Муҳаммадга нозил қилинган нарса |
|
Қуръони Каримда Ҳабибимиз Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак исмлари билан аталган сура бор. Шу суранинг иккингчи оятида, у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг исмлари учинчи бор келади. «Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса (Қуръон)га – ҳолбуки у (Қуръон) Роббиларидан келган ҳақдир – иймон келтирганларнинг айбларини беркитар ва аҳволларини яхшилар». Иймон ҳақиқий бўлса, эгасини солиҳ амалларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони Каримда кўпинча «иймон»дан кейин «амали солиҳ» зикр этилади. «Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган...…» Аслида иймоннинг ичида Муҳаммад (алайҳиссалом)га нозил қилинган Қуръони Каримга иймон ҳам бор, лекин бу ерда Қуръон Парвардигори олам томонидан келган ҳақ нарса эканлигини яна бир бор бўрттириб кўрсатиш учун алоҳида таъкидланяпти. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни ансорлар ҳақида нозил бўлган деганлар. Унда солиҳ амаллардан мурод уларнинг берган ёрдамлари бўлади. Муқотил эса бу оятни Қурайшдан хос бир одамлар ҳақида нозил бўлган деган. Унинг сўзига кўра унда солиҳ амаллардан мурод ҳижрат бўлади. Бу оятни умумий деганларнинг сўзига кўра солиҳ амаллардан Аллоҳни рози қилувчи барча амаллар қасд қилингандир. «…...ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса (Қуръон)га – ҳолбуки у (Қуръон) Роббиларидан келган ҳақдир...…» Агар улар айб ёки гуноҳ ишларни иймонга келишдан аввал содир этган бўлсалар, Иймонга келишнинг ўзи иймондан олдинги барча гуноҳларни ювиб юборади. Иймондан кейин содир этилган бўлса, ҳақиқий иймон гуноҳкорни тавбага чорлайди. Тавба қилган иймонли бандасининг гуноҳини эса Аллоҳ таоло, албатта, мағфират қилади. «...…иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилар». Аллоҳ таоло иймонли кишиларнинг «аҳволларини яхшилар». Яъни иймонли инсоннинг ҳамма тарафдан кўнгли тўқ бўлади. Бундай инсон хотиржам, қалби сокин, тани соғ, ишончи комил, виждони пок, ҳаёти тинч, оиласи саодатли бўлади. Хуллас, Аллоҳ таоло ҳамма жиҳатдан унинг аҳволларини яхшилайди. Бу эса улкан бахт бўлиб, бундай бахтга фақат иймонли кишиларгина муяссар бўладилар. Юқоридаги икки оятда келган икки хил ҳолат ўз-ўзидан бўлавермайди, балки собит асосга суянган ҳолда бўлаётган ҳақиқатдир.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
|