Уламолар, Маккий ҳамда Маданий сура ва оятларни тадқиқ қилишга жуда катта эътибор қаратганлар. Улар сураларнинг нозил бўлиш ўрни, вақти ва хитоб услубларига риоя қилган ҳолларида, Қуръоннинг нозил бўлиш тартибига мувофиқ тарзда сурама-сура, оятма-оят ўрганиб, аҳамият берганлар. Уламолар Маккий ҳамда Маданий сура ва оятларни ўрганишда қуйидаги энг муҳим тадқиқотларни олиб борганлар: 1. Макккада нозил бўлган 2. Мадинада нозил бўлган. 3. Макка ёки Мадинада нозил бўлгани ихтилофли бўлган. 4. Маданий сураларда Маккий оятларнинг борлиги. 5. Маккий сураларда Маданий оятларнинг борлиги. 6. Маккада нозил бўлган бўлиб Маданий ҳукмни олиши. 7. Мадинада нозил бўлган бўлиб Маккий ҳукмни олиши. 8. Маданий сураларда оятларнинг Маккий тарзда нозил бўлиши. 9. Маккий сураларда оятларнинг Маданий тарзда нозил бўлиши. 10. Маккадан Мадинага олиб борилгани. 11. Мадинадан Маккага олиб борилгани. 12. Кечаси ёки кундизи нозил бўлгани. 13. Қиш ёки ёзда нозил бўлгани. 14. Сафарда ёхуд ўтроқликда нозил бўлганлиги. Булар асосий турлар бўлиб, уларнинг асоси «Маккий» ва «Маданий» деб номланувчи илмга бориб тақалади.
Маданий суралар йигирмата: 1.Бақара, 2.Оли Имрон, 3.Нисо, 4.Моида, 5.Анфол, 6.Тавба, 7.Нур, 8.Аҳзоб, 9.Муҳаммад, 10.Фатҳ, 11.Ҳужурот, 12.Ҳадид, 13.Мужодала, 14.Ҳашр. 15.Мумтаҳана, 16.Жумаъ, 17.Мунафиқун, 18.Талоқ, 19.Таҳрим, 20.Наср.
Ихтилофли суралар ўн иккита: 1.Фотиҳа, 2.Раъд, 3.Роҳман, 4.Соф, 5.Тағобун, 6.Татфийф, 7.Қадр, 8.Баййина, 9.Залзала, 10.Ихлос, 11.Фалақ, 12.Нос. Қолган саксон иккита сура Маккий суралар бўлиб, Қуръон сураларининг умумий сони бир юзи ўн тўрттадир.
Маданий суралардаги Маккий оятлар: Суранинг Маккий ёки Маданий деб номланиши билан гўёки унинг барчаси Маккий ёки Маданий бўлиб қолмайди. Балким гоҳо Маккий сураларда баъзи Маданий оятлар, Маданий сураларда эса баъзи Маккий оятлар учрайди. Бироқ унинг Маккий ёки Маданий деб номланиши ғолиблик эътиборидандир, яъни сурадаги оятларнинг кўпчилигини Маккий оятлар ташкил этса унга Маккий деган ном берилиши, агар оятларнинг аксари Маданий бўлса, уни Маданий деб аташ мумкин бўлади. Шунинг учун сурани номлашда унга қуйидагича ибора ишлатилади: «Бу сура Маккий суралардан, фақат фалон ояти Маданийдир, ёхуд бу сура Маданий суралардан, фақат фалон ояти Маккийдир». Маданий сураларда Маккий оятларнинг мавжудлигига мисол: «Анфол» сураси Маданий суралардан. Уламолардан кўпи ундаги ўттизинчи: «و إذ يمكر بك الذين كفروا ليثبتوك أو يقتلوك أو يخرجوك و يمكرون و يمكر الله و الله خير الماكرين» «(Эй Мухаммад), кофирлар сизни хибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккорроқдир» оятини ажратиб, уни Маккий оят дейдилар. Муқотил ушбу оят борасида шундай дейди: «Бу оят Маккада нозил бўлган. Унинг зоҳирий маъноси ҳам бу фикрни исботлайди. Чунки бу оят ҳижратдан олдин «Дорун-Надва»да мушриклар томонидан, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг зиддига қилиниши керак бўлган чора ва тадбирлар қай тарзда амалга оширилиши маслаҳати мазмунини ўз ичига олади». Шунингдек, баъзи уламолар мазкур суранинг олтмиш тўртинчи: «يأيهاالنبي حسبك الله و من اتبعك من المؤمنين» «Эй Пайғамбар, сизга ва сизга эргашган мўминларга Аллоҳнинг ўзи кифоядир» оятини ҳам Маккий санашади. Бу фикрларини эса Баззорнинг Ибн Аббосдан қилган ривояти билан қувватлайдилар. Баззор Ибн Аббосдан ривоят қилиб: «Бу оят, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Исломни қабул қилганларида нозил бўлган», дейди.
Маккий суралардаги Маданий оятлар: Маккий сураларда Маданий оятларнинг мавжудлигига Анъом сурасини мисол қилиб келтириш мумкин. Ибн Аббос: «Бу сура яхлит ҳолида Маккада нозил бўлган», деган. Уч оятидан бошқа барча оятлари Маккийдир, деганлар. )قل تعالوا أتل... إلى تمام الآيات الثلاث -151 -152 -153 – الأنعام( Анъом сурасининг: «Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай...», дея бошланган 151-,152- ва 153-оятлари Мадинада нозил бўлган. Шунингдек, Ҳаж сураси ҳам Маккада нозил бўлган. Фақат Аллоҳ таолонинг (هذان خصمان اختصموا فى ربهم...) «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари (нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар», (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар) деб бошланувчи ўн тўққизинчи ояти каримаси Маданийдир.
Маккада нозил бўлган бўлиб Маданий ҳукмини олиши: Муфассирлар бу каби оятларга мисол тариқасида Ҳужурот сурасининг ўн учинчи оятини келтирадилар. يأيها الناس إنا خلقناكم من ذكر و أنثى وجعلناكم شعوبا و قبائل لتعارفوا إن أكرمكم عند الله أتقاكم إن الله عليم خبير «Эй инсонлар, дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз (дўст биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир». Бу оят «Фатҳ» куни Маккада нозил бўлган, бироқ у Маданий ҳукмни олган. Чунки бу оят ҳижратдан сўнг нозил бўлган. Ундаги хитоб умумийдир. Уламолар бу каби оятларни очиқ ойдин Маданий деб номламаганларидек, уни Маккий ҳам санамайдилар. Балки бу каби оятларни «Маккада нозил бўлган-у, ҳукми Маданийдир», деб айтадилар.
Мадинада нозил бўлган бўлиб, Маккий ҳукмини олиши: Уламолар бу кабиларга Мумтаҳана сурасини мисол қиладилар. Бу сура Мадинада нозил бўлган. Бу сура макон эътиборидан Маданийдир. Лекин ундаги хитоб услуби Макка аҳли мушрикларига қаратилган. Яна бир мисол Бароат сурасининг бошланғич оятлари Мадинада нозил бўлган. Ундаги хитоб ҳам Макка аҳли мушрикларига йўлланган.
Маданий сураларда оятларнинг Маккий тарзда нозил бўлиши: Уламолар бундай атама билан Маданий сураларда баъзи оятлар Макккий суралар услубида келган оятларни назарда тутадилар. Бунга мисол тариқасида Анфол сурасининг ўттиз иккинчи оятини кўрсатиш мумкин: و إذ قالوا اللهم إن كان هذا هو الحق من عندك فأمطر علينا حجارة من السماء أو ائتنا بعذاب أليم Улaр: «Эй, Aллoҳ! Aгaр шу (Қуръoн) сeнинг ҳузурингдaнлиги ҳaқ бўлсa, (мaйли) устимизгa oсмoндaн тoш ёғдир ёки бизгa aлaмли aзoб кeлтир», дeгaнлaрини эслaнг! Албатта, мушрикларнинг азобни ўзларига тезроқ етишини сўрашлари Маккада бўлган эди.
Маккий сураларда оятларнинг Маданий тарзда нозил бўлиши: Бу билан уламолар юқорида ўтган турнинг аксини назарда тутадилар. Бунга эса Нажм сурасининг 32-оятини мисол қилиб келтирадилар: الذين يجتنبون كبائر الإثم و الفواحش إلا اللمم... «Улар (яъни жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир...» Кабоир – оқибати дўзахга элтувчи гуноҳ. М: ширк ва ота-онага оқ бўлиш кабилар. Фавоҳиш – ҳад белгиланган гуноҳ. М: қасддан одам ўлдириш, зино, хамр ичиш кабилар. Ламам – оз ва кичкина бўлган гуноҳлар. Мазкур оят нозил бўлганида ҳали Маккада ҳад ҳам, унга ўхшаши ҳам тайин қилинмаган эди.
Маккадан Мадинага олиб борилгани: Бунга мисол Аъло сурасидир. Имом Бухорий Барро ибн Озибдан келтиради. Барро: «Расули акрамнинг асҳобларидан биринчи бўлиб бизга келган киши Мусъаб бин Умайр ва Ибн Умму Мактум бўлдилар. У иккиси бизга Қуръон ўқиб берардилар. Сўнгра бизга Аммор, Билол ва Саъд келди. Кейин йигирма киши билан Умар ибн Хаттоб келди. Ундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келдилар. Мадина аҳлининг шунчалар хурсанд бўлганини олдин ҳеч кўрмаган эдим. Расулуллоҳ келганларида «Саббиҳисма роббикал аъло»ни ўқидим», дейди. Бу ривоятдан, муҳожирлар томонидан Маккадан Мадинага олиб келинган ва ансорларга ўргатилган ҳар бир Қуръон ояти юқоридаги атамага тўғри келади.
Мадинадан Маккага олиб борилгани: Бунга мисол Бароат сурасининг аввалидир. Расулуллоҳ тўққизинчи йилда Абу Бакр(розияллоҳу анҳу) ни ҳаж ибодатини адо этишга буюрди. Бароат сурасининг аввали нозил бўлганида, Расулуллоҳ нозил бўлган сура оятларини Абу Бакр уни мушрикларга етказиб қўйиши учун Али ибн Абу Толибга юклади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) мушриклар орасида оятларни эшиттирди ва бу йилдан сўнг бирон бир мушрик ҳаж қилмаслигини уларга маълум қилди.
Кечаси ёки кундизи нозил бўлгани: Қуръоннинг аксари кундузи нозил бўлган. Аммо Абулқосим Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ан-Найсабурий Қуръон оятларидан кечаси нозил бўлганлари ҳам бор, деган фикрга қўшилади ва бунга мисоллар келтиради. Жумладан: Оли Имрон сурасининг охирги оятлардан 190-оятни келтиради. Ибн Ҳиббон ўз саҳиҳида келтиришича, ибн Мунзир, ибн Мурдавайҳ ва ибн Абуд-Дунё Оиша онамиздан ривоят қилади: «Билол (розияллоҳу анҳу) бомдод намозига азон айтиш учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурига келди. Шунда Расулуллоҳни йиғлаб турган ҳолларида кўрди ва бу ҳолатдан ажабланиб: «Эй Аллоҳнинг Расули сизни нима йиғлатди?» – деб сўради. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мени йиғлашимдан ман қиладиган нарса нима?! Батаҳқиқ бу кеча менга оят нозил қилинди», – деб, ушбу оятни ўқидилар: إن فى خلق السماوات و الأرض و اختلاف الليل و النهار لآيات لأولى الألباب -190 –آل عمران «Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундизнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи Зот мавжуд эканига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир». Сўнгра: «Бу оятни ўқиб тафаккур қилмаганларга вой бўлсин!» – дедилар». Яна мисол тариқасида Фатҳ сурасининг аввалини келтириш мумкин. Саҳиҳ ал-Бухорийда Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ: «Батаҳқиқ бу кеча менга бир сура нозил қилиндики, у менга қуёшнинг чиқишидан ҳам суюклироқдир дея «Инна фатаҳна лака фатҳам мубина»ни ўқидилар».
Қиш ёки ёзда нозил бўлгани: Уламолар ёзда нозил бўлган оятлар сирасига мисол қилиб Нисо сурасининг охиридаги «Калола» (отаси-онаси ва боласи бўлмай ўлиб, мерос қолдирган одам) оятини келтирадилар. يستفتونك قل الله يفتيكم فى الكلالة... 176 –النساء «(Эй Муҳаммад), сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур... » Саҳиҳи Муслимда Умар розияллоҳу анҳудан келтирилади: «Мен бирон бир масалада Расулуллоҳга «Калола» хусусида мурожат этганимдек мурожат қилмадим. Расулуллоҳ бирон бир масалада, менга «Калола» оятига жавоб берганидек қўпол муомалада бўлмади. Ҳатто бармоқлари билан кўксимга ниқтаб: «Эй Умар, сенга Нисо сурасининг охиридаги «сайф» (ёзда нозил бўлган) ояти кифоя қилмайдими?!» –деди». Табук жанги хусусидаги оятлар (Тавба., 81.) ҳам ёзда нозил бўлган оятлар сирасига киради.Чунки бу жанг Қуръоннинг ўзида баён қилинганидек, ёзнинг иссиқ кунларида бўлиб ўтган эди. Қишда нозил бўлган оятларга Нур сурасидаги «Ифк − Буҳтон» ҳодисасини мисол қилиш мумкин. إن الذين جاءوا بالإفك عصبة منكم... إلى قوله تعالى : لهم مغفرة و رزق كريم 11-26 النور. «Шак-шубҳасиз, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир...» (Нур сурасининг 11-26 оятларини шарҳдан кўриб чиқинг.) Қишда нозил бўлган оятларга яна Аҳзоб сурасидаги «Хандақ» жанги борасидаги оятларни келтириш мумкин. Бу жанг совуқ қишда бўлиб ўтган эди. Байҳақий «Далоил ан-Нубувва» китобида Ҳузайфадан ривоят қилади: «Аҳзоб кечаси Расулуллоҳнинг атрофида ўн икки кишидан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Расулуллоҳ менинг олдимга келиб: «Тур, душман қўшинига бор!» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, совуқда сизга ҳаё сабабидан турдим», дедим». Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ جَاءَتْكُمْ جُنُودٌ فَأَرْسَلْنَا عَلَيْهِمْ رِيحًا وَجُنُودًا لَمْ تَرَوْهَا وَكَانَ اللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرًا «Эй иймoн кeлтиргaнлaр, сизлaргa (қaрши) қўшинлaр кeлгaн пaйтидa биз улaрнинг устигa шaмoл вa сизлaр кўрмaгaн қўшинлaр (фaриштaлaр)ни юбoргaнимизни − Aллoҳнинг сизлaргa бeргaн нeъмaтини эслaнглaр! Aллoҳ қилaётгaн aмaллaрингизни кўриб турувчи Зoтдир. (Аҳзоб-9)
Сафарда ёхуд ўтроқликда нозил бўлганлиги. Қуръоннинг аксари Расулуллоҳнинг ўтроқлигида, яъни муқимлигида нозил бўлган. Лекин у Зот ҳаётининг ҳаммаси бир жойда муқимликда кечмади, балки сафарларда, ғазотларда ҳам бўлдилар. Ана шу юришларида ҳам у Зотга ваҳий нозил бўлар эди. Анфол сурасининг аввали Бадр жангининг кетидан нозил бўлди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) Савбон (розияллоҳу анҳу)дан Тавба сурасининг 34-оятини сафарда нозил бўлганини ривоят қилганлар. Ҳаж сурасининг аввалини ва Фатҳ сурасини сафарда нозил бўлганлиги ривоят қилинган.
Маккий ва Маданий сура ва оятлар ўртасидаги фарқлар. Маккий ва Маданий ўртасини ажратишда уламолар уч хил фикрга эгалар. Ҳар бир фикр ўзига хос эътиборга молик. Биринчи фикр: Нозил бўлиш вақти эътибори билан фарқланиши. Мана шу фикрдан келиб чиқиб, гарчи Маккада нозил бўлмаган бўлса ҳам, ҳижратдан олдин нозил бўлган сура ва оятлар Маккий саналади. Шунингдек, Мадинада нозил бўлмаган бўлса ҳам, ҳижратдан сўнг нозил бўлган бўлса, у каби оят ва суралар Маданий ҳисобланади, гарчи Маккада ёки Арофатда нозил бўлган бўлса ҳам. Бунга мисол Нисо сурасининг 58-ояти: إن الله يأمركم أن تؤدوا الأمانات الى أهلها. 58- النساء Бу оят фатҳ йилида Маккада, айнан Каъбанинг қўйнида нозил бўлган. Ёки «Видолашув ҳажи»да нозил бўлган ушбу оятини мисол қилиш мумкин. اليوم أكملت لكم دينكم و اتممت عليكم نعمتى و رضيت لكم الاسلام دينا. 3-المائدة. Бу фикр қамрови жиҳатидан ўзидан кейин келадиган иккала фикрдан кўра авлороқдир. Иккинчи фикр: Нозил бўлиш ўрни эътибори билан фарқланиши. Бу фикрга асосан Макка ва унинг атрофи Мино, Арофат, Ҳудайбияга ўхшаш жойларда нозил бўлган сура ва оятлар Маккийдир. Мадина ва унинг тевараги, Ухуд, Қубо ва Силъага ўхшаш жойларда нозил бўлганлари Маданийдир. Бу фикрдан маълум бўладики, ҳижратдан сўнг Маккада нозил бўлган сура ва оятлар ҳам маккийлар қаторига киради. Шунингдек, сафар давомида ёки Табук ва Байтул Мақдисда нозил бўлганларини на Маккий ва на Маданий деб аташ мумкин бўлмай қолади. Демак, бу фикр икки тарафламалик тақсимот қамровини тўлиқ ўз ичига ололмаган. Учинчи фикр: Хитоб ва хитоб қилинганлар эътибори билан фарқлаш. Макка аҳлига хитоб қилинганлари Маккий, Мадина аҳлига хитоб қилинганлари Маданийдир. Бу фикр соҳиблари Қуръондаги (يأيها الناس) иборасини Маккий, ( يأيهاالذين آمنوا ) ) иборасини Маданий санайдилар. Мулоҳазадан маълум бўладики, Қуръондаги кўпгина суралар бу икки хитоб билан бошланмайди. Бу фикр барча сураларга нисбатан тўғри келмайди. Масалан, Бақара сураси Маданий сура бўлса ҳам унда: يأيها الناس اعبدوا ربكم الذى خلقكم والذين من قبلكم لعلكم تتقون. 21-البقرة. يأيها الناس كلوا مما فى الأرض حلالا طيبا و لا تتبعوا خطوات الشيطان إنه لكم عدو مبين 168-اليقرة. каби оятлар учрайди. Шунингдек, Нисо сураси ҳам Маданий, унинг аввали эса يأيها الناس ибораси билан бошланади. Ҳаж сураси эса Маккий, унда: يايها الذين آمنوا اركعوا و اسجدوا و اعبدوا ربكم و افعلوا الخير لعلكم تفلحون. 168-الحج. ояти бор. Қуръони Карим Аллоҳнинг барча халқларга қаратилган хитобидир. Шундай экан, Аллоҳ мўминларга уларнинг исмлари, сифатлари ёки жинсларига биноан хитоб қилиши мумкин.
Маккий ва Маданий сура ва оятларнинг алоҳида жиҳатлари. Уламолар Маккий ва Маданий сура ва оятларни ўрганиб чиқдилар. Ҳар бир Маккий ва Маданий сура ва оятлар учун қиёсий қоидаларни ишлаб чиқдилар. Маккий сура ва оятларни ажратиб турувчи умумий қоидалар: 1. Сажда ояти бўлган суралар Маккийдир. 2. (كلا) лафзи келган суралар. Бу лафз ўн беш сурада ўттиз уч маротаба зикр қилинган. 3. Ҳар бир сураки унда يأيها الناس ибораси келиб, يايها الذين آمنوا ибораси келмаган бўлса. Бу шартга фақатгина Ҳаж сураси кирмайди. Чунки унинг охирида: يايها الذين آمنوا اركعوا و اسجدوا و اعبدوا ربكم و افعلوا الخير لعلكم تفلحون. 168-الحج. ояти бор. Шу билан биргаликда кўпгина уламолар бу оятни ҳам Маккий санайдилар. 4. Ҳар бир сураки, унда пайғамбарлар ҳамда қадимги халқлар қиссаси келган бўлса, у Маккийдир. Бақара сураси бундан мустасно. 5. Ҳар бир сураки, унда Одам ва Иблис қиссаси зикр қилинган бўлса. Бақара сураси бундан ҳам мустасно. 6. Ҳижоийя харфлари билан бошланган суралар. Бундан Бақара ва Оли Имрон сураси мустасно. Раъд сурасида ихтилофлар бор. Зикр қилинган қоидалар, Маккий сура ва оятларни ажратиб турувчи умумий қоидалардир. Қуйида уларни ўз услуби ва мавзулари билан ажратиб турадиган белгиларни келтирамиз. 1. Тавҳид ва якка Аллоҳга ибодат қилишга чорланган бўлса, пайғамбарликни, қайта тирилиш ва жазо кунини исботлаш бўлса, қиёмат ва унинг қўрқинчлари, жаҳаннам ва унинг азоблари, жаннат ва унинг неъматлари зикр қилинган бўлса, мушриклар билан ақлий далиллар асосида, баҳслар баён қилинган бўлса ва коинот оятлари келган бўлса, бу каби суралар Маккийдир. 2. Жамиятнинг қонунчилиги учун қўйилган умумий асослар баён қилинган ёки қон тўкишдаги мушрикларнинг жиноятлари фош қилинган бўлса, етимларнинг молига хиёнат қилиш, қизларни тириклай кўмиш ва мушрикларнинг бир қанча ёмон одатлари хусусида гап кетган бўлса, у сура ёки оят Маккийдир. 3. Мушриклар, олдинги қавмларнинг тақдир хотимасидан ибрат олмоқлари учун, уларга дўқ-пўписа йўсинда, Пайғамбар (алайҳиссалом)га эса тасалли тариқасида ўзларидан олдин яшаб ўтган қавмлар ва пайғамбарлар қиссаси зикр қилинган оят ва суралар Маккийдир. 4. Лафзлари қувватли, жарангдор бўлиши билан бирга, ибораларнинг қисқа–қисқа келиши, қулоқларга эшитилиши жарангдор, шиддатли бўлиши, қасам лафзининг кўп ишлатилиши орқали маънони таъкидлаш услублар учраса, бу ҳам Маккийдир.
Маданий сура ва оятларни ажратиб турувчи умумий қоидалар: 1. Фарз амаллар ёки жазо турлари баён қилинган ҳар бир сура Маданий. 2. Мунофиқлар зикри келган суралар Маданий. Анкабут сурасидан бошқа, чунки у Маккий. 3. Аҳли китоблар билан баҳс мунозаралар борган бўлса – Маданий. Зикр қилинган қоидалар, Маданий сура ва оятларни ажратиб турувчи умумий қоидалардир. Қуйида уларни ўз услуби ва мавзулари билан ажратиб турадиган белгиларни қисқача келтирамиз: 1. Ибодат, муомалат (олди-берди ва савдо муносабатлари), жазо, шариъат ҳукмлари, оилавий тартиб қоидалар (никоҳ, талоқ ва шу каби масалалар), мерос масалалари, жиҳоднинг фазилати, ижтимоий алоқалар, уруш ва тинчлик ҳолатида халқаро муносабатларнинг йўлга қўйилиши, идора қоидалари ва қонунчилик масалаларини ўз ичига олган сура ва оятлар Маданийдир. 2. Аҳли китобларга (яҳудий ва насронийларга) қаратилган хитоб ва уларнинг Исломга чорланиши, шунингдек, улар томонидан Аллоҳнинг китобларига ўзгартиришлар киритилгани, уларнинг ҳақдан чекинишлари, ишончли хабар келгандан сўнг адолатсизлик қилиб ўзларининг орасида қилган ихтилофлари хусусидаги оят ва суралар Маданий. 3. Мунофиқларнинг тутган йўлларини фош қилиш, уларнинг психологиясини таҳлил қилиш, сир-асрорларини тўсиб турувчи пардаларни очиб ташлаши ва уларнинг динга етказиши мумкин бўлган хавфу хатарларининг баёни келган сура ва оятларМ аданийдир. 4. Шариъатни аниқ белгилаш, мақсад ва вазифаларини ойдинлаштириб беришда оят ва бўлимларнинг узун тарзда келиши ҳам сура ёки оятнинг Маданийлигини исбот этади.
Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади
|