Шайх Абдулбосит Абдуссамад | ||
|
Normal 0 false false false false RU X-NONE AR-SA
Қориларнинг амири Абдулбосит ибн Муҳаммад ибн Абдуссамад ибн Сулайм
Шайх Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад 1927 йилда, Мисрнинг жанубида жойлашган Қина муҳофазасидаги Армант шаҳарчасига қарашли Муроаза қишлоғида туғилдилар. У киши Қуръони Каримни ҳифзий ва тажвидий жиҳатдан маҳкам тутган, бир пок оилада ўсиб улғайдилар. Боболари бўлмиш шайх Абдуссамад, ҳифзлари кучли, тажвид илмида мустахкам машҳур қорилардан эдилар. Оталари шайх Муҳаммад Абдуссамад хам Қуръонни тажвид билан чиройли ўқийдиган қорилардан эдилар. Шайх Абдулбосит кичкина бўлишларига қарамасдан 6 ёшларида Қуръонни ёд олаётган акалари Маҳмуд ва Абдулҳамидларга қўшилиб куттабга бордилар. Куттабда бу иқтидорли болани шайх Амир мамнуният билан кутиб олдилар. Шайх Абдулбосит шайхнинг Қуръондан бераётган сабоқларини диққат билан кузатар, берилган дарсларни қизиқиш ила жуда тез ёд олар эдилар. Уйга қайтаётганларида шайхларидан ниманики эшитган бўлсалар, инсон эшитса, роҳат оладиган гўзал овоз ила ўқиб кетардилар. Бу жиҳатлари билан шайх Абдулбосит бошқа тенгдошларидан ажралиб турардилар. Шайх Абдулбосит ўзлари ҳақида шунда дейдилар : «Ёшим 10 га тўлганда Қуръонни ёд олиб бўлдим. Ўша пайтларда отам Темир йўллар вазирлигида ишлар эдилар. Бобом ўша вақтдаги машҳур уламолардан бири эдилар. Мен бобом ва отамдан қироат илмини ўрганишликка ижозат сўраганимда, улар менга Танто шаҳрига бориб, Қуръон ва қироат илмларини шайх Муҳаммад Сулаймнинг қўлларида таҳсил олишимни маслаҳатни беришди. Аммо Армант билан Танто шаҳрининг орасидаги масофа жуда узоқ эди. Сабаби Армант шаҳри Мисрнинг жанубидаги шаҳарлардан бири ҳисобланса, Танто шаҳри денгиз бўйидаги шаҳарлардан бири эди. Лекин шунга қарамасдан, бу илмлар менинг келажагимга боғлиқ бўлганлиги сабабли, сафарга отландим. Танто шаҳрига кетишимдан бир кун олдин, тўсатдан, мен унинг қўлида таҳсил олмоқчи бўлган шайх Муҳаммад Сулаймнинг ўзлари, Армант шаҳрига келаётганларини, шаҳримиздаги диний мадрасада қироат илмидан мударрис этиб тайинланганликларини эшитдик. Армант аҳли у кишини жуда хурсандчилик ила қарши олдилар. Бу хурсандчиликлар байрамга айланиб кетди. Сабаби, Армант аҳли у кишининг илмда бўлган қадрини билишар эди. Шаҳар аҳли у кишига Қуръон ёд олдирадиган марказ очиб беришди. Шайх Муҳаммад, у ерда болаларга Қуръонни ёд олдирар, Қуръон ва қироат илмларидан дарс берар эдилар. Мен хам у кишининг қўлларида Қуръонни тўлиқ қайтардим, сўнг еттита қироат илмига тегишли бўлган «Шотибийя» матнини ёд олдим».
Шайх Муҳаммад Сулайм қаерга борсалар шайх Абдулбоситни мақтар эдилар. Шайхнинг бу ишончи, барча одамларнинг шайх Абдулбоситга нисбатан бўлган улкан ишончига сабаб бўлди. Шайх Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад 12 ёшга тўлганларида, у кишига Қина муҳофазасининг барча шаҳарчаю қишлоқларидан чақирувлар кела бошлади. 1950 йил шайх Абдулбосит 23 ёшга тўлганларида қариндошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларидан бўлмиш Саййидаи Зайнабнинг мавлудларига бағишланган байрамга бордилар. У ер ( Саййидаи Зайнаб масжиди) га ўша вақтнинг машҳур қориларидан саналган шайх Абдулфаттоҳ Шаъшаъий, шайх Мустофа Исмоил, шайх Абдулъазим Заҳир, шайх Абулъайн Шаийшаъ ва бошқа кўзга кўринган машҳур қорилар ҳам ташриф буюришган эдилар. Масжид, Мисрнинг турли бурчакларидан келган одамлар билан тўлиб-тошган эди. Шайх Абдулбоситнинг қариндошларидан бири байрам ташкилотчиларидан бу иқтидорли бола масжид аҳлига ўн дақиқа Қуръон тиловат қилиб беришлигига ижозат сўрашди. Улар ижозат бердилар. Шайх Абдулбосит чеки кўринмас даражада йиғилган жамоат орасида Аҳзаб сурасидан тиловат қилишни бошладилар.
Масжидни сукунат қоплади. Ҳамманинг назари буюк қориларнинг жойида ўтирган кичкина қори томон юзланди. Орадан бир зум ўтмай, масжиддаги сукунатни қалблари тиловатнинг лаззатидан ларзага келган одамларнинг, беихтиёр «Аллоҳу акбар», «Аллоҳ яна ҳам зиёда қилсин» ва шунга ўхшаган нидолари эгаллай бошлади. Шу кеча шайх Абдулбосит ўн дақиқа емас, балки бир ярим соатдан зиёдроқ тиловат қилдилар. 1951 йилнинг охирларида шайх Зоббаъ шайх Абдулбоситни радиода қори сифатида Қуръон ўқишликка таклиф қилдилар. Бу таклифга сабаб, Шайх Абдулбоситнинг Саййида Зайнаб масжидида, одамларнинг қалбларини ларзага келтириб, уларга Қуръон ҳаловатини инъом этган тиловатлари ёзилган тасма Шайх Зоббаъда бор эди. Шайх Зоббаъ ушбу тасмани радио маъмуриятига тақдим қилган ва бу тасма орқали шайх Абдулбосит нафақат радио маъмуриятини, балки минглаб эшитувчиларнинг эътиборини қозониб улгурган эдилар. Орадан кўп ўтмай шайх Абдулбосит доимий яшашлик учун оилаларини Қоҳирага олиб келдилар. Улар шайх Абдулбоситнинг машҳур бўлишига сабаб бўлган Саййидаи Зайнаб мавзесида яшай бошладилар. Шайх Абдулбосит радиода Қуръон ўқиб юрган кезларида,ҳоҳ шаҳар бўлсин ҳоҳ қишлоқ − жуда озчилик одамда радио жиҳози бўлар, бошқалар ҳам эшитишлари учун радионинг овозини баланд қилиб қўйишга тўғри келар эди. Шундан сўнг шайх Абдулбоситнинг овозини эшитиш учун одамларда радиога бўлган эҳтиёж ошди. Радио ишлаб чиқариш бир неча маротабага кўпайтирилди. Шу тариқа шайх Абдулбоситнинг овози секин-аста бутун оламга ёйила бошлади. Шайх Баттихий шайх Абдулбосит ҳақида ушбуларни ёдга олиб айтадилар: «Рамазон ойларида шайх Абдулбосит турли қишлоқларга Рамазон кечаларини ўтказиб бериш мақсадида чақирилардилар. Шайх Абдулбоситдан бирор киши Қуръон ўқиб беришликни сўраса, ҳеч қачон рад қилмас эдилар. Кейин у кишига вилоятлардан чақирувлар кела бошлади. Бир сафар Қоҳира шаҳридаги имом Ҳусайн масжидига чақирилдилар. У ерда Наҳл сурасидан бир рубъ ўқидилар. Бундан таъсирланган одамлар у кишидан ўқилган оятларни яна қайта- қайта ўқишларини илтимос қилган эдилар». Шайх Абдулбоситнинг биринчи сафарлари, 1952 йилда оталари билан ҳаж фарзини адо қилишлик учун Саудияга боришлари билан бошланди. Саудияликлар бу зиёратни Аллоҳ таоло уларга берган улуғ бир иноят, қулай фурсат санашиб, радиода қўйиб тарқатишлик мақсадида, у кишидан овозлари ( Қуръон ўқиб беришлари )ни ёзишликни илтимос қилишди. Шайх Абдулбосит ҳеч иккиланмасдан бу таклифни қабул қилдилар ва бир неча тиловатлар ёзилди. Саудия Арабистонида ёзилган тиловатларнинг энг машҳурлари, Ҳарам ва Набавий масжидларида ёзилган тиловатлар саналади. Сўнг у кишига турли мамлакатлардан чақирувлар кела бошлади. Бу чақирувлар гоҳида Рамазон кечаларини ўтказиб бериш учун ёки бўлмаса бирор бир байрам муносабати билан бўлар эди. Жумладан, у киши ҳаётлари давомида Ҳиндистон, Покистон, Саудия арабистони, Сурия, Фаластин, Ливан, Малайзия, Индонезия, Марокаш, Сенегал, Америка Қўшма Штатлари, Фрацсия, Англия ва яна бир қанча давлатларга сафар қилдилар. Шайх Абдулбосит борган машҳур масжидлардан: Макка шаҳридаги Масжидул – Ҳаром, Мадина шаҳридаги Масжидун- Набавий, Қуддус шаҳридаги Масжидул-Ақсо, Халил шаҳридаги Масжидул-Иброҳимий, Димашқ шаҳридаги Масжидул-Умавий масжидларидир. Шайх Абдулбосит ҳаётлари давомида бир неча давлат президентлари билан учрашдилар ва улар томонидан бир неча бор тақдирландилар ҳам. Жумладан 1959 йил Сурия президенти, 1965 йил Малайзия президенти, 1975 йил Сенегал президенти, 1980 йил Покистон президенти, 1984 йил яна Покистон президенти, 1987 йил миср президенти томонларидан олтин нишонлар билан тақдирландилар. 1988 йил 30 ноябрь чоршанба куни Шайх Абдулбосит вафот этдилар. У кишининг жанозалари расмий жаноза деб эълон қилинди. Жанозага барча араб давлатларининг элчилари, президентлар, вазирлар ташриф буюрдилар. Шайх Абдулбосит Қоҳира шаҳридаги «Басатин» қабристонига дафн қилиндилар. Аллоҳ у кишини ўзи раҳмат ва мағфират қилган бўлсин.
|