Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бир қозидан «Насхдан мансухни ажрата оласизми?» деб сўрадилар. У: «Йуқ», деди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга: «Ўзингиз ҳам ҳалок бўлибсиз, одамларни ҳам ҳалок қилибсиз», дедилар.
«Насх» сўзи луғатда «кўчирмоқ», «йўқотмоқ», «кетказмоқ» маъноларини англатади. Истилохда эса бир шаръий далил ҳукмини ўзгартириб, иккинчи шаръий далилнинг келиши «насх» дейилади. Бу ўринда шаръий далил дейилганида ояти карима ва суннати набавия тушунилади. Ҳукми ўзгарган шаръий далил «мансух», унинг ҳукмини ўзгартириб келган шаръий далил «носих» дейилади. Насх тўрт хилдир: оятнинг оят билан, суннатнинг суннат билан, суннатнинг оят билан ва оятнинг суннат билан насх бўлиши. Оят ва суннатдан бошқа шаръий далил (ижмоъ ва қиёс) бирор шаръий ҳукмни насх қилолмайди. Насх фақат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари даврида содир булган. Ҳукми насх бўлган ояти карималар Мусҳафда ва мансух ҳадиси шарифлар эса ҳадис китобларида собит қолишининг (ўчирилмаганининг ё олиб ташланмаганининг) ҳикмати бундай: Қуръони Карим ҳукмларни ўрганиш ва амал қилиш учун тиловат қилиниши билан бирга ибодат учун ҳам тиловат қилинади. Шунинг учун ҳукми насх бўлган оятлар Қуръони Каримда собитдир. Баъзи оғир ҳукмлар насх қилиниб, енгил ҳукмларга ўзгартирилган. Бу неъматни ёдда тутиш учун ҳам насх булган ояти карималар тиловат қилинади ва насх булган ҳадиси шарифлар ҳам ўқилади. Насх этиш ҳикматларига келсак, улар қуйидагилар: — бандалар манфаатини кўзлаш; — инсонлар аҳволининг юксалишига мувофиқ ҳолда шариатни камолга етказиш; — бандаларнинг ҳукмларга итоат этишларини имтиҳон қилиш; — бандаларга енгиллик ва эзгулик иродаси. Носих ва мансухни билиш амалларни тўғри ва динимиз талабига мувофиқ адо этиш гаровидир. Бунга барча муваффақ бўлиши қийин. Шунинг учун мужтаҳидлар баён қилган ва кўрсатган йўлда юриш муҳимдир. Акс ҳолда, ўзи адашиши ва ўзгаларни ҳам адаштириши мумкин.
Улумул Куръон ва Усулул фиқҳ китоблари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади |