини юзакидан дуст қилиб кўрсатиб, жонни, молни ва номусни душманлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.
«Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир».
Аллоҳга тақво қилганлар ва Унинг азобидан огоҳ бўлганлар доимо ютуққа эришадилар. Хусусан, Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб борганда нажот топишлари аниқ.
«Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг». (Оли Имрон сураси, 50-оят)
Ушбу ояти каримадаги хитоб Ийсо алайҳиссаломникидир.

«Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради». (Оли Имрон сураси, 76-оят)

Аллоҳим, бизларни рибо билан муомала қилмайдиган тақводорлардан қилгин.
Бизларни Ўзингга қайтариладиган кунимиздан қўрқадиган бандалардан қилгин.
Роббимиз, қарз ишларида, олди-сотди, барча молиявий ишларда бизларни тақводорлардан қилгин.
Меҳрибон Зот, бу дунёда бизга тақво қилишни, охиратда эса  ҳузурингда остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, унда абадий қолишни, пок жуфтларни ва Ўз томонингдан розиликни насиб айла.
Парвардигор, аҳдимизга вафо қиламиз, тақво қиламиз, бизни хуш кўраган бандаларингдан қилгин.



Янгиланди ( 03.07.2017 15:00 )