Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Ихлос. Маълумки, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни ўқишлик билан Аллоҳга ибодат ва қурбат ҳосил бўлади. Ибодатлар эса ихлоссиз Аллоҳга ҳеч ҳам мақбул бўлмас.
2. Поклик. Юқорида айтилганидек, Қуръони Каримни тиловат қилишлик, бир гўзал ибодатдир. Уни ёд олишни ирода қилган инсон кичик ва катта гуноҳлардан ўзини эҳтиёт қилиши, фаҳш ва мункар ишлардан доим Аллоҳга тақво қилиши, баданини ва уст-бошини кичик ва катта нажосатлардан тоза тутиб, доим таҳоратда бўлмоғи даркор.
3. Мисвок. Мисвок ишлатиш, зеҳнни қувватлайди ва Қуръон тиловат қилганда (ҳарфларни ўз маҳражларида чиқаришликда) тилни енгил бўлишини таъминлайди.
4.Мусҳаф. Қуръонни ёд олишликга бел боғлаган киши, ўзига бир Мусҳафни (Қуръонни) лозим тутишлик керак бўлади. Чунки инсон бирор нарсани ёд олса ёки эсида қолса, кўз юмиши биланоқ ёдлаган нарсаси кўз олдида намоён бўлади. Қуръонни ёд олишликда ҳам худди шу каби тушунча бор. Яъни бир Мусҳафдан бирор сурани ёки шу суралардан бирор бетни ёд олган бўлса, уни ёддан ўқиётганда, албатта, у сура ёки ундаги бет Мусҳафда қандоқ бўлса, кўз ўнгида ҳам шундоқ туради. Айтмоқчиманки, ҳадеб Мусҳафни алмаштиравериш нафақат Қуръонни ёд олишда, балки ёдлаган жойини эсда сақлаб қолишда ҳам жиддий халал беради.
5. Вазифа. Қуръонни ёд олишликда инсон ўзига бир миқдорни (кучи етганича беш оят, ярим бет, бир бет каби) кунлик вазифа қилиб олиши керак. Мисол учун бир ҳафталик вазифани олайлик. Ўзига ҳар куни беш қатордан ёдлайман деб вазифа қилади. Олти кун давомида ҳар куни беш қатордан ёд олади ва бу олти кун давомида ёд олган қаторларининг сони ўттиз қаторга етади. Еттинчи куни эса ушбу ўттиз қаторни такрор қилади. Яъни ҳафтада бир кунни шу ёдлаган жойини такрор қилишлик учун ажратади.
6. Вақт. Қуръонни ёд олишда вақтга эътибор бермоқлик керак. Яъни қори ўзига ёд олишлик учун маълум ва муносиб вақтларни танламоғи керак. Муносиб вақтлар эса тонг саҳар ва кечки вақтлардир. Чунки ушбу вақтлар тинч, одамлар дам оладиган, шовқин суронлардан холи бўлган қулай бир пайтдир. Шуни қўшимча қилиб айтиш керакки, инсон Қуръонни оч ва тўқ ҳолатда, уйқуси келганда, чарчаб турганда, бирор ери оғриб безовта бўлиб турганда ёд олмагани дуруст. Чунки юқорида санаб ўтилган ҳолатларда инсоннинг зеҳни ва ақли ушбу нарсалар ила машғул бўлади. Қуръонни ёд олишлик учун инсон ақлан ва жисмонан тетик бўлиши керак. Шунда ушбу ишида унум ва барака бўлади.
7. Саноқ. Қуръонни ёд олишда саноқ қилишлик жуда муҳим ўрин касб этади. Зеро саноқ, ёд олган жойни тез унутилиб, эсдан чиқишининг олдини олади. Саноқ билан ёд олишни ададлари ва услублари бор. Мисол тариқасида бир бет ёд олмоқчи бўлган кишининг саноғини келтираман. Аввал ёд олмоқчи бўлган бетини учга бўлиб олади (масалан, беш қатордан). Сўнг биринчи беш қаторни юз марта ўқийди. Сўнг иккинчи беш қаторни юз марта, сўнг учинчи беш қаторни юз марта ўқийди. Энди шу бетни икки қисмга бўлади (масалан етти ёки саккиз қатордан). Сўнг биринчи қисмни ва иккинчи қисмни юз мартадан ўқийди. Энди оятларни орасини улашлик мақсадида шу бетни тўлиқ ҳолатда бошидан охиригача юз марта ўқийди. Натижада ушбу бетнинг саноғи уч юзтага етади. Саноқларнинг сони уч юзтадан кўп бўлса бўлсинки, асло ундан кам бўлмаслиги керак.
8. Такрор. Ҳифзнинг жилови такрордир. Такрор қилинмаса, ёд олинган нарса жуда тез ёддан кўтарилишлиги ҳеч гап эмас. Қуръонни тўлиқ ёд олиб бўлингандан кейинги босқич уни такрор ила мустаҳкамлашдир. Бунда ҳам қори ўзига кунлик вазифа қилиб олиши керак. Мисол учун ҳар куни бир жуздан бир ойда хатм қиламан, деб. Агар ҳаёти давомида ушбу вазифани ўзига одат каби сингдира олса, иншааллоҳ, ёд олган Қуръони уни ҳеч қачон тарк этмас.
9. Аллоҳдан ёрдам ва тавфиқ сўраш. Банда ўзини доим ожиз санаган ҳолда Аллоҳдан ёрдам сўрашлиги керак. Қуръонни ёд олганлиги сабабли риё, сумъа ва такаббурлик қилишдан сақланишлиги лозим. Тоғлар кўтара олмаган омонатга хиёнат қилмаслиги керак. Бор вужуди билан амал қилиб, Аллоҳдан ажрини умид қилмоғи керак. Бордию соҳиби Қуръон ушбу мазаммат қилинган сифатлардан сақланмас экан, ёд олган Қуръони қиёматда у учун эмас, балки унга қарши ҳужжат бўлиши мумкинлигини эсдан чиқармаслиги даркор.
Абдулбосит Азҳарий
|