Одам алайҳиссалом (харита)
Босма

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Одам (алайҳиссалом) Қуръони Каримда 25 та оятда 25 марта зикр қилинган:

 

Сура

Оятлар

Бақара

31, 33, 34, 35, 37

Оли Имрон

33, 59

Моида

27

Аъроф

11, 19, 26, 27, 31, 35, 172

Исро

61,70

Қаҳф

50

Марям

58

Тоҳо

115, 116, 117, 120, 121

Йасин

60

30. Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени улуғлаб турибмиз», – дедилар. У: «Мен сиз билмайдиган нарсаларни биламан», – деди.
31. Ва У Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи?!», – деди.
32. Улар: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг Алийм ва Ҳакиймсан», – дедилар.
33. «Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», – деди.
34. Эсла, вақтики фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» – дедик, бас, сажда қилдилар, магар иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
35. Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатни маскан тут. Унда хоҳлаган жойингизда бемалол енглар ва мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар», – дедик.
36. Шайтон уларни ундан тойдирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: «Бир-бирингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва маълум вақтгача баҳрамандлик бордир», – дедик.
37. Бас, Одам ўз Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У Таввоб ва Роҳиймдир.
38. Биз: «Ундан ҳаммангиз тушинг. Бас, Мендан сизга ҳидоят келса, ўшанда ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», – дедик.

Бақара сураси, 30-38

115. Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик.
116. Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», деганимизда, улар сажда қилдилар. Магар иблис бош тортди.
117. Бас, Биз: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна  у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин.
118. Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан.
119. Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик.
120. Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» – деди.
121. Бас, икковлари ундан едилар. Кейин, авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди.
122. Сўнгра, Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади.
123. У: «Ҳаммангиз бир-бирингизга душман ҳолда ундан тушинг. Агар мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас.

Тоҳо сураси, 115-123

«Ад-Дурр ал-мунсур» китобида ёзилишида ва Ибн Асокир нақл қилишча, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилганда Ер юзининг қайси минтақасига тушгани ҳақида бир неча нақл бор: 
Одам ва Ҳавво Макка билан Тоиф ўртасидаги Дажна деган жойга тушган;
Одам Сафо тоғига, Ҳавво Марва тоғига тушган. Бу икки тоғ ҳам Макка шаҳрида ҳозирги Ҳарам ҳудида жойлашган.
Одам Ҳинд диёрига, Ҳавво Жидда шаҳрига тушган. Одам Ҳаввони истаб, уни Макка шаҳридаги Муздалифада топган. Шу боис, уни Жамъ деб ҳам аталади. Чунки Одам ва Ҳавво шу ерда жамланган, учрашган. Унинг Муздалифа (яқин келиб, мулозамат қилинадиган жой) деб номланиши эса Ҳаввонинг Одамга яқин келиб, унга мулозамат қилгани учундир.
Табароний, Абу Нуайм ва Ибн Асокирлар Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Одам (алайҳиссалом) Ҳиндистонга тушган», деганлар.
Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилади: «Аллоҳ Одамни туширганда Ҳинд ерига туширган. У кейин Маккага келган. Сўнгра Шомга бориб, ўша ерда вафот этган».
Бу борада келган нақлларни бирлаштирганда қуйидагича хулоса чиқади: Одам (алайҳиссалом) жаннатдан чиқарилгач, Ҳиндистон ҳудудига, Сарандиб (Сайлон) оролига, Бавз номли тоққа тушган. Ибн Баттута ўз сафари ҳақида шундай дейди: «Мен ўша оролга (Сайлонга) етиб борганимдан бошлаб мақсадим фақат улуғ қадамжо ‒ Одам (алайҳиссалом)нинг қадамжосини зиёрат қилиш бўлди. У ердагилар уни «Бобо» деб, Ҳаввони «Момо» деб аташади...»
Манбаларда ушбу қадамжо зиёратига биринчи бўлиб йўл очган киши буюк мутасаввиф олим, шофеий мазҳабининг фақиҳларидан Абу Адуллоҳ ибн Хафиф Шерозий деб келтирилади.
Одам (алайҳиссалом)нинг қабри ҳақида бир нечта тахминлар бор:
Абу Қубайс тоғи ён бағрида.
Ҳиндистондаги ўзи тушган Бавз тоғида.
Нуҳ (алайҳиссалом) тўфондан кейин у кишининг жасадларини Байтул-Мақдисга кўчирган.
Ибн Жарир Табарий, Ибн Асир, Яъқубийлар таъкидлашларича, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни мағфират қилгандан сўнг у кишини Жаброил (алайҳиссалом) арафот тоғига олиб бориб, ҳаж ибодати қонун-қоидаларини ўргатган. Кейин Одам (алайҳиссалом) Маккаи Мукаррамада истиқомат қилган ва ҳозирги Ҳарамнинг шарқий томонида, Сафо тоғи тоғига туташган Абу Қубайс деган тоққа дафн қилинган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Абу Қубайс тоғи Аллоҳ таоло Ер юзида яратган биринчи тоғ ҳисобланади. Унинг баландлиги 420 метр.

Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли

Одам (алайҳиссалом)нинг икки ўғли ҳақидаги қисса Моида сурасининг 27‒31 оятларида келади.
«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилдилар, бас, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», – деди. (Наргиси) айтдики: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар сен мени ўлдириш учун менга қўл чўзсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун сенга қўл чўзувчи эмасман. Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетиб, натижада дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». Нафси унга биродарини ўлдиришни енгил кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрганлардан бўлди. Аллоҳ ер ковлайдиган қарғани унга биродарининг жасадини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» – деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида, 27‒31).
Одам (алайҳиссалом)нинг ушбу икки ўғлининг исмлари ҳақида тафсирларда турли маълумотлар келтирилган. Уларнинг ичида энг машҳурига кўра, уларнинг исмлари Қобил ва Ҳобил бўлган. Аммо бу борада келган хабарларнинг барчаси ҳам тафсир маъносида айтилган ижтиҳодий фикрлардир.
Одам (алайҳиссалом)нинг иккита ўғиллари Аллоҳ йўлида қурбонлик қилдилар. Уларнинг биридан қурбонлиги қабул қилинди, иккинчисиники қабул қилинмади. Шунда қурбонлиги қабул қилинмагани ўз биродарига ҳасад қилиб, унинг жонига тажовуз қилди. Аммо у ғазаб устида қилган ушбу ишидан кейин пушаймон бўлди, аммо бунинг фойдаси бўлмади. У ўз қилмишидан надомат чекканча Яман томонга йўл олди. Табарий келтиришича, у отаси Одам (алайҳиссалом)дан қўрқиб Яманга қочиб кетган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, ушбу ҳодиса Макка шаҳрида рўй берган. Чунки Одам (алайҳиссалом) ва Момо Ҳавво шу жойда истиқомат қилишарди.
Дамашқ юқорисидаги Қосиюн тоғидаги «Қон ғори» деб номланган машҳур ғор бор. Омма халқ орасида Одам ва Ҳавво шу тоғда истиқомат қилган ва мазкур ҳодиса ушбу ғорда бўлган деган гап юради.
Дамашқдаги Барада водийси юқорисидаги Мушарраф тоғида 15 метр узунликдаги бир қабр бор. Баъзилар у ерда Ҳобил дафн қилинган дейишади.