Шайх Маҳмуд Алий Банно
Босма

Мисрлик машҳур қорилардан бири, шайх Абдулбосит, шайх Халил Хусарийларнинг яқин сафдоши, «Фаришта овозли» дея лақаб олган устоз шайх Маҳмуд Али  Банно 1926 йили 17 декабрда Мануфия муҳофазасидаги Шабинул-Кумнинг маркази бўлган Шабробос қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Ҳожи Али  Раййиф тўнғич фарзанди қиз бўлгани учун бир ўғил фарзанд кўришни қаттиқ орзу қилиб юрар эди. Қолеверса, унга деҳқончилик билан шуғулланиб тургани боис дала ишларида ва олди-сотди учун бир дастёр, ёрдамчи керак эди. Аммо Аллоҳ унга ўғил берганида чақалоқни кўриб, унинг фикри ўзгарди: жаннатга элтадиган энг яқин ва осон йўл – Аллоҳ таолонинг тоатидир. Ота-онага ҳақиқий манфаат берадиган, уларнинг ҳаққига хайрли дуо қиладиган солиҳ фарзандни тарбиялаш учун ҳам айнан шу йўлни танлаш керак. Қолаверса, инсон том маънода бахт-саодатга эришиши учун мустаҳкам қўрғон, етарли озуқа ва йўлини ёритувчи машъалага муҳтож. Буларнинг барчаси Қуръони Каримда мужассамдир. 
Ҳожи Али  жаннат бўйи уфуриб турган бу чақалоқни қўлига олар экан, унинг буюк неъмат эканини бутун вужуди билан ҳис қилди. Уни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, юзлари қувонч ёшлари билан ювилди. У янги туғилган фарзандга яхши ният билан ўзининг энг қаттиқ севган кишиси – Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан бирини қўйди: чақалоқнинг исми Маҳмуд бўлди. «Исмнинг шахсга таъсири бор», деган ҳикмат шу гўдакда яққол кўринди. Маҳмуд бутун ҳаёти давомида мақтовга лойиқ бўлди.
У туғилиши билан хонадонга файз-барака ёғила бошлади. Унинг хонадонга қадами ярашгани яққол сезилиб турарди. Буни яхши пайқаган оила бошлиғи Али  Банно гўдак ўғлининг билим-маърифатли, Қуръон ходими бўлишини орзу қилиб, қишлоқдаги Шайх Мусонинг хусусий мактабига олиб борди. Ўшанда Маҳмуд ҳали беш ёшга тўлмаган эди. Али Банно ўз мақсади йўлида ҳеч нарсани аямай, бор имкониятини ишга солди, бутун вужуди билан ҳаракат қилди.
Одатда шогирдларнинг дарсни пухта ёдлашига, Қуръонни тажвид билан адо этишларига қаттиқ эътибор берадиган талабчан устоз   шайх Мусо янги талабаси Маҳмудга нисбатан янада талабчанлик билан ёндашди. Чунки болада улуғлик аломатлари, хусусан, Қуръонга моҳирлик иқтидори шундоқ кўриниб турарди. Зеҳн-хотирасининг ўткирлиги, фаҳму идрокининг кучлилиги ва тилининг бурролиги уни ҳаммадан ажратиб турарди.
Хонадонда ҳам кичкинтой талаба Маҳмуднинг Қуръонга қизиқиши, уни осон ёд олиши, кундалик вазифаларини  тайёрлаши учун барча шароит ҳозирланган эди. Ота-онаси Маҳмуддан ҳар куни мактабдан келиши билан дарсни қандай топширганини ва қанча сабоқ олганини сўраб, муваффақиятлари билан уни олқишлашар, камчиликка йўл қўйган бўлса, унга насиҳат қилишар, ўрни келганда турли воситалар билан уни рағбатлантириб туришар эди.
Али  Баннонинг айтишича, Маҳмуд болалигида айрим ҳодисаларни олдиндан айтиб қолар экан. Бир куни у «Туя йиқилди! Туя йиқилди!» деб қолибди. Буни тушунмай унга: «Сен нима деяпсан ўзи?» дейишибди. Шунда у яна: «Туя йиқилди», дебди. Бу гапнинг мазмунини қишлоқдаги туя лақабли барзанги одам шу куни тўсатдан вафот этгач, тушунишибди.
Маҳмуд Али  Банно ўзининг талабалик вақтларини шундай эслайди: «Мактабда ўқиб юрганимда, олган сабоқларимни ёдлашга ниҳоятда ўч эдим. Кечаларни ухламай бедорликда ўтказар, уйга берилган дарсни тайёрлаб бўлиб, эртанги оладиган сабоғимни ҳам тайёрлашга тушар эдим. Ёдлаб бўлгач, иккала сабоқни бирданига қўшиб ёдлар эдим. Устозимнинг бир сафар мени навда билан ургани ҳар доим эсимда турарди. Ўшанда мендан ҳеч қандай айб ўтмаган эди, дарсни яхши топширган эдим, сабоқни ҳам зийраклик билан тинглаб, яхши ўзлаштириб олган эдим. Шу боис, устоз мени нега калтаклаганини тушуна олмай, қаттиқ ранжидим. Уйга қайтганимда, дод деб йиғлаб юборганман. Онамга: «Устозим мени янги сабоқни яхши ўқиб берсам ҳам, урди», деб шикоят қилганман. Шунда онам: «Мен устозингга сенинг пахтазорга кетиб қолиб, пахта тераётганларнинг олдида ўйнаб, уларни томоша қилиб юрганингни айтиб берган эдим. Устозинг сени шунинг учун урган. Болажоним, агар сен шунга одатланиб қолсанг, Қуръондан узоқлашиб, оқибатда Қуръон ҳам сендан узоқлашиб кетишидан қўрқдим. Мен доимо сенинг фойдангни, келажагингни ўйлайман. Чунки сен аҳли Қуръон бўлишинг керак, Қуръон учунгина яшашинг керак. Маҳмуд, болажоним! Шуни билгинки, Қуръон гўзалдир ва ўз соҳибини ҳам гўзал даражаларга кўтаради», деди.
Мен ўша куни сабоғимни тайёрлай олмадим. Эртасига устоз яна калтаклайди деб қўрқиб, мактабга ҳам бормадим. Бир пайт уйимизга халфа кириб келди. У жуда новча бола эди, икки метрча бор. Бирдан билагимдан тортиб, мени ташқарига олиб чиқди. Мен унга: «Тўхта! Ҳеч йўқ нон-пон олиб, оёқ кийимимни кийиб олай», дедим. У эса: «Бўлақол, вақт зиқ», деди. Ўшанда мен ўзимни кимсасиз, ғариб ҳис қилган эдим, чунки бирортаси уйдан чиқиб, мени халфадан қутқармаган эди. Кейин билсам, буни устозим билан ота-онам бамаслаҳат қилишган экан. Халфа мени тўғри устознинг олдига олиб кирди. Мен устоз энди мени нима қилса қилади, деб ўйлаб турар эдим. Аммо устозим менга жуда ҳам мулойимлик билан яхши муносабатда бўлди, узоқ насиҳат қилди ва мени қайта урмаслигини айтди. Мен ҳам у кишига доим мактабга келишга ва Қуръонни, албатта, ёд олишга ваъда бердим…»
Маҳмуд Али  Банно берган ваъдасига вафо қилиб, унинг устидан чиқди. Қуръонни пухта ёд олиб тамомлади. Унга нафақат талабалар, балки устозлар ҳам ҳавас билан боқар эди. Аллоҳ унга Қуръон ўқишга ана шундай маҳорат насиб этган эди, тажвид ва адоси маромида эди. Унинг қироатини тинглаган киши беихтиёр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан биргадир», деган сўзларини эсга олар эди. Устоз ва талабалар ора кунда Маҳмуднинг қироатини тинглашни соғиниб қолиб, ундан Қуръон ўқиб беришини илтимос қилишар эди. Энг муҳими, кичкинтой Маҳмуднинг ўзини тутиши, юриш-туриши ҳам ўқиган Қуръонига монанд эди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, мактабдаги бошқа талабалар ҳам унга қизиқиб, қори бўлишга қаттиқ бел боғлашди. Қишлоқдагилар энди ўн икки ёшга тўлмаган бу кичик қорини «Шайх» деб чақиришадиган бўлди. У ўша пайтда қишлоқдаги энг ёш қори эди.
Шайх Маҳмуд кейинчалик эслайди: Қуръонни тўла ёд олиб бўлганимдан сўнг ҳофизи Қуръон бўлганим шарафига уйимизда «Қуръон тўйи» деб номланадиган кичик бир маросим уюштирилди. Бу маросимда устозим Шайх Мусога одамлар турли хил совғалар беришди. Уларнинг устозга: «Шундай қорини тайёрлаганингиз учун ташаккур, раҳмат», деявериб эслари кетар эди.
Ҳожи Али  Банно ҳам дин илми уламоларидан бўлишни, динга хизмат қилишни жуда ҳам орзу қилган эди. Бироқ давр тақозоси ва оилавий шароит унинг бу умидларини йўққа чиқарди. Лекин унинг ушбу ихлосу муҳаббати зое кетмади: унинг исмини ўз номи билан бирга тутадиган ўғли Маҳмуд у кутгандек буюк шахс бўлиб етишди. Алий Банно ўзи чиқишни орзу қилган чўққилларда ўғли Маҳмудни кўриб, кўзалри қувончга тўлди, қалби таскин топди.
Шайх Маҳмуд шундай дейди: «Отам мени Шабинул-кум шаҳридаги диний маъҳадга ўқишга олиб бормоқчи эди. Лекин отамга дўстларидан бири мени Танто шаҳридаги «Миншавий» маъҳадига олиб боришни маслаҳат берибди. Чунки бу даргоҳга Қуръонни ёд олганларни тўғридан-тўғри қабул қилинар экан. Шу боис улар мени ҳам дарҳол қабул қилишди.
Маъҳад гилам ва бўйралар тўшалган синфлардан иборат бўлиб, ҳар синфда ўттизтадан қирқтагача талаба таҳсил оларди. Аллоҳ менга қориларга тақлид қилиш иқтидорини берган эди. Маъҳадда шайх Муҳаммад Рифъатга тақлид қилиб қироат қилганимда, мени эшитиш учун атрофимга одамлар тўпланиб кетар эди. Кейин мени Қуръон ўқиб беришим учун Аҳмадий масжидида ўтказиладиган қироат йиғинларига ҳам чақириб туришадиган бўлди. Ўша пайтларда мен «Мўъжиза бола» деган ном билан танилдим. Чунки мендан халқ севиб тинглайдиган қорилар: шайх Муҳаммад Рифъат, шайх Муҳаммад Салома, шайх Абдулфаттоҳ Шаъшаъий ва шайх Муҳаммад Суддий каби машҳур устозларга тақлид қилиб ўқиб беришни талаб қилишар, мен уларнинг бу таклифларини ҳеч иккиланмай қабул қилиб, тақлидни жойига қўйиб қўяр эдим ва бу билан мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис этар эдим. Юзлаб тингловчилар турли олқишлар билан мени яна ҳам шижоатлантириб юборар, натижада, маҳоратим яна ҳам ортиб, янада чиройлироқ ўқишга ўзимда қувват топар эдим. Ўшанда ёшим ўн иккида эди.
Маъҳаднинг катта устозларидан бўлган шайх Саъудий ва Шаъшаъийлар менга: «Эй Маҳмуд! Сен маъҳаднинг сарфу наҳв каби дарсларини ўқиб юрмай, Танто шаҳридаги «Аҳмадий» масжидига бориб, ўша ерда қироат илмларини ўрган. Чунки Аллоҳ сенга мумтоз овоз берган, сен қори бўлиш учун яратилгансан», дейишди. Мен «Аҳмадий» масжидига бориб, марҳум шайх Иброҳим Салломнинг қабулига кириб, унинг кўригидан ўтдим. У киши одатда маъҳадга кирмоқчи бўлган ҳар бир ўқувчининг Қуръонни қанчалик пухта ёд олганини, тажвидини, талаффузини, қироатга бўлган эътиборини ва ташқи кўринишини ҳам яхшилаб текшириб кўриб, маъқул келса, кейин уни маъҳадга қабул қилар эди».
Кичкинтой Маҳмуддаги иқтидорни кўриб, унинг бетакрор овозини эшитиб, шайх Салломнинг унга муҳаббати тушиб қолди. Унга имом Шотибийнинг «Шотибия» китобини ва тафсирини ёд олдирди. Маҳмуд шайхнинг қўлида Қуръон илмларини ва ўн қироатни ўрганди.
Маҳмуд Али  Банно ўн беш ёшга тўлганда довруғи яна ҳам кенг тарқалди. У энди тақлид қилиш босқичидан ўтиб, ўзига хос мактаб ярата бошлаган эди. У бошқа қориларнинг қироатларидан ажралиб турадиган, ўзига хос рангда, гўзал бир суратда қироат қилар эди. Тез орада унинг бетакрор қироати миллионлаб Қуръон шайдоларининг қалбидан жой олди.
Шайх Маҳмуд Али  Банно шундай дер эди: «Қори, аввало, Қуръони Каримни пухта ёд олиши ва уни тажвидга мувофиқ ўқишга моҳир бўлиши керак. Шу билан бирга, у тарбияланган овозга эга бўлиши даркор. Кейин ундан тақлид қилиш малакасини қўлга киритиши талаб қилинади. У шу даражада тақлид қилсинки, унинг қироатини эшитган киши ўзини у тақлид қилаётган қорини тинглаётгандек ҳис қилсин, ўша қори унинг кўз ўнгида гавдалансин. Шундан сўнг у ўзининг шахсий услуби ва овозини шакллантиради. Уни эшитган киши дарҳол: «Бу фалон қори-ку», дея олади. Мен бир умр тақлид қилиб юришни оқламайман. Ҳар бир қори ўзига ҳос услубга, қироатга эга бўлиши лозим».
Маҳмуд Али  Банно ўн саккиз ёшга тўлгач, шайх Иброҳим Салломнинг тавсияси билан, илм талабида илм ва уламолар юртига – Қоҳира  шаҳрига борди. Шайх Банно бу пайтда Қуръон илмларини тўла эгаллаган, қироатда моҳир, чиройли овоз ва гўзал тиловат соҳиби бўлиб етишиб бўлган эди.
Шайх Маҳмуд Али Банно айтади: «1945 йили Қоҳирага йўл олдим. Мақсадим   машҳур, мўътабар қориларга яна ҳам яқинроқ бўлиб, улардан фойдаланиш эди. Мен уларнинг ўзимга ёққан ва мени ҳайратга солган қироатларини тасмага ёзиб олар эдим. Кейин уйга бориб, тасмани қайта-қайта эшитиб, ўша эшитган оятларимни худди ўша қорилардек тиловат қилишга ҳаракат қилар эдим».
Маҳмуд Али  Банно 1946 йили нашида айтиш бўйича катта шуҳратга эга бўлган ва мақом (мусиқий ноталар) илмида етук мутахассис саналган шайх Дарвеш Ҳаририй билан учрашади. У киши шайх Маҳмудга мақомларни пухта ўрганишида ва уни тиловатда татбиқ қилишда катта ёрдам беради.
Мисрдаги машҳур радиолардан бири «Шабанул-муслимин» жамияти радиоси масъулларидан бири Саййид Абу Ос масжидлардан бирида Маҳмуд Али  Баннонинг қироатини эшитиб, ёқтириб қолади ва уни радиода Қуръон ўқиб беришга таклиф қилади. Катта устозлар ва қироат илмининг мутахассис билимдонларининг имтиҳонидан ўтгандан кейин унинг қироатлари радиода тўлқинларида ҳам янграй бошлайди. Шу пайтгача Мисрда қорилар ичида радиога тиловат қилиб беришни энг эрта бошлаган қори Абулъайнайн Шаъшаъий эди, у йигирма ёшидан радиога Қуръон ўқиб беришни бошлаган эди. Шайх Маҳмуд бу борада иккинчи қори бўлди: йигирма икки ёшидан ушбу хизматга бел боғлади. Унинг тиловати 1948 йил декабрь ойида илк бор радиода эшиттирилди. Унинг мунгли, ёқимли овози тўғридан тўғри ҳаво тўлқинларига узатилар эди.
Шайх Маҳмуднинг радиода навбатдаги қилиши керак бўлган ишлардан бири Қуръони Каримнинг тўлиқ хатмисини овоз тасмасига тушириш эди. У бунга тўла ҳақли ҳам эди.
1965 йили Миср раҳбари Жамол Абдунносир Ҳусайннинг отаси вафот этганда мамлакатнинг энг йирик, машҳур уламолари ва қорилари мотамхонага ташриф буюришди. Устоз Мустафо Исмоил, Маҳмуд Халил Хусарий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, шайх Абдулбосит Абдуссамад, шайх Бахтимий ва бошқалар қатори Маҳмуд Али  Банно ҳам бор эди.
Шайх Маҳмуд ўша маросим ҳақида қуйидагиларни эслайди: «Ўшанда Жамол Абдунносир менга : «Эй шайх Маҳмуд! Мураттал қироатингизни ҳам эшитсак бўладими?» деди. Чунки ўша пайтда мураттал (Қуръонни ўртача тезликда ўқиб хатм қилиш) қироати радиога узатиладиган ягона қори шайх Хусорий эди. Мен у кишига: «Ҳа, албатта», дедим-да, ўн дақиқа тартил билан, ўртача тезликда қироат қилдим. Шунда Жамол Абдунносирнинг котиби Муҳаммад Аҳмад менга: «Сиз нега радиода эшиттирилиши учун муроттал қироатингизни ёздирмайсиз?» дедилар. Шунда мен: «Агар сиз мендан шуни истасангиз, мен буни кечиктирмайман», дедим.
Кейинорқ мен диний ишлар бўйича раҳбарларнинг ташаббуслари билан Қуръонни тадвирда тасмага ўқиб беришга киришдим ва эллик кундан оширмай бу ишни тамомладим. 1967 йилнинг бошида бу тасма радиода эферга берилди. Бу вақтга келиб шайх Абдулбосит, Муҳаммад Миншавий ва Мустафо Исмоилларнинг хатмилари тўлиқ тасмага туширилиб бўлган эди».ч
Шайх Али  Банно кўплаб уламолар ва қорилар билан яқиндан алоқада бўлган. Хусусан, у ХХ аср муфассири лақабини олган, бир неча йил Азҳари шариф шайхи вазифасида хизмат қилган машҳур олим шайх Мутаваллий Шаъровий жаноблари билан жуда яқин дўст эди. Уларнинг ўртасидаги суҳбатлар асосан Қуръони Карим мавзуида бўлар эди. Улар ҳақиқатан ҳам Аллоҳ учун, Аллоҳнинг каломи учун дўст бўлишган эди.
Шайх Али  Банно кўплаб халқаро анжуманларда, турли тадбирларда иштирок этиб, Қуръон тиловат қилиб берган.  Азҳари Шариф раҳбарияти бир қатор Қуръон мусобақаларида у кишини ҳакам этиб тайинлаган. У Ислом оламнинг қатор мамлакатларида, шунингдек, бир қанча Европа мамлакатларида хизмат сафарида бўлган. У киши Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги икки Ҳарамда ҳамда Қуддусда Масжидул-Ақсода Қуръон ўқиб берган.
Шайх Маҳмуд Мадинаи мунавварадаги сафари ҳақида қуйидагиларни эслайди: «Мадинадаги Ҳарамда Қуръон ўқиб берадиган бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари олдида Қуръон ўқишга киришар эканман, кўнглимдан бир гап ўтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимда бўлсалар, мен қандай Қуръон ўқийман?!»  Бир муддат қироат қилолмай тутилиб қолдим, овозим чиқмас эди. Кўзларимдан ёш қуюларди. Шунда Аллоҳ мени ҳидоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрадим. Бирдан ўзимда енгиллик сездим ва Аҳзоб сурасидан қироат қилдим. «Эй Набий! Албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи ва огоҳлантриувчи қилиб юбордик», деган мазмундаги оятга келганда, ундан ўтолмай қолдим. Шу бир оятни йигирма мартадан ортиқ қайтардим. Тингловчилар менга «Яна қайтар! Яна қайтар!»дейишарди».
Шайх Маҳмуд ҳаётининг сўнги йилларида, 1984 йил «Қуръон қорилари ва устозлари уюшмаси»га асос солинишида ҳам муҳим роль ўйнади. У ўша даврда Миср ҳукуматининг раҳбари бўлиб турган Анвар Садатнинг олдига шу масалани кўтариб кирди. Анвар Садат шайх Маҳмудни қаттиқ эҳтиром қилар, у билан дўстона суҳбатлашар эди. У бу таклифни дарҳол қабул қилди. Шайх Маҳмуд ушбу уюшмага раҳбар этиб тайинланди.
Шайх Маҳмуднинг масжидлардаги хизматлари
Миср таомилига кўра, машҳур қорилар одамларга тиловат қилиб беришлари учун маълум масжидларга тиркалади. Шайх Банно Қоҳирадаги Ҳадоиқул-Қубба деган жойдаги подшоҳ масжидида беш йил жума кунлари қироат қилиб берди. Кейин Қоҳиранинг Қалъа маҳалласидаги Имом Аҳмад Рифъоийнинг масжидида ҳам беш йилча хизмат қилди. Сўнг Танто шаҳридаги улуғ олим, тасаввуф намояндаларидан бири Аҳмад Бадавийнинг масжидига қори этиб тайинланди ва у ерда 23 йил хизматда бўлди. Шайх Маҳмуд Аҳмад Бадавийнинг яқин дўстига айланди. 1980 йилдан 1985 йилгача, яъни вафотигача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу номидаги масжидда қорилик вазифасини бажарди.
Шайх Маҳумуднинг онаси ўғлини масжидда хизмат қилишини қаттиқ орзу қилган эди. Бу орзусига етиштиришини Аллоҳ талодан доим дуо қилиб сўрар эди. Маҳмуд Али  Банно Тантодаги масжидда тиловат қилгани чиққанида унинг онаси ҳам масжидга бориб, ўғлининг тиловатини тинглади. Уни одамлар олқишлаб, зиёрат қилаётганини кўриб, яна ҳам қувонди. Уйга келганида ўғлига: «Бугун сени масжид ходимларининг саййиди бўлганингни кўрдим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, менинг дуоларимни ижобат қилди», деди. Шунда одобли ўғил онасини қучиб, унинг қўлларини ўпди, унга ўз ташаккурини изҳор қилди.
Али  Банно ўғли шайх Маҳмудни доим Шибро Бос қишлоғида бир масжид қуришини тайиинлар эди. Шайх Маҳмуд ҳаётининг охирги йилларида бу васиятни бажаришга имкон топди. Масжид кўтарилиб, унинг безак ишлари тугатилар экан, Маҳмуд Али  Баннонинг ҳам ҳаёти охирлар эди.

Маҳмуд Алий Баннонинг вафоти

Шайх Маҳмудни 1985 йил рамазон ойида Абу Дабийга Рамазон кечаларини ўтказиб бериши ва Қуръони Каримни тасмага тўлиқ хатм қилиб бериши учун таклиф қилишди. Сафардан қайтгач, у кишида бир беморлик юз берди. Касал борган сари зўрайиб борарди. Охири у киши  Қоҳирадаги шифохоналардан бирига ётқизилди. У бу ерда икки хафта ётди. Вафотидан икки кун олдин фарзандларини чақириб, ўғли Аҳмадга қоғоз-қалам олишни буюрди. Аҳмад отамнинг ёдига бирор нарса тушди, шекилли, деб ўйлар эди. Шайх унга деди: «Ёз: «Араб ва Ислом олами радиоси ходими Маҳмуд Али Банно Аллоҳнинг раҳматига интиқол қилди... ўғли уни чалғитмоқчи бўлиб: «Саксон ёш десам-чи?» деди. Шайх: «Йўқ, ўғлим. Умр тугади, ажал етиб келди. Сен менинг гапимни бўлмай ёз», деди. У бор мол-мулкини фарзандларига шариатга мувофиқ тақсимлаб берди. Кейин улардан: «Мендан яна нима талабларингиз бор?» деди. Йиғидан кўзларидан ёш қуйилаётган фарзандлар ҳўнграб юборишди. Шайх ўзининг охирги маросимини қандай ўтказишни фарзандларига тайинлар экан: «Менинг сизлардан охирги илтимосим – тобутим ёнига овоз ёзиш ускунасида Қуръон тиловатини қўйиб қўясиз, токи қабримга киргунимча у менга ҳамроҳ бўлсин», деди.
Шайх Маҳмуд вафотидан бир кун олдин ўзининг қадрдон дўсти Мутаваллий Шаъровийни сўради. Яқинлари шайх жаноблари Қизил денгиз бўйида  сафарда эканини айтишди. Шунда Маҳмуд Али  Банно: «У етиб келган», деди. Ҳақиқатан ҳам Шаъровийнинг уйига боришса, сафардан келиб турган экан. У киши хабарни эшитиб, дарҳол шифохонага етиб келди. Шайх Шаъровий ўзини тутиб тура олмай, йиғлаб юборди. Маҳмуд Али  Банно дўстига жанозасида иштирок этишини васият қилди. Шаъровий эса: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчидирмиз» дея олди, холос.
Шайх Маҳмуд Али  Банно 1405/зулқаъда/03 ҳижрий, 20/07/1985 милодий санада шанба куни вафот этди. У кишининг жанозаси «Имом Ҳусайн» масжидида ўқилди. Жанозада васиятга мувофиқ, шайх Мутавалли Шаъровий имом бўлди. Шайх Маҳмуд ўзининг васиятига кўра, киндик қони тўкилган қишлоғи Шибро Босдаги ўзи қурдирган масжид ёнидаги мақбарасига дафн қилинди.
Шундай қилиб, ярим асрдан зиёда Қуръон билан зийнатланган умр ниҳоясига етди. Шайх Шаъровий дўсти Маҳмуд Али  Баннони охирги манзилига кузатиб қўяр экан, ўзининг ёдномасида қуйидаги дилсўзларини қолдирди:
«Аллоҳим, Маҳмудга Қуръондан ўқиган ҳар бир ҳарфи эвазига ҳасанот ато этгин. Қуръонни унинг учун бир нур қилгинки, ўша нур билан у Сен сари юрсин. Унга шундай бир нур ато этгинки, у нур билан нуринг сари юра олсинлар. Зеро, Сенинг нурингни нурингдан бир шуъласи берилган кишигина кўра олади. Чунки Сенинг нурингга фақатгина Ўз нуринг бардош бера олади…»
Маҳмуд Али  Баннонинг вафоти Ислом уммати учун катта мусибат бўлди. У кишининг овозлари қирқ йил давомида қаерларга борган бўлса, мотамлари ҳам шунча ерга етди. Бутун Миср халқи бу улуғ фарзандидан айрилганидан қаттиқ қайғу чекди ва унинг ортидан хайрли дуолар қилди.
Али  Баннонинг номини абадийлаштириш мақсадида Миср ҳукумати 1990 йил Қадр кечасида бўлиб ўтган илмий анжуманда «Илм ва фан ордени»га шайх Али  Банно номини берди, «Шайх Али  Банно ордени» таъсис этилди. Шунингдек, бир қанча қишлоқ, маҳалла ва кўчаларга ҳам у кишининг номи берилди.

Маҳмуд Али  Баннонинг оиласи

Шайх Али  Банно олтита фарзанд кўрди: 4 ўғил, 2 қиз.
1. Муҳаммад Маҳмуд Али  Банно. Саудия Арабистонида табиб бўлиб ишлайди.
2. Али  Маҳмуд Али  Банно. Ҳисобчи ва тижоратчи.
3. Аҳмад Маҳмуд Али Банно. Қироат илми мутахассиси, машҳур қори.
4. Шариф Маҳмуд Али  Банно. Ҳисобчи ва тижоратчи.
5. Амол Маҳмуд Али  Банно.
6. Ноҳид Маҳмуд Али  Банно.