Қуръони карим инсонларга нимани ўргатади?
Босма

Қуръони Каримнинг инсонларни ҳидоятга чорловчи бир китоб экани Бақара сурасининг 2-,3-,4-оятларида айтиб ўтилади:
«Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) такводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, улар (Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган хабарларга) ғойибона иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир. Яна улар Сиз (Муҳаммад)га ва сиздан илгари (ўтган пайғамбарларга) нозил қилинган нарса (илоҳий китоб ва саҳифалар)га иймон келтирадиган ҳамда охират (қиёмат куни)га қатьий ишонадиганлардир».

 

 

Ушбу оятлар Қуръони Карим инсониятга берган буюк ҳақиқатлар  руҳини, асосини ифодалайди. Аллоҳга иймон келтирган ҳолда яшашни истаганлар нима қилиши лозимлигини кўрсатади. Ҳар қандай шубҳадан узоқ бўлган бу китобнинг инсонларга эътиқод ва амалда йўл кўрсатувчи экани билдиради. Бундай кишилар Аллоҳга лозим бўлган тартибда ишонадилар, ғайбга иймон келтирадилар. Ғайбга иймон келтириш Аллоҳга, охиратга иймон келтиришдир. У Аллоҳнинг тавҳид йўлидирки, бу Ихлос сураси ва Оятал курсида кўрсатилганидек Аллоҳни таниш йўлидир.
Ихлос сурасининг 1-,2-,3-,4-оятларида Аллоҳ таоло ҳабибига:
«Эй (Муҳаммад!) Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ эҳтиёжсиз, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир»», − дейди.
Оятал курсида эса (Бақара сурасининг 255-ояти):
«Аллоҳ − Ундан ўзга илоҳ йўқдир (У ҳамиша) тирик ва абадий турувчидир. Уни на мудрок тутар ва на уйку. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида (қиёмат куни) ҳеч ким (ҳеч кимни) Унинг рухсатисиз шафоат қилмас. (У) улардан (одамлардан) олдинги (бўлган) ва кейинги (бўладиган) нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдирур. У иккисини тутиб туриш Уни толиқгирмас. У олий ва буюк Зотдир», − деб марҳамат қилинади.
Ғайбга ишонишда Бақара сурасининг 285-ояти каримасида:
«Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига, бирортасини ажратмасдан, (ҳаммасига) иймон келтирди. «Эшитдик ва итоат этдик. Эй  Роббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир», − деб марҳамат қилинадики, бу иймоннинг асоси бўлган «Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи»нинг руҳини ташкил этади. Иймон келтирганлар мана шу сурада келтирилганидек Аллоҳга ишонадилар. Кўз илғамайдиган, ғайбга оид бўлган фаришталарга ишонадилар. Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига, охират кунига ишонадилар.
Бақара сурасининг 4-оятида билдирилганидек:
«Яна улар Сиз (Муҳаммад)га ва сиздан илгари (ўтган пайғамбарларга) нозил қилинган нарса (илоҳий китоб ва саҳифалар)га иймон келтирадиган ҳамда охират (қиёмат куни)га қатъий ишонадиганлардир», − дейилади.
Ушбу суранинг Ислом асосларини инсонларга етказишда иккинчи жиҳати амалий жиҳат бўлиб, Аллоҳга иймон келтирганлар намоз ўқишини, Аллоҳ уларга берган ризқдан бошқаларга ҳам эҳсон қилишини билдиради. Бу билан ушбу оятлар Ислом дини эътиқод ва амалга асосланишини билдиради. Қуръони Карим асосида яшашни истаганлар мана шундай эътиқодда бўладилар, намозларига эътиборсизлик қилмай, Аллоҳ таоло уларга берган ризқдан бошқаларга ҳам эҳсон қиладилар.
Қуръони Каримга иймон доимо солиҳ амал билан кўрсатилади, фақат иймон келтирган кишигина солиҳ амал қилиши мумкинлиги билдирилади. Ҳақиқий иймон ерга экилган уруғ сингари қалбларга экилгани сари инсонни солиҳ амалларга ундайди. Солиҳ амалли кишилар мана шу иймондан куч олиб намоз ўқийдилар, рўза тутадилар. Исломнинг беш фарзини адо этадилар. Аллоҳнинг ўзларига берган ризқидан бошқаларни ҳам ризқлантирадилар. Бу фарзлар ер юзидаги барча инсонларни эътиқодга чорловчи фарзлардир. Қуръони Карим инсонларни ғайб оламига тааллуқли бўлган бу асосларни ва унга ишонганларга солиҳ амалларни ўргатади. Шак-шубҳасиз, ҳидоят раҳбари бўлган Қуръони Каримга ишонилади, у билан ҳақиқатга эришилади. Бу оятларда билдирилган эътиқод орқали инсон Аллоҳни танийди, фаришталарга, охиратга, пайғамбарларга ва уларга юборилган китобларга ишонади. Амалда ҳам Қуръони Каримнинг инсонларга ахлоқий йўлда билдирган амрини бажо келтириб, ахлоққа зид бўлган наҳий(қайтариқ)лардан қочади. Бу йўл ва эътиқод орқали инсоният энг улуғ туйғулар билан юксалиб, яхши амаллар билан Ҳаққа убудият йўлини тутган, халққа хизмат қилган бўлади. Қуръони Карим инсонларнинг ҳаққа ва халққа нисбатан вазифаларини билдириб, инсонларни нажотга чақиради.