Шоядки, тақводор бўлсаларингиз
Биринчи қисм
«Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир». (Бақара сураси, 2-оят) Яъни Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг яна бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир». Ҳидоят – мақсадга эриштиргувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.
«Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақводор бўлсангиз». (Бақара сураси, 21-оят) Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиякунандаларингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад − шоядки, тақводор бўлсаларингиз.
«Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар». (Бақара сураси, 24-оят) Ушбу оятни яхши англаш учун ўзидан аввалги оятни келтирамиз: «Ва агар бандамизга туширган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг». (Бақара сураси, 23-оят) Бу ерда мулоҳаза қилишимиз керак бўлган нарса шуки, тақво сўзи қўрқиш маъносида келяпти.
«Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг». (Бақара сураси, 41-оят) Аллоҳ таоло Бани Исроилга қилаётган хитобида давом этиб, уларни Қуръони Каримга иймон келтиришга чақирмоқда: «Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг». Оятда Қуръони Карим яҳудийларда бор нарсани, яъни Тавротни тасдиқловчи, деб васф қилиняпти. «Унга биринчи куфр келтирувчилардан бўлманг», деб Қуръонга куфр келтиришдан қайтаряпти. Қаранг, бир оятнинг ўзида ҳам иймон келтиришга буйруқ, ҳам куфр келтирмасликка амр бор! Бани Исроил қадимдан мол-дунёга ўч бўлганлигидан Аллоҳ таоло уларнинг табиатларига мос лафз ишлатган: «Менинг оятларимни оз баҳога сотманг». «Оз баҳо» деб мол-дунё назарда тутиляпти. Бани Исроилнинг катталари ёлғон фатволар бериб, турли диний хизматлар эвазига мол-дунё тўплашар эди. Бундан бошқа, молу дунё тўплаш илинжида амалга оширадиган ишлари ҳам бор эди. Улар, Исломни қабул қилсалар, ўшандай дунёвий манфаатлардан маҳрум бўлиб қолишдан қўркдилар. Улар мусулмон бўлсак, раҳбарлик, мансабдорликдан ажраб қоламиз, дедилар. Иймон олдида дунёнинг барча матоҳлари бир пулга тенг келмаслигини билмадилар. «... ва Менгагина тақво қилинг», дейди Аллоҳ таоло оятнинг охирида. Бунинг маъноси, Мендан шундай қўрқингки, бу қўрқинч сизни амрни бажо келтирадиган, қайтаргандан қайтадиган қилсин, деганидир.
«Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган кундан қўрқинг». (Бақара сураси, 48-оят) Ушбу ояти каримада таърифланган кун – қиёмат кунидир. У кунда ҳар бир жон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Аллоҳнинг қонуни – шу. Ҳар ким ўз қилганига яраша олади. Адолат ҳам шу-да ўзи. У кунда иймонсизлар ва яхши амал қилмаган кимсалар ҳақидаги шафоатлар ҳам қабул қилинмайди. Орага тушадиган зот топилмайди. У кунда иймонсизлардан ва яхши амал қилмаганлардан тўлов ҳам олинмайдики, улар уни тўлаб қиёматнинг азобидан қутулиб қолсалар. У кунда иймонсизлар ва яхши амал қилмаганлар ўзларига ёрдам берадиган ёрдамчини топа олмайдилар.
«Аҳду паймонларингизни олганимизни ва устингизга Турни кўтарганимизни, Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки, тақводор бўлсангиз, (деганимизни) эсланг». (Бақара сураси, 63-оят) Оятда қайси аҳд-паймон назарда тутиляпти? Унинг тафсилоти бошқа сура ва оятларда келади. Бу ерда фақат эслатиб ўтиляпти. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу устларига кўтарилган Тур тоғи масаласини ойдинлатиб, «Улар тоат қилишдан бош тортганларида, Тур тоғини бошлари устида кўтарган», деганлар. Оятда: «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки, тақводор бўлсангиз», дейилмокда. Яъни Тавротни маҳкам тутинг, унда келган ҳукм, ваъз, насиҳат ва кўрсатмаларни доимо эсланг, уларга амал қилинг, агар шундай қилсангиз, тақводор бўлишингиз мумкин, дейиляпти. «Биз бу (ҳодиса)ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик». (Бақара сураси, 66-оят) Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. 1. Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш. 2. Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида хилоф иш тутиш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.
«Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди». (Бақара сураси, 103-оят) Лекин улар иймон келтириш ўрнига куфр келтирдилар, тақво қилиш ўрнига фосиқлик қилдилар. Шунинг учун ҳам энди уларга Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб ўрнига иқоб бўлади.
«Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинг»! (Бақара сураси, 123-оят)
Аллоҳим! Бизни тақводорлардан қилки, Китобинг ҳидоятидан баҳраманд бўлайлик. Ўзинг рози бўладиган ибодатларни қилишда бизга тавфиқ берки, шояд, тақвога эришсак. Аллоҳим, бизларни кофирлар учун тайёрланган, ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган ўтдан сақла. Илоҳим, Китобингга иймон келтирдик, бизларни унга куфр келтирадиганлардан этма! Азиз Китобинг ила дунё матоҳини истаб, оятларингни оз баҳога сотадиганлардан қилма!. Бизларни ёлғиз Ўзингдан қўрқувчи бандаларингдан қилгин. Бирор жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кунда бизларни Ўзинг ярлақа! Бизга берган Каломингни маҳкам тутиб, ундаги нарсаларни эсда тутиб, тақвога эга бўлишимизни насиб эт! Парвардигор, биз бандаларингни мавъизаларингни тутадиган тақводорлардан қилгин. Эй Аллоҳ! Энг яхши нарса ҳузурингдаги савобдир, бизларни ҳақиқий мўминлардан, муттақийлардан қилгин. Эй Роҳман, Сендан яна ёлбориб сўраймиз, бизни бирор жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқадиган бандаларингдан қилгин ва шу Кунда Ўзинг бизни раҳм айла! |