Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Йигирма тўққизинчи қисм)
Муаллиф:    08.08.2013 13:56    Босма

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Йигирма тўққизинчи қисм

«Албатта, тақводорлар учун Роббилари ҳузурида наъийм жаннатлари бордур». (Қалам сураси, 34-оят)

«Ва албатта, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир». (Ҳааққо сураси, 48-оят)

Чунки  тақво бўлмаса, Қуръондан ваъз-насиҳат олиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган.

«Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар». (Нуҳ сураси, 3-оят)

«Агар кофир бўлсаларингиз, болаларнинг сочини оқартириб юборадиган кундан қандай сақланурсиз?!» (Муззаммил сураси, 17-оят)

 

«Болаларнинг сочини оқартириб юборадиган кун» – қиёмат куни экани ҳаммага маълум. Асосан, ғам-ғусса, қийинчилик ва ташвиш сочни оқартириши ҳам ҳаммага маълум. Асосан, катта ёшдаги одамларнинг сочи оқаришлиги ҳам ҳаммага маълум. Ёш болаларнинг сочи оқармаслиги ҳам ҳаммага маълум. Одатда, сочи оқариши мумкин бўлмаган ёш болаларнинг ҳам сочларини оқартириб юборишидан қиёматнинг даҳшати, унинг ғам-ғусса ва ташвишлари не даражада эканлигини билиб олса бўлаверади.

Бу ҳақда Имом Табарий қуйидагиларни ёзган эканлар: «Болаларнинг сочига оқ тушириши унинг даҳшати ва ғам-ғуссаси шиддатли эканидандир. Бу ҳолат Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: Ўз зурриётингдан дўзахга юбориладиганларни чақир. Мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққизтасини, деганида, бўлади. Ўшанда ҳар бир гўдакнинг сочига оқ тушади».

« Ва фақат Аллоҳ хоҳласагина, эсларлар. У Зот тақво аҳлидир ва мағфират аҳлидир». (Муддассир сураси, 56-оят)

Яъни  борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади. Биз ожиз бандалар Аллоҳнинг хоҳиши нимага кетганини била олмаймиз. Айнан бизга Аллоҳ таоло нимани ирода қилганини ҳам билмаймиз. Лекин Аллоҳ таоло биздан нимани хоҳлашини яхши биламиз.

Буюрганларига итоат қилиб, қайтарганларидан қайтмоғимиз лозим.

Аллоҳ тақвога аҳлдир. Яъни тақводорларнинг гуноҳларини кечирувчи Зотдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу «У Зот тақво аҳлидир ва мағфират аҳлидир», оятини қироат қилдилар ва «Роббингиз: «Мен тақво қилинишимга аҳлман. Бас, ким Менга тақво қилса, Мен билан бирга бошқа илоҳ қилмайди. Бас, Мен уни мағфират қилишга аҳлман», деди», дедилар».

«Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир». (Мурсалаат сураси, 41-оят)

Яъни  бу дунёда Аллоҳ таолога тақво қилиб яшаган, Унинг азобидан ўзларини сақлаш учун амрларини бажариб, наҳйиларидан қайт­ган, тоат-ибодат ила ўтган аброр бандаларга қиёмат куни сербарг дарахтлар сояси ва ажойиб булоқлардан оқиб турган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шароблар бўлади.

Бизни йўқдан бор қилиб яратган Зот! Қуръонни бизлар учун эслатма қилгин.

Бизларни болаларнинг сочини оқартириб юборадиган кундан сақлагин. Ўзинг тақво аҳлисан, мағфират аҳлисан, бизларни тақвода бардавом қилгин, бизларни мағфират қил.

Наъийм жаннатларинг, сояю булоқларинг ила бизларни сийла.

 

Янгиланди ( 30.06.2017 23:11 )