Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сўнгра биз бу китобга бандаларимиздан ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик (Фотир, 32).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хушхабар берадилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатганларингиздир» (Бухорий, Термизий, Абу Довуд ривоятлари). Тошкентнинг Қатортерак маҳалласида (Ҳозирги Навоий кўчасида) Исмоил сўфининг мўъжазгина ҳовлиси бўларди. Милодий минг тўққиз юз ўн биринчи йили шу ҳовлида қувончли воқеа юз берди: тўнғич фарзанд туғилди. Ўғил. Сўфи масжидга севиниб чикди. Кўтаринки руҳда азон айтиб маҳалла аҳлини намозга чорлади. Қувончини имомга, қавмдаги қадрдонларига билдирди. Гўдакка ўз исмига уйқаш қилиб, ихлос билан Исмоил деб от қўйди. Болакай, айниқса, Куръон тиловатини эшитганида, ҳайрату ҳаяжондан нафасини чиқармай, қотиб қоларди. У: «Отажон, менга ҳам Қуръон ўқишни ўргатинг», деб илтимос қилишга тушди. Боланинг зеҳни ўткир, хотираси кучли эди. Ана-мана дегунча ҳарфларни таниди, дона-дона ўқийдиган бўлди. Боладаги бу иштиёқдан завқланган ота ўғли билан жиддий шуғулланди, ўзи тирикчиликка кетса ҳам, ўғлини масжидда қолдирадиган бўлди. Исмоил тўққиз ёшида Куръони Каримнинг ўн уч порасини ёд олиб қўйди. «Исмоил сўфининг ўғли қори бўлибди», деб Рамазонда илк марта таровеҳ намозларида қорилар қаторига қўшишди. Жамоатнинг дуоси сабаб ёш қорининг кучига куч қўшилди. Ўн бир ёшида Аллоҳ каломини ҳифз қилди, ўтгаз пора Қуъонни тўла кўтариб олди. Гоҳида ўғлининг қироатидан масрур бўлган дамлар сўфи: «Бобокалонларимиз ҳам улуғ қорилар бўлишган экан. Сен ана шу улуғ силсиланинг давомчисисан», дея алқаб қўяр, сўнг: «Куръони азимуш-шаънни шундай ёд олиш керакки, умрнинг охиригача хотирадан кўтарилмайдиган бўлсин», деб огоҳлантиришдан чарчамас эди. Қори ўн олтига кирганида отаси қазо қилди. Рўзғор ташвиши бошига тушди. Икки жигари — укаси ва сингилиси ёш, уларни боқиши, тарбиялаши керак эди. 20-йиллар очарчиликлари, 30-йиллар сургуну қатағонлари, 40-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши йўқотишлари қанча-қанча илм толибларию устозларни олиб кетди. Кўплар тирикчилик ташвишига тушиб қолдилар. Уруш даҳшатлари диндор халқимизни эсанкиратиб қўйди, қориларнинг дилларидан Куръон кўтарилаёзди. Аммо Исмоил бу тоифадан бўлмади. Тўғри, у ҳам тирикчилик аравасини тортиш учун барча ишларни қилди, устага шогирд тушиб, иморатлар тиклади, уйланиб, оила қурди, ташвишлари кўпайди, лекин шунга қарамай, масжиддан узилмади. Қуръонга муҳаббати ёши улғайган сари кучайди. Ёши ўттиздан ўтиб борарди. Кунлардан бир куни унинг қироатини тинглаган кексароқ киши ўқилган оятларнинг маъноларини сўраб қолди. Қори баъзи жойда тутилиб, жавоб қайтаришга қийналди. Шунда отахон бир оғиз: — Қори болам, қўлингизга узук тақибсиз-у, кўзи йўқ экан-да... — деди. Қори дарров тушунди. Отахон гўзал бир мажоз билан Қуръонни бир узукка, маъноларини узук кўзига ўхшатган эди. «Аллоҳ марҳамат қилиб, кучли зеҳн ва хотира берибди, қори бўлибсан, лекин Қуръоннинг маъноларини тушунмасанг, фақат сўзга маҳлиё бўлиб ўтасан, ҳамма ҳикмат уни англашда, тушунишда», дегандай бўлди. Қори бу ҳақиқатни ўз вақтида англамаганидан афсус чекди. Қорилик олимликнинг дастлабки босқичи экан. Исмоил энди гўё иккинчи довонни ошиб ўтиш учун йўлга чиқди. Ҳақиқатдан ҳам Олами Куброни англаш Қуръон маънолари тушунишдан бошланиши кўп ўтмай унга аён бўлди. У кучли ихлосу тиришқоқлик билан асли қофқозлик Лазгин домла сабоғини олишга тушди. Устознинг Қуръон маъноларини тушунтириш усулини ўзлаштирди. Саккиз-тўққиз ойда бу мактабни муваффақиятли битириб, устозидан оқ фотиҳа олди. Ўзи ҳам бошқаларга сабоқ беришни бошлади. Ўшанда Тошкенти азимда Исмоил отлиқ тўрт машҳур қори яшарди. Шунинг учун унинг исмига яшаган мавзесини қўшишди. У олмазорлик Исмоил қори деб танилди. Ривоятга кўра, фарзандини қори қилиб тарбиялаган ота-она бошига жаннатда тож кийдирилар экан. Исмоилнинг падари бузруквори ҳам халқнинг эҳтиромига сазовор бўлди. Қори акамиз ҳам халқ орасида отасининг исми билан ном чиқарди. Исмоил қори ҳаётнинг аччиқ-чучугини хўп тортди. Йигирма олти ёшли катта ўғли вафот этди. Унга юқтирилган илм ҳаммада ҳам топилавермас эди. Шу боис у пайтларда саноқли бўлган масжидларга имомликка таклиф қилишди. Диний идорада иш бермоқчи бўлишди. У эса устачилигидан қолмади. Лекин эшигига илм истаб, Қуръондан саводини чиқаришни хоҳлаб келганларни умидсиз қайтармади. Ишлаб туриб ҳам уларга сабоқ бераверар эди. Мол-ҳол қилиб, тадбир билан иш юритар, керакли егуликларни томорқасида етиштирар эди. Айниқса, парҳезкор бўлиб, зинҳор исрофга йўл қўймасди. Болалари илм ва ҳунар ўрганишар, доимо бир иш билан банд бўлишар эди. Исмоил қори илмни тирикчилик воситаси қилиб олмади. Оиласи, фарзандлари, шогирддари, маҳалла-кўй аҳлига ниҳоятда жонкуяр яшади. Исмоил қори минг тўққиз юз тўқсон биринчи йилда 80 ёшида оламдан ўтди. Ўтганларни эслаш биз тирикларнинг бурчимиз, қолаверса, Қуръон хулқи билан хулқланган кишиларнинг ибратли ҳаётини зикр этиш кўпчилигимиз учун ибрат бўлиши, яхшиликка ундаши бегумон. Шу боис Исмоил қорини яқиндан билган кишиларнинг мухтасар хотиралари билан сизни таништиришни лозим топдик.
Абдуғани қори ИСМОИЛОВ, ўғли, Тошкентдаги «Жўрабек» жомеъ масжиди имом-хатиби:
— Отам ўзлари ҳақида шукрона тарзида бундай дер эдилар: «Қанча одам билан суҳбатлашмай, дилим билан Қуръон ўқиб туравераман». Менинг ўзим ҳам буни бир неча бор кузатганман. Суҳбат асносида муборак оғизларидан бехосдан Қуръон жумлалари чиқиб кетар, шу ҳолда ўзларини ноқулай сезиб, суҳбатдошларидан узр сўраб қўяр эдилар. Ҳатто бир гал нонушта ва тушки овқат оралиғида хатм қилганлар. Талабалик пайтим эди, адашмасам, кечқурун: «Эртага мени автобусга солвор, Жиззахга бориб келаман», деб қолдилар. Тонгда уйғонибоқ болохонага қарадим. Чироқ ёниқ эди. «Намозларини ўқиётган бўлсалар керак», деб ўйладим. Бир оздан кейин чиқиб салом берсам, бошларини қимирлатиб, алик олган бўлдилар, аммо овоз чиқариб бир нима демадилар. Пастга тушиб, машинага ўтирдик. «Машинада олиб бориб кела қолай, ада, автобусда қийналиб юрасизми?» десам, бошларини инкор маъносида чайқадилар. Соат еттиларда автобусда жўнаб кетдилар. Пешиндан ўтиб, ўқишдан қайтибоқ, отамни суриштирдим. Ҳали сафардан қайтмабдилар. Ярим соатлардан кейин эшик қўнғироғи уч бор жиринглашидан билдим: адам келган эдилар. Эшикни очиб, салом бердим, «Яхши бориб келдингизми», деб ҳол-аҳвол сўрадим. Аммо бир нима демадилар, тўғри болохонага чиқиб кетдилар. Ярим соатдан кейин тепадан «Чой...» деган овоз эшитилди. Югуриб чиқдим. «Яхши бориб келдингизми?» дедим. «Алҳамдулиллаҳ, бомдод намозидан кейин Қуръон хатмини бошловдим, ҳозиргина тугатдим. Сан билан борсам, шунча вақг гап-сўз билан ўтиб кетар, ўқишдан ҳам қолар эдинг, вақтни қадрлаш керак!» дедилар сўзларини якунлаб. Отам шу саккиз соат давомида Қуръони Каримни бошдан-охиригача хатм қилишга улгурган эдилар.
* * *
"Аллоҳга муҳаббатинг кучли бўлгани сари атрофингдагиларнинг сенга меҳр-муҳаббати кучаяди", дердилар. "Бирон-бир куш халта-хуржунда емишини кўтариб юрганини ҳеч кўрганмисан, айг-чи, мента?" деб қолардилар гоҳо. "Қуш ҳам халтада овқатини кўтариб юраркан-ми?" деб ҳайрон бўлсам, саволларига ўзлари жавоб қилдилар: "Куш ҳам Худо дейди, фақат биз тушунмаймиз. Шу боис истаган жойдан ризқини топиб ейди. Биз ҳам қанчалик кўп Худо десак, шунчалик ризқимизни тўкис қилиб беради, мушкулимизни осон қиладиган ёрдамчилар етказиб қўяди". Бунга кўп гувоҳ бўлганман. Уй қурганимизда ҳайдовчи шогирдларидан Абдулаҳад ака ишга кетганида ҳам, қайтганида ҳам эшигимиз олдида юк машинасини тўхтатиб ўтарди. Уйимизга кириб ҳол-аҳвол сўрарди. "Қори аканинг бирон иши чиқиб қолса, оғирини енгил қилишга ҳиссам қўшилиб қолармикан?" деган умидда келаётганини қарашидан билиш қийин эмасди. Ёки чорванинг тилини яхши билган дадамнинг мухлиси Абдувакил ака ҳафта-ўн кунда ҳовлимизга кириб келиб, боқаётган молларимизни кўздан ўтказар, "Мана бу сигирингизни бозорга олиб тушиб, алмаштириш керак экан", дер, отам илтимос қилмасалар-да, мол бозорига тушиб, бошқасига алмаштириб чиқар, рўзғоримиз бут бўлишига ўзича қарашар эди.
* * *
Отам ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўяр эдилар. Кунлардан бир куни Оржоникедзе райони (ҳозирги Қибрай тумани)да ишлаётган ошналарининг олдига бир иш билан борадилар. У: "Ўғлингиз Абдувоҳид ҳам катта бўлиб қолди. Машина олинг. Гўшт топшириш идорасига уч тонна гўшт топширсангиз, етти минг сўм бўлади. Бунга битга "Жигули" олиш мумкин. Мен ёрдам қиламан", деб маслаҳат беради. Отамга бу таклиф маъқул бўлади, Россиядан чорва моллари олиб келадиган ошналарини кўрадилар. Ниҳоят, гўштга мол қабул қиладиган идора томон йўлга чиқишади. Шунда негадир кечувдан ўтаётган бир жойда ҳайдовчи мошинасини тўхтатади. Отам: "Нима гап бўлди, ё мошина бузилди-ми?" дейдилар ҳайрон бўлиб. "Қори ака, молларни бир суғориб олайлик", дейди ҳайдовчи. "Нега суғорасизлар, ҳозир етамиз-ку!" дея баттар ҳайронликлари ошади отамнинг. "Бу моллар вагондан тушганига уч кун бўлди. Сизга ёрдам бўлсин, деб шу пайтгача сув ичирмаган эдим. Ҳозир олти молнинг ҳар бири 50 килодан сув ичса, 300 кило ичади. Бу шунча кило гўшт дегани. Замон шуда, қори ака, оз-моз етмай юрмасин-да", дейди молташир ошна. "Кўнглимни хира қилманг, — дейдилар ҳақиқатни тагига етган, ҳалол ишнинг ҳаромга айланиб қолиши хавфини тушунган отам: — Ҳайданг мошинани, килодан етмаса, пулини тўлаймиз, аммо ҳеч ҳам бундай қилиш керак эмас". Мошина жойидан жилади. Моллар суғорилмасдан олиб борилиб, тарозига тортилади. Кўзланган уч тонна эмас, 3150 кило, яъни бир юз эллик кило кўп ҳам чиқади. "Қори ака, ҳисоблаб кўйган экансиз-да", деб кулган бўлади ҳайдовчи. Отам эса, жиддийлик билан дейдилар: "Барака ҳалолликда. Мен қаердан билибман бу моллар неча кило чиқишини. Ўйлашимча, сиз 100 кило қўшилади деб молларни суғориб борганингизда, тарозибоннинг ҳам хаёлини шайтон ўғирлар, у тарозидан икки юз килони урар... Кўряпсизми, юз кило кўп чиқиш ўрнига 100 кило учун тўлашимиз керак бўларди. Биз алдамаганимиз учун унга ҳам Худо инсоф берди".
Баҳром ИШМАТБЕКОВ, куёви: — Раҳматли қайнотамни ҳар куни камида беш-ўн марта миннатдорлик билан эслаймиз. Ётган жойлари нурга тўлсин, деб дуо қиламиз. Ҳамиша тўғри йўлни кўрсатиб келганлар. Ҳақ амри, ҳақиқатни ҳамма нарсадан баланд қўяр, ким бўлишидан қатьи назар, ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни эслатиб турардилар. Биринчи берган ўгитларини ҳеч унутолмайман. "Аёлингиз қизим, сиз куёвим, аммо оиланинг раҳбари сизсиз. Аёлнинг гапини эшитинг, у билан кенгашинг, майли. Бироқ аёл ожиза-да, ҳамма гапи ҳам тўғри бўлавермайди. Уриб-сўкиб эмас, зўрлик қилиб эмас, адолат билан, ширин гапингиз билан айтганингизни қилдираверинг. Агар доим шунинг гапи тўғри экан, деб юрадиган бўлсангиз, адаша-сиз. Аввал ака-укадан, сал ўтиб, ота-онадан жудо бўласиз. Бу ака-укаси билан ажралиб кетган, ота-онаси ҳолидан хабар олмайди, деб одамлар ҳам сизни менсимай қўяди-ю, элу халқдан ҳам жудо бўласиз. Бундан Худо сақласин". Бу насиҳатлари менга кўп марта далда бўлиб, рўзғорнинг ҳамма томони аввало менинг зиммамда эканини англатиб турарди.
* * *
Нафсни жиловлай билипши, киши ризқини Аллоҳ етказишига қаттиқ ишониш кераклигини ҳам қайнотамдан ўрганганман, десам бўлади. Нархлар оша бошлаган беқарор бир паллалар эди. Аёлим билан у кишини кўришга бордик. Йўл-йўлакай маҳалла гузарида сотилаётган нарсага қизиқдик. Нисбатан арзон баҳода — уч сўмдан картошка сотилаётган эди. Аёлим: "Арзон экан, олиб кетмаймизми, дадаси", деб таклиф қилди. Таклиф менга ҳам маъқул кўринди. Қайнотам зиёратларида бўлиб, ҳол-аҳвол сўраганимиздан кейин: "Бозорда картошка уч сўмдан бўп кетиб-ди", деб ҳайратимни изҳор қилсам, у киши пинакларини бузмасдан, "Ҳовлиқманглар, — дедилар оҳиста. — Ризқингизни Аллоҳ етказади. Картошканинг донаси 25 сўм бўлганида ҳам сотиб олишга қурбингиз етади, Худо хоҳласа". Бу гапдан кўнглимиз хотиржам тортди. Анча паллагача суҳбатларини олиб, дийдорларига тўйган бўлдик. Шундан кейин мободо аёлимми ёки болалар, "Мана бу нарса фалон нархга чиқиб кетибди, яқинда яна нарх-наво ошаркан", деса ҳам, бу менинг кайфиятимни бузолмайди. Бутун картошканинг баҳоси беш юз-етти юз сўм бўлса ҳам, шукр, қозонимиз картошкасиз қайнаётгани йўқ.
Султонмурод ҳожи ХОЛМУРОДОВ, шогирди, Самарқанд шаҳридаги "Хожа Абдударун" жомеъ масжиди имом-хатиби ноиби: — Қори акада илм аҳлига нисбатан меҳр-муҳаббат, ҳурмат катта эди. Мана бу воқеани кўпчилик билади. Етмишинчи йиллардан бошлаб юртимизга араб давлатларидан олимлар келадиган бўлади. Саноқлигина уламоларимиз улар билан учрашиб, имкон борича мулоқот қилишади. Шундай мулоқотлардан бири Рамазонда кечади. Диний идоранинг масъул ходими бир маҳалла-да ўтаётган хатмга меҳмонни бошлаб келади. Бу жойда Исмоил қори ака ўғли, набиралари билан хатм қилишаётган эди. Меҳмон атои Худо. Даставвал араб меҳмон хатмни бошлаб беради, кейин идора вакили, сўнг шу маҳалланинг кўзи ожиз қорисига навбат тегади. Исмоил қори акага эса хатмни якунлаб бериш насиб қилади. Таомил бўйича ҳар бир қори ўзидан олдинги қори биродари қаерда саҳв қилган бўлса, ўша жойни териб-териб, тўғрилаб ўқиб, сўнг келган жойдан хатмни давом этгириши керак. Аммо Исмоил қори ака келган жойидан хатмни давом эттириб, охирида, яъни рукудан олдин қориларнинг хатосини тўғрилаб, хатмини якунлайди. Қори аканинг тиловати меҳмонга ҳам кўп маъқул бўлади. Хатмдан кейин ўзаро суҳбатлашиб ўтиришганида у: "Нега ўзингиздан аввал тиловат қилган қориларнинг хатосини бошда эмас, охирида тузатдингиз?" деб сўрайди. Шунда қори ака бундай деган эканлар: "Сиз меҳмонсиз, идора вакили бошлиғимиз, маҳалла қориси эса шу ернинг одами, қандай сизларни беҳурмат қилишим мумкин? Жамоат аввалги қорилар қаерда хато қилди экан, деб қулоқларини диккайтириб туришади. Охирида эса ҳамма чарчагани боис хатм тезроқ тугашини кутишади. Бошқа нарсага эътибор беришмайди. Сиз қориларга бўлган ҳурматим боис шу йўлни тутдим". Буни эшитган меҳмон ҳам, бошқа қорилар ҳам бир овоздан у кишининг олижаноблигига таҳсин ўқийди.
* * *
1981 йил. Бирдан Худо бердию, ўзимизнинг "Хожа Абдударун" масжиди очиладиган бўлди. Масжидга Мустафоқул домла имом-хатиб бўлиб келди. У кишига ноиб керак эди. Бир қанча ёиш улуғ қориларни ноибликка таклиф этиб кўришди, негадир рози бўлишмади. Шунда имомимиз судрагудек қилиб мени ўзига ноибликка тайинлади. Мен: "Бу ишларингизга ҳозир "ҳа" ҳам, "йўқ" ҳам дея олмайман. Тошкентга устозимиз Исмоил қори аканинг олдига бораман. У кишининг маслаҳатига кўра бу вазифани қабул қиламан ёки йўқ", дедим-да, Тошкентга йўл солдим. Вазиятни қори акага айтган бўлдим. Устоз: "Жуда оғир вазифа елкангга юкланаётган экан. Албатта, ўқиб илмли бўлгандан кейин халққа, юртга, жамиятга хизмат қилмасанг, бу илм нимага керак. Масжид имомига ноиб бўлиб хизмат қилишингга мен қарши эмасман. Лекин баъзи қоидаларга амал қила олишга кўзинг етсагина, ишни бошлайвер. Биринчидан, имом ноиби бўлдим, дея кибрга берилмайсан. Ҳозир қандай бўлсанг, ўзингни ҳамиша шундай тутасан. Иккинчидан, маросим бўлса-бўлмаса, унга чопмай, беш маҳал намоз вақти масжидда бўласан. Учинчидан, қавмларни буниси бой, униси камбағал деб ажратмайсан. Берган бермаган нарсасига қарамай, ҳар бир ишни Аллоҳдан билиб, ҳаммасига бир хил хизмат қиласан. Агар шуларни қилолсанг, ҳеч қачон кам бўлмайсан. Икки дунё юзинг ёруғ бўлади. Бўлмаса ҳозиқроқ бу ишни йиғиштирганинг маъқул кўринади", дедилар, кейин оқ фотиҳа бердилар. Бу билан ҳам кифояланмасдан 1982 йили Рамазонда Тошкентдан Самарқандга алоҳида келиб, ишимни кўрдилар, имтиҳон қилгандай бўлиб, ўн кунлар ёнимда турдилар.
* * *
1990 йили Рамазоннинг файзи футуҳи мен учун бошқача бўлди. Қори акам Тошкентдан келиб, ўн кун масжидимизда хатмга ўтиб бердилар. Кетаётган кунлари уч-тўрт масжид фаоллари гувоҳлиги-да олдимга пул қўйдилар. " Қавм кўпайиб, масжид хонақоҳи кичкина бўлиб қолибди. Орқа томонида озгина жой бор экан, шу ерга бинони чўзиб, яна бир ҳонақоҳ қурса бўларкан, бу шунга", дедилар. Шундай қилиб Самарқанд шаҳридаги "Хожа Абдударун" жомеъ масжиди намозхонаси кенгайди. Янги қўшилган жой тошкентлик Исмоил қорининг маблағи ҳисобига қурилди. 1991 йил баҳорида шаъбондан рамазонга ўтар кечаси илк бор таровеҳ намозини шу ерда ўқидик. Ўша Рамазонда ҳам ўн кун қори аканинг ўзлари ёнимизда бўлиб, илму ўгитлари билан масжидимиз қавмини кўп хурсанд қилдилар. Тошкентга қайтарда, "Самарқанд билан энди тоабадга хайрлашиб кетяпман", деб биз билан хўшлашдилар. Кўп ўтмай қаттиқ оғриб қолдилар. Ҳар жума куни Тошкентга тушиб, зиёратларига борардим. Охирги жума борганимда "Иним Султонмурод бу сафар жума намозини Самарқандда ўқиб, душанба куни Тошкентга келинг", дедилар. Душанба куни борганимда эса жанозаларига қатнашишимга тўғри келди... Илоҳим, охиратлари обод бўлсин.
Абдуқаюм ҲИКМАТ, шогирди, Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги маданият ва ўқувмаркази ўқитувчиси: — Баъзилар: "Қори акага ҳадеб савол бераверманг, уришиб берадилар", дейишарди. Ҳеч ҳам ундай эмас экан. Балки тоши енгил, сўрамаса ҳам бўладиган арзимас нарсаларни сўраш, савол берувчиларнинг «қитмирлиш» ғазабларини келтирган бўлса ажабмас. Мен Қуръон маъноларини билишда устозни турли-туман ҳаётий, фалсафий, ҳатто сиёсий саволларга кўмиб ташлардим. Бирон марта оғринганларини кўрмаганман. Балки чиройлари очилиб: "Сиз мулла йигит, оз ўқигансиз-да, Қуръонни олиб, уч пора ўтказиб, фалон бетини очинг, фалон қаторнинг бошидан ўқинг", дердилар. Мен ўқир, у киши таржима қилар, ана шу таржимада ҳар қанақа саволимга аниқ-тиниқ жавоб бўларди. У киши: "Китобдан бир саҳифа ўқисангиз, сизга бир қатори маъқул бўлса, таъсир қилса, ўша жойни қайта-қайта ўқинг, эсингизда сақлаб қолишга ҳаракат қилинг, илм шундай йиғилади", дердилар. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом): "Такрорлашда ҳикмат кўп", деган ўгитларини қори акам ўзларининг дарс бериш усулларига айлантирган эдилар.
* * *
Хорижда таҳсил олаётган эдим. Таътилда келсам, домлани бетоб деб эшитдим. Зиёратларига шошилдим. Олдиларига кирсам, аҳволлари ҳақиқатдан ҳам оғир эди. "Яхши бориб келдингизми, Арабистондан қандай китоблар олиб келдингиз?" дедилар. Келтирган китобларимни айтдим, "Йигирма жилдлик "Тафсири Куртубий"ни кўрмаган эдим", дедилар бир оғиз. "Қори ака, келтириб бераман, кўрасиз", деб чиқиб кетдим. Ўша куниёқ келтирдим. Кўриб, хотиржам бўлибдилар.
Мендан қизиқиб сўраган сўнгги нарсаси ҳам китоб бўлган устозни ҳар сафар эсласам, кўнглим ёришади.
Сўнгсўз
Исмоил қори Исмоил сўфи ўғли эътиқод эркинлиги тақиқланган, имонсизлар ҳукмрон бўлган оғир замонда имкони борича бошқаларни ҳам ҳақ йўлга бошлади. Солиҳ фарзандлар, шогирдлар қолдирди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Қуръон қориларига бундай хушхабар берадилар: "Қиёмат куни қабр очилганида Қуръон ўз соҳибига мадорсиз, юзи оқарган кишига ўхшаб йўлиқади ва унга: "Мени танийсанми?" дейди. У: "Танимайман", дейди. Шунда Қуръон: "Мен сени чошгоҳ иссиғида чанқатган ва кечалари бедор қилган дўстинг Қуръон бўламан, албатта ҳар бир тожир ўз тижоратининг пайида бўлса, сен бугун бутун тижоратларинг кетида бўласан", дейди ва мулк ўнг қўлига ва боқийлик чап қўлига берилади. Бошига виқор тожи кийгизилади, ота-онасига бу дунё қийматига тенг бўлмайдиган олий қийматли кийимлар кийдирилади. Шунда улар: "Нима учун биз бу кийимларни кийдик?" дейишади. "Фарзанддарингиз Қуръонни ёд олгани сабабли", дейилади. Сўнг қорига ўқи ва жаннат даражалари ва хоналарига кўтарил, деб айтилади. Ҳофиз Қуръонни тез ёки секин ўқишидан қатъи назар, ўқигани сари кўтарилиб бораверади" (Имом Аҳмад ривояти). Имом Хатгобий дейди: "Қуръоннинг барча оятларини эгаллаган киши охиратда жаннат даражаларининг энг чўққисига эга бўлади". Олмазорлик Исмоил қори оғамизга ҳам жаннатда шундай даражалар берилишини Аллоҳдан ўтинамиз.
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ
|