Оли Имрон сураси тавсифи
Босма

Ушбу суранинг номи  «Имрон оиласи» маъносини англатади.

Номланиш сабаби ҳақида тўхталадиган бўлсак, Оли Имрон сурасида муборак оила бўлмиш Имрон оиласи, Имроннинг қизи Марям ва набираси Ийсо (алайҳиссалом) қиссалари келтирилган.
Оли Имрон тивол, яъни узун суралар қаторига киради.
У Мадинада нозил қилинган ва 200 оятдан иборат.
Оли Имрон сурасининг Қуръони Каримдаги тартиб рақами 3 (Бақарадан кейин ва Нисодан олдин келади).
Оли Имрон сураси Анфол сурасидан кейин нозил қилинган.
Оли Имрон сураси «Алиф лом мийм» билан бошланган. Яъни  Оли Имрон сураси ҳуруфи муқаттаъот билан бошланувчи суралар турига мансуб.
Ушбу сурада асосан икки муҳим масала баён қилинган. Булар: Аллоҳнинг ваҳдониятига далил ва ҳужжатлар келтирилиши ва ғазот ва шу каби шариат қонунлари баёнидан иборат.  Жумладан, ҳижрий иккинчи йилги Бадр ва учинчи йилда содир бўлган Уҳуд жанги даврида бўлган воқеалар ва уларга оид муносабат ва ҳукмлар баён қилинган.
Бақара сурасида аҳли Китоблардан саналган яҳудийлар ва уларнинг кирдикорлари ҳақида сўз кетган бўлса, Оли Имрон сурасида яна бир аҳли Китоб қавм бўлмиш насронийлар хусусида маълумотлар берилган. Жумладан, насронийлар Ийсо (алайҳиссалом)ни худо, деб даъво қилишлари ёлғон экани айтилиб, буни қувватлаш учун аниқ ҳужжат-далиллар келтирилган.
Оли Имрон сураси фазилати ҳақида бир нечта ривоят ворид бўлган. Жумладан, Абу Умома Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни ўқинглар. Чунки  у қиёмат куни ўз аҳли (яъни  Қуръонни ўқиб, унга амал қилганлар) учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш ва амал қилиш) барака, тарк этиш эса  ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмайди[1]», деб айтганларини эшитганман» (Муслим, Доримий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий, Табароний ва Баззор ривояти).
Наввос ибн Самъон Килобий (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган (Қуръон) аҳллари келтирилади. Бақара ва Оли Имрон суралари унинг олдига чиқади». (Ровий айтади:) «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бунга учта ўхшатишни келтирдиларки, мен уларни ҳалигача унутганим йўқ.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «(Қиёмат куни Бақара ва Оли Имрон суралари) тўп-тўп ёки қоп-қора булут шаклида бўладилар. Уларнинг орасида нур бўлади ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар тарзида (келиб,) ўз соҳиблари ҳожатини раво қиладилар», дедилар» (Муслим, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Сулайм ибн Ҳанзала ал-Бакрий Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Ким Оли Имрон сурасини ўқиса, бас, у бойдир. Нисо зийнатловчидир» (Доримий ривояти. Ривоят санади жаййид).
Яҳё ибн Ҳорис Макҳулдан ривоят қилади: «Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, фаришталар кечгача унга салавот айтиб туради» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 


[1] Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.