Нега Арабча тушунмасак ҳам Қуръони Каримни ўқиймиз?
Босма

Ибратли ҳикоя

***
(Русчадан таржима)

Америкалик кеска бир мусулмон Шарқий Кентукки тоғлари бағридаги фермалардан бирида ўз набираси билан яшар эди. Ҳар куни қария тонг саҳарда уйғонар, ошхона столи олдида ўтириб, Қуръони Каримни қироат қилар эди. Набираси бобосига ўхшагиси келар ва ҳар бир ишда бобосига эргашишни хоҳлар эди. Кунларнинг бирида набираси сўради: «Бобожон! Мен сенга ўхшаб Қуръон ўқишга ҳаракат қиляпман, лекин мен арабча билмайман, шунинг учун ҳам уни тушунмаяпман. Тушунмасам ҳам Қуръонни ўқишимнинг фойдаси борми?»

Бобоси бу вақтда печкага кўмир қалаётган эди  ва қайрилиб деди: «Бу кўмир саватини ол, дарё ёқасига туш ва бу саватда менга сув олиб кел».

Набира унга айтилганини қилди, аммо саватдаги сув бола уйга етиб келмасдан аввал тешиклардан оқиб кетди. Бобоси кулиб: «Сен бу сафар яна ҳам чаққонроқ ҳаракат қилиб, уйга тезроқ келгин», – деди ва болани яна ўша сават билан дарё бўйига сув олиб келишга юборди. Бу сафар бола яна ҳам тезроқ келган бўлса ҳам, уйга етиб келмасданоқ саватидаги сув оқиб кетган эди. Бола бобосига ҳансираб, саватда сув ташиб бўлмаслигини нолигандай бўлди ва сават ўрнига челакда сув келтириши мумкинигини айтди.

Қария: «Менга челакда сув керак эмас, мен саватда сув олиб келишингни истайман. Сен шунчаки саватда сув олиб келишни ўрганишинг керак», деди ва ташқарига  бола қандай қилиб саватда сув ташимоқчи бўлганини кўргани чиқди.

Бола эса  саватда сув олиб келиб бўлмаслигини билар эди ва қанчалик чаққон ҳаракатланмасин, саватдаги сув, барибир уйгача етиб бормаслигини бобосига тушунтирмоқчи бўлар эди. Бола охирги бор саватини дарёга солиб, бутун кучи билан уйига қараб югурди, аммо бу савар ҳам сават уйга бўш қайтди. Бола ҳансираб бобосига: «кўрдингизми, бобо, фойдасиз ахир!»,  – деди. «Фойдасиз деб ўйлаяпсанми?» – сўради бобоси: «Саватингга қара!». Бола саватига қаради. Қўлида эски қора кўмир саватчаси эмас, ичи ҳам усти ҳам топ-тоза ювилган саватча турар эди.

«Болам, мана кўрдингми, Қуръонни ўқисанг ҳам, худди шундай ҳолат содир бўлади. Сен тушунмасдан Қуръонни ўқишинг ёки нима ўқиганингни билмаслигинг мумкин. Лекин  ҳар сафар уни ўқиганингда, ҳудди саватчадек, ичинг ҳам ташқи дунёинг ҳам ўзгариб, тозаланиб боради», – деди бобоси.