Қуръони Карим оятларининг аксариятида зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни араб тилида нозил қилди. Мисол учун: Албатта, Биз уни (Китобни) ақл юритишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. (Юсуф 2).
Шунингдек, Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм этиб нозил қилдик. (Раъд 37). Албатта (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир. Уни Руҳул-амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди, у аниқ араб тилида эди. (Шуаро 192-195). (Биз уни) қинғир жойи бўлмаган араб тилида Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шоят (Аллоҳдан) қўрқсалар. (Зумар 28). У биладиган кишилар учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган китобдир. (Фуссилат 3). Албатта, Биз уни сизлар ақл юритишингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик! (Зухруф 3). Дарҳақиқат Қуръони Каримни Аллоҳ таоло Расулига нозил қилганидан бери араб тилини таъбир қилувчи араб ҳарфи билан ёзишликни Аллоҳнинг ҳикмати тақозо қилди. Қуръони Карим араб тилида тиловат қилинадиган китобдир. Бу китоб араб тилига хос бўлган савт (овоз)ни ифодаловчи ҳарфлар билан ёзилган китобдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ва биз уларнинг ҳам суннатларини маҳкам тутишликка буюрилган хулафои рошидинларнинг замонларидан бери Ислом уммати бу Қуръоннинг араб тилида ёзилишига ижмоъ қилган. Дарҳақиқат, Қуръони Карим Аллоҳнинг ўзи уни сақлашликни зиммасига олганлиги билан ўзидан олдинги самовий китоблардан ажралиб турадиган китобдир: «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз».(Ҳижр 9.) Аллоҳнинг бу сақлашлиги – Аллоҳ кимга Қуръонни сақлашликни тақдир қилса, Қуръонни унинг қалбида ёд қилиб қўяди. Бу сақлашлик бошқа муқаддас китобларда топилмайди. Шу ёдлашлик минглаб ҳофизлар томонидан тўлиқ ва мукаммал тарзда ёд олиниб келинмоқда. Буларнинг ичида ёши еттидан ошмаган гўдаклар, балки қорилар ичида араб тилидан бирон бир калимасини тушунмайдиган ажам (араб бўлмаган) халқлар ҳам бор. Лекин улар Қуръони Каримнинг бирон бир ҳарфи талаффузини бузмаган ҳолда ёдлайдилар. Дарҳақиқат, покистонлик, ҳиндистонлик, турк, ўзбек ва бошқа миллатлар бунга мисол бўла олади. Қуръони Каримнинг сақланишининг далилларидан яна бири Пайғамбар (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг учинчи халифа бўлмиш Усмон ибн Аффон замонидан бери Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг бошчилигидаги илмий уюшма назорати билан ёзилган мусҳафни Ислом уммати қабул қилганлигидир. Қандай ҳарфлар билан бошланган бўлса, ўзгартирилмасдан ва алмаштирилмасдан аслидек қолишига Ислом уммати иттифоқ қилди. Фақатгина зарурат тақозо қилганида унга нуқталар, ҳаракатлар қўйиш ва ҳарфларининг шаклларини ўзгартириш билан Усмон мусҳафида тор доирада ўзгартиришлар бўлган. Мусулмон диёрлари кенгайиши билан Қуръон ўқиш машаққатини кетказиш учун унинг тиловатини осонлаштириш ниятида Қуръон ҳарфларининг шакли ўқишга енгил кўринишда ёзилиб уларга нуқталар ва ҳаракатлар қўйилган. Бугунги кунимизгача Усмон мусҳафи расми ўзгармасдан боқий қолди. Қуръонни ўзгаришдан сақлаш учун бўлган ҳаракат шу даражада бўлдики, келажакда хато қилиб ёки қасдан ўзгартиришлик эҳтимоли пайдо бўлмаслиги учун мусулмонлардан бирон бир киши ҳозирги кундаги имловий расмга ўзгартиришликни қабул қилмади, агарчи ҳозирги имлони ўқиш осон бўлса ҳам. Буни аниқроқ қилиб тушунтириш учун рибо сўзини олайлик. Қуръондаги ва ҳозирги имлодаги расмини мисол сифатида келтирамиз. Қуръонда рибо сўзи р-б-в-алиф (ربوا) шаклида ёзилган, ҳозирда ҳам ёзилиб келинмоқда. Ҳозирги имлода эса р-б-алиф (ربا) кўринишида келади. Ислом уммати мана шу (ربوا) сўзини (ربا) шаклига ўзгартиришликка усмоний мусҳафнинг расмини сақлаб қолишга ҳарис бўлиб ижозат бермаган. Ашҳаб айтади: «Имом Моликдан «Бугунги кундаги инсонлар янги пайдо қилган ҳижоийя ҳарфлари билан мусҳаф ёзиладими?» деб cўрашди. Шунда Имом Молик: «Йўқ!, фақат аввалги ёзилган ҳолида ёзилади», дедилар». Имом Аҳмад: «Усмон мусҳафи хатига хилоф қилишлик ҳаром», деганлар. Шунга ўхшаш мисолларни Қуръони Каримда кўплаб учратиш мумкин. Шундай экан, Қуръонни арабчадан бошқа, мисол учун, крилл ёки лотин ҳарфлари билан ёзишликка қандай қилиб ижозат берилади. Ҳолбуки, араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда араб луғатига хос бўлган ҳарфларнинг савт (овоз)ларини ифодаловчи ҳарфлар топилмайди. Мисол учун: (ط ظ ص ض ع ح) ҳакозо... Баъзида т, з, с, з, а, ҳ, ҳарфлариннг усти ёки остига хос белгилар қўйиш билан мазкур ҳарфларни ифодалаш имкони бор дейилади. Лекин бу услубдан фойдаланишлик араб ҳарфларини ва уларнинг махражларини билганлар учунгина фойда бериши мумкин. Ваҳолангки, араб ҳарфлари ва уларнинг махражларини билган киши учун Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарф билан ўқишдан кўра араб ҳарфи билан ўқиш осондир. Сўнгра Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан ёзганда бир қанча нарсалар борки, мисол учун ҳамзаи васлия, унинг қачон ўқилиш ва ўқилмаслигини билиш борасида анчагина мушкулликлар вужудга келади. Шунингдек, васлия, вақф ҳолатларида, танвинларда ҳам мушкулликлар пайдо бўлади. Ва яна марбута то ва мафтуҳа то ларнинг танвинли ва вақф ҳолатларини билишликда қийинчиликлар туғилади. Оғзаки нутқ билан Қуръонни дарс қилиб олишликка қийналадиган кишилар учун зарурат ҳолатларда ва баъзи суралардагина араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан ёзишликка рухсат берилади. Мисол учун, намозда Фотиҳа ва унга зам қилишлик учун қисқа суралар. Бунда ҳам нутқ саломат бўлиши учун лозим бўлган белгиларни қўйишлик ва хатодан саломат бўлиш учун тиловат қоидасини яхши биладиган кишига ўқиб ўтказиш шарти билан дуруст бўлади. Мазкур кишиларга Фотиҳа ва қисқа суралардан бошқасида Қуръони Каримни арабчадан бошқа алифбода ўрганишга зарурат йўқ. Шунинг учун рухсат ҳам бўлмайди. Қуръонни араб ҳарфида боқий қолишининг фойдалари кўпдир. Улардан муҳимлари Қуръон, ҳадис ва ибодат луғати бўлган араб луғатига эътибор қилишлик билан араб тилини таълим олишга мусулмонларни қизиқтириш бўлади. Шунга кўра, имом Шофеий (раҳматуллоҳи алайҳ) араб тилини ўрганишликни вожиб деганлар. Араб тилини ўрганишлик билан мусулмон киши бевосита ўз динининг манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, араб тилини билишлик, бир томондан, мусулмонни Қуръонга боғласа, иккинчи томондан, араб тилида сўзлашадиган мусулмонлар билан боғлайди. Шундан ҳам тушуниш керакки, асл фатво Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан ёзиш жоиз эмаслигидир. Агар Фотиҳа ёки қисқа сураларнинг баъзисини ёзишликка рухсат берилган бўлса-да, бу рухсат зарурат чегарасида бўлишлиги вожиб бўлади. Ҳар бир нарсаки, зарурат учун рухсат берилса, у ўз зарурати миқдорида чегараланади. Бу шаръий қоидадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Қасамки, Биз Қуръонни зикр учун осон қилиб қўйдик, бас, зикр қилувчи борми?» деган (Қамар 17). Имом Хозин ушбу ояти каримада Қуръонни таълим олишга ва у билан шуғулланишга қизиқтиришлик бор, чунки Қуръонни Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган кишига енгил ва осон қилади. Зеро ёш ҳам, кекса ҳам, араб ҳам, ажам ҳам уни осонгина ёдлай олади, дейдилар. Саид ибн Жубайр айтадиларки: «Мазкур оятнинг маъноси «Уни ёдлаш ва ўқиш учун осон қилиб қўйдик», деган маънони билдиришига ишорадир». Бу муқаддас ва ўқилиши ибодат бўлган китобни динимиз талаб қилган тартибда ўқисак, ўргансак, ҳақиқий ибодатларнинг афзали бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони Каримни ўрганиб, уни бошқаларга таълим берганингиздир», деганлар. Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ўқишликка муҳаббат ва ҳаракат билан киришса, мақсадга эришишлик осон бўлади.
Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлаган
|