Идрис алайҳиссалом (харита)
Босма

Идрис (алайҳиссалом) номи Қуръони Каримда икки марта зикр қилинган.

Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгилари Идрис (алайҳиссалом)дир.
Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:
«Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди.
Ва уни олий мақомга кўтардик» (56–57-оятлар).
Шунингдек, Анбиё сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул Кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.
Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85–86-оятлар).

Қуръони Каримда Идрис (алайҳиссалом) ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Ушбу зикр этилган ояти карималарда Идрис (алайҳиссалом)нинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:
1. Сиддиқлик.
2. Набийлик.
3. Олий мақом соҳиблиги.
4. Сабр қилувчилик.
5. Аллоҳнинг раҳматига кириш.
6. Солиҳлик.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис (алайҳиссалом)нинг насаблари Одам (алайҳиссалом)нинг ўғиллари Шийс (алайҳиссалом)га етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга, Одам ва Шийс (алайҳиссалом)лардан кейин, учинчи бўлиб, пайғамбарлик берилган.
Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг таъкидлашларича, Идрис (алайҳиссалом) қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.
Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда, Идрис (алайҳиссалом) Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шийс (алайҳиссалом)да бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берган.
У зот набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шийс (алайҳиссалом)лар шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган.
Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар.
Идрис (алайҳиссалом) биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.
Идрис (алайҳиссалом) ўз ҳикматлари ила машҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис (алайҳиссалом)дан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар:
«Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир».
«Бахтиёр ўзига назар солган кишидир. Унинг Роббиси ҳузуридаги шафоатчиси амали солиҳидир».
«Сабр иймон ила бўлса, зафар келтиради».
Идрис (алайҳиссалом)нинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Ундан сўнг Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган.