Ер қобиғи ва осмон гумбазининг ажратилиши (видео)
Босма

Йигирманчи асрда фалакиёт фани коинот ва борлиқнинг «Биг Бэнг», яъни «Буюк портлаш» натижасида пайдо бўлганлиги ҳақидаги назариянинг айни ҳақиқат эканлигини тан олди.
Бу назариянинг пайдо бўлишидан ўн тўрт аср аввал Қуръони Каримда бу ҳақда шундай ояти карима нозил бўлган:
«Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) тўсиқ бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни  осмондан ёғин ёғдириб, ердан гиёҳ ундирганимизни) ва сувдан барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам иймон келтирмайдиларми?!» Анбиё сураси, 30-оят.

Ояти каримадаги «ротқо» деган арабча сўзни «тўсилган, бир-бирига чирмашган, чамбарчас боғлиқ» деб таржима қилиш мумкин бўлиб, у бир бутун, бир жинсни ташкил қилган икки жисм ёки моддани англатади. Оятдаги «фатаҳнаа» деган арабча сўз эса «очиб юбордик» деб таржима қилинган. Бу сўз одатда араб тилида юқоридаги яхлит, бир бутун жисмни шиддат билан кесиб, иккига бўлиб юбориш, гўё уни портлатиб юбориш жараёнини тавсифлаш учун қўлланилади. Масалан, уруғнинг ер остида униб, сўнг тупроқни ёриб чиқиши ҳам араб тилида айнан шу сўз билан ифодаланади.
Эътибор берган бўлсангиз, оятда ажойиб ва фавқулодда муҳим илмий ҳодиса зикр қилинган. Бу − аввал яхлит, бир бутун бўлган ер билан осмоннинг иккига ажратиб юборилганлигидир.
Дарҳақиқат, буюк портлаш юз бергунга қадар коинотдаги барча моддий субстанциялар бир нуқтага жамланган эди. Ер ҳам, осмонлар ҳам ҳали яратилмаган эди. Мисли кўрилмаган қудратга эга бўлган бу даҳшатли портлаш натижасида мазкур нуқта ёрилиб, шиддат билан сочилиб кетади. Оятда мана шу ҳодиса ғоятда аниқ ва фасоҳат билан тавсифланган. Шак-шубҳа йўқки, 1400 йил аввал инсоният коинотнинг қандай пайдо бўлганлиги, унинг буюк портлаш туфайли йўқдан бор бўлганлиги, бунга қадар бутун борлиқнинг бир нуқтага жамлаб қўйилганлигини тафаккур қилишдан ҳам, кузатишдан ҳам, тажриба ва тахминлар, мураккаб ҳисоб-китоблар ёрдамида буни исботлашдан ҳам ожиз эди.